jump to navigation

Амстердам хотиралари — 97 1 сентября, 2017

Posted by Shahodat in Шеърият.
trackback

кетдимУнинг исми йўқ эди

Юрагим безовта чопди,

кўнгил оташда тобланди.

Ҳудудларда кўз очди булоқ,

Алафлар кўкарди қадами қутлуғ,

Гиёҳлар гуллади ғунчалари  оқ.

Оҳиста-оҳиста

Сирғалиб ғунчалар,  ийманиб гуллар

Қирилган қалбимни авайламоқчун

Қирилган  қалбимга  кирди мўралаб.

Ичимдан отилди ҳувайдо исён

Мажнуни на даркор,

Фарҳод керакмас!

Лайлини орзу этмам

Ширинга эргашмам.

Ўзимни кўрай  омон!

Кўнглимга  кирар бўлсанг,

Хуш кир покиза Иймон.

 

Тонглар уйғонди,

денгизлар тўлғонди,

тўлқинлар ўксиди

соҳил бўйида.

Атрофда айланди

озод бир нафас.

Қулоғимга урилди бир сас:

“Дардсизлар дард

не эканин билмаслар!”

Овоз оловдай сўнди.

Елкамга тонг қўнди.

Руҳим озод эди —

Озод қуш эди.

Ўтда ёнмас бўлди

Сувда чўкмади.

Йиғи ва кулгу ораси не эди?

Мен шундай яшадим —

на йиғладим,

на кулдим…

 

сўнгра… сўнгра

кўнгил меҳварини

туш кўрдим.

Зотан бу тушни

аввал ҳам кўргандим –

Муҳташам,

кўркам.

Севилдим

ҳамда

қизғонилдим мен.

Севдим, аммо қизғонмадим мен!

Мен бу тушни аввал ҳам кўргандим –

Муҳташам

кўркам.

Эртанги куним эмиш хотиржам!

Овоз жўнатди:

Недан

кўнглингдаги манзара мубҳам!

Қулоқ ос!

Эшит, кейин балки бўлар кеч!

Айт, севдингми, севмадингми

билолмадим ҳеч!

Билганим сен мени қизонмадинг ҳеч!

 

Айтдим;

-Осмондан туш!

Айтди:

— Кўкка  кўтарил.

Дедим:

-Менинг ўрним ер.

Онамдай вазмин бу ер.

Онамдай захматкаш ер!

Менинг ўрним ер, дедим.

Деди:

-Кўкка кўтарил. Осмон жуда муҳташам!

 

Юрагим безовта чопди,

кўнгил оташда тобланди.

Ҳудудларда кўз очди булоқ,

Алафлар кўкарди қадами қутлуғ,

Гиёҳлар гуллади ғунчалари  оқ.

Оҳиста-оҳиста

Сирғалиб ғунчалар,  ийманиб гуллар

Қирилган қалбимни авайламоқчун

Қирилган  қалбимга  кирди мўралаб.

Ичимдан келади ҳувайдо исён

Мажнун керак эмас.

Фарҳод керакмас!

Лайлини орзу этмам

Ширинга эргашмам.

Ўзимни кўрай омон

Кўнглимга  кирар бўлсанг,

Хуш кир покиза Иймон.

Алафлар гуллади

Юрак қатида.

Cўнгра

озод тин олдим

Қалбнинг

сўнгги бекатида.

Ва узоқ туш кўрдим

Давомий туш

Аммо

Унинг исми йўқ эди.

 

2017 йилнинг 1 сентябри.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Оставьте комментарий