Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 30 марта, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Хоразмшоҳлар салтанати чиндан улкан эди. Лекин бу салтанат гўё иккига бўлинган, икки пойтахт – Гурганж ва Мароқандга ажралган эди. Гурганжда онаси – Туркон Хотун, Cамарқандда – Алоуддин Муҳаммад ҳукмрон эди. Салтанат таг-тубидан емирилиб, нураб бораётганди. Деворни ёмғир сувлари ювса, уни сувоқ билан бир ҳолга келтириш мумкиндир, аммо пойдеворсиз қалъа – қалъа эмас, ният бир бўлмаса, бундай салтанат аянчли завол топгай. Гурганж аъёнлари – Туркон хотуннинг қариндошлари салтанатга зимдан қутқу солиб туришни қўймас эди. Султоннинг туркий қўшинлари лашкарбошиси – ҳожиб сипоҳсолор Хумор Ағу, Бука Паҳлавон, Али Марғини қипчоқлар ҳомийси – Туркон Хотун уруғидан бўлиб, катта кучга эга эди. Султоннинг тоғаси Тўғайхон Самарқанд ноиби, яна бир тоғаси Хумортакин Гурганж ҳокими, бўласи Иналхон Ғойир эса Ўтрорни бошқарар эди. Уларнинг барчаси улуғ Султонга шаксиз бўйсунган кўринсалар-да, аслида Турконнинг измида юрар ва шу сабаб Султон Муҳаммад аксар ҳолларда онасига ён босишга мажбур эди. Шундай қилиб, бир салтанатда икки ҳукмдор – Улуғ Туркон ва Давру Даврон Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳукм сурди. Икки пойтахт – Гурганж ва Мароқанд вужудга келди. Иккиёқлама рақобат салтанатни пароканда этиб, туб-тубидан емирди.
Султоннинг Ҳалифа номини Марв, Балх, Бухоро, Сарахас ва Мароқанд хутбада зикр этса, Ҳирот, Гурганж, Хивада Туркон муҳри қўйилар эди. Малика ўз фармонига “Исмат уд-дунё вад-дин Улуғ Туркон малика нисо ал-оламийн” – “Дунё ва унинг покдомони, Улуғ Туркон, олам аёлларининг маликаси”, деб битар ва сўнг муҳр босар эди. Малика “Иътасамту биллаҳи” – “Фақат Аллоҳдан ҳимоя кутаман” деган шиорини ўғлининг йўлига кўндаланг ташлаган эди. У ўзи мансуб бўлган байавут улуси ва кўп сонли сарбозларига таянган ҳолда, ўғли Муҳаммад Хоразмшоҳ билан зимдан рақобатга киришганди. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 28 марта, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Даври даврон дорулсалтананинг дастлабки султони – Ануштегин Ғарчаий 977 йилдан 997 йилга қадар (ҳижрий 470-490) ҳукмбардор дарға бўлди. Ундан сўнг давомчилари Қутбиддин Муҳаммад, Алоуддин Отсиз, Хоразмшоҳ Эл Арслон, Алоуддин Текиш, Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ, Жалолиддин Мангуберди Мовароуннаҳр узра Хоразмшоҳ султонлар яловини баланд кўтариб, даврон суришди.
Сакинат ва хотиржамлик бу салтанат дарғаларига хосми эди асли? Бўронларда ҳаловат борми? Магар бу рост экан, салтанатни қон кечиб, шамшир тутиб бунёд этган султонлар қалбини сакинат ва хотиржамлик қай йўсинда макон айласин?
Шаҳобиддин Насафий “Сийрат ас-Султон” ҳамда асли Ироқи Ажамдан бўлган Хуршоҳ ибн Кубод ал-Ҳусайний “Тарихи элчи Низомшоҳ”, профессор Е.Э. Бертельс ўз тадқиқотларида, Л. Н. Гумилев “Қадимий туркийлар” асарида Хоразмшоҳлар салтанати ва сулоласининг асосчиси Нуштегин – Ануштегиний Ғарчаий эканлигини талқин этади. Ҳуршоҳ ибн Кубод, Шаҳобиддин Насафий, Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек ҳам Хоразмшоҳлар сулоласига алоҳида назар ташлайди.
Ануштегиннинг ўғли Қутбиддин 997 йил тахтга ўтиради. Шу тариқа тахт ворислиги Алоуддин Отсизга, ундан сўнг Эл Арслон қўлига ўтади, унинг вафотидан сўнг Алоуддин Текиш тахтга чиқади. У қипчоқлар хонини ўзига оғдирмоқ учун cултон Жонкишининг қизи — Турконга уйланади. Кейинчалик бу шуҳратпараст ва худбин малика асрлар оша бунёд этилган Хоразмшоҳлар салтанатини инқирозга олиб келиб, буюк Мовароуннаҳрни залолат ботқоғига ботирди. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 20 марта, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Карвон — йўлда. Туялар қадамига қумлар жилдираган сувдек сароб тўшаб кетмоқда. Унинг кўнгли ивиган нон каби тобора юмшаб бормоқда эди. Бегимқули Оллоёр ўзидан сал нарида кетаётган жияни Кенжабек Қипчоққа бир қараб қўйди-да, пешонасида энди униб, потраб чиқаётган терини рўмолчаси билан сидирди.
Буюк ипак йўли Ўрта денгиздан то Чин қадар, Осиё билан Оврупани кесиб, Мағрибу Машриқ ўртасида савдо ришталарини барқарор этади. Манбаларнинг ҳикоя қилишича, масиҳийлик мелодидан аввалги бир юз ўттиз саккизинчи ва бир юз йигирма олтинчи йиллар оралиғида Марказий Осиё мамлакатларида элчилик қилган хитойлик Чжан Цзян ўз ҳукмдорига муҳим бир нома йўллади. Элчи бу юртнинг зотдор торғил отлари салтанат манфаатлари учун ўта зарур эканидан ўз валинеъматини воқиф қилиб, уларни ипак газламалар эвазига алмаштириш мумкинлигини баён этади. Шу йўсин карвон йўли очилади ва Ўн тўққизинчи асрга келиб, олим ва сайёҳ Фердинанд фон Рихтҳофен таъбири билан унга “Буюк ипак йўли“ деган маҳобатли ном раво кўрилади…
Бу йўл Шарқда – Хитой, Ҳиндистон, Мовароуннаҳр, Жанубда – Эрону Арабистон, Ғарбда эса бутун Оврупа, Шимолда – Идил бўйлари ва Сибирни ўзаро боғлаган эди. Хитойнинг текканда қўллар, кўрганда эса кўзлар яйрайдиган ипак-шойи газмоллари ва латиф қоғозлари, Ҳиндистон зираворлари, Румнинг ҳарир матолари-ю Афросиёбнинг сопол идишлари, ва Эроннинг кумуш тақинчоқлари юкланган карвонлар Мовароуннаҳрнинг бепоён сарҳадлари оралаб, Қорақум ва Қизилқум саҳроларидан ўтиб, Мурғоб, Жайҳун ва Cайҳунни ортда қолдирганча манзил томон илгарилайди. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 20 марта, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Бу гал зимистон қиличини яланғочлаб, қақшатиб келди. Яхшики, вақтида одамлар қиш ғамини ейишган, йўқса унинг қаҳридан омон қолиши кўп мушкул эди. Аҳли Гурганж ўтган йили ғамланган саксовул ўтинни ёқиб, охирига қадар ёниб улгурмасидан, устига тупроқ ташлаб кўмишди. Энди ўша саксовул ўтини қишда улар жонига оро кирмоқда эди.
Бегимқули Оллоёр хуфтонни масжидда ўқигач, уйига қайтди. Хона ўртасида бозиллаган сандал. Қуёш ботар маҳали оқсоч таом пиширгач, саксовул чўғини сандалга солди, сўнг бознаб турган чўғ тафти сандал ёпинчиғини ёндириб юбормасин, иссиғи тонггача турсин деб устига кул тортди.
Токчадаги шам хонани ёритиб, милт-милт ёнмоқда эди. Нариги хонада неваралари – Дариға, Фотима ва Зуҳра сандал кўрпага ўраниб, донг қотиб ухлашаётир. Бегимқули Оллоёр улар уйқусини учирмаслик учун паст овозда кампирига сўзланди:
– Ухлаганинг йўқми?
– Уйқу келармикан? Чой бор.
– Ҳа, қуй чойдан.
Улмон кампир сандал кўрпани кўтариб, чўғ четида турган мис чойнакни олди. Сўнг оташкуракда чўғни очди, кун бўйи совуқда дилдираган оёқларига ором кирмоқда эди. Иссиқ тафт иликларига қадар бориб етгач, Улмон хотин оёқларини ташқарига чиқарди, сўнг чой қуйиб, чолига узатди. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 18 марта, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Руҳнинг хотироти шу қадар қадим,
ёши эса Одам Ато ва Момо Ҳаводан улуғ…
Ўзи Қуръонда таъкидлагандир: “Агар сизлар Оллоҳнинг неъматларини санайман десанглар, уларнинг адоғига етолмайсизлар”. Ҳақ-Рост! Кунни тун оҳиста ечиб олур ва қора чиммати бирлан чирмаб ўрагай! Бизга бир ажиб ҳикмат жўнатур. Кези келгач, яна Қуёшини қайта жорий қилур. Бу – ўн саккиз минг оламни бир зарбда олти кунда тақсимлаб бунёд этган Танҳо Яратгувчи ва Ўзи ёлғиз билгувчи Зотнинг тақдири ўлчовидир. Қуёшни Кунга, Ойни эса Тунга ҳукмрон қилган. Kўкда Шамс таважжуҳ-ла тасалло айлаб, борлиқни қайта забт этур, оламни нурга белаб, нурга ўраюр. Оқшомини туширгач, Ойга осмон денгизи cаҳроларида ёнарқурт – ёмби юлдузларини қаричлаб, саралаб тарқатмоқни буюрур, сўнг улар чиндан ороланиб-оромланиб фалакда сузиб юрур. Оздириб – Ҳилол қилур, тўлиштириб тўлин ой – Қамар этур: алалхусус, тўлиштирмоқ учун аввал оздириб, сўнг ўз ҳолига келтирмоқ учун бир неча манзилга белгилаб, якунида бутоғини гоҳо ўнгга, гоҳо сўлга тайинлаб қўюр. Барчалари бир-бирларин қувватлаб, тўлдириб турур.
Билдикки, уларни Ўз билгича, инсон онгига мутлоқ даҳлсиз Илоҳий тафаккури-ла ажратур ва тартибга солур. Англадикки, илҳомидан яратган оқсуяк малойиклар сабоҳларда мушку анбар пуркалган насиму наволардан пок таҳоратлар олур ва оқибат ҳисоб-китоб қилмоқ учун ҳар ён жўнар. Кимнидир, ниманидир устун, даражасини баланд, ўзгадан чандон зиёд қилур. Найсонлар майда-майдалаб ёғарлар, сўнг қиқирлатиб-яйратиб бир мафтункор, баъзида йиғлатиб-қақшатиб асов-исёнкор ёмғирларини жўнатур, бўронларни дўлга оғдирур, чақмоқларни чақнатиб, ердан потирлатиб қўзиқорин ундирур. Бунда ҳатто алафлар-да тўлғониб, тўлқинланиб ўзлигин намойиш этур, улар ҳам ҳис этарлар, қувонарлар, ғам чекарлар. Тирилгайлар – ўлгайлар! Ердан униб, тупроққа қайтгач, яна яшармоқ-чун қум қатига дардини тўкар, қишда кўкламини соғиниб, баҳор кўргач, ёзга талпиниб, охир-оқибат зулф кўрсатиб, кокил ўйнатиб ўт-ўлан яна ва яна заминни ёриб чиқар, бани башар қадамига бахмал поёндоз тўшар. (далее…)
Фақат Сен Йиғлама (давоми) 12 марта, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Вақти-соати етганди ахир, у бу гал яна қиз туғди. Ҳожасининг қамчисидан яна қон томди:
– Айтмабмидим, санинг ичинг ўзи қизга тўлиб кетғондур!
Янги бўшанган аёл эмасми, ширин гап ўрнига дакки эшитиб, бунинг азобида тўлғонган аёлнинг лабларидан кўпдан буён айтилмай қолган сўзлар учди:
– Нени эксанг, шуни ўражаксан…
Жаҳл отига минган ҳожа аёлнинг сочларини бураб, бўйнига дор этди. Онасига раҳми келган қизлари “урманг, бошқа урманг” дея зорланишди, энди бу гал оёқлари тагида ўрмалашаётган қизларини туртиб-суриб, аёлини тепа бошлади.
Эрининг кетидан қон қақшаб қолган аёл ниҳоят ақлу ҳушини йиғиб олди, ёнида гирдикапалак бўлаётган қизларини бағрига босиб, “кетамиз” дея шивирлади ва нариги хонада чақалоғининг йиғисини эшитгач, ўша томон қайрилди.
Аритиб бўлмас азоб ва хўрлик уни адойи тамом қилган, шўр босган пешонасидан маржондек тер оқмоқда эди. Бошидаги рўмоли чап елкаси томон оғиб тушган, терлаган сочи эса пешонасига чиппа ёпишиб қолган эди. Уни нимадир енгган: ҳиссиз ва руҳсиз эди, шу алфозда жойидан қўзғолди. Аксига олиб, оқсоч хотин кўринмасди. Чорак соат ўтиб, аравага отлар қўшилди. Қизларини аравага ўтқизиб, йўргакланган гўдагини тўнғичи – Дариғанинг қўлига тутиб тайинлади:
– Йўл олис, синглингни эҳтиёт қил, қизим!
Отга қамчи солиб, Хивадан Гурганжга қараб йўл солинди. Кўп ўтмай Ғошиянинг ҳориб, киртайиб кетган кўзлари қоронғулашди. Тўқайзор атрофида тўхтамоқ учун отларнинг жиловини тортди, отлар йўлдан тўхтади. Синглисини қўлларида беозор тутиб келаётган Дариға ҳали исм қўйилмаган чақалоқни онасига тутди… (далее…)
ФАҚАТ СЕН ЙИҒЛАМА… (Трилогиядан биринчи роман) 6 марта, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Туну кун Яратганга ҳамд айтиб, дуои жонимни қилгучи Онамга ва Ёлғиз Ўзига саловат айтишга ундагувчи Отамга бағишлайман.
Мурувватли ва меҳрибон Яратган Эгамга саловат билан бошлайман.
Биринчи қисм
1. ”Мен ташвишни енгурман…”
(Дариға ноласи)
Муттасил ўй ва муҳаққақ бир оғриқ келтириб чиқарган эди аввалига мудроқ, айни пайтда уйғоқ юракнинг асов ва исёнкор эпкинларини. Дариға йиғлар эди. Юрагини қай йўсинда таржима қилсин? Билсанг, ўн саккиз минг оламга етгулик оҳи бор унинг!
Куйиб, култепага айланган Мовароуннаҳр, магар энди қай йўсинда қаддин тикласин? Қиличлар қинидан чиқиб, беомон синган ва энг азиз кўнгиллар сазойи бўлган қирғинбаротда жувонмарг кетган жигарларининг қонли заволини қай йўсинда китоб айласин?! Шамшод қаддин камон, моҳтоб юзин сомон айлаган бу кўргулик кумуш кузнинг зардиданми? Ёҳуд ҳаёт зарбиданми? Ва ё мўғул заҳриданми? Бу аламни, бу ситамни қай йўсинда хитоб айласин?!
Тушими эди ва ё ўнги? У йиғлар эди. Йиғлаётиб халоскор шамолларга қараб ҳайқирди:
– Оллоҳни ва ўзимни алдай олмасман. Оллоҳдан қўрқаман ва ўзимдан чўчиб кетаётирман. Далли-девона, савдойи тўлқинлар гувоҳмиди бу телбаликка? Кўзёшимни кўлга қуйдим. Алар Жайҳунга қўшилиб оқмиш… Лекин умидим кўз тиккан эди. Шу йўсинда умидсиз умидлардан умидвор бўлиб, умид узолмадим. Ҳаминқадар ташвишлардан қочолмадим. Магар, магар ёлғиз бошим олиб кетолмадим. Дорлар солиб бўғзимга, энди кетаётирманми мен кўл томон бир қоп андуҳим орқалаб, турибмидинг сен сироталда мен томон қараб. Йўлларми эди менга тузоқ. Ҳузуринг бунчалар узоқ. Йиғлагандим. Тушимда ва ўнгимда йиғлар эдим. Юрагимни ўтдан олиб, оташга солдим. Қумрим қолиб забундан, кезиниб толдим. Тўхтаб бироз тин олдим. Бир нидо янграгандек бўлди: “Ай Дариға, куйлагин сен. Мен эса сибизға созим – чанқовуз чалай”. Кекирдагим юлиниб, чанқовуз чалдим. Мантиқ ва чегарани йўқлик қаърига улоқтириб, воқелик ва хаёлотдан мўъжаз бир олам, оҳанрабо бир куй яратишми эди муддаом? Қалб ғорат, вужуд эса — ҳарорат. Аслида хилқатлар ичра инсон ўзи беназир хилқат. Айни пайтда, эҳтимолки, ўзим чалаётган куйга ўзим қўшилиб оқмоқда эдим. (далее…)
Адабиёт ҳаётни тараннум этади 6 марта, 2013
Posted by Shahodat in Шеърият.add a comment
”Дунё ўзбеклари” Бош муҳарриридан:
Хорижда қўлига компьютер тегиб, ўзини ёзувчиман деб эълон қилган кўп экан. Лекин уларнинг ёзганларини ўқиб, ёзувчи тугул, оддий мухбир деб ҳам атаб бўлмайдиганлари бор экан.
Фақат Шаҳодатнинг ёзганларини ўқиб, хорижда ҳам ҳақиқий адабиётни учратгандай бўлдим.
Шаҳодат билан ушбу суҳбатни ўқиб, унинг ижодидан баҳраманд бўлиб, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.
Шаҳодат УЛУҒ: “Адабиёт ҳаётни тараннум этади”
Шаҳодат Улуғ юртимизнинг қадимий ва гўзал масканларидан бири – Нурота шаҳрида туғилган. 1993 йил Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини битирган. Ҳикоя ва қиссалардан иборат икки китоби нашр этилган. Айни пайтда Нидерландияда истиқомат қилади.
Дунё Ўзбеклари: Суҳбатимиз адабиёт ва ижод, ҳаёт ва илҳом тўғрисида кечади. Чунки адабиёт ҳаёт оқимида оқади. Илҳомланган ижодкор эса ҳаётни тараннум этади-да…
Шаҳодат УЛУҒ: Ҳа, адабиёт ҳаётни тараннум этади, биз эса устозлар битган битикларни ардоқ билан варақлаймиз, шунда саҳифалар қатида ҳаёт яшаётганини кўрамиз…Рости шунда бир бошқача бўламан: бу жуда-жуда таниш ва биз ардоқлаган ҳаёт-ку деб ўйлайман… (далее…)