Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 28 апреля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Салоҳиддин ўша кун Мажидиддин Бағдодийнинг ҳузурига митти мужда олиб кирди.
– Ҳазратим! Сизга бир мужда олиб келмоқдаман!
– Муждалари қутлуғ келгай! Қани, ичкарига…
– Қулоғига азон айтиб, агар маъқул келса, Алоуддин деб исм қўйсалар!
– Шундоқ, қори.
Мажидиддин Бағдодий чақалоқнинг қулоғига азон айтиб, унга Алоуддин исмини берди.
– Қадами қутлуғ келғай, ҳусни муборак бўлғай!
– Қуллиқ, Ҳазрат! Сизга ҳам муборак бўлғай!
– Иншаоллоҳ, ўғлинг дин йўлинда хизмат қилгувчи бир солиҳ фарзанд бўлиб етишгай, –деди у Салоҳиддинга қараб.
– Қуллиқ, Ҳазрат! (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 22 апреля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Кенжабек Қипчоқ хонадонига келин бўлиб тушганига ҳам йил тўлиб қолган, ҳомиладорлик Дариғага ярашиб, янаям очилиб кетган эди. Қосим парвоначининг хотини Раҳима энасига кўмаклашгани тез-тез кираётганини эшитиб, кўнгли бироз таскин топди.
Раҳима суви оқизилган қатиқни кувида пиширмоқда эди. У қатиқдан ёғни ажратиб олгач, йумирга* солиб, ошхонага қўйиб келди. Сўнг айронни “қорин”га қуйиб, оғзини ип билан маҳкам боғлади. Ариқ бўйидан бир тутам ялпиз узиб келиб, пашша ва чивинлар қўнмаслиги учун уни қорин устига ташлаб қўйди. Буларнинг барчаси негадир унга онасини эслатди. Бу жудаям таниш ҳол эди.
Отаси донғи кетган дўкондор эмасми, нон ўрнига гўшт еб ўсган Дариға ертўлага кириб, шифтда – ёғочларга осилган қазиларга қараб, неча ой сақланганини шундоқ, бир қараб айтиб бера оларди. Хизматкорлар энди сўйилган ёш қўчқорнинг ошқозонини ахлатдан тозалаб, обдон ювгач, икки кун намакоб ичига солиб қўйишарди. Айни ёз кунлари эди, Ғошия хизматкорларга қараб, ”ўзим қиларман” деди ва кувига қатиқ солиб, ёғоч сопда обдон уриб-уриб пиширганди, қатиқдан ёғ ажралгач, айронини айри, ёғини айри олиб қўйди. Хизматкор аёл намакобга бўктирилган ошқозонни тозалаб ювиб Ғошиянинг қўлига тутди. Шунда онаси бунинг ичига айрон солди. Уни “қорин” дейишарди. Қорин ичида айрон ойлаб, худди бугун солинган каби, бузилмай турарди. Айронга эса албатта онаси сичқонқулоқ солдирар, унинг хуш бўйи айроннинг таъмини янада тотли қиларди. Ўшанда хизматкор ариқ яқинида кафтдек ерга экилган, барглари узун, гули оқ-пушти райҳонларни юлиб, қишда ишлатмоқ учун қуритиб қўйган эди. Райҳоннинг бу турини у сичқонқулоқ, онаси эса садарайҳон дер эди. Сичқонқулоқ ҳалиям ўша ерда ўсяптимикан? Куви-чи, жуда ажойиб нарса-да, ёнғоқ дарахтидан устага отаси ясаттирган. Мана, энди англади, нега уста куви учун ёнғоқ дарахтини танлайди? Чидамли ва пихи тез чиқиб кетмайди. Дарахт пайрахаларидан тозалангач, ичи-тубига қадар чуқур ковланиб, тозаланади. Сўнг намакоб солиб қўйилади. Сув икки-уч кунда вақти-вақти билан алмаштириб турилади. Сўнг кувига қатиқ солиниб, ёғоч соп билан уриб, ёғи ажратилади. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 17 апреля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Чанг кўчада cигир тезагини юмалоқлаб, пилдираб кетаётган қўнғиз хатар сезиб юмушидан чалғиди ва юрмоқдан тўхтаб, тинчиб қолди. Усти-боши унниқиб кетган болакай оёқлари шитта бўлган қўнғизни ердан олиб, иштонининг липпасига текизиб тозалади. Кубро ҳузуридан от етаклаб келаётган Салоҳиддин ва Раҳмиддин кўча четида қўнғизига овуниб турган болакайга шунчаки жилмайиб ўтиб кетишди.
Кун асрга қараб оғиб бораётганди. Ака-ука кўча четидаги ариқ бўйида тўхтади. Эшагига губсар* орқалаб кетмоққа шай турган чол ака-укани ортда қолдириб, кўздан ғойиб бўлди.
Улар отларни дарахтга боғлаб, ул-бул тамадди қилмоққа чоғланди. Оқсоч тугунга тугиб, хуржунга солган егуликни Раҳмиддин акаси ёнига олиб келди.
– Қорин очгач, қуруқ нон ҳам паловдайин кетади, – деди у акасига қараб.
– Рост айтдинг, – Салоҳиддин сувдан ичиб, нонга ҳолва қўшиб чайнади.
Кун асрга оғган эса-да, cаратон қуёши шомга ўрин бергиси келмаётгандек. Ака-ука толиқиб, жимиб қолишган эди. Шу пайт шамол узоқдан чилдирма овозини улар томон олиб келди ва Раҳмиддин беихтиёр ўрнидан туриб, овоз келаётган тарафга юз бурди. У дўнглик оша илгарилади. Девор-дармиёнсиз ҳийла катта боғ ичида қизлар базм қуришмоқда. Раҳмиддин дарахт панасида уларни кузатиб, анча туриб қолди.
Чилдирмачига жўр бўлган қизлар куйлай бошлади:
Шордоз* атиб иппи эшиб галдило,
Шамолдийин бизим томон елдило,
Билиб колиб отам имлаб ёнина,
Юракимми кийма атиб тилдило.
Отам борин билиб натиб галдиниз?
Била-кўя натиб тоғин елдиниз. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 14 апреля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Замон – қанжиқ, дейишди, ишонмади у. Замонни ахир ўзлари булғашган эди. Бодёни руми аралашган сўз, деди сўзи тош тешгач. Магар юрак куймас, cўз тилдан чиқмас. Оташзабаржон сўз эди сўзи, магар тош ёрмас, сўзинг — сўз эмас. Замон қариб бормоқда, Қуръон сўзи эса – ёшариб…
* * *
Кун бўйи тўзғиб, кўз очирмаган дайди шамол кечга бориб, тинчиб қолганди. Ёмғир соғинган Дашт шамол эпкинларидан чарчаб, сулайиб қолгандек. Шомдан сўнг тун ёпирилиб келди. Умрининг ярмини карвон йўлларида ўтказган Кенжабек Қипчоқ, юлдузларнинг жойлашувига қараб, эртанги куннинг шамойилини айтиб берар эди. Унинг айтгани тўғри чиқди. Тонг отгач, кун тобора исий бошлади. Кеча Мажидиддин Бағдодий Салоҳиддинни шайх Нажмиддин Кубро хонақоҳида бўладиган анжумандан воқиф этган эди. У шуҳратпараст акаси Оғабекнинг бундай машваратларга вақт топа олмаслигини билиб, укаси Раҳмиддин билан бирга ҳазрат хонақоҳига отланди.
Илмларнинг уруғи инсон ботинида яшириндир. Уни топиб, меҳр қўйиб парвариш этсанг, умид билан ниҳол қулф урар. Салоҳияту зако ва тинимсиз меҳнат – асли тилсим йўлининг қулфини очувчи калит. Заковату тафаккур илму урфон қайнатади, берк кўчаларни очиб боради. Ақл билан довон ошасан, юрак билан Оллоҳга яқинлашасан!
* * *
Ҳазрат жавондан арабийда битилган “Рисолат ал-Хоиф ал-Хаъим мин лаумон ал-лаъим“ рисоласини олди.
Ёши саксонга оғиб, кексайиб қолганига қарамай, юз-кўзларидан нур ёғилиб турувчи ҳазрат тийран кўзларини яна китобга тикди. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 12 апреля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Бу гал Рамазон айни кўкламни муштоқ кутиб, қучоқ очиб кириб келди. Ойлар ичида энг улуғи бўлган бу ойда Яратганнинг ризолиги йўлида ўз нафсларига қарши жиҳод қилган муслимлар Қадр кечасини-да интиқлик билан кутган эдилар. Анъанага кўра бу сафар ҳам саройда қасидахонлик уюштирилган ва бунга яна Дариға таклиф этилган эди.
Дариға Ойчечак Бегим ҳузурига етиб келгач, уни муаззам кошонада қўли кўксида кутиб турган бекачи қарши олди. Айни бу чоғ Дариға бир пайтлар онаси Ғошия билан Туркон Хотун ҳузурига кирмоқ учун илҳақ бўлиб, фурсат пойлаб турган ўша кунни эсига олди.
Ниҳоят бекачи уни ичкарига бошлади.
Ойчечак Бегим уни хуш кутиб олди. Дариға Ойчечак Бегимни худди қайнонаси Туркон каби калондимоғ ва кибор аёл сифатида тасаввур қилган эди.
Ойчечак Бегим сулув аёл эди: унинг юзларидан бир тароват ёғилиб турар, энди тўлишиб келаётган жуссаси эса кўркам эди. Буғдойранг юзи ажинсиз, қош ва киприклари қалин, истараси иссиқ бу аёл Дариғани ёнида турган курсига таклиф этди.
Ойчечак кутилмаганда Ғошия ҳақида гап очди:
— Ман раҳматли онанг Ғошияни яхши танир эдим.
Дариға овозини хиёл кўтариб:
— Онам тенги йўқ аёл эдилар, — деди.
— У Қуръон тиловат қилганида, ҳатто тилсиз деворлар ҳам титраб кетарди.
Дариға потраб чиққан кўз ёшларини нозик бармоқлари билан артиб, маликага паришон тикилиб қолди. Малика эса яна гапида давом этди:
— Бизнинг томонларда Қуръон тиловатинда анга тенг келари топилмас эди… Санга ҳам тиловат этмоқ андан ўтган бўлса не ажаб. Қасидахонликда ўқиган тиловатингни ҳали ҳам унутганим йўқ.
— Қуллиқ, маликам!
— Сани ҳузуримга Қуръон тиловат қилмоқ учун чақирдим.
— Қуллиқ, маликам! Сиздек маликанинг ҳузурида Қуръон тиловат қилмоқни ўзимга шараф билурман! (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 9 апреля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Бир ниманинг устунлигини бошқа биридан чандон зиёд қилди. Cузилиб, сўнг уюлиб кўчган булутлар Даштни огоҳ этмоқда эди.
Найсонлар майда-майдалаб ёғди: аввалига қиқирлатиб-яйратиб бир мафтункор жала, кейин йиғлатиб-қақшатиб асов ва ғазабнок ёмғирини жўнатиб, cелларини эсноғидан тобора оғдирди.
Дарадан оққан шалолалар ирмоқлар-у жилдираган жилғаларга қўшилгач, бундан огоҳ этмоқ учун анҳор ва сойга қараб шошилди. Дарё эса уммонга қўшилмоқ учун ўзини катта тўлқинга шу йўсинда тайёр этмоқда эди. Армонсиз ёққан жала қамчилаган Дашт ҳолсизланиб қолган эди. Унга ажиб сукунат чўккан. Дашт ҳавосидан тўйиб, симириб нафас олган шаҳзода Жалолиддин от чоптириб, Сайҳун қирғоғига етиб тўхтади. Унинг бир қанотида Хўжанд ҳокими Темур Малик, иккинчи қанотида эса Бинокат амири Элатхумалик.
Ҳатто Илокда, тоғнинг энг чўққисига чиққан кезларида ҳам шаҳзода ўзини от чоптирганчалик бу қадар бахтиёр ва озод ҳис этмаганди. Бу отни бир пайтлар шаҳзодага бобоси Текиш ҳадя этган. Бу ўша — Тўриқдан тарқалган от эди. Отнинг оппоқ ёллари ва бахмалдек майин юнги офтобда ярқираб турарди. Шамоллар эса унинг узун думини силаб, суюб тарамоқда эди.
Улар от чоптириб дарё қирғоғига етишди. Эсноғидан шувиллаб оққан асов, бироқ мафтункор Сайҳун каби шаҳзода ҳам уммонга қўшилмоқ учун катта бир тўлқинга ўзини тайёрлаб келмоқда эди. Шунда у отаси Муҳаммад Хоразмшоҳ каби қалбида туганмас бир манба ўт олганини ҳис этди. Бу унинг қайтмаслигидан далолат эди. Кўрдики, урён, туғён тўлқинлар Сайҳун қирғоқларига урилмоқ учун яна қайта мавжланаётир. Қадим афсона унинг ёдига тушди. Ҳар гал шундай – тўлқинлар мавжига қараса, болалигида ўша, бобоси шавкатли Такиш ҳадя этган Тўриқни олиб қайтаётган ўша кун ёдига тушади, йўлда, хос навкарлари қуршовида, аравада онаси Ойчечак Бегим айтган афсона хаёлидан ўтади, юраги уммон каби тўлқинланади…
– Жамики илмларнинг уруғи инсон ботинида яширингандир. Магар уни парвариш этсанг, ул уруғдин умидвор кўчатлар бўй кўрсатғай! Ақлу зако, шижоат ва меҳнат йўлингдаги тилсимни очувчи калитдир, – деган ўй кечди шаҳзода хаёлидан. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 7 апреля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
ёки Жалолиддин Манкбурни
Саройга қўли енгил доялар зудлик билан етиб келишди. Улар бўлажак шаҳзода туғилишини интиқлик билан кутаётган Муҳаммадга Ойчечакнинг аҳволи тўғрисида дам-бадам хабар етказиб туришди…
Чор тараф чироқлар ёғдусида ёришиб кетган. Дард пишиб келмоқда эди… Қаърини бир оташ ўртаётгандек, бу ўртов секин-аста дардга айланиб, оташзабаржон бир оғриқ бўлиб Ойчечакнинг бутун вужудига ёйилди. Бошидан тўпиғига қадар сим-сим силқиган бу оғриқ аслида оғриқ эмас, оташзабаржон бир титроқ эди. Ва шунда у ҳар бир қобирғаси гўё қаъридаги бир жонталаш жонга йўл очиб бермоқ учун дам-бадам, кўз илғамас, киши билмас силжиётганини ҳис этиб турди. Ё, Мавло, Қудратингдан! Икки малойик уни ақл бовар этмас юксакларга олиб чиқди.
– Алҳамдулиллоҳ! Ўзингга шукур! – Ойчечакнинг тилидан шукрона самога учди. – Алҳамдулиллоҳ! Худога шукур!
Оллоҳнинг сабоҳда шай турган малойиклари Ойчечакни икки қўлидан муаллақ кўтариб турдилар, осмон равоқларида парда кўтарилиб, момоси Холжон хотин тиниқ кўринди.
– Катта эна, эна дийман! – деди Ойчечак беихтиёр, – ичимдан бир нима тушгандек бўлаётир.
– Ичингдан бир ёниқ хабар кўринаётир!
Парда буткул кўтарилиб, энаси қўлидаги пиёладан неварасининг юзига сув сепди.
– Катта эна! – деб яна чақирди Ойчечак Бегим.
– Ман шу ердаман, қўналғангга қўнғайсан! – У иккинчи бор неварасининг юзига сув сачратди.
Малойиклар уни пастга олиб тушишди.
– Алҳамдулиллоҳ! Худога шукур! – деди у. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 5 апреля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Набий салаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:
— Ё Расулуллоҳ айтинг, жаннат нимадан яратилгандир?
Расулуллоҳ жавоб берди:
— Жаннат шаксиз сувдан яратилгандир.
— Жаннатнинг қандайлигини мукаммалроқ тушунтирсангиз.
— Анинг бир ғишти олтиндан, иккинчи ғишти кумушдан қурилгандир. Ҳиди… — деди Расулуллоҳ кўкка ҳиёл бўй чўзиб, сўнг чуқур нафас олди. Шунда Яратган самодан унга муаттар мушк пуркади. У муаттар бўйдан тўйиб нафас олгач, яна саҳобаларга қарата деди: — Анинг ҳиди мушкдир, туфроғи заъфарон. Тошлари инжу бирлан маржондин яратилгандир. Бу гўшага кирган кимса бахтли ва саодатманд бўлур, асло умидсизликка тушмагай! Ва бул қасрда у абадий қолгай, ўлмагай! Алар ҳурлар каби яшайдур, ҳарир либослари капалаклар қанотидан тикилгай, лекин йиртилмагай, оҳори тўкилмагай. Аларнинг ёшлиги туганмас ва зинҳор завол топмагайлар.
Шунда саҳобалар жаннат васфини тасвирлаётган Расуллулоҳга янаям яқинроқ сурилиб, унинг айтганларига яна диққатла сомеъ бўлдилар.
-Уч киши борки, аларнинг дуолари асло рад этилмагай, аларнинг бири одил ва адолатпарвар ҳукмдор эрур! Иккинчиси — ифтор маҳали қилинган кишининг дуоси шаксиз мустажобдир! Учинчи кимса — мазлум кимсанинг дуолари шаксиз қабул бўлур!
— Қудратли Мавло мурувват кўрсатур! Иззатим ва жалолим ҳаққи бир муддат кейинроқ бўлса-да, сенга мутлоқ нажот қўлларини юборурман! — дер. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 3 апреля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
26. Икки сардор ўртасидаги кема
Шу воқеадан кейин султон ва онаси ўртасидаги муносабатлар тобора совуқлашиб, Улуғ Турконнинг хуфялари Жалолиддин ва Хоразмшоҳни пинҳона кузатувга киришдилар. Буюк Хоразмшоҳ қанғилар уруғидан бўлиб, Текиш ўғли Муҳаммаднинг тарафдорлари Мовароуннаҳрда яна бир катта куч саналар эди. Қипчоқлар ҳомийси Туркон уларга мудом душман кўзи билан қараб келар, кунлар келиб қанғилар қипчоқларга қарши фитна қилишларидан чўчирди. Жалолиддин ўрнига Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қипчоқий хотинидан туғилган Ўзлоқшоҳ Мовароуннаҳр валиаҳди этиб тайинлангач, Турконнинг хуфялари жадал ҳаракатланди. Улар совуқ ва хиёнаткор нигоҳлари билан шаҳзода Жалолиддиннинг ҳар бир қадамини кузатиб, уни пинҳона таъқиб эта бошлашган эди.
Хоразмшоҳ юриб бориб, Ойчечак Бегимнинг ёнида тўхтади ва фирузаранг қуббадор сарой безакларига кўз югуртириб чиқар экан, бир хўрсиниш билан чуқур нафас олди. Мовийранг шифт тилла суви билан нақшланиб, олтин қандиллар билан ҳашам бериб безалган эди. Қандиллар ичида сонсиз-саноқсиз шамларнинг шуъласи шифтга ажиб жозиба ва тароват бағишлаб турар, атроф эса чароғон эди. Лекин саройнинг ҳар бурчагига аллақандай хуфялар яшириниб, сукут ичра уларга таҳдид солиб тургандек эди.
Султон онасининг мағрур ва кибор, бироқ айни пайтда совуқ ва заҳил чеҳраси, қиличдек ўткир нигоҳларини кўз олдига келтирди, не ажаб, не тонгки қалбида унга нисбатан на меҳр, на илиқлик топа олди.
Ахир ўша эмасми, хотинларини унга қарши қўйиб, хуфяларни тентиратиб, невараларининг қиличини қайраб, сопига солдиртирган? Ахир ўша эмасми, бутун Мовароуннаҳрнинг туркий қўшинларига ўзининг қавмидан бўлган сарбозларни лашкарбошиликка қўйишга ўғлини унаттириб, ҳудуд ва шаҳарларга ўз яқинларини ҳокиму амир этиб тайинлаган? Лекин ҳар золимга бир одил ҳоким бор! (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 1 апреля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
25. ”Вазирлардин қўрққулик кас топилмас”
Боши саждага теккач, қайсар ва худбин Жонкишининг кўнгли юмшаб қолган эди. У Бағдод ҳалифаси туҳфа этган тақяни бошидан олиб қўйиб, Шероздан келтирилган, бежирим матоли саллани қўндирди. Ибодатдан сўнг юмшаган кўнгли тобора юмшаб, бутун қипчоқлар қавмига дастурхон тузаб, таом улашмоққа изн берди.
Ўшанда хон ҳузурига Туркон ташриф буюрган, отаси эса кошонанинг тўрида, тахти равонда ўтириб, қизини хуш қарши олди.
Хон Жонкиши ўғилларидан кўра қизи Турконга кўпроқ меҳр қўйганди. Чунки ўзидаги шижоат ва шиддат ўғилларидан кўра кўпроқ қизига ўтганини у билар, шунинг учун Турконга қаттиқ ишонар эди.
Фақат Турконгина хон ҳузурига рухсат сўрамасдан кира олар, буни бутун сарой аҳли билар, шу сабаб барча худди Жонкишидан ҳайиққан каби ундан ҳайиқар эди. Жонкишининг ўзи ҳам қизини кўрса, тунд ва баджаҳл чеҳраси ёришиб, шаштидан қайтиб, мулойимлашиб қолар эди.
Кошонанинг бир бурчагида қават-қават якандозлар тўшалиб, деворга тираб болишлар қўйилган. Ўртага ёнғоқ дарахтидан ўйилиб, нақш бериб ясалган хонтахта устига духоба ташланган.
Жонкиши қизи билан сўрашгач, тахтдан тушди ва юриб бориб, якандоз устига чўккалаб ўтирди. Туркон ҳам беихтиёр отасига эргашиб, хотахта чеккасига бориб чўкди ва духобанинг бир бурчини ҳимариб, ўзига гапирмоққа шайланган отасига тикилиб қолди. (далее…)