МАВЛО 26 мая, 2013
Posted by Shahodat in Шеърият.add a comment
Шаҳодат Улуғ
Тақдиримизда не бўлса уни яшармиз,
Бир жонимиз бор бир кун Сенга топширармиз.
Қуёш қароргоҳи томон талпинур,
Ой ҳам бутоғига бунча маҳлиё,
Руҳим Аршу Аъло истаб топинур,
Йўқолиб кўринган саробми – рўё?
Вужуд сокиндиру, қалбим туғёндир,
Бир лаҳза, бир лаҳза излаган имкон,
Нигоҳим хотиржам, ботин урёндир,
Осойиштаману ўйлар саргардон.
Ғулу олов бўлиб чирмашса танга,
Дардлар тутун каби кўкка ўрласа,
Етти иқлимдан-ми етти мўъжиза,
Изласа бошлари эгик сожида. (далее…)
КЎНГИЛ ИШИ ЎРГАНИЛМАГАН… 22 мая, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Ё Нур, ё, Улуғ МАВЛО ! Завол топмас кўнгилни яратиш учун Сенинг қанча вақтинг кетган бўлса айт?! Бир беназир Гулни яратиб, нени мақсад этган эдинг айт?!
Одамзод кўнглига боқиб хассос, сайқалу сиймин ташладинг, таъзим Сенга эй Дилшунос. Хассос-Дилшунос…
“ ЖАЙҲУН ЭПКИНЛАРИ ” романидан парча.
— Ўғлим ўтир, қолганини сабр ичинда эшит!
Шаҳзода жойига чўкди. Онаси эса гапида давом этди…
Ўшанда Жалолиддин бобокалони Эл Арслоннинг дорулсалтана чеккасида бино этилган ҳашаматли хилватхонасида кечган ҳаётини томошо қилди.
Магар, улкан дорулсалтанада, Фармони Олийда ҳеч битилмаган, аммо мудом ворисларини етакловчи бир сўқмоқ бор эди. Ўша сўқмоқ уларни олов тилчалари билан алдаб-авраб, қўлларидан тутиб, кўнгил даричаси томон беомон етаклар эди. Даричадан ичкарига кирган кимсанинг эса бу ажойиб гўшадан ҳеч чиққиси келмас эди.
Кўнгил иши ўрганилмагандир.
Кўнгил иши шундай талотум ; бунда ҳатто шоҳлар ёрнинг ҳузурида бир банди эди.
Эл Арслон ҳам жунун асосига таяниб, мажнун ридосига ўраниб қолди.
Белидан қўри-қуввати, кўзидан эса нури кетиб, қарилик бўсағаси томон одимлаётган Эл Арслон кутилмаганда бир малакка дуч келди. Бу беназир ҳилқатни кўрган қария туйқус жон томирига жоду қони қуйилаётганини ўша лаҳзадаёқ ҳис этган эди. Соҳибжамол ҳурлиқо ёнида бўлганида, у ўзини навқирон ҳис этар эди.
— Шу чоққача қаён эдинг, келиб мани хушнуд этдинг!
Султондан таҳсин эшитган малак шаҳаншоҳга таъзим бажо келтирди. Хоразмшоҳ Эл Арслон унга яқинлашиб:
— Малойик, исминг не сенинг?- дея савол этди.
— Асмо! — жавоб қайтарди у. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 19 мая, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Мантиқ ва чегара билмас тўлқинлар Жайҳун қирғоқларини бузиб, пишқириб оқди. Cув бетида қалқиган кўпиклар тобора ўйноқлаб, сўнг дарё комида ғойиб бўлмоқ учун тентирай бошлади. Бора-бора сув оқими қирқилиб, наъра тортаётган тўлқинларга туйқус эс кириб, тинчиб қолди. Барчасидан огоҳ бўлган Дашт сувсизликда бир қултум сув талаб этиб, абри-найсонни соғинди. Булутлар келинчаги – найсон майдалаб ёғди. Найсон шивири қайнаган борлиқ бирам мафтункор, қониб-қониб сув ичаётган Дашт севинчдан баайни чақалоқ каби қиқирлай бошлаган эди. Хос лашкарлар қуршовида, шоҳона аравада чайқалиб келаётган малика Ойчечак ўғлига қараб жилмайиб қўйди. Манзил олис эди, йўллар босиб ўтилмоғи даркор. Атрофда эса найсонлар шивири қайнарди. Бу сирли шивирга қулоқ тутиб турган шаҳзода аравада чайқалиб, волидаси томон сурилиб ўтирди. Малика Ойчечак ривоят қилдики:
– Кокил ўйнатиб бўй кўрсатган лолалар атрофни безади. Дашт эса фараҳбахш кўклам ҳимматидан энтикиб юборди. Субҳи содиқда таёқ тутиб жўнаган чўпон, cурувини яна қайта ҳайдаб, елкасига шомни қўндириб қайтди. Уни бир қўлида сув тўла кўза, иккинчисида сочиқ билан Бўтакўз қарши олди. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 14 мая, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Жонини омон сақлаш ғамида юрган далли хаёли тушида ҳам ором олмади. У сув излаб, йўлда яна давом этди. Ниҳоят, туякаш не-не машаққат билан кафтдек ерда сизиб оқаётган булоқни излаб топди. У орзиқиб кетди. Оғир ютиниб, сув томон энгашди ва икки қўлини ерга тираган кўйи ютоқиб cув симира бошлади, бироқ не тонг, не ажабки, чанқоғи ҳеч босилмади. Туман ичида қолиб кетгандек, кўзига ҳеч зоғ кўринмас эди. У чанқоғини қондирмоқ истаб тағин ютоқди, шу дам кўзлари очилиб кетди. Қуёш тонгни уйғотиб бўлган, атроф ўша-ўша, жим-жит, у яна даҳшат ичида қолди, ҳаммасини унутмоқ истаб, яна кўзларини юмди, ҳеч вақони ўзгартиролмади. Амал-тақал билан илгарилади. Унинг ақлини даҳшат босган эди.
Шамшир дами ҳавода муаллақ ўйнаб, таъқиб эта бошлади, шунда ажал таҳдидини сезгандек, талваса ичида орқасига ўгирилди. Қулоғига яна ур-йиқит, шовқин-сурон, бақир-чақир эшитилди. Туякаш ғаним қаршисида ҳоли хароб кимса каби қумга чўккалаб, ўлимини кута бошлади. Бироқ шўр пешонасига яна кўп кўргуликлар битилган эди, у ожиз қолиб, аввалига овоз чиқармай, елкалари силкина-силкина йиғлай бошлади, кейин аламли йиғиси оламни тутиб кетди. Ўлимига минг бор рози бўлиб, ўзини тақдир измига топшириб, ҳеч нарса билан иши бўлмай қолди. Дафъатан юмшаган дийдаси тағин қотиб, яна яшагиси кела бошлади, шунда у яна ўрнидан туриб, олдинга қадам босди.
Туякаш тақдир тақозоси билан омон қолиб, бир куни ватанига етиб борди ва Чингизхонни бўлиб ўтган воқеадан огоҳ этди. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 9 мая, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
3. Худони унутганлар – хасталар, бечоралар
Салоҳиддин дарвозадан ичкарига кирганида, Дариға холаси Муҳаррам билан бир нималар, деб пичирлашмоқда эди. Улар Салоҳиддинни кўриб, кўзлари ер чизганча индамай қолишди.
– Энди бироз тузикмилар? – деб сўради у Муҳаррамдан.
– Ҳа, табиб кўриб кетти, қилтомок деди.
Салоҳиддин бошини сарак-сарак чайқади.
Муҳаррам ёшли кўзини артиб, яна ер чизиб индамай қолди. Салоҳиддин ичкарига – Улмон хотин ётган хонага кирди.
Улмон хотин тўрт-беш кундан буён туз тотгани йўқ, силласи қуриган, ҳолсиз, беозоргина тўшакда ётибди. У шу ҳолда невара куёви Салоҳиддин билан сўрашгач, кўзларини шифтга қадаган кўйи жимиб қолди. Сўлғин ва хомуш, юзининг қони қочган, синиқиб, оқариб кетган эди. У ўнг қўлини cилаб қўйди.
Муҳаррам онасининг ёнига ўтди:
– Эна, бошингизни кўтариб, томоқ есангиз, – у қуритилган жамбил, райҳон солиб пиширган бир чинни маставани ёғоч қошиқда совутиб, – есаниз, – деди яна онасига қараб.
Улмон хотун уч-тўрт қошиқ мастава ичган бўлди, сўнг:
– Бўлди, бошқаси ўтмийди, – деди чиннини нарига суриб.
– Тағин бир-икки қошиқ…
У йўқ дея ишора қилиб, дармонсиз бошини ёстиққа ташлади.
Cалоҳиддин ва чолига қараб:
– Ман энди кўпга бормасман, Собирбекка одам жўнатинглар, Шодмонгулни олиб келсин, – деди.
– Нечун бундоқ деётирсиз, ҳали кўп яшагайсиз, – деди Салоҳиддин унга далда берган бўлиб.
– Энди кўпим кетиб, озим қолди. Шодмонгули олиб келсанглар.
– Ҳа, шундоқ қилурмиз, cан хотиржам бўл, кампир, – деди Бегимқули. Кейин Салоҳиддинга қараб:
– Қобил Бухорога кетгач, сан Хивага Шодмонгулга борурмисан? – дея сўради.
Салоҳиддин “ҳа” дея бош силкиди. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, иккинчи қисм) 4 мая, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Кеча ёққан ёмғирдан сўнг сокин ва осойиш ҳаёт яна изига тушиб, жонзотлар ғимирлаб қолишди. Қўрқа-писа инидан мўралаган чумоли хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ташқарига ўрмалади. Қуёш нурлари унинг жонига хуш ёқиб, офтобда пича тобланди. У аввалига бошини ерга оғдириб, cўнг тепага кўтарди, майин шабада димоғига бир ёқимли ҳид олиб келди. Чумоли ҳид анқиётган тарафни тусмоллаб, шу ёққа йўл олди.
Cўл томонда – эски тегирмонда буғдой тортаётган Учқунбек бироз тин олгач, яна ишида давом этди. Чумоли тўхтаб, бошидаги хиёл кўзга кўринган икки туксимон шохлари билан олисдан туриб шерикларига хабар жўнатди. Чумолилар қаторлашиб, хабарчи томон ўрмалашди. Улар тегирмонда буғдой тортиб, ун чиқараётган Учқунбекнинг атрофида ҳалқа ҳосил қилиб, сўнг “топилдиқ хирмон”ни гўё таламон қилмоқ учун тарқалишди. Улар чеккада тўкилган буғдой уюмига ёвдек ёпирилди. Cўнг кепак ва буғдой қипиғи орқалаб, инлари томон равона бўлишди.
Қосим парвоначи беш кун илгари Бегимқули Оллоёрга узрини айтиб, Бухорога йўл олган эди. Ўғиллари кун ора бўй чўзиб, ўсиб келмоқда. Қўлбола тегирмонни кенгайтириб, янги жарқачоқлар сотиб олиш мақсадида пича маблағ жамғарди. Шунинг ғамида, уста биродариникига – Бухорога йўл олди. Завжаси Раҳима бир этак бола билан унинг қайтишини кўзи тўрт бўлиб кутди. Кеча гузар оқсоқоли буғдой ташлаб кетаётиб: “Эртага асрдан сўра олиб гетажакман, уж коп буғдойи жаркачокдан чикариб кўйсангло”, деб қайта-қайта тайинлаган эди. Эрталаб Раҳима қараса, ўғли ширин уйқуда, уни безовта қилгиси келмай, ўзи бир қоп буғдойни тегирмонда тортди. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 1 мая, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
1. Ришталар
Даштнинг ёзилмаган қонунлари кўп. Саҳрои Кабир олов гирдобида тобланиб чиниққан, Карбало даштида ором билмаган туялар ўз кучига таяниб, қумларни оёқлари билан эзғилаганча илгари одимлайди. Бу осмон остида барчани баробар кўтариб турган мана шу замин устида митти чумолидан туяга қадар жаъми жонзотнинг ўз вазифаси бор. Айнан кимсасиз саҳро ва дашти биёбон қўйнида кетаётган одамзот осмон қўлинг етмас даражада баланд, замин кўз илғамас кенгликдан иборат эканини туйқус англаб етади, шунда кўзини янаям каттароқ очиб, атрофга тийран боққиси келади. Ҳолбуки, само ўша осмон, ер ҳам ўша замин. Худдики дашт қўйнида сен ҳам унинг бир заррасига айланиб улгургансан, шуни англагач, олам кўзингга айрича кўрина бошлайди, ўзинг-да адоқсиз бу кенгликлар маҳобати қаршисида бир зарра қадар йўқолиб бораётганингни сезасан.
– Ҳавонинг авзойи бузилаётир, кечга бориб қуйиб бермаса гўрга-я, – деди тепа тишлари тушган туякаш шеригига.
– Рост айтдинг, тезлатмасак бўлмайди чоғи.
– Яқин орадаги карвонсаройга етиб олсак, марра бизники. Туяларам, ўзимизам дим ҳоридик.
– Бе-е, деган билан беда пайдо бўла қолса экан…
Чиндан ҳавонинг авзойи бузилиб келмоқда эди. Даштда туйқус чанг кўтарилиб, осмонга тўзон ўрлади, сўнг қуюнга айланиб пастга қайтди. Энди бу гал қумлар қатига ғулу солган қуюн яна пастни тўзғитди. (далее…)