Шамс, Қамар – Қурбонгул (достон) 30 января, 2012
Posted by Shahodat in Шеърият.add a comment
Кўнгил ҳам қолиб кетган Вомиқнинг Узросида,
Юрак ҳам тиниб кетган Тоҳирнинг Зуҳросида,
Киприк соя ташлади гиёҳи униб битган,
Қовжираган гунг ҳажрнинг кимсасиз саҳросида.
Шу йўлларда тингладим неча-неча афсуслар,
Чанг солиб қорачиққа гўнг титдими даъюслар,
Магар ёлғон сўйласам, тилга кирсин қомуслар,
Сийлов, қўлловга муҳтож мубтало Сиёвушлар.
Ҳамду сано ўқиган Ҳамида, Санобарлар,
Саждага эгилганлар салот-ла сожидалар,
Самодан ёғилганди инжу, мушку анбарлар,
Қуёш зарин сочганда замин кийди чамбарлар. (далее…)
Суюнчи 29 января, 2012
Posted by Shahodat in Шеърият.add a comment
Бу кўнгил марварид қишга лол эмас,
Гарчи осмон садаф, дур, маржон сочар,
Қаҳратон совуқда қаддим дол эмас,
Уйда ўғил-қизим бағрини очар.
Момиқ пахта тўшаса-да гар,
Феврал изғирини совуқдан-совуқ,
Иссиқ уйга қамалсам агар,
Таскин берар баҳорий қўшиқ.
Қўлларини қўлимга тутганча қизим,
Кўча совуқ дейди, ёшларингни арт,
Аслида сен менинг бир бўлак изим,
Бироз кут, қиш ўтар, келади-ку Март. (далее…)
Кузги Қўшиқ 28 января, 2012
Posted by Shahodat in Шеърият.add a comment
Танамда мунғайиб ётган,
Кўксимга олмосдек ботган,
Олмосмас юрагим қотган,
Қушдек ошёнин йўқотган,
Қай изтироб томир отган?
Бир шамшир юракка тегиб,
Қаддим ниҳолини эгиб,
Кетурман этаклар қоқиб,
Сувларни ўтларда ёқиб,
Ўт ичра қонларда оқиб.
Лол бўлиб тўрт томонлар,
Забонсиз қолди ёмонлар,
Тўшалиб ҳазин хазонлар,
Йўқолиб аста гумонлар,
Битилсин омон-омонлар. (далее…)
Бўшлиқ Манзаралари 22 января, 2012
Posted by Shahodat in Шеърият.add a comment
Чўзса қўли етмас – зубарижат Танҳолик,
Қулоқ тутса, куйлар ёнаверса – Раҳмонлик!
Бир лаҳза туриб қолса, эшитиб шодмонлик,
Бир кам дунё дерлар, яна тилар омонлик.
Лаҳза дақиқага қоқаверар қош…
Сарҳадларга ҳомуш қўйиб бош,
Кўнгил осмон қадар юксалар,
Кипригидан тўкиб зарли ёш,
Уйғотади барчани қуёш.
У ўзи бир ҳокисор инсон,
Кичкина уй кенг унга ҳамон,
Магар унинг руҳи сиғмаган,
Ўн саккиз минг олам тор деган.
У бир чечак унмаган ҳали,
Қум қатига дардини айтган,
Сўлмоқ кузнинг ишими асли,
Ердан униб тупроққа қайтган.
Афтондил (достон) 17 января, 2012
Posted by Shahodat in Шеърият.add a comment
Шаҳодат Улуғ
Қалб гиргиттон, ёмғирдек қолса тўкилиб, бўшаб,
Замин пойимга намчил, пажмурда тупроқ тўшаб,
Кетиб бормоқдаман мен урён-туғёндан қочиб,
Олис ҳузурига тасбеҳла сўқмоқлар очиб.
Пайдогул тўзонларда титраб ўтдек сачради,
Дардмиди, айро йўлда тўлғоқ каби қақшади,
Дилафгор тутиб бормиш қўлларида бир коса,
Оғу! Бодёни руми… бўғизида талваса.
Савдойи ва саҳройи Мажнун – Қайснинг рақсини,
Телбанамо ошуфта княз Мишкинда кўрсам,
Топсам ишқ лаҳжасин, журъатла Афтондил сўрсам,
Ундан жавоб келгач мен қумридек тилдан қолсам.
Оқшом баайни юлдузлар лаҳза тўлғониб,
Ним ханда лаб буриб, кибрла ашкини қусди,
Орланган Қайс қоши-қамарини қизғониб,
Саҳроларда из қолдирмай рашкини қусди. (далее…)
Номи Ҳабибим (15-ниҳоя) 15 января, 2012
Posted by Shahodat in Наср.1 comment so far
15. Эгилган бошни қилич кесмас
Расулуллоҳ айтдилар: “Қора седона ўлимдан бошқа ҳамма нарсага даводир.” Аёл юзини муқаддас Каъбага бурди. Муз қотган вужудини Қуръон оятлари иситди.Тонг отай деб қолган эди.
Унинг ихтиёри ўзидан чекинди. Бир лаҳза, ҳа, шундай, бир лаҳза руҳи осмонга ўрлади. Ё Раббано, қудратингдан, биров унга буни ўқиб бердими?! Ёки бу садо бўлиб янградими? Ёҳуд ўн саккиз минг олам Соҳиби буни дилига солдими? Англай олмади. Фақат тилсиз тўрт девор гувоҳ эди, бу жунунга…
“Кеча ҳам улар учун бир оятдир. Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан улар зулматда қолурлар. Қуёш тинмай ўз қароргоҳи сари сайр бўлур. Бу Қудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири – ўлчовидир. Биз Ойни ҳам токи, у эски хурмо бутоғидек бўлиб қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз.
На Қуёш учун Ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. Барчалари фалакда сузиб юрур”.
Аёл йиғлар эди, бироқ у шу дақиқага қадар англаб етмаган эди, у аввал ҳам йиғлаган эди… Атрофида куй ёнар эди. Қуръонни ҳатм қилганида бир пайтлар ёд олган эди, буни. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бордир. Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Мен бу сурани умматимдан ҳар бир кишининг қалбида бўлишини истар эдим”, деган. Бу ояти карима ўша “Ёсин” сурасидандир.
У тўлқиндек мавж уриб, аёл дилидаги тугунни ечмоқда эди. Ҳабиб Оллоҳ, қудратингдан! Йўлга жумбоғини ечмоқ учун боши-кети кўринмас чигал калава ип ташланган эди. Бу жумбоқни ечмоқ учун бандасидан бир донишлик талаб этилди. Ва адоқсиз йўлда чигал ипни тараб ечмоқ учун тароқ ташланди. Энди чигал ечилгач, йўлида қирғоқларидан сув эмас, бол томиб оқгувчи бир уммон пайдо қилди. Шу болдан тўйиб таомлансин дея. (далее…)
Номи Ҳабибим (давоми, 13-14) 15 января, 2012
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
13. Буюк ва бепоён Дашт
Дашт қўйнида тонг ёришди. Найза бўйи кўтарилган қуёш Худо ёрлақаган заминни нурга беламоқ ишқида ёнди. Унинг шуъласи борлиққа битталаб, сараланган каби таралаётган эди. Саҳро икки оламни ёдга солади. Тонг ҳарир чимматини кўтариб, қуёш чирой очар маҳал борлиқ сеҳрли, мафтункор бўлади. Бирдан оламни кўкатларнинг хуш бўйи тутиб кетади. Уни оромбахш насим димоқларга саҳоват-ла пуркайди. Шу дам салқин ҳаводан тўйиб нафас ола бошлайсан… Кун пешинга оғар маҳал қуёш нурлари беармон тўкилиб, гўё қумлар қатини қайнатади. Дашт қовжираб сукутга толади, жазирамада жисми оловга айланади. Буюк даштда азалий, ёзилмаган шундай бир қонун бор – ким ёки нима кучли бўлса, ўша ғолиб келади.
Қишдаги жуфтлашувдан сўнг урғочи бўри ҳомиласини олтмиш тўрт кун олиб юрди. Қантар ойида ўзини яна ҳам эҳтиётлаб қолди, пана жой излаб, болалашга ҳозирлик кўра бошлади. Кимсасиз дашт ичра бу ерни маъқул топиб, ўзи ва туғилажак болаларига ин қазиди. Шу инида болалади. Тўрт боласи эмавериб, силласини қуритиб юборди. Улар бир ярим ойлик бўлганида луқма чайнашни ўргатди. Кейин изғиб юриб, бир шувоқ олдига келиб тўхтади. Шамол ёқимли бир ҳидни димоғига урди. У искаланиб ҳид қаёқдан келаётганини билди. Бир йўла бешта қумқуён боласини еган бўлса-да, ҳали қорни тўймаганини ҳис этди. Лекин у ўз болаларининг ҳоли не кечганидан бехабар эди.
Қовишувдан сўнг нақ бир йил ўтгач, урғочи оқчаён ўн битта болалади. Деярли ўн икки кун бирини қўйиб, бирини суйиб, болаларини устида олиб юрди. Сўнг улар ҳар томонга тарқалиб кетди. Ҳозиргина она чаён нишини юнглари момиқ, ҳали оғзига қон тегмаган беозор бўриваччаларнинг бирига суққан эди. У шу заҳарли игнаси билан ўлжасини фалаж қилди. Кучли оғриқдан бўривачча типирчилай-типирчилай тинчиб қолди. (далее…)
Номи Ҳабибим (давоми, 11-12) 15 января, 2012
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
11. Жадир ёҳуд Жарқинлар
Инчунун, кўҳна замин қадар хотира қадим,
Кимнингдир шу ёши оқсоқол Қуёшга уйқош,
Сеҳрланган тилсиз сўқмоқ узра босмоқ-чун қадам,
Қалқиб кетмоқдаман, манинг қаро кўзим тўла ёш…
– Ҳой, Мало, тур, барака топгур, анов туққан қўйлардан бир хабар олайлик, – деди янгам Малоҳатга қараб.
– Ҳозир…– дея у ўрнидан турди. Малоҳат онаси билан даҳлизга чиқди. Мен эса момо билан қолдим. У чигалини ёзмоқ илинжида оёқларини узатиб, силаган бўлди ва дақиқа ўтиб пайпоқларини ечди. Шунда тирноқлари ўсмай тугун бўлиб қотиб қолганини кўрдим, ўнг оёғидаги чандиққа кўзим тушди.
– Вой, – дедим беихтиёр, гўё бошим узра бир челак сув қуйилди-ю, сесканиб кетдим. – Нима бўлган тирноқларингизга?
У “қўявер”, дегандек қўл силтади, мен эса сабрим чидамай унга яна савол бердим:
– Нима бўлган? Айтинг!
– Бир вақтлар тўйда – кўпкарида от босиб кетган. У пайт биз турган мана шу дашт одамга тўла, Жадир қишлоқ деб айтилгич эди. Кейин одамлар сувсизликдан қийналиб, Нурота яқинига кўчиб кетишган. Ўшанда тўй куни Торғил отнинг туёғи тирноқларимни ўйиб кетган, шу бўйи тугун бўлиб ўсмай қолган…
– Шунақаям бўладими? Жонингиз роса оғригандир?
У “ҳа” дегандек бош ирғади:
– Ўшанда худди сендай навниҳол қиз эдим…– дея эслади у. Чеҳраси жиддийлашиб, ўтган кунларини хотирлаш тараддудида, аввалига бир оз жим қолди, сўнг бошини қуйи солиб хаёлга чўмди.
Мен эса ундан кўз узмай, қуюқ қайрилма киприклари ортидаги тим қора кўзларига тикилиб қолган эдим. Шунда унинг ажин босган юзида ҳали ҳам аллақандай назокат уфуриб турганини илғаб, бир пайтлар чиндан-да дилбар ва соҳибжамол бўлганига амин бўлдим. Айни пайтда мен мана шу лобар аёл ҳақида нимадир билгим келмоқда эди. (далее…)
Номи Ҳабибим (давоми, 9-10) 15 января, 2012
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
9. Дайди шамол ғулуси
Мен уйга қайтаётган эдим. Яшил гиёҳлар остидаги қумлар қўйнига ғулу солиб, туйқус шамол эса бошлади. Буни даштликлар ”девона, дайди шамол“ дейишади. Бу телба шамол дафъатан қаердан келгани, қай тарзда пайдо бўлганини билмай ақлинг шошади. Аслида савдойи шамол дашт қўйнида қизалоғини йўқотиб қўйгач, сўнг шамолга айланган бир муштипар, далли-девона она эмиш. Шамол, яъни она дашт қўйнида боласини тополмагач, водийларга кўчар, кейин излай-излай шаҳарлару қишлоқлар оралаб, сарсон-саргардон кезиниб, жигарбандини ахтарар экан. Тополмагач, қайтиб тоғ қўйнига сингиб ғойиб бўлар экан. Бироқ уни ўқтин-ўқтин дард тутар экан-у, шунда яна қизалоғини қўмсаб, саросар кезина бошлар экан…
Онам сўзлаб берган эди… Оллоҳ ерга гиёҳлар ундириб, ўт-алафга жон бағш этибди. Бандалари қалбига эса Нур-зиё уруғини қадабди. Улар қалбида иймон ва эътиқод куртак ёзибди. Тўхтамас чархи дунё, фалак гардиши тинмай айлана бошлабди. Шаҳару қишлоқ оралаб вабо тарқалибди. Бир қишлоқда икки опа-сингил яшар эди. Кўз ўнгида ҳожалари, яқинлари ва юртдошлари қирилиб кетаётганини кўриб, даҳшатга тушибди. Лекин улар умидсиз умидлардан умидвор бўлиб, қишлоқни ташлаб, олисларга бош олиб кетмоқчи бўлишибди. Опасининг Толиб исмли ўғли, сингилнинг эса Карима исмли қизалоғи бор экан.
Улар барча уйқу қучоғида ором олаётган бир маҳал қишлоқни тарк этишибди. Бояқиш опа-сингил вабодан қочиб, ҳали инсон оёғи етмаган дашту биёбон қўйнига бош олиб кетгиси бор эди. Йўл юриб, тоғ томон кўтарилишибди ва нафас ростлагани тўхташибди. Тўрва халтасидан егулик олиб, тамадди қилишибди. Кеч тушиб, атрофни зулмат қамрай бошлабди. Улар шу тоғ қўйнида бир-бирига елка тутиб, болаларини иссиқ оғушига олган кўйи ухлаб қолишибди. (далее…)
Номи Ҳабибим (давоми, 7-8) 15 января, 2012
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
7. Ёрилтош ёҳуд Ёдгор қиссаси
Кўкда тўлин ой балқиб, қоронғу тун қўйнини зубарижат заррин нурлари билан ёритган ойдин кечада бир хонадонда қиз фарзанд туғилди. Тошқоронғу кечада, ой ёғдусида туғилган бу қизалоққа Балқия деб исм қўйишди, аммо нечундир отаси уни Ёрқиной деб чақирар, бобоси Тўлганой деб суяр, момоси эса – Ойбалқи, фақат онаси ўз исми билан Балқия дея эркалатарди. Қизалоқ улғайиб, бахти очилган кунлари ҳам яқинлашаверибди. У муборак бир хонадонга келин бўлиб тушибди. Йиллар ўтиб, Балқия қизалоқли бўлибди. Уни Қутфия деб аташибди. Балқия қизини ҳатто шамоллардан-да қизғониб, папалаб ўстирибди. Орадан йиллар ўтгач, у иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлибди.
Кўкда ҳилол ёғдуси. Зубаржат юлдузлар жимир-жимир кўзни олмоқда. Ва ниҳоят осмон равоғида юлдузлар қалқиган кўйи тун қўйнига сингиб кетмоқда эди. Тонг ёришиб, одамзод ер юзида ризқини термоқ илинжида ўрмалай бошлабди. Балқия ширин уйқу қучоғида бир маромда тин олиб ётган қизининг сочларини силаб, суйиб устига ёпинчиғини ташлаганча ўрнидан турди. У ҳовли супасида юмушлар билан куймаланарди. Бўш челакларга кўзи тушди. Сув олиб келиш учун булоқ бўйига отланди. Субҳи содиқ тонг булоқ бўйида ифорини сочаётганди. Атрофда эсаётган еллар Балқиянинг узун ва тутам-тутам сочларини ечиб юборган, у энди сабо ўйнаган сочларини қайта ўрмоқда эди. Тонгги шафақ нурлари атрофга ёйила бошлади. Олут бошлари бироз эгик фаромуш қизғалдоқлар секин-аста бош кўтариб, Балқияга нимханда отган кўйи уни қарши олмоқда. Унинг нигоҳлари эса айни шу тонг каби сокин, осойишта атрофга боқарди. Атроф бир зарбда тинчлантирилган каби ошуфта. (далее…)