Фақат сен йиғлама… (роман охири) 21 июля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
(ўлик, мустамлака сукунат)
Уйқуси дафъатан ўчиб кетган Дариға ўрнидан туриб, токча ёнига борди ва чироқ пилигини кўтарди. Тўшакда ётган қизи туйқус уйғониб, онасини пайпаслаб ахтарди, унинг йўқлигини сезгач, чинқириб йиғлай бошлади.
– Эна-а-а, эна-а-а -а!
Дариға унинг ёнига югуриб келди ва қизалоғининг қулоғига эниб юпатди:
– Аста, аста, оғангни уйғотажаксан.
– Эна-а!
– Ман шу ердаман!
Руқия онасининг бўйнига ёпишиб олди. Дариға қизини тинчлантирмоқ учун яна шипшиди:
– Ман шу ердаман.
У қизини ётқизмоқчи бўлди, бироқ ҳеч ажралгиси келмаган қизалоқ онасини маҳкам қучиб, яна йиғлай бошлади.
Дариға қизини юпатмоқ учун юрак аталмиш қабрга кўмган кўргуликларини ниҳоят қўшиқ қилиб куйлади:
– Кўзларингни ўзи қора, сан йиғлама фақат,
Юрагим шундоқ ҳам яра, сан йиғлама фақат,
Ватан дебон, ани суйғон отанг ер қучиб кетғон,
Йиғламиш Жайҳун сатпора, cан йиғлама фақат!
Кўргуликни кўмганман мен юрак деган қабрга,
Қон йиғлаб фарёд қилдим Чингиз деган жабрга,
Сочин тараб мотам тутди Жайҳун ҳатто сабрга,
Қонга тўлган бағрини Дашт ҳам тутди абрга… (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 14 июля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Улар ердан унган, яна тупроққа қайтмоқ учун бесаранжом ҳозирлик кўради ва бу кишида хазин кайфият уйғотади. Кузнинг иши бу. Дарахт шохларида илиниб турган баргларни юлқилаб, хазон этаётган дайди шамол ваҳимали овоз чиқариб изғийди.
Кун асрга қараб оғар маҳал. Хазонларни босиб, тушкун ҳолда келаётган Кенжабек Қипчоқ тоғаси Бегимқули Оллоёр дарвозаси ёнида тўхтади, кейин ўзича бир нима деди ва ичкарига кирди. Хона тўрида оёғини ўраб, орқасига ёстиқ қўйиб, деворга суяниб ўтирган хаста тоғасига кўзи тушди.
– Тоға, ҳамманинг оғзинда шул гап, Чингизхон Гурганжга тиш қайраган. Магар шул рост экан, бул ерни тарк атиб, аввалинда Хуросонга, андин сўнг Бағдодга кетмак тараддудини кўрмоғимиз лозим.
Бегимқули қорасон бўлган эди. У тиғ теккан оёғини кўрсатиб, жияни Кенжабекка:
– Маним тўримдин гўрим яқин, – деди. – Магар ихтиёр этган экансан, йўлингни тўсмағайман. Ман Гурганжда қолжакман.
Орадан тўрт кун ўтгач, Кенжабек Қипчоқ аёли Насибали, тўнғич ўғли Оғабек, келини ва неваралари билан Гурганжни тарк этди. Салоҳиддин билан Раҳмиддин отасига эргашмади, шаҳарда қолди. (далее…)
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 13 июля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
(Темур Малик сўзи)
Маҳшари санда ёнур, дўзахий базми қаттол,
Магар қўлингдан келса, маним келиб жоним ол,
Ажал рақси намойиш кечмишинда ҳар мўғил,
Ман санга исм бергум, асли исминг Азозил!
Ўтрор бунда зулмингдан безиб чунон инграюр,
Бухоро ўт ичинда, Мароқанд қон йиғлаюр,
Гўдак уволи тутсун, ғайридин, қаттол ғойур,
Хўжанд додламиш охир,шамширинг дил тиғлаюр.
Билмамки,сан измингда яна нелар кор этдинг,
Бўйинға сиртмак осиб, занжирни бир дор этдинг,
Гўдакни оқ сутидан айириб, сўнг зор этдинг,
Бўстон, баҳор дилларга қиров сочиб қор этдинг.
Сайҳуннинг қоқ ичида, мавжлари аросида,
Қақшаб қони оқаюр сарбознинг яросида,
Тўғонларинг бузмишам, қора тун қаросида,
Маним оҳим тингларсан энди шер нидосида.
Мотамда йиғлаб қолди савдойи Мовароуннаҳр,
Cайҳун, Жайҳун қонга лиқ, мавжларида бир қаҳр,
Англармидинг сен буни аждарҳою бемеҳр
Келурми энди охир, қачон мукофот – ажр?
Занжир солиб бўйинга, барчани асир этдинг,
Ҳолини хароб этиб, кўзларни басир этдинг,
Қалқонидин айириб,кўпларни есир этдинг,
Бедор этдинг, зор этдинг, барчани сен хор этдинг.
Маҳшари санда ёнур, дўзахий базми қаттол,
Магар қўлингдан келса маним келиб жоним ол,
Ажал рақси намойиш кечмишинда ҳар мўғил,
Ман санга исм бергум, асли исминг Азозил! (далее…)
Пешонангга куй тараб келдим… 11 июля, 2013
Posted by Shahodat in Шеърият.add a comment
Бизга ханда отади чирой,
Юлдузларни чўғ каби отди,
Ўзи осмон бағрига ботди…
Сўнг чекиниб астагина тун,
Бизга пешвоз чиқади бу кун,
Кунда нурга беланиб келдим,
Тўлқин мисол таралиб келдим.
Кўзимизда қувончлар рақси,
Қалбимизда гўзал ҳис нақши…
Кипригимга қўнди капалак,
Дейсан: ёруғ кунлар муборак!
Кўнглимизда покиза тилак,
Иккимизга жўш урган юрак!
2013 йил, 11 июль.
Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 6 июля, 2013
Posted by Shahodat in Наср.add a comment
Добусия учун кураш узоқ чўзилмади. Шаҳар аҳли қиличдан ўтказилиб, қалъа вайрон этилди. Шундан сўнг асосий куч Мароқандга қаратилди.
Султон Муҳаммаднинг тоғаси Тўғайхон Мароқанд ноиби эди. Хоразмшоҳ тоғасига амр этди:
– Шаҳар мудофаа деворлари зудлик билан қурилсин, атрофларинда хандақлар қазиб, анинг ичи сув бирлан тўлдирилсун.
Шунда Тўғайхон шаҳар аҳолисига қўшимча солиқ солди, аммо йиғилган солиқни мудофаа учун сарфламоқ насиб этмади.
Мирзо Улуғбекнинг қайд этишича, Самарқанд ғоят катта мудофаага ҳозирлик кўради. Мудофаа учун бир юз ўн минг лашкар жанг қилмоққа шай туради. Заҳирада йигирмата жанговар фил ҳам бор эди. Туркон Хотуннинг укаси – Тўғайхон мароқандликларни ҳушёр турмоққа даъват этади. Туркий қўшинларга Алп Эрхон, Шайххон ва Болохон қўмондонлик қилади. Ғанимлар устидан ғалаба қозониш учун имконият етарли эди.
Чингизхон Мароқанд учун бўлажак жанг ғоят машаққатли кечишини англайди. (далее…)