Амстердам хотиралари — 92 1 декабря, 2016
Posted by Shahodat in Наср.trackback
Кундалигимдаги қайдлар
Шамол остонамдан ошиб улгурди, сўнг титратиб бир ғулу кирди танамга. Томирларим ичра пинҳон югурди, бостириб қалбимга кирган аланга. Нега мен ўзим учун ёт бўлган бўлакча ҳолу ҳолатга тушмакдаман?
Бурилиб ортимга қараган чоғим, эшиги қийраҳон очиқ хонадан ширали овоз қулоғимга чалинди. Қироат бамисли шуъла мисоли хонам ичра оқиб кирди-да, сўнгра шууримни шаффоф нури билан ўрай бошлади. “Мулқ“ сураси сўнгра эса «Салотан тунжина» тилимдан учди.
Таҳажжудда юкундим, шафоат-қўллов сўрадим. Хусусан дуода турдим:
— Роббим сен Самисан, Қодирсан, Маликсан, Нурсан! Ўн саккиз минг оламнинг волийси — Илоҳисан. Раҳматли Отамиз Қаршибой Улуғбой ўғлининг қабрларини нурга тўлдиргин. Маконларини жаннатдан қилгин. То қиёмат қадар қалбларини иймон нури билан безагин!
Тун ҳали-вери чекинай демасди.
Ана, субҳ тун зулматини ёриб чиқаётгандек: фажр — тонг тун қуйнида тўлғона бошлади.
Тонг отди, дея пичирлади лабларим.
Йўқ, бу ўша — ёлғончи тонг эди. Зулмат ичида шуъла пастдан юқорига кўтарилгандек. Раҳматли Отам айтгувчи эди, “болам бу ёлғончи тонг, шу сабаб уни субҳи козиб, дейдилар. Расулимиз Муҳаммад Мустафо бежизга таъкид этмагандир: “Сизларни Билолнинг азони ва уфқда баландга кўтарилган фажр алдаб қўймасин”.
Бу ўша ҳодиса эди. Бу ёлғончи — биринчи тонг эди.
Сўнгра, осмон равоғида бошқа бир жараён содир бўлди.
Ёруғлик уфқ оша кўндалангига тарқала бошлади. Бу асл тонгнинг инжа намойиши эди.
Даргоҳимга бомдоднинг чин сонияси ташриф этди. Иккинчи тонг — асл тонгдан сўнг салот бошланди. Бомдоднинг охири эса то қуёш тонгни чўчитиб, чиқишига қадар давом этгувсидир.
Жаноби Расулимиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда айтилади:
“Бомдодни ёруғлик яхши тарқалганда ўқинг. Бас ўшанинг ажри улуғдир”.
Тонг отди.
Раҳматли Отам, — дея пичирлади лабларим,- муҳаррам ойининг йигирма бири, муборак жума кунида асл маконга сафар қилгандилар. Қирқ кун тиловатда турар эканман, қирқ кун марсия ёзмоқликдан Роббимдан ҳаё қилганим рост эди.
Яратгандан Отам учун қўллов сўрадим.
Икки дунё саодатига етишгайсиз, илло, Отажон!
2016 йилнинг 1 декабри.
Комментарии»
No comments yet — be the first.