jump to navigation

Амстердам хотиралараи — 74 31 января, 2016

Posted by Shahodat in Шеърият.
trackback

Кундалигимдаги битиклар

ёлғизТун иккинчи ярмидан оғди. Соат миллари тунгги иккидан ўттиз  икки дақиқа ўтганини кўрсатиб турарди.

Аввал сочларимни, сўнгра эса пешонамни тер босди. Назаримда, миям қаттиқ ишлаб кетди. Жазбадан далолат бергувчи инжа титроқ кирди бармоқларимга. Бора-бора бир бошқача ҳолга, ижодий жазава комига тушиб қолдим. Иситмам чиққан каби жуда қизиб кетдим. Бориб юзимни муздек сувда ювдим. Менда баъзан шундай кечади. Аммо бундай ҳолимдан сира малолланмайман.Шундай жазаваки, бу хушсаодат жазба ичида қолмоқни мудом орзу қиламан… Буюк қудрат соҳиби ва ягона Иқтидор эгаси Парвардигор кўнглим сарҳадларига униб ўссин дея, зангори – ям-яшил чечакларин қадаган эди…

Ниҳоят, мен қўлёзманинг навбатдаги бобига тонгнинг этагида хотима ясадим.

 

ТАВОФИ ДИЛ

 

Нафаси қирқилажак  жазира фасл ичида  у сочарди  ҳасратли  нола… Фиғони туннинг тубсиз қучоғига сингиб кетган чоғ,  вужудини омонсиз чанқоқлик шаффоф тиллари билан ялай бошлади.

Азобга мустаҳиқ этгувчи ситамгир кўргулик  аслида тушида кечарди. Ва тушида кечажак  кўргуликлар  ўнггида  кечаётган  ҳаёти сингари залворли эди. Бу пешонанинг шўри-тақдирнинг ҳукми эмас, бу муҳаққақ руҳий инқироз узун тушининг давоми эди, холос…

Жони  ҳамон талваса ичида  титрар экан, кутилмаганда ҳужра эшиги шарақлаб очилган чоғ, Нажмия қаттиқ чўчиб ўйғонди.Тушими эди бу ва ёки ўнги? Эшик зарб билан очилган чоғ Нажмия қўрқув ичида кўзини очди. Азобга мустаҳиқ этгувчи ситамгир кўргулик  аслида тушида кечарди.

Эшиги қийраҳон очиқ  нариги ҳужрадан эса Ҳожасининг қироат ичидаги ширали овози эшитилди. Қироат бамисли шуъла мисоли ҳужра ичра оқиб кирди-да, сўнгра Нажмиянинг шуурини шаффоф нури билан ўрай бошлади. “Нафас олиб кириб келган тонг билан қасам”. Илоҳнинг муборак муждаси Ҳожасининг тилидан тарала-тарала  атрофга ёйила бошлади. Бу “Такбир” сурасининг ўн саккизинчи ояти эди.

 

Тун  ҳали-вери чекинай демасди.

Нажмия  атрофдан қониб нафас олгач, бошини яна болишга ташлади.  Уни ўраётган уйқу  сароб мисоли тилсимини ёя бошлади. Энди у бошқа бир тушининг шошқин оқимида сузиб юрди.

Ўша тонг, ўша субҳидам Ҳожа  завжасини тонгнинг  этагида  қаттиқ уйқу ичида кўрди. Ҳожа ҳали завжасини бундай ҳолда ҳеч кўрмаган, зотан Нажмия жуда ҳушёр ухлар,  қачонки,  ҳожаси ёнидан ўтса,  ҳатто уйқу ичида буни сезиб турар эди.

Кейинги пайтлар  у  завжасининг руҳиятида бир ҳоллар кечаётганини англаб турар, аммо айнан не ҳодиса рўй бераётганидан унинг хабари йўқ эди.

Навбатдаги тун шарпалари тонг этагига оғар маҳал, шамоллар уввос тортди. Вади ал-Хитан тўлқинлари пишқириб, тўфон кўтарилган чоғ, Нажмия қаттиқ чўчиб уйғонди. Аслида, ундаги асрий уйқусизлик ўшанда бошланган эди. Ўшанда Нил дарёси атрофида кезинган дарбадар шамоллар ва асов тўлқинлар тириклик қисмати бўлиб унинг жон томирига қуйилган эди.

Шундан буён Нажмия  уйқу не эканин билмайди.

Шундан буён бедор эди у.

Энди бедорлик  эртасига ҳам давом этди. Нажмия уйқусиз тунларнинг яна нечанчисини бошидан ўтказар экан, атрофида тинимсиз кезинаётган даврнинг димоғдор эпкинларига панд беришни чиндан истаган эди. Аслида у бедор тунларини беором кунларга улаган ҳолида вақтнинг шошқин оқимида сузиб юрар эди.

Ҳожаcи Ҳайсама ибн Абдуллоҳ  меҳр-оқибатли,  кўп раҳмдил  инсон эди: Нажмия ҳожасини айнан меҳрибон ва раҳмдиллиги учунмас,  инчунун севгисига лойиқ ҳалим зот экани учун қадрлар эди. Йиллар ўтган сари  улар орасидаги  меҳр-муҳаббат ришталари янада жипс боғлана бошдади. Шу тақлид Нажмия ҳожасининг паноҳида нурли кунларини хотиржам ва саодат ичида  кечирди.

Ҳожаси истамас бўлди, остонасин ҳатлаб, бир қадам нарига чиқмади.

Аммо йиллар ўтган сари Нажмиянинг дарди тутиб, сарғайиб сўла бошлади. Бу заъфарон сўлиш не эканини даслабига ўзи-да англамади. Бу аслида киндик қони тўкилган юртга, ота-онаси  ва жигарбандларига бўлган соғинч  ҳисси эди-ки, буни ўзи ўтли қўмсаш эканини-да  ҳали мукаммал  англамас эди.

У олис юртга келин қилиб узатилган заифа эди.

 

Бир кун  у остонада туриб чанқовуз чалди. Шунда  чанқовузнинг  зангин титроқлари кўшкида уни туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган гўшага етаклаб борди. Кўз ўнггида  қир-адирлар оша ястаниб ётган бепоён  Ватани, отаси, онаси ва жигарлари  шакл ва шамойилини кўрсата  бошлади. Бу шундай хушсаодат муддат эдики, Нажмия фақат ўша муддат ичидагина бафуржа  нафас ола билар эди.

Ниҳоят, бир кун  у отасига нома йўллаб,  забун ҳолини баён этди. Бу — ўзини  “ота эшиги”га олиб кетишини ўртаниб ва ўтиниб сўровчи бир нолали мактуб эди.

Ўшанда у отасини  ранги сомон, қадди камон бўлиб, интиқ кута бошлади,  аммо отаси ҳа деганда кўриниш бермади. Ниҳоят, еттинчи куни бузруги қизининг остонасига кириб келди.

Нажмия отасининг ўнг елкасидан пок тавоф  олар экан, ўзига разм солаётган кўзларга қарашга ботина олмади.

Отаси кўрдики,  қизининг хонадони зимистон мисоли совуқ ва кўрксиз. Англадики, жигарбандининг ҳоли  танг, ранги эса беранг эди.

Нажмиянинг бир пайтлар ёқут каби алвон бўлган лаблари тусини йўқотган, юзи қум каби туссиз эди. Ё, Роббим! Чиндан у ўз исми  билан заифа эди. У жудаям заиф,  жуда шикаста эди. Инжа киприклари остида маъюс боқиб турган тим қора  кўзларида ёш ғилтиллар эди. Ота қизининг бу забун ҳолига дош бера олмади. Вужудини оғир титроқ босди.

-Мактубинг қўлга теккач, онангда ором бўлмади, қизим!

-Мани олиб кетсангиз!

Отаси  вазмин тин олгач, томоқ қириб қизидан сўради:

-Домоднинг бирор қусури борми, йўқса?!

-Йўқ, деди қизи, — аcлида у кўп раҳимдил, кўп меҳрибон инсон, — деди.

-Унда недан олиб кетмоғимни истадинг?

— Сизлардан, онамдан, жигарларимдан олисда яшай билмадим. Мусофир юртда сизларсиз ҳеч яйрамадим. Бас, етар  ортиқ, онам бағрида, яқинларим ҳузурида яшай. Бунга изн беринг.

Отаси  чиндан закий инсон эди, у узоқ ўйлаб, ниҳоят:

-Мен сенга маслаҳат беришим, таскин беришим мумкин, аммо ўзим билан олиб кетмоққа ботинмасман. Буни асло қилмасман. Бунга менинг ҳаққим йўқ, энди сен бировнинг хасмисан, қизим, — деди.

Сўнг ўзига қараб турган бир жуфт кўзларга қарашга ботина олмай, нигоҳларини бошқа томонга бурган киши бўлиб сўйланди:

— Ҳар нарса бўлса бўлсин, аммо дили харобликдан Худо сақласин! Расулимиз ҳам бежизга айтмаган, қизим:”Огоҳ бўлинг! Жасадда бир парча гўшт бор. Агар у ўнгланса, жасаднинг бари ўнгланади. Агар у барбод  бўлса, жасаднинг бари барбод бўлади.  У — қалбдир.”

Шу пайт Нажмия девор ортида ҳожасининг қадамлари  зарбини  эшитди. Ҳожаси жуда асбий қадам ташларди. Домод қайнотаси қандай қарор чиқармоғидан бехабар, қаттиқ асабийлашарди.

Ота кетаётиб қизига деди:

-Бошинг тошдан бўлсин, қизим. Сен энди бировнинг хасмисан. Сув келса симириб, тош келса кемириб яша. Шунда  ҳаёт Сенга асл мазмунини кўрсатади ва бир кун барибир бахтинг бутун эканини англай бошлайсан. Дўсту душманингга қаттик кулгунгни ва қаттиқ йиғингни сира кўрсатма, болам!  Ҳар нарсада меъёрни бил!

Қайнота ҳув нарида  безовта юрган Ҳайсамага яқинлашди. Ўшанда у  куёвига  ваъз-насиҳат қилмади, фақат  гапнинг индаллосини айтди:

-Домод, қизимни сизга, сизни эса Оллоҳга омонат топшириб кетаяпман, — деди.

Ичкарида эса Нажмия нолон қолди. У дод сололмас, аммо ичида қиёмат қўпаётган ҳолини-да жиловлай билмасди. Бошидаги рўмоли елкаси томон сирғалиб, сочлари шаршара  мисоли қуйига ёйилиб тушди.

Ўшанда  митти ўғли  онасига рўмолини тутаётиб:

-Бошингизга чачвонни ташланг, шамол сочингизни ортиқ тўзғитмасин, — деди.

Онаси  адоқсиз ҳасрат ичида ўғлига қаради, сўнг ўзи томон  узалган рўмолни бошига танғиди.

У ҳасрат ва ғурбат ичида жойидан вазмин қўзғолди. Бўғизида нимадир ғалаён қилмоқда эди: ўшанда серталваса жон тўйиб нафас олмоқни соғинган эди.

Қай куч уни олдинга итарди. Ё ҳу, унинг жисми банди, руҳи қуш эди. Ўшанда Нажмия ўзини  дарбозаси ёнида кўрди. Ичида бир сас уни сира омон қўймади.”Онамнинг тор қорнига сиққан эдим, эй воҳлар бўлсин, фарёдлар бўлсин, отамнинг қўрғонга менгзалган ҳайҳотдай уйига сиғмас чиқдим?” У қирғоғидан тошаётган ҳисларини ичкарига қамаб, бир дам тин олгач, сўнгра нидо этди:

-Тўхтанг Ота, кетар чоғингиз ўнг елкангиздан муборак тавоф олиб, сўнг омон кузатиб қўяй Сизни! — деди.

Отаси бурилиб қаради. Эй воҳ,  унинг ичида шерлар, арслонлар наъра тортарди. Cалоҳиддин Айюбийлар ўзини қиблага отарди.

Нажмиянинг эса ичида ота эшигига сиғмаган, фақат меҳмон бўлиб, сўнг ҳожасининг эшигига қайтмоққа  маҳкум бўлган — бировнинг хасмига айланган жамики мусофир заифаларнинг доди пинҳон эди.  Фиғони яширин эди. Шундай!  Қизи фақат отасининг ёнида йиғлай олмасди. У бошқаларнинг ёнида сира йиғлай олмасди. Бундай қилмоқликдан ҳаё  қиларди.

Шунда ота қизини буюк ахлоқ устида кўрди.

Нажмия отасининг ўнг елкасидан олган тавоф ичида жигарларини кузатиб қолди, сўнгра меҳрли ва раҳмли ҳожасининг бағрига қайтди.

2016 йилнинг 24 январи. (Нидерландия тонгги)

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: