jump to navigation

Амстердам хотиралари — 70 30 января, 2016

Posted by Shahodat in Шеърият.
trackback

Кундалигимдаги қайдлар

nebulaНавбатдаги шом шарпалари оқшомнинг этагига оғар маҳал, олислар томон юриб кетаётган Инсоннинг тобора сўниб, соб бўлаётган соясини чизмоқ билан машғул эдим…

Бармоқларим ёзар эди, аммо жисмим вақтнинг шошқин тўлқинлари ичида сузиб юрарди. Руҳим мендан олдин юрарди, мен эсам унга соядек эргашар эдим. Ким эдим? Кемани бошқарувчи сардорнинг сояси каби… Бандаргоҳга ошиқаётган сардорнинг сояси сингари…

Ҳаётимнинг айнан ўша нуқтасида мен донишманд чолнинг тобора сўниб, соб бўлаётган соясини чизган эдим. Негадир қўлёзманинг навбатдаги саҳифасида оқсаётганимни англай бошладим ва ёзув-чизувимни нарига суриб қўйдим. Пастга тушиб, емакхонага ўтдим ва қаҳва ҳозирлаб ичдим. Сўнг ташқарига чиқдим. Теграмда  қиш озорсиз кезинар эди.

Қишни хуш кўраман. Бу фаслда  мудом руҳиятимга хотиржамлик ва сокинлик  қайтади.  Назаримда қиш иссиқ-совуқни —  баҳорни, ёзни, кузни кўриб обдон чиниққан, синмаган ва  чинакам донишмандга дўнган закий инсонга ўхшайди. Шуларни ўйлаб кетар эканман, Кazemat кўчасига етган чоғим Ҳени де Браунни учратдим. У қария, аммо бола сингари беғубор аёл эди. Кўзларининг қирғоғидан қувончи тошиб менга қараган чоғ, у кўзимга янаям  кўркамроқ кўринди.

У қўлларини қўлларимга қўйди ва менга тикилиб қолди. Бир бошқача бўлиб кетдим. У фарзандсиз аёл эди.

-Cени кўрсам мудом хурсанд бўлиб кетаман, ёшлигим эсимга тушади, яна яшагим келади. — деди.

Кўнглим бузилди. У яна қўлларини қўлимга олиб борди, силади. Бу жуда таниш манзара эди. Бу манзара менга онамни эслатди. Ҳар  гал  онамга сим қоққанимда “Болам, овозингни эшитсам, хурсанд бўлиб кетаман, яшагим келади. Шаҳложон, тез-тез телпон қилиб тур,” дейдилар.

Негадир Ҳени де Браунга  узоқ тикилиб қолдим. Бу аёл ҳаётнинг аччиқ-чучугини обдон  татиб кўрган, атрофдагиларига меҳр-оқибат кўрсатган, аммо эвазига ҳеч кимсадан ҳеч нима талаб этмаган муҳтарам аёл эди.  Шундай аёлларни кўрсам, ҳаёт ҳануз мазмунини йўқотмаганига амин бўламан. Муҳтарам Она, Муқаддас Аёл эса мудом  ардоққа лойиқ экани ҳақида адоқсиз ўй сураман. Худди мана шу сонияда кўкда зимистон қуёши бир кўриниш берди-ю, акси  эса Ҳене де Брауннинг қорачиғида қарсиллаб синди.

У менга:

-Ёлғиз юриб ўзингни тинглаяпсанми? — деди.

-Тинглаяпман! Ҳам қишнинг этагида асаримга тип излаяпман, — дедим.

Мен,-деди у қўлларини  қўлимга қўйиб,-сенинг  хос ташбеҳларингни кўпам тушунавермайман!

Мен мийиғимда кулдим.

Пича юриб, муюлишдан ўтгач,  оғоч ўриндиққа чўқдик.

У менга олдинги Китобда битилган Юсуф ўғли носиралик Исо ҳақида гапирди. Уни тинглаб бўлгач, дафъатан хотирамда бир ҳикоят жонланди.

Уйга қайтишим кераклигини англаб қолдим. Мен ижодий, хушсаодат кайфиятда эдим. Қўлёзмага  бир илова киритмоғим даркор эди…

2015 йил, 18 декабр.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: