jump to navigation

Амстердам хотиралари — 67 2 июня, 2015

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

Sea-Storm-Waves-WallpaperКундалигимдаги қайдлар

Ҳисларимда мени дарбадар этгувчи талваса бор эди. Қўзғолон  бор эди.

Нега мен дафъатан ўзим учун мубҳам бўлган бир ҳадик  ичидаман?

Ҳилқатимдаги вазминлик қайга ғойиб кетди?! Ироданинг мудом  вазминликка етакловчи қудрати  қани? Нечун ғойиб бу дам у? Нега томирларим ичида қон эмас, бамисли оташ-олов телбавор кезинмоқда, вужудим аро аллақандай гулхан тоборо ўрламоқда?! Муддаоим не ўзи?!

Ичимда юк бор эди — абгор ҳолга келтиргувчи оғир юк. Мен эсам ўша юкни елкамда муттасил ортиб юрардим. Бир ўй мени забтига олди: ахир Жалолиддин Хоразмшоҳ ҳақида ёзилажак иккинчи роман муқаддимасида ҳам шундай ҳолга тушмаганмидим?!

Икки сана муқаддам Жалолиддин Мангуберди ҳаётини яшаб ўтганим каби энди Сайфиддин Қутузнинг-да Улкан Дардини муттасил ичимда ташиб юрардим. Ичим ичимга сиғмасди. Чиндан юким оғир эди. Ҳадик ичида эдим. Мен бир заифа эдим,  тимсол эса мамлук эди — жавонмард, баҳодир эди, Хоразмшоҳ аслли Жалолиддин Мангубердининг жияни – мамлуклар султони Сайфиддин Қутуз эди. Ёзмоқ қайғуси тушиб бошимга, ичим ичимга сиғмасди. Бунинг уддасидан чиқа олармиканман, деган ҳадик мени қийнарди.. Юрагим деворини безовта тепиши, ҳисларимдаги телба талвасанинг боиси  шундан эмасмиди?!

Ижодий жазба ичида неки бўлса, уни кўнгил тубидаги дафтарга битдим. Қўлёзма эса қўлимда эди. Қулфнинг калити ўзимда эмасмиди?!

Шунда мен  Макон ва Вақтнинг титилаёзган  Қўҳна қўлёзмалари ичида баайни қотиб қолган пажмурда жисмимни юлқиб тортқиладим.

Ўрнимдан туриб кетдим… Мен Вақтнинг мудҳиш соҳилига бориб қолганимни англадим… Қон эмас, дарбадарлик оқарди томирларимда. Қорачиғимда томчи-томчи ёш ўрнида, жигаримнинг қаҳваси сизиб чиқарди.

Шамолларга суриниб, ўз соямга уриниб борардим.  Кимсасиз шу кўрфазда мен ёлғиз эдим ҳамда жуда-жуда кимсасиз эдим.

Атрофимда фақат шамол бор эди. У иситмаси ошган вужудимни совутар, ғулу кўнглимни овутар эди. Ўнгим ва сўлимда икки ўпқон-икки баҳайбат кўл бор эди. Унинг иккиси ҳам  мени ямлаб ютмоққа шай турган  мустабид зулмкор эди. Юришда давом этар эканман, тилим учида нечанчи бор айлагани — нечанчи бор такрор этганим бир мантиқ бор эди:

-Мен ҳам Шамол бўлганимда ўз осмонимда озод эсардим.

Аслида бу мантиқ менинг забун ҳолимга жўнатилган раддия эди. Раддияки, ёзилажак асар мантиғи бунда мужассам бўлғай… Ва яна бу  раддияда  “Ўздан бадар кетиб, ҳурликка интилиш, яшаш муҳим эмас, фақат ёзиш, ёзиш даркор”,  деган иддао ётарди. Қулфнинг калити ўзимда эмасмиди?!

Қулфнинг калити ўзимда эди…

Чор тарафим сув билан ўралгани боисдир, эҳтимол, совуқ денгизнинг дилдор тўлқинлари  ва дилбар шамоллари  гўё томирларим ичига қуйилиб оқди-ю,  бир муддат илгари вужудимни ёққан  ўт-оловни, иситмам тафтини  босди-қўйди. Биламан, бу ҳол узоқ давом этмайди. Асарга дебочани бошлаб олсам бас. Жазава эса ўткинчи довул  мисоли — тўлқинлар қўпган каби денгиздан ўтади-кетади. Унга қадар вужудим ўт-олов ичида қолади. Иситмаси ошган вужудимни қай тарзда совутмоқ чорасини излай бошлайман. Шамоллардан мадад кутаман. Шамолларни севишимнинг боиси ҳам шу аслида. Фақат шамолларгина иситмаси ошган вужудимни  совутмоққа қодирлар. Ўша совуқ денгизнинг жамил тўлқинлари  ва  ҳалил  шамоллари 2015 йил, 25 апрелининг  олис қирғоғида  менинг мувозанатимни барқарор этгани рост эди… Соҳил лабига тушиб борган чоғим хотираларим тиниқлашиб, руҳиятимга тағин  хотиржамлик ва сокинлик қайтаётганини ҳис этдим.

Ва шунда … ва шунда мен, ниҳоят, Сайфиддин Қутуз ҳақидаги  романга  дебочани  қирғоқ  бўйида қораладим….

2015 йил, 25 апрел. Vijfhuizen

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: