jump to navigation

Амстердам хотиралари — 43 3 декабря, 2014

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

Vijhuizen Соҳил бўйиКузакнинг сўнгги хўрсиниқлари…

Кўкда ёзги жазил нурларини ўзида пинҳон этган кузак қуёши булутлар орасидан шикаста мўралади, қуйида эса ҳайбатли Noord Holland шамоллари интиҳосиз денгиз саҳроси узра саросар кезинмоқдан ҳеч чарчамади. Бора-бора бу ғулу тўлқинларни яна-да  юксалтирмоқ билан якун топди. Эртаси кун пешинга яқин  исёнкор шамоллар тинчиб, тўлқинлар сокинлаша борди. Кема поёнсиз денгиз аро чайқалиб борар экан, кўнгил ҳам сувда ивиган нон мисоли тобора юмшаб бораётир эди…

Кўз ўнгимда фақат икки олам нақш бўлди:  бунда кўкда  булутлари солланган бепоён осмон, қуйида эса тўлқинлари мавжланган, интиҳосиз денгиз мавжуд эди.

Мана, ниҳоят, кузнинг этагида  маҳзун чайқалган тўлқинлар сийнаи соҳилида қотган баҳайбат ҳарсанг тошга сув ҳулул этди, ўзим-да, бешиктебратар беланчакда муаллақ тебраниб, тўсатдан  рўй берган каби қирғоққа қай йўсинда етганимни англамай қолдим. 

Fort bij Vijfhuizenга яқинлашган чоғимизда ёмғир майин севалаб ўтди. Ўғлим Шамшодбек дўстига ҳолландчада :

— Етиб келдикми, ниҳоят?!-деди.

— Ниҳоят,-деди шериги  ҳам мийиғида кулиб.

Соҳил бўйидаги қаҳвахона мижозларга тўлиқ эди. Хушбўй ва қайноқ қаҳвадан сўнг  вужудимни илиқлик чулғади.  Деразадан ташқарига қараган чоғим Fort bij Vijfhuizen бу гал кўзимга бир бошқача кўринди ва ўзига чорлай бошлади…

Англаганим: мени ҳар гал ўзига чорлаган соҳил бу — Fort bij Vijfhuizenга экан. Бу бир ошёнки, пойида мудом тўлқинлари мавжланиб тургувчи.

Ҳар гал мен шу ерда қўним топгач, бироз юриб Vijfhuizen қаҳвахонасига калла суқаман. Қайноқ қаҳва ичгач эса,  Buitenhof  томон  пиёда йўл соламан.

Саждага бош қўйган маҳал инсон қалби нақадар сокин бўлса, мен турган шу замин, айни бу дам  жуда осойишта эди. Ана, неча кунлардан буён булутлар ичида хомуш тортган қуёш яна кузакнинг остонасида  ийманганча  чирой кўрсатиб,  синиқ  нурларини жўнатди.

Fort bij Vijfhuizen…

Ўшанда остонамизга кириб келган қўшним Мария менга қараб:

— Heb je alles in Vijfhuizen geschreven? Dat is ongeloofelijk, Shahodat! — деган эди мисоли онам каби мени қучиб.

Айнан шу ерда мен, гоҳида мунгли, гоҳида толеи кулган, қуёшли мавсумларни ўтказдим. Айнан шу ерда мен,  ҳув ўша тўлқинлар сув ҳулул этган  ҳарсанг тош устида ўтириб, Ватан ҳақида муттасил ўй сурган эдим. Шу тилсиз тош устида, мисоли тилсиз тош сингари асрий сукутга чўмганим ҳам рост эди. Қирғоқ бўйидаги тилсиз тош устида ўтириб, Мангуберди қиссасини жўшиб битган эдим. Шу ҳарсанг тош устида улуғ Муҳаммад Хоразмшоҳ тилидан  ҳеч тугалланмас ҳижрон ва армон қўшиғини  ёниб мадҳ этган эдим…

Жудодирман мулкимдин,

Руҳ жудо бўлур тандин,

Оташида ёндим ман,

Ёнди рўзи қиёмат,

Сен тўлқин огоҳ бундин,

Қирғоғингдин оғасен,

Дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен…

Биллур сув ёбонида

Дилпорамни келтирдинг,

Қушларнинг қанотида

Садпорамни келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин

Қирғоғингдин оғасен,

дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен…

Хаёлларим жонланди ва… ва  бунда — кўз ўнгимда елкали ва басавлат Хоразмшоҳ ҳиёл эгилиб тор черта бошлади. Ёниқ кўзларининг қорачиғида ҳеч аримас мунг қотиб қолганди. Куй ичига сингиб таралаётган ўша кўзларидаги мунг унинг кўнгил оҳи бўлиб, энди бу тилидан самога қараб уча бошлади. Бу хазин хониш, бу маҳзун ҳол энди менинг кўнглимда вайронкор кечинмалар қўзғади.

Жигарпорам дилбандим

Ноласини келтирдинг,

Хон Султоним кўз ёшин

Жоласини келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин

Қирғоғингдин оғасен,

Дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен…

У чалган куй қайғуга тўлиқ экани рост эди, ноласида эса алам ва ситам мужассам эди. Хоразмшоҳ чолғуга кўнгил қўйиб, оҳисталик билан чертар экан, ундан таралаётган оҳанрабо куй олов тиллари билан сувларни ялаб, сўнг уммон қаърига сингиб борарди.

Ғанимига чидаган

Бардошини келтирдинг,

Мўғулга фарёд қилган

Талошини келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин

Қирғоғингдин оғасен,

Дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен…

Бу гал энди кўз ўнгимда Жалолиддин Хоразмшоҳ гавдаланди.

Ватан, Она юрт, Мовароуннаҳр!

Ватан соғинчи ва юрт жамоли шоҳ отаси Муҳаммад Хоразмшоҳ сингари Жалолиддиннинг-да орзуси эди. Жалолиддин  шу муқаддас орзу, шу муаззам хаёл билан энтикди. Димоғига мусаффо, муздек эпкин келиб урилди. Бу юрт шамоли — Жайҳун эпкинлари эди. Бу эпкинларга Муҳаммад Хоразмшоҳ чалган уд садолари қўшилиб оқди.

Магар юрак куймас, куй яратилмас!

Инжа жило, зариф оҳанг уни ўзига муттасил тортди. Ўшанда Жалолиддин Жайҳун қайиридан пастга эниб қаради ва ажойиб манзарага кўзи тушди. Тепадан Жайҳун бўйи ва жимирлаган сув қуёшнинг инжа ва зариф нурларида биллур шишаси каби ярақлаб, унинг кўзини қамаштирди. Ана, Она Жайҳун сувлари таралиб-таралиб, мавжланиб-мавжланиб, қирғоқларини майин, биллур тиллари билан силаб, ялаб ўтмоқда. Мана, матлуби унут хотираси боз-қайта ёлқинланаётган Муҳаммад Хоразмшоҳ қирғоқ бўйида ўтирган кўйи чолғуга кўнгил қўйиб, берилиб чалади. Оҳанрабо куй ва ажойиб манзарага соме бўлган Жалолиддин ўйланиб қолди. Шунда жон томирига инжа оҳанг жилоси қуйилиб оқди. Саждага бош қўйган маҳал инсон қалби нақадар сокин бўлса, Хоразмшоҳ турган Жайҳун қайири шу қадар осойишта эди. Ана, жуда олислардан елиб-шошиб келган дилтортар юрт шамоллари Хоразмшоҳнинг серсоқол юзини силаб ўтмоқда. Мана, пойида сув ҳам куйга ҳамоҳанг, жўр бўлиб тобора мавжланиб оқиб, Жайҳун қирғоғини тиллари билан ялаб, сийпаб ўтяпти. Ана, неча кунлардан буён хомуш тортган қуёш яна кўкда чирой кўрсатиб, боз-қайта зариф нурларини жўнатди. Олисларда эса бир гала қушлар Хоразмшоҳ томонга учиб келаётир. Шоҳ эса ҳамон мароқ билан куй чалар эди. Ва, эҳтимол, ўзи чалаётган куйнинг оқимида ўзи-да оқар эди. Бунда барчаси уйғун эди: ҳам сув зилол, ҳам само беғубор, ҳам борлиқ ғоят фусункор. Ҳам Жайҳун эпкинларида бир ҳикмат бор. Оҳанрабо куй эса шаксиз бетакрор эди.

 

Олисда ит ҳурди ва дафъатан хаёлларим шошқин шамоллар оқимида совурилиб кетди. Ҳув нарида соҳил бўйлаб икки ит бир-бирини қувлаганча чопиб келаётир эди. Итларнинг соҳибаси нотаниш аёл ёнимда тўхтади, сўнг мен билан саломлашгач, тўлқинларга ишора қилганча:

— Анчадан буён бундай гўзал манзарани кўрмаган эдим, хоним, шу ҳарсанг тош устида сизни суратга олсам майлими?-дея сўради.

Мийиғимда кулдим, аммо бунда хаёлларим Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди орзуси билан банд эди ва мени Ватан номли шодлик гўшасига етаклар эди…

Fort bij Vijfhuizenда кузакнинг сўнгги хўрсиниқлари бу эди:

Магар юрак куймас, куй яратилмас…

Мен Муҳаммад Хоразмшоҳ тилида ҳамон ҳижрон қўшиғини ёниб куйлар эдим, иситмаси ошган ожиз жисмимни эса Noord Holland шамоллари елпиб, совутмоқ билан машғул эди.

2014 йил, 14 ноябрь, Vijfhuizen.  

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: