jump to navigation

Амстердам хотиралари — 33 19 октября, 2014

Posted by Shahodat in Шеърият.
trackback

Ғаффор ҲотамМактублар туркумидан

Талабалик давримда устоз Ғаффор Ҳотамга ҳикояларимни кўрсатиб, йўл-йўриқ олиб турардим. Мудом йирик жанрда ҳам нимадир ёзсам, бунинг уддасидан чиқармиканман, деган ўйда юрардим… Ниманидир қоралагандек эдим.

Роман мураккаб жанрдир, бу жанрда ёзиш учун менда ҳали тажриба ва маҳорат етишмас эди. Қолаверса, роман ёзишнинг ўзига яраша улкан юки бор, ўша юк мени мудом босиб турарди. Давомли иккиланишлардан сўнг, ниҳоят, журъатимни муштимга йиғиб, ёзганимни  Ғаффор Ҳотамга жўнатишга жазм этдим. Орадан бироз вақт ўтгач, жавоб олдим. Бу мен учун жуда муҳим эди, ва бу мактуб тарихий романни «бошқаттан» ёзмоқ учун жиддий киришишимга зўр туртки бўлган эди.

***
Шаҳодат!
Романингизни қизиқиш билан ўқидим. Ҳаётни, тарихни, Қуръонни, Хоразм лаҳжасини яхши биласиз. Бу кўриниб турибди. Сизнинг ёшингизда шундай асар ёзиш катта гап. Унинг тилини тозалаб, Хоразм шевасини ялпи китобхонга англашиларли ҳолга келтириб чиқариш мумкин. Ҳар нарсада, жумладан, шевада ҳам меъёрга риоя этиш лозим.
Асарнинг шакли яхши ўйланган, аммо муқаддима билан хулоса ортиқчадек бўлиб қолган. Оқибатда роман тўрт қисмга: Нурота билан боғлиқ тафсилотлар, Искандар билан боғлиқ тафсилотлар, Бегимқули Оллоёр хонадони билан боғлиқ тафсилотлар ва Хоразмшоҳлар, Туркон Хотун ва Жалолиддин Мангуберди билан боғлиқ тафсилотларга ажралиб турибди. Асарни қайта ишлаб, уларни изчил мантиққа бўйсундириш керак, десам, эҳтимол сизга ёқмас. Лекин ҳаётда ҳар бир нарса мантиққа асосланган, адабиёт ҳам шуни талаб этади.
Роман менда қандай фикр қўзғади?
Биласизми, кишилик тарихида Жалолиддин Мангуберди кўрсатган жасорат такрорланган эмас! Унинг, айниқса, Синд дарёси бўйида, ор-номус, шаън ва Ватан ҳимояси йўлида кўрсатган қаҳрамонлиги ҳаёт бор экан, яшайди. Бундай ҳодисалар кўп бўлган, Широқ, Тўмарис, Темур Малик, ҳатто могиканлар ҳам шу мақсад йўлида курашган. Аммо Жалолиддин Мангуберди жасорати буюк ва бетимсолдир. Унда ҳамма нарса уйғунлашган. Сиз негадир Синд дарёси бўйидаги жангга кам тўхталгансиз, уни очиб бермагансиз. Умуман, баҳодирнинг ҳаётига хронологик тарзда ёндошгансиз. Бу эса унинг ҳаётини кўмиб ташлайди, чўғни кул босган каби.
Мен нега буни айтаяпман?
Сиз шу мавзуни очинг! Жалолиддиннинг ҳаётини, Хоразмшоҳлар фожиасини яхши биласиз. Сиз асарда йирик инсоний фожиаларни айтаяпсиз, аммо очиб бермаяпсиз. Қаранг, кеча ўзини дунёга устун деб билган шоҳ қандай фожиали ўлим топаяпти! Унинг аёллари, фарзандлари бошига қандай кулфат тушаяпти! Ёлғиз қизи қандай қисматга гирифтор этилди! Булар даҳшатли ҳодисалар. Бу кўргулик шунга яраша вайронкор кечинма қўзғайди. Буни очиб бериш керак. Шунда у одамни мушоҳадага ундайди.
Жалолиддин Мангуберди карахт алфозда онаси, аёли ва болаларини дарёга чўктирди, бунга сабаб – онасининг талвасаси, бунга сабаб – жанг, дейсиз. Йўқ, ундай эмас, бунга сабаб – улар кўриб-билиб турган, юрагидан ўтказган ҳодисалар. Туркон Хотуннинг қисмати. Чингизхон ўғлининг юрагини суғуриб олиши…
Фарзанддан жудо бўлиш нима эканини яхши биласиз. У ор-номус, шаън ва Ватан ҳимояси йўлида ҳаммасидан кечди, унда фақат қасос туйғуси қолди. Мана шу нуқтанинг ўини олиб айлантириш, тарихни, қаҳрамонлар ҳолатини, кечинмасини, изтиробини, кулфатини очиб бериш буюк бир асарга жон бағишлайди. Бу асар хронологик тарзда бўлмаслиги керак. Сиз “Улуғбек хазинаси”ни бир ўқиб чиқинг. Унда Мирзо Улуғбекнинг сўнгги олти ой ичидаги ҳаёти бутун драмаси билан очиб берилган. Шу йўл ўзини оқлаган…
Хуллас, сизни янги асар ёзишга ундаяпман. Унда тил меъёрида бўлиши, тасвирда ортиқча тафсилот бўлмаслиги керак. Ҳамма сюжет оқимлари бир мантиққа бўйсуниши, бир-бирини бойитиши ва тўлдириб бориши лозим. Ёзувчининг китобхонга айтадиган Гапи бўлиши зарур. Хоразмшоҳлар қисмати шунга асос беради…
Албатта, мен ўлмас-йитмас бир китоб ёзсам, деган ёзувчига айтадиган тилакни айтдим. Бу қўлингиздан келади.
Ёзувчи мингта роман ёзиши шарт эмас. Бир иш қилингки, мукаммал бўлсин, “Ўтган кунлар”дай халққа хизмат қилсин…

Сизга ҳурмат билан
Ғаффор Ҳотам,
2011 йилнинг 4 июли.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: