jump to navigation

Амстердам хотиралари, 25 — 29 22 августа, 2014

Posted by Shahodat in Шеърият.
trackback

ёзмоқлик гаштиАмстердам хотиралари — 25

Кундаликдаги битиклар

Сендаги мардона мантиқ, мендаги покиза муслималик ва шаън оралиқда мудҳиш девор пайдо этди. Бу бир тўсиқки, уни на сен қулата оласан, на мен ёриб ўта олурман.

***

Совиб қолдим, ёруғлиги аригач, тўнглаб қолган шам каби.

***

Дард ташиган қорачиғинг

қароғим ичра оқарак кўчди.

Жунбушга келмоқда фалакда булут.

Тўъфон кўтарилар кўнгил қаърида…

***

Сен шитоб этдинг:

— Cени ёзган фақат мен, дединг.

Мен хитоб этай:

— Мени ёзган фақат Сен эмас эдинг…

***

Ҳар кас айтса, ишонмасман.

Билки: сен-да ёдга солма.

***

Ҳали  ҳечам Дард кўрмагандек.

Шамол мисол ошиқдинг, ай Дунё!

………………………………………………..

Қайта яшамоқни ихтиёр этдинг.

Аммо, энди  Сенга Алвидо!

***

Агар савдойи бўлмасанг, сув бўйида Телба дарахт мисол маҳтал бўлмасдинг менга беҳол.

***

Ҳеч кимса Сенинг ҳолингни мен каби ҳис эта олмас.

Чунки ҳеч ким

Сен учун Мен эмас.

***

Агар ўқимас бўлсам, Сенинг ёзганинг бекор.

*** 

Меҳринг каби қаҳринг-да қўрққулик, дединг.

Садоқатли кимсанинг нафрати ўт бўлишин

Сен қайдан билдинг?

Ҳол булки…

Ҳолбуки,

Куйиб қолишдан қўрқдинг.

2014 йил, 6 август. 

Амстердам хотиралари — 26

Бу тонг чиндан бошқача эди. Сокин эдим. Чунки Сени хато йўлга бошламадим. Чунки, меҳримда, ҳам қаҳримда адолат бўлишини ҳоҳладим.

Субҳи содиқ этагида баайни тонг каби сукутда эдим ва хаёлларим сокин пардалар ичра ўралди. Билки, мен Сенга ёққан ва шаксиз ўзимга манзур битикларни фақат тонглар этагида битгандим.

Унутмаки, бу кўнгилда фақат покиза туйғу яшагай, шунинг учун Дил ёмбиси асло сўнмагай. Шунинг учун кўнгилда орзулар бешакл ва жамил.

“Аллоҳим, устимни сиртимдан яхши қилгин. Усттимни солиҳ қилгин!“, пичирладим мен-да Термизийга эргашарак. Сўнг бу тилакни Сенга ҳам соғиндим. Ва яна айтдим: Бизни тўғри йўлга йўллагин, дедим.

2014 йил, 6 август. 

Амстердам хотиралари — 27

Кундаликдаги битиклар

Бугун борман, эртангги ҳолим қай йўсинда таржима қилинажак — билмасман. Менинг шакл ва шамойилим -Ҳақнинг ҳукмидадир.

***

Нафасимиз  қирқилгунига қадар жон қайғусида оворамиз.

*** 

Бойлик, шуҳрат  ва мақтов инсонни кибрлантириб, дили ва тилининг қулф калитини очади.

Ёки кишини мушоҳадага чорлаб, улғайтириб, вазмин қилиб қўяди. Камдан-кам инсонларгина бойлик,  шуҳрат ва мақтов қаршисида ўз самимийлигини сақлаб қоладилар ва камтарона ҳаёт кечириб, кўкка сапчимасдан, бир маромда сокин нафас оладилар…

Лўндасини айтганда, жуда камдан-кам кимсаларгина бойлик ва мақтов қаршисида суст кетиб, ўзларини йўқотиб қўймайдилар.

***

Сен мен таниган Сенга ўхшамай қолганинг учун ўзингни мудом койиб юрасан. Аммо Сен мен учун ўша мен таниган Сен бўлиб қоласан! Шунинг учун ҳув ўша сувратингни ёнингда олиб юргин. Бу суврат мудом Сенга мен таниган Сенни ёдингга солиб турсин!

***

Туш кўрган эдим. Тушимда нафасим қирққан эдинг, мени ўлдирган эдинг, жаллодим бўлган эдинг. Аммо у энди ўтиб кетди. Рўмолимни бошқа бўяма!!! 

2014 йил, 12 август.

 Амстердам хотиралари — 28

 Ўшанда бошимни деворга тираб, лабимга икки қўлимни босган кўйимда Қунут дуосини ўқиб турганим маҳал Онамнинг овози қулоғимга келиб урилди.

“Мазлумнинг дуосидан қўрқинглар, чунки у булутларга кўтарилади. Аллоҳ таоло:

— Азизлигим ва улуғлигим ҳаққи, кейинроқ бўлса ҳам (мазлумга) ёрдам бераман, дейди.”

Ҳузайма ибн Собит разияллоҳу анҳудан  қилинган бу  ривоятни  ўшанда менга онам ўқиб эшиттирганди. Унинг жаранги қулоғим остида ҳамон  янграб турарди…

Йўлим олис эди, адоғи эса ҳеч кўринмасди. Ва бунда мен шу олис йўлнинг, эҳтимолки тенг ярмини босиб ўтгандим…

Йўлда учратганим ўша аёл эди. Мен уни нигоҳларим билан қайириб ташладим. Аёл дафъатан мени таниб, титраган кўйида ортига тисарилди. Бир пайтлар мен унинг  тилини унга номаҳрам бўлган кимсанинг оғзида кўргандим…

— Эй воҳлар бўлсин!

Ичимда қўзғолган телба жазавани сиртимдаги сокинлигим янчиб ташлади. Мен Имом Термизий разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятни пичирлаб айтдим. «Аллоҳим, ичимни устимдан яхши  қилгин. Устимни солиҳ қилгин!»

Ажабо, қаро тун каби  ўраб олган  ғашлик  туманлар  сингари  кўз ўнгимдан ғойиб кетди, аммо таҳоратим бузилган каби ўзимни  нохуш ҳис этдим.

Атрофимда бир кафт бўлса-да сув топилмасди. Ҳарсанг тошга кўзим тушди. Мен тошнинг чанги билан  таяммум олмоқ учун ерга чўк тушдим. Қўлимдаги узукни ечиб, кафтимни тошга уриб, ичимда ният қилдим, сўнг  кафтимдаги  чангни юзимга суртдим.

Иблис жаноби Ҳаққа айтди:

— Иззатинг ва жалолинг ҳаққи, бани одам ҳаёт экан, уни иғво қилиб, йўлдан оздирарман.

Жаноби Ҳақ деди:

— Иззатим ва жалолим ҳаққи, улар Менга истиғфор этганлари сари Мен ҳам уларни мағфират этгайман.

Отам шатранж ўйнаётган чоғида дастлабига пиёда билан йўлини очар, кейин кетма-кет асп  юриш қилиб, рақибини довдиратиб қўярди. Якунида  мудом отамнинг “Шоҳмот”, дея янграган овозини эшитардим.

“Шоҳмот! Шоҳмот!” Отамнинг овози атрофимда жаранглар эди…

Йўлда мен ҳам отам сингари асп юриш қилиб, гўё шатранж тахтасида юриб кетмоқда эдим…

Аммо, кўп ўтмай тағин дилимни хира қилгувчи бир ҳол юз берди. Бу гал рўпарамдан Бонат исмли аёл чиқди. У атрофидагиларига  намойишкорона, гўё ўзини кўз-кўз қилган каби минг турга кириб, берилиб гапирар эди. Бу ўша-ку, деб ўйладим  мен ичимда. У бир пайтлар, гарчи маънавий ҳаққи  бўлмаса-да,  менга маломатли сўз қотганди. Аммо мен андиша қилиб, унга тенг келмагандим.

Баъзан сақлаган сукутинг минг карра афзал эмасми гапирилажак гапингдан?!

У яланғоч қўлини  тепага чунон сермаб, кўтарган чоғ бор-буди кўриниб кетди.

Мен ёлғиз қолган чоғимда ҳам бундай кийинишга ботинмаган бўлардим. Ахир шоир ҳам бежизга битмаган:

 

Ўйламанг, ғаддорлик ёлғиз Ҳиндда бор,

Ҳар гўзалда бир Ҳинд яширин маккор…

 

Мен бу шеърни ичимда қайтариб турган чоғ у менга қараб айтди:

— Шундай, гапирадиган гапинг бўлгач, атрофдагиларингга гапирасан экан! Овозингни баралла қўйиб гапирганга не етсин! Бундай гапни фақат мард киши сўзлай билади.

Тўғриси, унинг бу ҳоли мени жуда уялтирди. Ҳам оғзи очиқ, ҳам бор-буди очиқ…

Атрофдагилар эшитиб қолмасин учун, мен чўкка тушиб унга  боқдим. У менинг  нимадир демоқчилигимни сезиб, хиёл мен томонга эгилди.

— Опажон, мен кўрдим, аммо бошқалар кўрмасин! Ҳарир кўйлагингизга енг қадаб  олинг.

— Иссиқ кунда бундай юриш қулай-да. Ҳам замона зайлига қараб кийинсам ёмон-ми?

Товба, товба! Индамасанг, ”Ҳаккалакка ўйнайинми, дуккалакка ўйнайинми” қилиғини қилади-я!,  яна шундай улуғ ёшда, ҳайф-эй! — дедим мен ичимда.

-Унда эшитинг. Жанда бўлсам, жанда бўлай-ки, аммо ганда  бўлмай. Мардлик эркакларга хос. Атрофда эркаклар  ҳам бор. Ўрнингизни билинг!

Унинг кўзлари косасидан нақ чиқиб кетди. Тупуги сачраб, шайтонлаб қолишига оз қолди. Аммо менга бир сўз қотолмай, доғда қолди. Сўнг ортига тисарилиб, оломон ичида кўринмай кетди.

“Аллоҳим  ичимни устимдан яхши қилгин. Устимни солиҳ қилгин!“, пичирладим мен. Ва яна айтдим: мени  фақат яхши ниятли инсонларга йўлдош қилгин! 

Амстердам хотиралари — 29

Борай десам йўлим беркилган, келай десанг қадаминг унмас.

Тилимда

Дилимда

Илоҳга нола…

Илоҳам, Сен уни қўлла…

Кеча кулиб турган эдим, бугун  яна ғамга ботдим. Тингла, Достоевский чиндан  ҳақ эди:

“Нима бу, зим-зиё жаҳолат мен учун ҳамма нарсадан қадрли бўлган нарсани мажақлади.

Ер юзидаги одамлар ёлғизлар-алам қиладигани шу! Қуёш одамга жон беради, дейдилар. Қуёш чиққанда бир қаранглар — ахир у ўлик эмасми?”

Аслида ғам ҳам, қувонч ҳам ўткинчи эмасми?

Ҳаётингни хаёл пардасига ўраган эдим.

2014йил, 19 август.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: