jump to navigation

Амстердам хотиралари — 15 23 мая, 2014

Posted by Shahodat in Шеърият.
trackback

munavvara_oymatovaТУНГИ МУШОИРА

Мунаввара Ойматова:

Хотир кўчасида кездим саросар,

Кўзимга суртай деб изинг гардини,

Юрак саҳросида бунча ёлғизман,

Тўкдинг Ишқ ҳасратин, Гулнинг дардини.

 

Шаҳодат Улуғ:

Гуллар сўлғин эди, қалб дилхун эди,

Йўллар олис эди, ютаман дерди,

Сенинг остонангга етишмаган кун,

Шамоллар рўмолинг келтириб берди.

 

Мунаввара Ойматова:

Билқиснинг тахтига даъвогар эдим.

Шамоллар обкетди тахтиравонни.

Сулаймон ёнига  элтарми дердим,

Бошимга қулатиб кетди осмонни.

 

Шаҳодат Улуғ:

Осмон осмонлигин унутди бу дам,

Билқис ҳам даъвосин унутган эркам,

Бу йўлнинг адоғи кўринмас ҳечам,

Ҳануз Сулаймонни элтмади қадам.

 

Мунаввара Ойматова:

Ғамнинг соясида жон сақлар Ишқ ҳам,

Адоқсиз дард билан кетарман Сенга,

Кун кўриб бўлмайди КУНсиз кунларда,

Қалбни Қуёш қилиб етарман Сенга.

 

Шаҳодат Улуғ:

Келар чоғинг магар унутма ҳаргиз,

Кетар чоғинг ҳар дам  дилингга жойла,

Менга тутар бўлсанг нилуфар наргиз,

Инжа чамбар қилиб бошимга бойла.

 

Мунаввара Ойматова:

Голланд тупроғида гуллаган Ҳур Гул,

Қоронғу тунимда энг ёруғ юлдуз,

Мен борсам Кўнглингга борарман излаб,

Сенда мужассамдир чароғон кундуз.

 

Шаҳодат Улуғ:

Ўзинг исминг каби Мунаввар,

Қисминг бунда мангу кўринар,

Сўзинг дилга яиқн диловар,

Мунаввар, Мунаввар, Мунаввар…

 

Мунаввара Ойматова:

Улуғ неъмат эрур тириклик асли,

Шаҳиддир ҳар куни қисмат онлари,

Дилобар  кунларга етмоқ қасдида,

Йўлларга тўкилар ишқ нишонлари…

 

Шаҳодат Улуғ:

Қуёш қароргоҳи томон талпинур,

Ой ҳам бутоғига бунча маҳлиё,

Руҳим  Аршу аъло истаб топинур,

Йўқолиб кўринган саробми-рўё?

 

Мунаввара Ойматова:

Ойнинг теграсида чилёсин кавкаб,

Доира чалади ғамгин шаббода,

Руҳим қанотида жонимо маркаб,

Ишқ жомин ичинда юрагим бода.

 

Шаҳодат Улуғ:

Вужуд сокиндиру, қалбим туғёндир,

Бир лаҳза, бир лаҳза излаган имкон,

Нигоҳим хотиржам ботин урёндир,

Осойиштаману ўйлар саргардон.

 

Мунввара Ойматова:

Уқёнус дунёда урён руҳ ила,

Машҳар кунигача сарсонадурмиз,

Субҳа тошин санаб турган қўлларда,

Сену мен аслида бир донадурмиз!

 

Шаҳодат Улуғ:

Ғулу олов бўлиб тирмашса танга,

Дардлар тутун каби кўкка ўрласа,

Етти иқлимданми, етти мўъжиза,

Изласа бошлари эгик сожида.

 

Мунаввара Ойматова:

Кўкда сарсон кезган булутмиз нигор,

Тутдай соврилиб кетди умримиз,

Кўксимиз ичинда турибмиз афгор,

Булбулдай сайраймиз, балки қумримиз.

 

Шаҳодат Улуғ:

Мажнунлар ўтганлар кулоҳлар уриб,

Ортда қолиб кетган қайслар жунуни,

Нигоҳлар саргардон кўкка термулиб,

Юлдузлар ичидан излаб инжуни.

 

Мунаввара Ойматова:

Кўнглимни качгулга айлантирдим жим.

Жунун маним дедим, тингламас биров,

Эврилиб дард билан бўлдим ишқий хум,

Май билан жонимни этдимку гаров.

 

Шаҳодат Улуғ:

Англадим япроқлар мангу яшамас,

Сўлар титраб бир-бир узилиб кетиб,

Магар оловбардор қуёш чарчамас,

Кўкда жамолини бизга кўрсатиб.

 

Мунаввара Ойматова:

Япроқдай ичимда титрайди бир дард,

Япроқдай тўкилар кўзимдан андуҳ,

Ичимда қиёмат оташи ёнар,

Ичимда кимдир тортар уҳ!

 

Шаҳодат Улуғ:

Кўрдимки найсонлар қумни юволмас,

Лек ёмғир тупроқни пажмурда қилган,

Англадим амаллар ерда уволмас,

Фақт киприкларга шудринглар инган.

 

Мунаввара Ойматова:

Умримиз шудрингдай кечмоқда афсус,

Исрофил сурида балки ноламиз,

Тонгла машҳар кўзни очиб қарасак,

Биз киммиз волами  ёки жоламиз?

 

Шаҳодат Улуғ:

Балки сўзмизла учган ноламиз,

Тирқираб ёш оққан-балки жоламиз

 

Шаҳодат Улуғ:

Иттифоқо икки дугона сўзлашар эмиш:

Бири: “мен ўзимни девона  санаб юрсам!”-деса.

Иккинчиси:

-Мен Сиздан баттармиканман!-дер эмиш.

 

Мунаввара Ойматова:

Кўздаги ёш йўли қирқ йиллик сафар,

Дийдаси қалб бўлган муслимам Сизсиз,

Машрабдек ҳу,ҳудаб етарман сизга,

Юрагим ичига тик боққан  Кўз сиз.

 

Шаҳодат Улуғ:

Хайрли Тун!

Мунаввара Ойматова:

Икки манзил аро икки девона,

Шеър тилида сўзлар ажаб мастона.

Шеърнинг умри каби узун йўлларда,

Тун улар учунда битта достона.

Голланд лоласига ошуфтадурман,

Хўжанд бўстонидан тутиб даста гул,

Мен Нурман Сиз эса кўнглим дилбари,

Бахтли кунларимга Шаҳодатим Гул,

Сизни қумсаб тунга хайр тилайман,

Тонгга исмингизни ола келарман.

2014 йил, 14 май.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: