jump to navigation

Фақат сен йиғлама… (роман охири) 21 июля, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

J18. Фақат сен йиғлама…

(ўлик, мустамлака сукунат) 

Уйқуси дафъатан ўчиб кетган Дариға ўрнидан туриб, токча ёнига борди ва чироқ пилигини кўтарди. Тўшакда ётган қизи туйқус уйғониб, онасини  пайпаслаб ахтарди, унинг йўқлигини сезгач, чинқириб йиғлай бошлади.

– Эна-а-а, эна-а-а -а!

Дариға унинг ёнига югуриб келди ва қизалоғининг қулоғига эниб юпатди:

– Аста, аста, оғангни уйғотажаксан.

– Эна-а!

– Ман шу ердаман!

Руқия онасининг бўйнига ёпишиб олди. Дариға қизини тинчлантирмоқ учун яна шипшиди:

– Ман  шу ердаман.

У қизини ётқизмоқчи бўлди, бироқ ҳеч ажралгиси келмаган қизалоқ онасини маҳкам қучиб, яна йиғлай бошлади.

Дариға қизини юпатмоқ учун юрак аталмиш қабрга кўмган кўргуликларини ниҳоят қўшиқ қилиб куйлади:

Кўзларингни ўзи қора, сан йиғлама фақат,

Юрагим шундоқ ҳам яра, сан йиғлама фақат,

Ватан дебон, ани суйғон отанг ер қучиб кетғон,

Йиғламиш Жайҳун сатпора, cан йиғлама фақат!

Кўргуликни кўмганман мен юрак деган қабрга,

Қон йиғлаб фарёд қилдим Чингиз деган жабрга,

Сочин тараб мотам тутди Жайҳун ҳатто сабрга,

Қонга тўлган бағрини  Дашт ҳам  тутди абрга…

 

Вақт алламаҳал бўлганди, атрофда эса фақат мустамлака, ўлик сукунат ҳукмрон. Қизалоқ бир маромда нафас олиб ухлаб қолди. Кўзига қай йўсинда уйқу илинганини сезмай қолган Дариға ғафлат босиб куймаланарди.

Қуш уйқудан уйғонар маҳал яқинлашмоқда эди…

– Ай, Дариға, – деди  кимдир унга – Cан куйлагин, ман эса сибизға созим – чанқовуз чалай! — мана энди бу овоз эгаси кимлигини тиниқ кўрди.

Бу султон Жалолиддин эди, Жалолиддин Мангуберди эди.

Овоз яна қулоғи остида жаранглади:

— Ай, Дариға! Сан куйлагин, ман эса сибизға созим — чанқовуз чалай!

Дариға тўлиб кетган эди. У қўлини лабига босиб, овоз чиқармай ўксиниб йиғларди.

Волидаси Ғошия уларга омонлик сўраган эди. У ўртаниб-ўртаниб йиғлаётган қизининг елкасига қўлини олиб борди. Шунда Дариға орқасига бурилиб қаради. Алҳол волидаси муштипар қизига илоҳий қаломни сўзлади:

“Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз!”

Уйғониб кетди. Дариға унсиз йиғлар эди, у тушида ва ўнгида йиғларди. Уфқ узра тонг оқарди. Далли хаёли ўғирланиб, яна оят куй ва қўшиқ бўлиб янгради:

“Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз!”

Бу инсоний калом эмас эди. У ён-верига қаради. Cўл томонида ҳомиладор синглиси Зуҳра ухламоқда эди. Дафъатан у ўзига келди. Дариға эслади. Ўшанда Қуръонни ёд олганди. Бу Зумар сураси, етмиш учинчи оят эди. Тилсим очилиб, куй бўлиб қуйилмоқда эди.

Ҳақ-Рост, тилсим ўз пардасини кўтарди, оятнинг моҳияти ойдинлашди.

Дариға бошини Каъбага буриб, пешонасини саждага қўйди:

Аллоҳу Акбар! Субҳана Роббиял Аъло! – Атроф куй-қўшиққа тўлиб кетганди. Жило қуйилиб оқди.

Дариға отилиб ташқарига чиқди. Димоғига муздек, мусаффо ҳаво урилди. Сарсон нигоҳлари кўкка термулди. Беҳудуд Дашт узра бир оҳанг оқарди:

Кўзларингнинг ўзи қора, сан йиғлама фақат,

Юраким шундоқ ҳам яра, сан йиғлама фақат,

Ватан дебон, ани суйғон отанг ер қучиб кетғон,

Йиғламиш Жайҳун сатпора, сан йиғлама фақат!

Бу оҳангга Мангуберди айтмиш нидо қўшилиб оқди:

– Ай Дариға! Куйлагин сен, мен эсам сибизға созим – чанқовуз чалай!

Дариға ичкарига отилиб кирди, куймаланиб ниманидир ахтарар эди. У излаб топди…

Қачонлардир султон Жалолиддин  бир бежирим тилла сандиқча ичига зару зубаржат тўлдириб, Дариғага хуфя бир мактуб жўнатган эди.

Унда ушбу сўзлар битилган эди:

“ Инжу кўзларингнинг  ичига боқа-боқа  нигоҳини бошқа ёққа қайира олмаган мафтун кўнгилнинг оҳини тингла. Ҳеч кимсанинг овози сеники каби жарангдор, жозибали эмас. Ҳатто ғазабнок ҳолатингда ҳам кўзимга кўркам кўринурсан. Ўша ғазабда фақат сенгагина хос, фақат сенгагина ярашиқли бир сирли хислат яшириндек. Бу сирни еча олмай қийналмоқдаман.

Сенга кўнгил қўйган кимса бошқаларга бефарқ бўлиб қолгуси.

Кўзларингда Оллоҳ ҳадя этган сирли ва мағрур бир хосият бор. Бунинг сири нимада ўзи? Буни аллақандай бир кучнинг аломати деб биламан. Дунёда ҳеч ким сен қадар сокин бўла олмас. Бу сокинлик кишига ором бағишлагусидир. Сукутинг кимсада ҳамиша давом ва давом қизиқиш уйғотаверади. Сўзлаётган сўзларинг қизиқишларимга ҳаргиз аниқлик киритмас, билъакс, лаҳза ва лаҳза ўтли қизиқишни кучайтиражак.  Эшитяпсанми, Дариға! Юз-кўзингда бутун қалбинг жилва қилаётган каби кўринур, аммо аслида ундай эмасдир…”

Дариға султон Жалолиддин битган мактубни  юзига суртиб йиғлар эди…У ўшанда тушида, ҳам ўнгида йиғлаган эди…

Осмон равоқларида зулмат пардаси чекиниб, ҳусни фалак ичинда бир тонг оқарди. Мана, тиниқ кўринди: бу яловбардор Жалолиддин Мангуберди эди. Улуғ Хоразмшоҳлар салтанатининг сўнгги вориси қўлида туғини баланд кўтариб, от устида шамолларда сузиб келаётир эди.

У қайтиб ичкарига кирди, токчада Чингиз аталмиш офатдан омон қолган чанқовузини қўлига оларак,  яна ташкарига отилди. Тонг чекинди. Уфқ оша оташ қизарди. Илоҳий нурларига чўмилган Шамс заррин мужда сачратди. Бу сачратма ўлик, мустамлака сукунатга чўмиб, ғафлатда қолган Дашт ва мотамсаро Жайҳунга жўнатилган  қутлуғ мужда, суюнчли сийлов эди. Сибизға  сирғалиб тушди. Дариға бу гал чанқовузни қўлида маҳкам тутди. Мантиқ ва чегарани йўқлик қаърига улоқтириб, воқелик ва хаёлотдан гўзал бир олам, оҳанрабо куй яратиш эди муддаоси.  Дил ғорат, вужуд эса – ҳарорат. Хилқатлар ичра инсон ўзи беназир хилқат. Атрофда куй-қўшиқ ёнар эди. Замон эскириб-уқаланиб бормоқда, Қуръон оятлари эса яшариб-нурланмоқда эди:

“Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз”.

 

                                                       Тамом

 2010-2011 йиллар

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: