jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 14 июля, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

Монгол 17. Маҳшари Гурганжда ёнур 

Улар ердан унган, яна тупроққа қайтмоқ учун бесаранжом ҳозирлик кўради ва бу кишида хазин кайфият уйғотади. Кузнинг иши бу. Дарахт шохларида илиниб турган баргларни юлқилаб, хазон этаётган дайди шамол ваҳимали овоз чиқариб изғийди.

Кун асрга қараб оғар маҳал. Хазонларни босиб, тушкун ҳолда келаётган Кенжабек Қипчоқ тоғаси Бегимқули Оллоёр дарвозаси ёнида тўхтади, кейин ўзича бир нима деди ва ичкарига кирди. Хона тўрида оёғини ўраб, орқасига ёстиқ қўйиб, деворга суяниб ўтирган хаста тоғасига кўзи тушди.

– Тоға, ҳамманинг оғзинда шул гап, Чингизхон Гурганжга тиш қайраган. Магар шул рост экан, бул ерни тарк атиб, аввалинда Хуросонга, андин сўнг Бағдодга кетмак тараддудини кўрмоғимиз лозим.

Бегимқули қорасон бўлган эди. У тиғ теккан оёғини кўрсатиб, жияни Кенжабекка:

– Маним тўримдин гўрим яқин, – деди. – Магар ихтиёр этган экансан, йўлингни тўсмағайман. Ман Гурганжда қолжакман.

Орадан  тўрт  кун ўтгач, Кенжабек Қипчоқ аёли Насибали, тўнғич ўғли Оғабек, келини ва неваралари билан Гурганжни тарк этди. Салоҳиддин билан Раҳмиддин отасига эргашмади, шаҳарда қолди.

Хоразмшоҳлар пойтахти хавотир ва таҳлика ичида эди. Бу хавотир борган сари кучайиб, қўрқув ва саросимага айланди. Гўшангадаги келинчакка қиёс этилган гўзал Гурганж ғажирлар қаршисида титраб-қалтираётган товусга ўхшарди. Ёвуз мўғуллар лак-лак қўшин билан бостириб келаётганини эшитган шаҳзодалар – Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳ талвасага тушиб, шаҳарни ташлаб қочишди.

Минг икки юз йигирма биринчи йилнинг қаҳратон қиши. Чингизхон Гурганжни забт этмоқ учун бутун Мовароуннаҳрни титратиб, қиличидан қон томиб Хоразмга яқинлашди. Шаҳар ҳимоясига Хумортакин сардорлик қилди. Гурганжликлар Ватан ҳимояси учун жонларини аямай, мардонавор курашди.

Ўзини  султон, деб эълон қилган Хумортакин Гурганж дарвозасини ғанимга очиб берди. Чингизхон шариат пешволари  ҳамда эл орасида ардоқланган шайх Нажмиддин Куброга мурувват кўрсатиб, четга чиқиб туришларини сўради.

Бу мурувватни Шайх қабул қилмади.

– Ватан ҳимоясига жон тикмоқ – улуғ ишларнинг улуғи, cавоб ишларнинг савобидир, – деди у. – Кимки Ватан учун курашгай, ани мукофот – ажр кутгай! Бу кунлар охиратда бериладиган улкан мукофотнинг аломати бўлиб қолгай! Дунёдан солиҳ амаллар ила ва покиза кетмоқни биза насиб айлаб, ҳузурида иззат ва мартабага сазовор этсун! Бандаларини ўз ажрларидан бебаҳра этмасун! Фитнага дучор, адашишга гирифтор этмасун! Вақти-соати етганда бизга гўзал хотима насиб айласун!

У Ватан ҳимоясига шайланган гурганжликларга қарата:

– Томчи қонимиз қолгуна қадар курашгаймиз! – дея хитоб қилди.

Оломон Шайх Нажмиддин Кубро бошчилигида мўғулларга қарши ҳамлага отланди. Гурганж атрофидаги Тоҳирия, Кордор, Мароҳард аҳли ҳам келиб уларга қўшилди.

Юраги Ватан ишқида чўғдек ёнган ватанпарварлар Танура ва Майдон маҳаллалари оралаб ўтар экан, Қобилон дарвозасидан ичкарига ёпирилиб кирган мўғуллар галасига тўқнаш келди.

Кубро кетидан жаҳд билан келаётган оломон орасида Cалоҳиддин, Раҳмиддин, Мавлон, Қосим парвоначи ва унинг ўғиллари Лочинбегу Полвонбек ҳам бор эди. Улар қўлларидаги қуролларини маҳкам тутиб, жангу жадал томон тобора игарилар экан, қўрқув нелигини буткул унутиб, ўлимга тик бормоқда эди. Қалбларида эса то қиёмат қадар ғанимлари саналган мўғулларга битмас-туганмас нафрат бор эди. Бу нафрат олдида, интиқом олдида қўрқув писанд эмас.

Мўғуллар гурганжликлардан бу қадар беомон қаршилик кутмаган эди.

Анчадан буён Куброни нишонга олаётган бир мўғул аскар ниҳоят унга камонидан ўқ узди. Ўқ Шайхнинг кўксига бориб қадалди. Гарчи у яраланган бўлса-да, ўзи томон туғ кўтариб келаётган ғанимига ташланди ва унинг қўлида ҳилпираган туғни юлиб олди. Кўзи қонга тўлган мўғул Шайхни қатл этмоқ учун тиғини унинг бўғзига қадади. Ўлимини мардонавор қарши олган Шайх Нажмиддин Кубро сафдошларига қарата:

– Вафотим санаси “шоҳи шуҳадо!”* – дея хитоб қилди.

Ваҳшийлиги қўзиган ёғий бир силташда Кубронинг бошини танидан жудо этди. Шу асно Cалоҳиддин қаттолга ташланди, лекин бошқа бир ғаним унинг кўксига тиғ қадади. Бирин-кетин Раҳмиддин билан Мавлон ҳам шаҳид бўлди.

Ғанимлар тобора ичкарига ўрлай бошлади.

Даҳшатга тушиб, ҳатто дардини унутган Бегимқулининг бошини бир чингизий сарбоз танидан жудо этди. Кўргуликка чидай олмаган Фотима тошюрак мўғулга ташланди. Ғаним ўткир тиғи билан уни ҳам жувонмарг этди. Бу қўрқинчга гувоҳ бўлган гўдак ваҳм нима эканини ҳис этиб, чинқириб йиғлай бошлади, ё алҳазар, буни қарангки, қонсираган мўғул ҳеч тап тортмай уни ҳам қиличдан ўтказди. Ёғийлар қўлга илинган борки нарcани олиб, қора қонига беланган Бегимқули Оллоёр хонадонини тарк этишди.

* * *

Дариға оғироёқ синглиси Зуҳрага шипшиди:

– Товуқланинг катайига ўтғаймиз.

Жонларини ҳовучлаган опа-сингил Алоуддин ва митти Руқияни етаклаб, катак оралаб ички катакка бош суқдилар.

Атроф тўзғиб кетган эди. Жангда шаҳид  кетган Салоҳиддин хонадонига ҳайқириб кирган қузғунлар унинг бор-будини талаб, кейин оғилхонага ўтишди. Қозиққа боғланган сигирлар арқонидан ечилиб, кўчага ҳайдаб чиқилди. Дарвозага етай деб қолганда бир мўғул сарбоз ортига қайтди, унинг оғилхона сўл томонидаги катакка кўзи тушганди.

Катак даричасини очган мўғул товуқларга қараб  қичқирди:

– Қани чиқ буёққа, патларинг тагига тухумингни босиб ётмасдан, бугун тушликка емиш бўлғайсанлар…

Юрагини олдириб қўйган товуқлар қо-қоғлаб ташқари отилди. Cарбоз қийқириб, товуқларнинг бирини қўйиб, бирини қувлади. Сўнг мўлжалга олиб, каттароқ бирига тиғ суқди, кейин мерганлигидан ўзи ҳузурланиб, хохолаб кулганча дарвозани ланг очиқ қолдириб, қаёққадир ғойиб бўлди.

Қоронғу катак адоғида қизини бағрига босган Дариға унсиз йиғлар эди. Ҳатто шу митти гўдак ҳам омон қолганини билган ва эндиликда миқ этмоққа журъат этмай онасига ёпишган кўйи тош қотиб қолганди. Ўғли Алоуддин эса даҳшат қўпган муҳитдан зада бўлиб, холасига ёпишди.

Чингизий галалар Гурганжни қиёмат ўтида ёқиб, буткул култепага айлантирди. Қонга беланган шаҳар ҳувиллаб қолди. Ўша, келинчакка  қиёс  этилган пойтахт заволга юз тутиб, мусибат уясига айланган эди. У энди Гурганжга ҳеч ўхшамасди…

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: