jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 13 июля, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

 J15. Асл исминг Азозил

  (Темур  Малик сўзи)

              

Маҳшари санда ёнур, дўзахий базми қаттол,

Магар қўлингдан келса, маним келиб жоним ол,

Ажал рақси намойиш кечмишинда ҳар мўғил,

Ман санга исм бергум, асли исминг Азозил!

Ўтрор бунда зулмингдан безиб чунон инграюр,

Бухоро ўт ичинда, Мароқанд қон йиғлаюр,

Гўдак уволи тутсун, ғайридин, қаттол ғойур,

Хўжанд додламиш охир,шамширинг дил тиғлаюр.

Билмамки,сан измингда яна нелар кор этдинг,

Бўйинға сиртмак осиб, занжирни бир дор этдинг,

Гўдакни оқ сутидан айириб, сўнг зор этдинг,

Бўстон, баҳор дилларга қиров сочиб қор этдинг.

Сайҳуннинг қоқ ичида, мавжлари аросида,

Қақшаб қони оқаюр сарбознинг яросида,

Тўғонларинг бузмишам, қора тун қаросида,

Маним оҳим тингларсан энди шер нидосида.

Мотамда йиғлаб қолди савдойи Мовароуннаҳр,

Cайҳун, Жайҳун қонга лиқ, мавжларида бир қаҳр,

Англармидинг сен буни аждарҳою бемеҳр

Келурми энди охир, қачон мукофот – ажр?

Занжир солиб бўйинга, барчани асир этдинг,

Ҳолини хароб этиб, кўзларни басир этдинг,

 Қалқонидин айириб,кўпларни есир этдинг,

Бедор этдинг, зор этдинг, барчани сен хор этдинг.

Маҳшари санда ёнур, дўзахий базми қаттол,

Магар қўлингдан келса маним келиб жоним ол,

Ажал рақси намойиш кечмишинда ҳар мўғил,

Ман санга исм бергум, асли исминг Азозил! 

 

16. Темур Малик жасорати 

 

Чингизхон Бухоро билан Мароқандни култепага айлантиргач, бундан куч олган Олоқнўён билан Сукету Черби бир туман қўшин билан Cайҳун этагида жойлашган Бинокат ва Хўжанд сари юриш қилди. Бинокат амири Элатхумалик қанғлилардан иборат қўшинга ўзи сардор эди. Бу шаҳар ҳимояси ҳам узоқ чўзилмади, тўрт кун деганда унинг дарвозалари душманга очиб берилди. Шаҳар талон-тарож қилиниб, аҳолиси, ҳатто бешикдаги чақалоққача қиличдан ўтказилди, сўнг ўт қўйилди.

Орадан кўп ўтмай Хўжанд қамал қилинди. Шаҳар ҳокими Темур Малик бош бўлган мудофаачилар ғоят шиддатли жанг қилишди.

Тарихчи Алоуддин Муҳаммад Жувайний Хўжанд қамали чоғида Темур Малик кўрсатган жасоратга урғу бериб, шундай ёзади: “Темур Малик шундай  жасоратли саркарда эдики, агар Рустами достон ҳаёт бўлганида унинг отига жиловдорликка ярарди, холос”.

Чингизхон Хўжанд қамалига катта куч ташлади. Йигирма мингдан ошиқ мўғул лашкари жангга шай турарди. Эллик минг нафар асир бебошлар галасига кўмак бермоққа мажбур этилди.

Ғанимлар ўқи тинмай ёғилиб, кўп лашкар жувонмарг бўлди. Темур Малик бошчилигидаги сарбозлар от устида кўкрак кериб, жанг қилиб, душман сафини ёриб, Сайҳун ўртасидаги орол сари ўтди. Улар ортидан мўғуллар камонда ёй отиб қолди, лекин отган ёйи сарбозларга етиб бормасди. Шунда Олоқнўён ўз сарбозларига:

– Уч фарсаҳ* нарида тош йиғиб, бул ерга олиб келгайсизлар, – дея ҳукм этди. – Уни Сайҳунга ташлаб, дамба ҳосил қилгаймиз.

Бу юмуш асирлар чекига тушди. Улар зилдек харсанг тошларни минг машаққат билан олис-олислардан ташиб келди, ниҳоят, дарё узра дамба-тўғон қилина бошлади.

Оролчага жойлашиб олган Темур Малик бошлиқ сарбозлар эса айни тун чоғи қайиқларда сузиб келиб, барпо этилаётган тўғонни бузиб, мўғулларга қирон келтириб кетаверди. Босқинчилар Темур Малик қўшинига камон ўқини селдай ёғдирарди. Бироқ, не ажабки, улар отган оловли ўқлар қайиққа тегиб-тегмай сувга учарди. Шунқорлар ўқлар қайиқни тешиб ўтмаслиги учун  намат билан ўраб, устидан сиркали лой билан суваб чиқишган эди.

* * *

Тун иккинчи ярмига оғди. Тўсатдан қўзғалган шамол ўз ҳукмини ўтказмоқчи бўлиб, ғалати тўзғиди, оролча аллақандай ваҳима ичида қолиб кетди. Хира юлдузларни булутлар тўсиб, фалак тундлашди. Тўсатдан момақалдироқ қасирлаб, чақмоқ чақди. Ногаҳоний бу чақин ёмғир ёғишига бир ишорат эди. Лашкарлар тўзиб, ўзларини панага урдилар. Ваҳимали чақинлар жўрлигида шаррос ёмғир қуя бошлади. Хайриятки, ёмғир тезда ўтиб, борлиқ тинчиб қолди, аммо оролча соҳилига урилаётган тўлқинлар тинган эмас. Тонгга яқин улар ҳам бир маромга тушиб, қирғоқ бўйлаб таралиб, қандай келган бўлса, шундай орқага қайта бошлади. Ибодат чоғи мусулмон боши саждага теккан маҳал нақадар сокин бўлса,  атроф ҳам шу қадар тинч ва осуда эди. Фақат бу сукунатни лашкарларнинг қий-чуви ҳамда тинмай отаётган камон ўқининг визиллаши бузарди, холос. Ҳали замон тонг отиб, ҳаёт яна ўз измига тушади, шунда бу лаънати урушдан безган беозор қушлар яна ўзларини пана-пастқамга уриб, жон сақлайди.

Ўтов ичида  ётган сарбозлар кўзидан уйқу қочди. Эшкак эшавериб, қабариб кетган қўлини авайлаб ёнбошига ағдарилган сарбоз, ёнида ётган шеригига юзланди:

–Уйқуям бузилди…

– Ҳе-е, нимасини айтасен.

– Кеча эшкак эшийверип, қўлам ишдан чиқай деб қолди, шишиги азоп бериб, тун бўйи оғрип чиқди.

– Бу хароп бўғурлар ҳали-бери тинчимайди чоғи.

– Башибузуқ* ғажирлар какра* чайнаб ётғондир, – деди.

– Бе-е, какрамиш. Аларға какра чикора, бодёни руми – оғуни-да алар қўрқмай ҳазм қиларлар.

– Рост айтдинг, бул аждаҳоларга балоям бас келмас экан…

Тонг отиб, ҳаёт яна талатўп изига тушиб кетди. Бир туман лашкар оролчанинг саёз қисмига ўтиб, балиқ тутмоққа урина бошлади. Қорамағиз ва қўйкўз, қотмадан келган, узун бўйли бир сарбоз шеригига:

– Ана, ана! – деди-да, найзасини олиб  отди, у бориб балиққа санчилди. Cарбоз югурганча бориб, ҳийла салмоқли балиқни кўтариб олди. Улар ҳаш-паш дегунча анча балиқ тутишди. Бошқалари ўт ёқиб, балиқларни тозалаб пишира бошлади.

Темур Маликка кемалар даркор эди.

– Зудлик билан кемалар қурмакка шайлангайсиз. Алар бунёд этилғач, анинг бирлан Хоразм денгизи орқали Жайҳунга ўтажакмиз ва бунда биз Урганжга етиб олгаймиз.

Қисқа фурсат ичида кемалар қуриб битказилди. Улар Сайхуннинг қуйи қисми томон сузиб, машъалалар ёғдусида тобора илгарилади. Дарёнинг икки соҳилида жойлашган мўғулларнинг кўзи қонга тўлиб, уларга тинимсиз ўқ ёғдирар эди. Лекин улар оловли ёйларни писанд этмасдан эсон-омон Жандга яқинлашди. Сайҳун этагида – Жандда турган мўғуллар дарё устига занжирли тўсиқ тортишган эди.

– Занжирларни узиб, олдинга сузгаймиз! – амр этди Темур Малик. – Қани олға, олға! – дея у далда берди сарбозларига…

Шерюрак, серғайрат Темур Малик ва унинг сарбозлари занжирларни узиб, яна олға интилиб, сузишда давом этди. Баҳодирлар ниҳоят қирғоққа етиб келган эдилар. Мисли кўрилмаган бу жангда Темур Малик кўп сарбозини йўқотди. Шоввозлар босқинчи қанотини шиддат ва шижоат билан ёриб ўтиб, яна ва яна илгарига қараб от сурди. Тарихчи Жувайний бу қаҳрамонликни шундай таърифлайди: “Орқадан таъқиб этиб келаётган  душманни йўл-йўлакай чопиб, камондан ўққа тутиб пароканда этди. У мўғул  сардорларидан бирининг кўзини басир этди, “яна икки ёйим бор, икковингга ҳам етади. Яхшиси, орқага қайтинглар”, деб хитоб этди Темур Малик.

Ваҳимага тушган мўғуллар отларининг жиловини тортиб, ортга қайтиб кетишди”.

Тортилган машаққатлар эсдан чиқиб, пойтахт Гурганжга етиб келинди. Темур Малик ва унинг азаматлари Жалолиддин Манкбурни қўшинига келиб қўшилди. Кейинчалик Темур Малик Сайҳуннинг қуйи оқимида жошлашган Янгикентни Жўжининг қонли чангалидан озод этади ва унинг мислсиз жасорати тилларда достон бўлади.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: