jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 6 июля, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

Чингизид13. Мароқанд ҳалокати 

Добусия учун кураш узоқ чўзилмади. Шаҳар аҳли қиличдан ўтказилиб, қалъа вайрон этилди. Шундан сўнг асосий куч Мароқандга қаратилди.

Султон Муҳаммаднинг тоғаси Тўғайхон Мароқанд ноиби эди. Хоразмшоҳ тоғасига амр этди:

– Шаҳар мудофаа деворлари зудлик билан қурилсин, атрофларинда хандақлар қазиб, анинг ичи сув бирлан тўлдирилсун.

Шунда Тўғайхон шаҳар аҳолисига қўшимча солиқ солди, аммо йиғилган солиқни мудофаа учун сарфламоқ насиб этмади.

Мирзо Улуғбекнинг қайд этишича, Самарқанд ғоят катта мудофаага ҳозирлик кўради. Мудофаа учун бир юз ўн минг лашкар жанг қилмоққа шай туради. Заҳирада йигирмата жанговар фил ҳам бор эди. Туркон Хотуннинг укаси – Тўғайхон мароқандликларни ҳушёр турмоққа даъват этади. Туркий  қўшинларга Алп Эрхон, Шайххон ва Болохон  қўмондонлик қилади. Ғанимлар устидан ғалаба қозониш учун имконият етарли эди.

Чингизхон Мароқанд учун  бўлажак жанг ғоят машаққатли кечишини англайди.

Минг икки юз йигирманчи йилнинг илк баҳорида у Мароқанд томон юриш бошлайди. Олдинда отлиқ қўшин, уларнинг ортида пиёдалар боради.

Босқинчилар жанг майдонига пухта тайёргарлик ва тартиб билан киришни одат қилишган эди. Улар ўнликларга, кейин  юзликларга бўлиниб ҳаракат қилишар, ундан кейин минглик лашкарлар қўллов учун жангга кириб, кучлар мустаҳкамланиб борар эди.

Ҳар ўнлик лашкар қўлида чингизий туғлар шамолда ҳилпираб, қадамлар залвори ерни титратади. Лашкарлар шаҳардан анча берида тўхташди. Чингизхон қўшин миқдорини ошириб кўрсатиш, ваҳима қўзғаш учун отларга қўғирчоқ одамлар миндириб илгарилади. Шаҳар қамалига шахсан ўзи қўмондонлик қилди. Ўтрор ва Бухоро асирлари ҳам жангга киришга мажбур этилди. Улар  икки кун мобайнида Самарқанд атрофидаги  қишлоқларни эгаллаб, шаҳарни ташқи оламдан узиб ташлади ва истеҳкомларни ўрганиб чиқишди. Ниҳоят, учинчи куни Чингизхон амр этди:

– Аввалинда асир тушғонлар ҳаракат қилсун, анинг кетиндан Мароқандга юргайсизлар…

Қизиққонлик қилган шаҳар аҳли ташқарига чиқиб, мўғулларга қарши жангга киришди.

Мўғуллар орқа томон чекина бордилар, бироқ бу ҳол узоққа бормади. Чингизхон тўсатдан ҳамла қилиб, ҳужумчилар устига ёпирилишни буюрди. Оқибатда шаҳар ҳимоячилари пистирмага дуч келиб, уларнинг кўпчилиги жувонмарг кетди. Бу фавқулодда зарба барчани карахт қилиб қўйди. Саросимага тушган шаҳар ноиби Тўғайхон қарийб ўттиз минглик лашкар билан Чингизхон томонга ўтишни ихтиёр этди. Чингиз бу хиёнатни бажонидил қабул этди.

Қамалнинг бешинчи куни эди. Мароқанд қозиси ва шайхулисломи қирғин олдини олиш мақсадида Чингизхонга вакилларини жўнатди. Улар аҳли Мароқанд таслим бўлишини ва шаҳар давозалари очиб берилишини маълум қилишди.

Минг икки юз йигирманчи йил апрелининг илк кунида Мароқанд дарвозалари очиб берилди. Шаҳарда қирғин бошланди. Шаҳар қозиси, шайхулислом ва унинг кишилари  четга чиқиб туришди. Мароқанд талон-тарож қилинди. Чингизийлар томонига ўтган Туркон Хотуннинг укаси Тўғайхонга эса шафқат кўрсатилмади, у билан бирга, ўттиз мингга яқин туркий лашкар ҳам ўша кеча қириб ташланди.

“Жўжи арзис” ва “Қўрғошин нова” тўғонлари вайрон қилиниб, шаҳар аҳолиси сувсизликка маҳкум этилди. Чингизий галалари Намозгоҳ дарвозаси томон ичкари оралай бошлади. Улар ўттиз мингга яқин шаҳар зиёлилари – ҳунармандлару рассомлар, наққошлару косибларни асир олишган эди.

Тарихий манбаларда ёзилишича, Мароқанд қозикалони ва шайхулисломи икки юз минг олтин танга эвазига асирларни олиб қолишга муваффақ бўлади.

Мовароуннаҳрнинг гўзалликда тенгсиз яна бир шаҳри вайрон этилиб, унинг аҳли шу тариқа шарафсиз завол топади. Мўғул босқинидан шаҳар аҳлининг чорак қисмигина омон қолган эди.

 14. Қувғинлик 

Самарқанд фожиаси Хоразмшоҳни буткул таҳликага солиб қўйди, асли мана шу саросима бутун Мовароуннаҳрнинг пароканда этилиб, аёвсиз маҳв этилишига сабабчи бўлди. Шоҳ одам жўнатиб, онаси Туркон Хотун бошчилигида аёллари ва фарзандлари Мозандаронга ўтиб, яширинишини буюрди.

Мароқанд  вайронага айланган, яна унинг тикланиши учун йиллар, асрлар керак. Шаҳар ўрнида бир култепа қолган эди. Бинокат эса ундан ҳам баттар қилинди. Чингизхон қадами етган жойни ўтда ёқиб, вайрон қилди. Бешикдаги гўдакларгача қиличдан ўтказди. Шу боис уни замон аждаҳоси дейишди. Ва кишилик тарихида энг ёвуз ва қонхўр босқинчи сифатида ном қолдирди.

Султон Алоуддин Муҳаммад кичик қўшин қуршовида Жайҳуннинг нариги қирғоғига ўтди. Бундан хабар топган Чингизхон Жебе билан Субутойга ўттиз минг лашкар ажратиб, Хоразмшоҳни тутиб келишни буюрди.

Жўжи бошчилигидаги қўшин Сайҳун этакларидаги шаҳарларни бирин-кетин эгаллай бошлайди. Етти кунлик жангдан сўнг Сиғноқ, кейин Ўзган таслим бўлади.

Мароқанд босиб олингач, орадан бир ой ўтиб, Жанд шаҳрига ҳужум бошланади. Жанд ҳокими ваҳимага тушиб, Хоразмга қараб қочади. Шаҳар эгасиз қолади  ва таслим бўлади.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: