jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) Июнь 29, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

Mongol.cavalry 12. Бухоро ўт ичинда

 

Нур қалъаси Бухоро билан Самарқандга олиб борувчи йўл ўртасидаги бир робита эди.

Мелодий минг икки юз йигирманчи йилнинг феврали. Мўғуллар Нуротада нафас ростлаб, Бухоройи Шариф ҳамласига шайланди. Шаҳар мудофаасига Инанчхон Ўғил Ҳожиб, Ихтиёриддин Қўшлу, Ҳамид Пўра Қорахитойлар сардорлик қилишади. Мўғуллардан қочган уйғур – Гўрхон (уни  Кўкхон ҳам дейишган) улар сафига қўшилиб, шаҳар мудофааси чоғида жонбозлик кўрсатади. Бухороликлар Ўтрор босқинидан яхши хабардор эди, лекин шаҳар етарли мудофаа имкониятига эга эмасди. Бу Чингизхонга қўл келди, албатта. Энг ёмони, шаҳар аҳли орасида ваҳм ва қўрқув ҳукм сурар, ҳар ким ўз жонини асраш ғамига тушиб қолганди. Уларнинг назарида, мўғулга бас келиб, уни ўлдириб бўлмайди. Мана шу саросима ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Бу гал зимистон ҳам бошқача келди. Қиш қишлигини кўрсатмоқда эди. Қиш қиличини, ғанимлар эса шамширини яланғочлаб, шаҳар аҳлининг дилига баттар ғулу солдилар.

Сарбоз Инанчхон Ўғил Ҳожибга хабар етказди:

– Бухоро қозикалони Бадриддин Қозихон шаҳар дарбозасини аларға очиб бермак тараддудини кўрмакдадур.

Иналхоннинг қонли заволини кўз олдига келтирган Инанчхонга туйқус жон қайғуси келди. Таҳликага тушган Инанчхон Ўғил Ҳожиб Бухоро қамалининг учинчи куни шаҳарни тарк этиб, Урганчга қараб от сурди.

Шаҳар мудофаасига сардорлик қилаётган Ҳамид Пўра Қорахитой ҳалок бўлди. Бухороликлар орасида қўрқув ва бошбошдоқлик янада кучайди.

Минг тўққиз юз йигирманчи йилнинг ўн олтинчи февралида қозикалон Бадриддин Қозихон Бухоро дарвозаларини ғанимга очиб берди.

Жомеъ масжидига от устида кириб келган Чингизхон:

– Ҳузуримга шаҳарнинг нуфузли аъёнларини чорлагайсизлар! – дея амр этди.

Мўғуллар шаҳар заҳираларини талон-тарож қилди, Муқаддас Қуръони Карим нусхалари сақланган сандиқларни отларига охур ўрнида ишлатишди. Хонанда ва созандаларни емиш билан машғул отларга қараб ашула айтмоққа буюрди. Уламоларнинг соч-соқолини олиб, отбоқарликка маҳкум этди.

Мўғуллар Бухорога ёпирилиб киргач, уйғур Гўрхон бош бўлган тўрт юз бухоролик ватанпарвар шаҳар аркига беркиниб, босқинчиларга қарши ўн икки кун мислсиз матонат кўрсатиб, жанг қилдилар. Кучлар мутлақо тенг эмас эди. Шунга қарамай, улар кўплаб ғаним навкарларини ер тишлатди. Ўн икки кунлик матонатли қаршиликдан сўнг Бухоро арки ҳам забт этилди.

Ваҳшийлар галаси ўттиз мингга яқин бухороликни қиличдан ўтказди. Шаҳарнинг қолган аҳолиси қул қилинди. Хоразмшоҳлар салтанатининг улуғ кентларидан бири, нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун Шарқнинг диний ва маърифий ўчоғи бўлган Бухоройи Шариф кунпаякун этилди. Бойликлар таланиб, масжиду мадрасалар вайрон этилди, шаҳарнинг кули кўкка совирилди. Нодир китоблар отлар туёғи остига ташланди, шаҳарнинг ори-ғурури поймол этилди. Ислом уламолари, улуғ ва мўътабар зотлар аёвсиз сазойи қилинди. Асирлар эса Мароқанд, Добусия* ва Хоразм қамалларида оғир юмушларни бажармоққа мажбур этилди.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: