jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 17 июня, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

 Монгол110. Ўтрор ҳусрондадир*

Уфқ қонаб, шафақ баайни қотиб қолган каби эди. Ов учун айни муддао эканини англаган бўрилар галаси пастга эниб, ўлжаларини таъқиб эта борди. Томирларидаги ваҳший қон фавқулодда шиддат билан оқаётганини ҳис этар экан, иттифоқо бежо кўзлари ҳам қонталаш бўлиб кетди. Бўйинларидаги ёлларини шамол тўзғитарди. Ўлжа қарийб улар панжалари орасида эса-да, таҳлика ўтида жизғанак қилиб, қутқу билан жонларини олиш гашти йиртқичлар учун ҳузурли эди.

Бўрилар ўлжани қувиб, тобора пастга томон эниб бораверди. Улар ниҳоят сайҳонликда  доира ҳосил қилиб, дағ-дағ титраётган, бунга сари талвасали маърашлари билан оламни бузгудек бўлаётган ўлжаларини сиқувга олишди. Йиртқичлар сардори пайт пойлаб ўзини қайси бир бояқишнинг устига отди, саросимада қолган қўй унинг чангалидан қутулмоққа урунди, аммо бўрининг ажалэлтар тишлари унинг бўғзига санчилди. Сардор бўрининг ҳамласи бошқаларга бир имо эди, бундан куч олган иккинчи бўри бошқа қўйга ҳамла қилди, кейин яна, яна  ва яна… Йиртқичлар шу тариқа бир фурсат ичида қўйларни ғажиб, жувонмарг этишди…

*   *   *

Шундай қилиб, дастлабки ҳужум Ўтрорга қаратилди. Бу чуқур ўйлаб қўйилган қадам эди, унинг залвори Заминни титратиб, барчанинг қалбига беқиёс ғулу солди. Чингизийларнинг атрофда қиёмат қўптириши ва даҳшат солиб ҳайқириши ўша, қутурган бўрилар хуружини ёдга соларди.

Чиғатой ва Ўқтой бош бўлган йиртқичлар муҳораба майдонига шу тақлид қадам қўйди. Ноғора овозига жўр бўлган ҳайқириқлар ҳатто шайтони малъунни-да карахт қиларди. Кишилик ҳаёти тўзону бўронлар туфайли эмас, балки қора кучнинг қонхўрлиги туфайли ҳалокатга юз тутган эди. Мўғуллар ўзлари  ғаним деб билган Ўтрор аҳлининг юрагига даҳшат ва қўрқинч солиб, Буюк Мовароуннаҳрга ўлат олиб келганини намойиш этди. Кейин улар тўфондек қутуриб ичкарига ёпирила бошлади.

Иналхон йигирма минг лашкарга бошчилик қилмоқда эди. Ўтрор қалъаси ҳимояси учун яна бир туман лашкар тезкор ёрдам сифатида ажратилди ва бу қўшинга Қорача Ҳожиб қўмондонлик қилди. Унинг ортидан Хоразмшоҳ эллик минг сара аскарини кўмакка жўнатди.

Мудофаа учун бор куч сафарбар этилган, Ўтрор қаҳрамонларча мудофаа қилинмоқда эди, бироқ охирига бориб, лашкарлару мудофаачилар орасида яйдоқчилик бошланди. Бу яйдоқчиликка хамиртуриш бўлганлар бор эди. Улар  Бадриддин Амид, Сафий Акром Ҳожиблар  эди. Бу нобакор касларнинг аждоди бир пайтлар Ўтрорда қози бўлган. Кейинчалик шаҳар қозиси Муҳаммад Алоуддин Хоразмшоҳ томонидан қатл этилган. Дилида кин сақлаб юрган қозизодалар хиёнат  кўчасига кирди. Шунинг таъсирида лашкар ва шаҳар ҳимоячилари орасида парокандалик бошланди,  оқибатда мудофаа сусайди. Шундан сўнг Қорача Ҳожиб бошчилигидаги қўшин ҳам мўғуллар томонига ўтиб кетди.

Хиёнаткорлар Чиғатой ва Ўқтой ҳузурига олиб келинди. Қисиқкўз хонзодалар уларга бир фурсат разм солиб, жимиб қолишди. Қуллуқ қилиб турган хоинлар шафқат кутмоқда эди. Аммо улар шафқатга эмас, сазойи қилинишга лойиқ кўрилди.

– Аларнинг хиёнаткор тилларини суғуриб, ақлсиз калласини сапчадек узиб, кимсасиз даштга улоқтиринг. Алар қузғунлар галасиға емишга арзир.

Илло ўз улусига хиёнат қилган бадбахтлар мана шундай ўлим топди.

Қиличларнинг сопи синадиган қирғинбарот урушга сабабчи бўлган Иналхон Ғойир эса Ўтрор мудофаасида жонини жабборга бериб, мардларча жанг қилди. Ўтрор қамали олти ой давом этди.

– Ани тириклайин қўлға олинглар, бу нобакор билан маним бўлакча ҳисоб-китобим бордур. Қирғинбарот сабабчиси ва қиличларни қинидан чиқазғон бул ғойирни бирор ерига тиғ текизмай маним ҳузуримға олиб келғайсизлар, анинг додини ўзим берғайман! – дея амр этди қийиқкўз хоқон.

Унинг амри сўзсиз бажарилди ва Иналхонни асир олиб, хон  ҳузурига олиб келишди.

– Аввалинда анинг ғойур кўзлари ўйиб олинсун, сўнг икки қулоғина қайноқ қўрғошин қуйиб, ҳолин хароб этғайсизлар, – дея амр этди Чингизхон.

Ўтрор таланди, одамлар қиличдан ўтказилиб, шаҳар култепага айлантирилди.

Чингизхон кенжа ўғли Тўлуйхон билан сувсиз дашту биёбонни қисқа муддатда босиб ўтиб, Зарнук қалъасини жангсиз эгаллади.

Иттифоқо Тўлуйхон зарнуклик бир соҳибжамолни ҳузурига олиб келишларини буюрди. Бир шўхлик қилгиси келиб қолган эди унинг. Маишат қилаётган чоғида отаси Чингиз уни дафъатан ҳузурига чорлади. Ишққа ғарқ бўлган Тўлуйхон унинг ҳузурига кечикиб борди. Чингизхон ўғлига заҳрини соча кетди:

– Чидай билмадингми, айрони оққан мочапараст?!

Шу дам у қувватини кўрсатиб қўймоқ учун ўғлини туртиб юборди, бу миқтидан келган, аммо зуваласи пишиқ хоннинг ногаҳоний турткисидан йиқилган Тўлуйхон базўр ўрнидан туриб, мулзам бўлган кўйи  отасидан афв этишини сўрашдан ўзга иложи қолмади. Бу воқеа анчага қадар даштликлар оғзида гап бўлиб юрди.

Шундан кейин улар Нур қалъаси томон йўл олишди.

 

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: