jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) Июнь 17, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

 Монгол110. Ўтрор ҳусрондадир*

Уфқ қонаб, шафақ баайни қотиб қолган каби эди. Ов учун айни муддао эканини англаган бўрилар галаси пастга эниб, ўлжаларини таъқиб эта борди. Томирларидаги ваҳший қон фавқулодда шиддат билан оқаётганини ҳис этар экан, иттифоқо бежо кўзлари ҳам қонталаш бўлиб кетди. Бўйинларидаги ёлларини шамол тўзғитарди. Ўлжа қарийб улар панжалари орасида эса-да, таҳлика ўтида жизғанак қилиб, қутқу билан жонларини олиш гашти йиртқичлар учун ҳузурли эди.

Бўрилар ўлжани қувиб, тобора пастга томон эниб бораверди. Улар ниҳоят сайҳонликда  доира ҳосил қилиб, дағ-дағ титраётган, бунга сари талвасали маърашлари билан оламни бузгудек бўлаётган ўлжаларини сиқувга олишди. Йиртқичлар сардори пайт пойлаб ўзини қайси бир бояқишнинг устига отди, саросимада қолган қўй унинг чангалидан қутулмоққа урунди, аммо бўрининг ажалэлтар тишлари унинг бўғзига санчилди. Сардор бўрининг ҳамласи бошқаларга бир имо эди, бундан куч олган иккинчи бўри бошқа қўйга ҳамла қилди, кейин яна, яна  ва яна… Йиртқичлар шу тариқа бир фурсат ичида қўйларни ғажиб, жувонмарг этишди… (далее…)