jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) Июнь 2, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

Хон саройи 8. Қалтис вазият

 

Бу улкан салтанат, магар ворислари узоқни кўра билгувчи одил сиёсат юритиб, ақлу зако билан бошқарганида, довруғи етти иқлимга етгулик барқарор давлатга айланиши муқаррар эди.

Ўтрор воқеасидан сўнг келган элчиларни Хоразмшоҳ сазойи қилди, сўнг уларни  Чингиз саройига шармандаларча қайтариб юборди. Бу ҳам етмагандек, бош элчи – Ибн Кажраб Буғрони қатл этди. Бу қирғинбарот уруш сари ташланган кафолатли қадам эди. Мовароуннаҳр узра қора кунлар кўланка ташлаб, қутқу солиб яқинлашмоқда эди…

Cултон Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ саройда улкан анжуман – ҳарбий машваратга аъёнларини чорлади. Тахтда виқор билан ўтирган Хоразмшоҳ вазири аъзам Низом ул-мулкка ўткир нигоҳини қадади. Вазир эса ўз навбатида буйруққа мунтазир қўл қовуштириб турган жарчига ишорат этди.

– Давру даврон, соҳиби султон, тахти Сулаймон, жавоҳиру жаҳон, саодатманд камрон, Искандари Соний, Мовароуннаҳру дилбанд, Cултон Санжар Монанд сиз азизларни машваратға чорлайдур…– Жарчининг жарангдор овози саройни тутди.

– Чорловлари муборак келғай, – дея унинг оғзидан гапини олиб давом этди Имод ал-мулк Тожиддин Жомий. – Бул оламнинг аввал боши Жанобу Ҳақ, Биру Барҳақ Олло тааллога ҳамду санолар бўлғай…

– Омин! – олқишлади машварат аҳли.

– Ва анинг ердағи сояси – давру даврон, соҳибу султон, тахту Сулаймон, жавоҳиру жаҳон, Искандари Соний, Мовароуннаҳиру дилбанд, Султон Санжар Монанд, Султон Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ жаноблариға таъзиму таҳсинлар бўлғай!

– Офарин!

Тожиддин Жомий яна давом этди:

– Давру даврон, соҳибу султон, буюк Хоразмшоҳ сизларни машваратға чорлайдур.

– Бале, чорловлари муборак келғай, офарин! – деди яна барча.

– Маълумингизким, маъжусий Чингиз бизим томон пичоқ қайраган, шул қастловга бас келиб, анинг ҳужумига маълум чора кўрмоғимиз лозимдир!

Добир  Хоразмшоҳ саройга йиғилган арбоблар, лашкарбошилар, шаҳзодалар, ҳокимлару амирларнинг фикрлари билан қизиқиб, кўрилажак чораларни муҳокама қилишини эълон этди.

Саройнинг нуфузли арбобларидан Шаҳобиддин ал-Хивақий  Хоразмшоҳга юзланди:

– Олампаноҳ, сизнинг сайқал топган салтанатингиз  довруғи етти иқлимга етгуликдир, бул салтанатни кўз қорачиғи каби авайламоқ анинг соясинда юрган биздек каслар учун шарафдур. Буюк Мовароуннаҳрнинг тўрт юз минг лашкарини Сайҳун яқинига тўплаб, ҳолдин тойган мўғул қўшинига фурсатни бой бермай, ҳужум уюштирмоқ маъқул бўлур эрди.

Хоразмшоҳ билдирилган фикр ва мулоҳазаларни сукут билан эшитди. Бу гал шаҳзода Жалолиддин гапирмоққа жазм этган эди:

– Ўтрор воқеасига Сизнинг алоқангиз йўқлиги барчага кундек равшандур. Элчиларни қатл этиш, карвонни талаш тўғрисиндаги буйруқни сиз бермаган эсангиз-да, анинг мушкули бугун бутун Мовароуннаҳр бошига тушмакда. Магар элчиларнинг айғоқчилик билан ҳам шуғуллангани бугун барчага аёндур. Ва бул борада бозоргон Бегимқули Оллоёр ҳақ гапни айтиб, элчиларнинг айғоқчилик билан шуғулланишларидан огоҳ этди. Бас, шундоқ эркан, бул қирғинбаротда сизин аралашувингиз йўқлигини исботламоқчун, Чингизхон талаб этганидек, бошланажак урушнинг олдини олиб, ихтилофга сабабчи бўлган Иналхонни маъжусий хонга топширувингиз бирдан-бир тўғри чора эрур.

Хоразмшоҳ ўғли – шаҳзода Жалолиддин таклифига рози чиқмади, бунга муҳим сабаблари бор эди. Cултон Муҳаммад Алоуддин қўшинлари асосан қанғли, қипчоқ  ва туркманлардан ташкил топган. Ҳазор денгизи атрофини макон тутган қипчоқлар, яъни Туркон Хотун жамоати Буюк Хоразмшоҳ дорулсалтанисига таҳдид бўла олгулик бир куч эди. Қипчоқларнинг деярли барчаси юқори лавозим эгалари – лашкарбошилар, вилоят ҳокимлари ва амир этиб тайинланган. Агар Турконнинг жияни Иналхон Чингизга топширилса, салтанат ичида низо келиб чиқар ва бундан Хоразмшоҳ қаттиқ чўчирди. Шу боис бундай таклифга кўнмай, ўзича тўғри йўл тутди. Шунда Жалолиддин бошқа бир таклифни ўртага ташлади:

– Буюк Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон ҳамда Араб мамлакатиндағи жамики ҳарб кучларни бир мушт қилиб йиғайлик. Бу ҳолатда, агар жангу-жадал муҳаққақ экан, ал-Ҳивақий жанобларининг таклифи жоиз кўринадур. Барча қўшинни салтанат сарҳадларига жамлаб, ёғийни ичкарига йўлатмаслик даркор. Зарбимиз шу қадар бўлсинким, бизга қасд қилган ёғий Дашт қўйнида маҳв этилсун.

Хоразмшоҳ мўғул босқини арафасида карахт бир ҳолда эди. У салтанат танг сиёсий вазиятда эканлигини инобатга олмади ва кибрга ортиқ берилди. Ўтрор воқеаси кескин тус олиб, қалтис вазият юзага келган эди. Иналхон эса ўз қилмишидан талвасага тушиб қолганди.

Муқим ва қатъий қарор чиқаришга эса Хоразмшоҳ онаси Туркондан ҳайиқар эди. Чиндан салтанат боши берк кўчага кириб қолган, таҳликадаги одам каби карахт ҳолатда эди.

Хоразмшоҳ  кибрга ортиқ берилди: ўзини “Искандари Соний” — “Иккинчи Искандар”  ҳамда “Султон Санжар Монанд” – яъни “Оллоҳнинг ердаги сояси” деб хутбада эълон қилдирар , Ислом оламида ўз мавқеини мустаҳкамлаш ўрнига, мағрурланиб барчанинг ихлосини ўзидан қайтарди. Аббосий ҳалифа Носирга қарши уруш олиб бориб, уни мағлуб этди ва кўплаб араб ўлкаларини ўзига тобеъ қилди. Ниҳоят, аббосийлар салтанатига чек қўйиб, термизлик Саййид Алоул-мулк Термизийни ҳалифа этиб тайинлади. Шу сабаб кўнгли зада ҳалифа Носир унга тиш қайраб юрар, мана, ниҳоят қасос олмоқ учун фурсат етмоқда эди. У Чингизхон билан илиқ алоқа ўрнатишга муваффақ бўлиб, саҳройи хонни Хоразмшоҳга қарши қайраб, дорулсалтананинг хуфя сирларидан уни воқиф этди.

Нафақат ташқи сиёсатда, балки мамлакат ичкарисида ҳам султоннинг мавқеи дарз кета бошлаган эди. У Ислом оламида юксак эҳтиромга лойиқ кўрилган ва Шайхи валийтарош дея эъзозланган Шайх Нажмиддин Кубронинг севимли шогирди – Мажидиддин Бағдодийни қатл эттириб, уламо-ю авлиёлар ихлосини ўзидан қайтарган эди.

Машварат давомида Султон вазиру вузаролар, анбиёю аҳрорлар, лашкарбоши ва амирларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиб бўлгач, йиғилганларга қарата деди:

– Ғанимлар галаси ичкари киритилмасун! Ҳар бир шаҳар, ҳар бир қалъа, ҳар бир қишлоқ ўзини ўзи ҳимоя этсун!

Бу калтабинларча чиқарилган ҳукм бўлиб, бутун Мовароуннаҳр амалда ўз ҳолига ташлаб қўйилганини англатарди.

Чингизхон босқини арафасида Қорахитой ва Мовароуннаҳр ўртасидаги вазият ҳам мураккаб ҳолга келиб қолган эди. Буддавийликни қабул қилган Кучлукхон Ислом аҳлини Ҳақ динидан қайтишга ундаб, уларга тазйиқ ўтказаётган, мусулмонлар аёвсиз жазоланиб, шариат пешволари эса қатл этилиб, жасадлари масжиду мадрасалар олдига осиб қўйилганди. Кучлукхондан безиб бўлган хўтанликлар Хоразмшоҳга умид кўзини тикишганди. Бироқ, бу сафар ҳам отни илгари қамчилаган Чингизхон уларга ёрдам қўлини чўзиб, Кучлукхонга  қарши уларни  қутқулади. Қорахитойлар оқибат батамом яксон этилди.

Жонини омон сақламоқ учун тоғ бағрига қочган Кучлукхонни помирликлар қўлга олиб, мўғулларга топширди. Мўғуллар унинг калласини кесиб, тиғга ўрнатиб, калака қилишди. Шундай қилиб, Чингизхон Қорахитойни айтарли қийинчиликсиз маҳв этди. Унинг сўл қаноти хавфдан халос бўлиб,  мустаҳкамланди. Бу бўлажак уруш арафасида ўта аҳамиятли эди. Қорахитойни эгаллаган Чингизхон қурултой чақирди. Бунда Мовароуннаҳрга қарши юриш тадориги муҳокама этилди.

Қорахитойнинг босиб олиниши Хоразмшоҳда қурқув уйғотди. Шунда султон ўз қўшинини Мароқандга тўпламоққа жазм этди.

 

9. Бехосият қадам

 

Минг икки юз ўн тўққизинчи йилнинг охири. Чингизхон икки дарё оралиғига қонли юриш бошлади…

Асли уйғур бўлган Эдиқут билан Олмалиқ ҳокими Сиғноктакин кучлари ҳам Чингиз босқинчиларига қўшилди. Шу тариқа Иртиш бўйлаб эниб келган мўғуллар Сайҳун соҳилигача бўлган бепоён ҳудудни ҳеч бир қаршиликсиз ишғол этди. У Ўтрорга тиш қайраган эди. Хон Мовароуннаҳрни бир ҳамла билан олишни истарди. Шу боис қўшинини  тўрт ҳарбий қисмга бўлди.

– Чиғатой билан Ўқтой иккови Ўтрорни қамал этади! Анинг учун  сара лашкар ажратурмен, – дея амр этди хон. Ўғли Жўжига қарата айтдики, – Сенинг қўшининг Сайҳун этакларини забт этур. Ўзган, Cиғноқ, Барчинликент, Жант билан Янгикентни босиб олиш сенинг зиммангда.

Яна бир черикка Олоқнўён билан Сукету Чэрби сарҳанг бўлғай. Аларнинг вазифаси – Сайҳуннинг ўрта қисми бўйлаб, анинг юқори оқимида жойлашган Бинокат ва Хўжандни  эгаллашдан иборат.

Чингизхон кичик ўғли Тўлуйхон билан бирга, Мовароуннаҳрнинг асосий  қисмини, унинг ўз таъбири билан айтганда, юрагига ҳужум қилишни ўз зиммасига олди. Бунга Мароқанд, Бухоро ва Хоразм кирар эди. Шунингдек, уларнинг вазифаси Хоразмшоҳнинг кучларини қирқиб, қамал қилинган шаҳарларга ёрдам берилишини олдини олиб, алал-оқибат Бухорога ҳужум қилишдан иборат эди.

Реклама

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: