jump to navigation

КЎНГИЛ ИШИ ЎРГАНИЛМАГАН… 22 мая, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

 

Ё Нур,   ё, Улуғ МАВЛО !  Завол топмас кўнгилни яратиш учун Сенинг қанча вақтинг кетган бўлса айт?! Бир беназир Гулни яратиб, нени мақсад этган эдинг айт?!

Одамзод кўнглига боқиб  хассос, сайқалу сиймин ташладинг, таъзим Сенга эй Дилшунос. Хассос-Дилшунос…

“ ЖАЙҲУН  ЭПКИНЛАРИ ” романидан парча.

— Ўғлим ўтир, қолганини сабр ичинда эшит!

Шаҳзода жойига чўкди.  Онаси  эса гапида давом этди…

Ўшанда Жалолиддин бобокалони Эл Арслоннинг дорулсалтана чеккасида бино этилган  ҳашаматли хилватхонасида кечган  ҳаётини томошо қилди.

Магар, улкан дорулсалтанада, Фармони Олийда ҳеч битилмаган, аммо мудом ворисларини етакловчи бир сўқмоқ  бор эди. Ўша сўқмоқ уларни олов тилчалари билан алдаб-авраб, қўлларидан тутиб, кўнгил даричаси томон беомон етаклар эди. Даричадан ичкарига кирган кимсанинг эса бу ажойиб гўшадан ҳеч чиққиси келмас эди.

Кўнгил иши ўрганилмагандир.

Кўнгил иши  шундай талотум ;  бунда ҳатто шоҳлар  ёрнинг ҳузурида бир   банди эди.

Эл Арслон  ҳам жунун асосига таяниб, мажнун ридосига ўраниб қолди.

Белидан қўри-қуввати, кўзидан эса  нури кетиб, қарилик бўсағаси томон одимлаётган Эл Арслон кутилмаганда бир малакка дуч келди. Бу беназир  ҳилқатни кўрган қария туйқус жон томирига жоду қони қуйилаётганини ўша лаҳзадаёқ ҳис этган эди. Соҳибжамол  ҳурлиқо ёнида бўлганида, у ўзини навқирон ҳис этар эди.

— Шу чоққача қаён эдинг,  келиб мани хушнуд  этдинг!

Султондан таҳсин эшитган малак шаҳаншоҳга таъзим бажо келтирди.  Хоразмшоҳ Эл Арслон унга яқинлашиб:

— Малойик, исминг не сенинг?- дея савол этди.

— Асмо! — жавоб қайтарди у.

Шоҳ қўллари унинг зебо-ю, инжа  жамолини силади. Сўнг ҳурлиқонинг нозик белидан қучиб эркалаётиб,  қулоғига шивирлади:

— Асмо исминг мозийлар кўмсун. Бундан буён исминг сенинг Сумангул  бўлсун!

У ёрини суюб  яна эркалаб қучди. Сўнг сулув юзини  чаман ўпичлари билан безаб чиқди.

Эл Арслон  маҳбубасининг  жисму жонида  ишқ оловини ёқиш учун ўз лабидаги ўпичларига ўзи ўчашиб, уни  қайноқ оғушидан бўшатмади, сўнг  даст кўтариб хилват гўшангасига олиб кириб кетди.

Йил ўтиб Сумангул унга шаҳзода ҳадя этди.  У ҳам она бўлди: у ҳам барча оналар сингари  ўғли  Султоншоҳни жонидан ортиқ кўрди.

5.

Умрининг қор фаслига зариф баҳор олиб кирган бу аёлга  Эл Арслон ипсиз боғланган эди.  Сумангул измида юрган Эл Арслон тўнғич фарзанди  Текишни Жандга волий этиб тайин этади. Текиш волидаси билан Жандга жўнади.

Энди Сумангул учун мақсадга етишмоқ фурсати яқинлашмоқда эди. Хоразмшоҳларнинг  Олий  Фармони  шунда илк бор  бузилди. Ўлим тўшагида ётган Эл Арслон валиаҳдлик фармонини ўзгартириб, кенжа ўғли Султоншоҳни тахт вориси этиб  тайин этади.

Жалолиддин   бобокалони Эл Арслоннинг шу тариқа кечган ҳаётини тинглаб, томошо қилар экан, илк бор ҳақсизлик билан  тўқнашиб турар эди. Унинг ҳолини кўрган  Ойчечак   унга  айтди:

— Асл ворис, шаръий валиаҳд саналган Текиш иқтидорсиз ва қўрқоқ  Султоншоҳга бўйсунишдан бош тортди. Фақат угина салтанат тамойилларига дарз кетиб, фармони олий бузилганига асло тоқат қила олмаган.

Ойчечак  ўтирган  жойидан  қўзғалди.

— Бобонг Текиш қорахитойлар қўлловида Гурганжга қўшин тортди. Ва қирғий чангали   билан Султоншоҳдан ўз мулки саналган Мовароуннаҳрни тортиб олди.  Чорасиз қолган Султоншоҳ эса Нишопур томон қочди. Ва у ерда Муаййид ад-давла Ой-Або ҳузурида паноҳ топди.

Эрлик жасорати билагида қайнаб, елкаларида бўртган Текиш музаффарлик туғини қучди…

Ойчечак  тағин ўйланиб қолди.

Бу 1172 мелодийнинг баайни зимистони эди. Текиш тахтга чиқди. Аммо омонсиз саваш олдинда эди. Султоншоҳ ва Текиш ўртасидаги муттасил жанг йигирма йил давом этди.

Қочоқ Султоншоҳ бепоён Хуросоннинг бир қанча вилоятларини босиб олгач, Марвни қароргоҳига айлантирди.

Она  бутун вужуди қулоққа айланиб, ўтмиш ҳодисотларини тинглаётган ўғлига айтди:

— Бобонг  Текиш адолат асосига таяниб ҳокимиятни юритган шоҳ эди. У ўлими олдидан тўнғич фарзанди, отанг Муҳаммадни валиаҳд этиб, икки оёғини ёзиб хотиржам  боқий уйқусига кетди.

Малика  Ойчечак унга  яна дорулсалтана тамойилларини эслатди.  Ўшанда ўн  бир ёшли Жалолиддин боболаридан омон етиб келган бу  Олий Фармонни онасига ёддан айтиб берганди.

Аммо орадан йиллар ўтиб  Фармонга яна дарз кетди.

Жалолиддиннинг  кўз ўнгида ҳаёти мозийга кўмилган бобоси Текишнинг нурли суврати намоён бўлди.

Жалолиддин ҳамон ўйлар исканжасида эди. У  тафаккур  мавжудликка  даҳлдор эканлигини  биларди. Бир гал у онаси Ойчечакнинг “На ўтмиш, на келажакдан умид уйғонур.Чунки ўтмишим ўткин бўлди! Келажагим-чи? Келажагим гумондур манинг!”  деганини эшитиб қолганди…

Аммо ҳар не бўлганда ҳам тафаккур  мавжудликни тартибга солиб, адолат измида бошқарар эди. Ойчечак кўклам остонасида ғамдан сочларига бит оралаган мотамсаро кампир каби   ночор ўтирар эди. Уфққа эриниб бош қўйган оташ,олов тилчаларини қимирлатиб, уни шомнинг зафарон дунёсига чорлаётганди. Бу олов тилчалар чорласа, чорламаса барибир  борлиқ шомга елка тутганди. Унинг  олдида эса  қора чимматига ўранган кўланка-хуфтон турарди…

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: