jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 19 мая, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

 каракум7. “Қор уй“ ёки ўтов ривояти

Мантиқ ва чегара билмас тўлқинлар Жайҳун қирғоқларини бузиб, пишқириб оқди. Cув бетида қалқиган кўпиклар тобора ўйноқлаб, сўнг дарё комида ғойиб бўлмоқ учун  тентирай бошлади. Бора-бора сув оқими қирқилиб, наъра тортаётган тўлқинларга туйқус  эс кириб, тинчиб қолди. Барчасидан огоҳ бўлган Дашт сувсизликда бир қултум сув талаб этиб, абри-найсонни соғинди. Булутлар келинчаги – найсон майдалаб ёғди. Найсон шивири қайнаган борлиқ бирам мафтункор, қониб-қониб сув ичаётган Дашт севинчдан баайни чақалоқ каби қиқирлай бошлаган эди. Хос лашкарлар қуршовида, шоҳона аравада чайқалиб келаётган малика Ойчечак ўғлига қараб жилмайиб қўйди. Манзил олис эди, йўллар босиб ўтилмоғи даркор. Атрофда эса найсонлар шивири қайнарди. Бу сирли шивирга қулоқ тутиб турган шаҳзода аравада чайқалиб, волидаси томон сурилиб ўтирди. Малика Ойчечак ривоят қилдики:

– Кокил ўйнатиб бўй кўрсатган лолалар атрофни безади. Дашт эса фараҳбахш кўклам ҳимматидан энтикиб юборди. Субҳи содиқда таёқ тутиб жўнаган чўпон, cурувини яна қайта ҳайдаб, елкасига шомни қўндириб қайтди. Уни бир қўлида сув тўла кўза, иккинчисида сочиқ билан Бўтакўз қарши олди.

Ювиниб ичкари кирган Ўнгалбой кечки таомни еб бўлгач, жимиб қолган Бўтакўзга қараб айтди:

– Билмамки, сан манинг бирлан бул саҳро қийинчилиқлариға кўника билармисан?

Бўтакўзнинг нимадир демоққа шайланган лаблари қимтиниб, кўзлари ер чизиб қолди.

– Магар ихтиёр этсанг, ман сани отанг даргоҳина олиб бориб қўюрман!

Бўтакўз аввалига йўқ ишорасини қилди, сўнг ҳожасига қарата:

– Ман бунда сиз бирлан бирга қолурман, – деди.

Завжасидан бундай жавоб кутмаган Ўнгалбойнинг қувончдан ақли шошди, кўзларида шодумонлик учқунлари жилва қилди:

– Ман сандин бул жавобни кутмаган эрдим!

Улар бунда кимсасиз саҳрони макон этиб, ўзларидан кўпайиб яшашга жазм этишгани рост эди. Ҳар гал ҳожасини кузатиб, ортидан ўзи гиёҳлардан ризқу насиба териб қолган Бўтакўз, алқисса, Даштга кўникди.

– Қурғур куз кўнгила ғулу солиб, бирам чўзилди-ей!

– Ҳадемай қиш қиличини яланғочлаб келса, кузнинг чўзилгани ҳеч вақо бўлмай қолур.

– Рост айтдиниз.

– Қишға эрта тараддуд кўрғанимиз яхши бўлди!

Бўтакўз ҳожасига “ҳа” ишорасини қилиб деди:

– Қор уй қурмаганимизда, қишдин омон чиқувимиз гумон эди!

– Нимасини айтасен, қорувлилигини* айтмайсанми?

– Қорувлиликка қорувлику-я, қани энди яқинларимиз келиб, қувончимизға шерик бўлса… – орзулади Бўтакўз.

Омонат чайладан ўтовга кўчиб ўтишганига кўп бўлгани  йўқ – яхши ниятда оқ жундан кийгиз босиб, “қор уй” қилишган эди. Даштнинг қоқ ўртасига қурилган ўтов узоқдан кўзга дўппидек бўлиб кўринар, ҳар гал сурувни яйловдан ҳайдаб қайтаётган Ўнгалбой аёли иккови қурган ўтовга узоқдан кўзи тушганда завқланар эди.

Ҳадемай қиличини яланғочлаган қиш Даштни сўроқлаб келди. Шунда қаҳратон қишда “қор уй” жонга оро кириб, уларни баҳорга омон олиб чиқди.

– Остонангни асра, Ҳайбар! Ман уйға қайтғунимча, сан беканг бирлан Сафартошни тўтркўз тугал қўриқлағайсан! – тайинлади чўпон йигит итига.

Ҳайбар эгасига қулоқ тутиб, унинг гапини маъқуллаган каби тумшуғини тепага оғдириб, вовуллаб қўйди.

Бўтакўз ширинтойи Сафартошни эмизиб бўлгач, уни беланчакка солиб тебратди. Болакай онасига қараб ширин жилмайди, шунда у ўғлининг пучуқ бурнини чимдилади, бола бўлса қиқирлаб кулди…

Ташқарида, Ўтовнинг шундоққина остонасига тумшуғини тираб ётган Ҳайбар пича офтобда тобланиб ётди. Иссиқ хуш ёқиб, уни уйқу элита бошлади. Бир маҳал сесканиб, ит бежо атрофга аланглади. Ғир-ғир эсган шамол димоғига аллақандай нотаниш ҳид олиб келмоқда эди. У атрофга бўйнини чўзиб тамшанди. Ҳийла нарида ўзига аллақандай бегона бир ит тикилиб турганига кўзи тушди. Англадики, бу  ит эмас, она бўри. Она бўри яхши ниятда келмаган.

Моча бўри* ўзини эҳтиётлаш ойидан омон чиқиб, бўшанди. Эмизувдан сўнг бўриваччаларнинг кўзига уйқу иниб, беозор ухлаб қолишди. Силласи қуриган бўри қорин ғамида ташқарига чиқди. Ўлжа излаб кетган жуфтидан дарак бўлмагач, ўзи ҳам бирор луқма топиш умидида йўл солди. Изғий-изғий инидан олислаб кетди.

Ўнгалбой сурувларни боқиб, иттифоқо дўнгликка мўла – белги қўйиб, ўзи Бўтакўз тайёрлаган, егуликлар ўралган дастурхонни олиб, тамаддига ҳозирлик кўрди. Атрофда қўйлар туйқус тум-тарақай қоча бошлади. Сурувга бўри оралаган эди. Ўнгалбой қинидан пичоқни суғуриб, жон-жаҳди билан бўрига қараб отди. Пичоқ нақ бўрининг бўғзига бориб қадалди. Аввалига бўри иҳранди, сўнг типирчилай-типирчилай жон таслим қилди.

Ўнгалбой бўри танидан пичоқни суғуриб, қумга санчиб қондан тозалагач, яна қинига жойлади, сўнг қонига беланиб ётган бўрига ижирғаниб қараб қўйди ва сурув томон йўналди.

Урғочи бўри изғий-изғий дўнгликда тўхтади. Олисда бир нима кўзига кўринди, у орзиқиб шу ёққа талпинди. Не кўз билан кўрсинки, жуфти бағри қонаб, ер қучиб ётибди. Унинг хонумони куйиб, узоқ увлади. Жасадни алам билан ҳидлаб, судрай бошлади. У шу ҳолатда узоққа бормаслигини билиб тўхтади ва жуфтини тарк этди. У қони қайнаб, яна увлади. Фавқулодда телба қутқу энди уни омон қўйсинми? Томирида қони жўшиб, қасос алангасида ёнди. Сўнг ўтов томон йўл солди…

Ҳайбар ётган еридан туриб, ўтовни икки бор айланиб чиққач, яна остонада тўхтади. Бўрининг кўзлари бежо эди, у қулоқларини тиккайтирганча бироз туриб, сўнг тумшуғини тепага кўтариб, ҳасрат ва алам билан увлади.

Ниҳоят, бўри Ҳайбар томон яқинлаша бошлади.

Олишув узоқ давом этди. Шунда бўрининг руҳи танидан ажралиб чиқиб, ичкарига – жажжи Сафартош томон равона бўлди. Ҳайбарнинг руҳи эса исён кўтариб, унинг кетидан шамолдек елди. Қора руҳ Сафартошга тиш қайраб, пайт пойлай бошлади. Шунда Ҳайбарнинг руҳи Қора руҳга қарата барги хазон сочди. Бўтакўз қўрқувдан боласини бағрига босди. Ва ёнида турган  кўзани оёғи билан сурди. Кўза ичидаги сут тўкилиб, Қора руҳ пойида сизиб оқди.

Ташқарида Ҳайбар ниҳоят бўрининг бўғзига тишларини ботириб, жон-жаҳди билан ғажий бошлади. Бўри оғриққа чидай олмай вангиллади. Жағи толиққан Ҳайбар туйқус уни қўйиб юборди, жон талвасасида қақшаган бўри тирик қолганига шукур қилиб урра қочди ва қир оша ғойиб бўлди. Ичкарида эса Ҳайбар руҳи Қора руҳни буткул мағлуб этган эди. Қора руҳ кўкка ўрлади.

Ташқарида – шундоқ остонада турган Ҳайбар кўкка қараб қотиб қолди. Бир лаҳза минг йилга татигулик кечди. Бўтакўз ўтов эшигини очди, шунда Ҳайбар ҳушёр тортди.

Ойчечак ўғлига қарата қиссадан ҳисса қилдики:

– Остонани асрамоқ ҳатто тилсиз итларга ҳам шараф, ўғлим!

Отаси Хоразмшоҳ Алоуддин чорлаган машваратга борар экан, бир вақтлар мўъжаз арава ичида, найсон шивири остида онаси Ойчечакдан эшитган “Ўтов“ ривояти яна ёдига тушди ва у олис уфққа тикилиб қолди. Ҳув нарида Ҳайбар кўринди, жонсарак ит олисларда дўппидек кўринган ўтов – “қор уй” томон шамолдек елиб бораётган эди…

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: