jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 19 мая, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

 каракум7. “Қор уй“ ёки ўтов ривояти

Мантиқ ва чегара билмас тўлқинлар Жайҳун қирғоқларини бузиб, пишқириб оқди. Cув бетида қалқиган кўпиклар тобора ўйноқлаб, сўнг дарё комида ғойиб бўлмоқ учун  тентирай бошлади. Бора-бора сув оқими қирқилиб, наъра тортаётган тўлқинларга туйқус  эс кириб, тинчиб қолди. Барчасидан огоҳ бўлган Дашт сувсизликда бир қултум сув талаб этиб, абри-найсонни соғинди. Булутлар келинчаги – найсон майдалаб ёғди. Найсон шивири қайнаган борлиқ бирам мафтункор, қониб-қониб сув ичаётган Дашт севинчдан баайни чақалоқ каби қиқирлай бошлаган эди. Хос лашкарлар қуршовида, шоҳона аравада чайқалиб келаётган малика Ойчечак ўғлига қараб жилмайиб қўйди. Манзил олис эди, йўллар босиб ўтилмоғи даркор. Атрофда эса найсонлар шивири қайнарди. Бу сирли шивирга қулоқ тутиб турган шаҳзода аравада чайқалиб, волидаси томон сурилиб ўтирди. Малика Ойчечак ривоят қилдики:

– Кокил ўйнатиб бўй кўрсатган лолалар атрофни безади. Дашт эса фараҳбахш кўклам ҳимматидан энтикиб юборди. Субҳи содиқда таёқ тутиб жўнаган чўпон, cурувини яна қайта ҳайдаб, елкасига шомни қўндириб қайтди. Уни бир қўлида сув тўла кўза, иккинчисида сочиқ билан Бўтакўз қарши олди. (далее…)