jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 14 мая, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

Жалолиддин5. Бир шарпа кўринаётир…

 

Жонини омон сақлаш ғамида юрган далли хаёли тушида ҳам ором олмади. У сув излаб, йўлда яна давом этди. Ниҳоят, туякаш не-не машаққат билан кафтдек ерда сизиб оқаётган булоқни излаб топди. У орзиқиб кетди. Оғир ютиниб, сув томон энгашди ва икки қўлини ерга тираган кўйи ютоқиб cув симира бошлади, бироқ не тонг, не ажабки, чанқоғи ҳеч босилмади. Туман ичида қолиб кетгандек, кўзига ҳеч зоғ кўринмас эди. У чанқоғини қондирмоқ истаб тағин ютоқди, шу дам кўзлари очилиб кетди. Қуёш тонгни уйғотиб бўлган, атроф ўша-ўша, жим-жит, у яна даҳшат ичида қолди, ҳаммасини унутмоқ истаб, яна кўзларини юмди, ҳеч вақони ўзгартиролмади. Амал-тақал билан илгарилади. Унинг ақлини даҳшат босган эди.

Шамшир дами ҳавода муаллақ ўйнаб, таъқиб эта бошлади, шунда ажал таҳдидини сезгандек, талваса ичида орқасига ўгирилди. Қулоғига яна ур-йиқит, шовқин-сурон, бақир-чақир эшитилди. Туякаш ғаним қаршисида ҳоли хароб кимса каби қумга чўккалаб, ўлимини кута бошлади. Бироқ шўр пешонасига яна кўп кўргуликлар битилган эди, у ожиз қолиб, аввалига овоз чиқармай, елкалари силкина-силкина йиғлай бошлади, кейин аламли йиғиси оламни тутиб кетди. Ўлимига минг бор рози бўлиб, ўзини тақдир измига топшириб, ҳеч нарса билан иши бўлмай қолди. Дафъатан юмшаган дийдаси тағин қотиб, яна яшагиси кела бошлади, шунда у яна ўрнидан туриб, олдинга қадам босди.

Туякаш тақдир тақозоси билан омон қолиб, бир куни ватанига етиб борди ва  Чингизхонни бўлиб ўтган воқеадан огоҳ этди.

Тарихчи Насафий Ўтрор қирғини ҳақида мулоҳаза юритиб, шундай дейди:

“Мўғул ҳоқони бу воқеани эшитгач, таъсирланиб уч кун хонасига қамалиб, тоат-ибодат  қилди: – Эй Худо, ўзинг гувоҳсан, мен Алоуддинга тинч қўшничилик, осойишталикни таклиф этаётирман. У таклифларимга катта жиноят – одам ўлдириш билан жавоб қилмоқда. Хоразмшоҳнинг улкан давлати, беҳисоб лашкари, ўз аскарларим ва ниҳоят халқим олдида менинг гуноҳим йўқ. Урушни у бошлади. Мен  ўзимни қон ва жон бериб яратган давлатимни, халқларимни ҳимоя қилишга мажбурман”.

Ўтрор воқеасидан кейин ғазаб отига минган Чингизхон  Султон Алоуддиннинг отаси Текаш вазири авлодига мансуб Ибн Кажраф Буғрони Хоразмшоҳга элчи қилиб юборди. Элчи шоҳга Чингизхоннинг номасини етказди. Нома ўқиб эшиттирилди:

“Сен савдогарларнинг бехатар бўлмоғини, уларга ҳеч ким ҳужум қилмаслигини ёзиб, ўз қўлинг билан имзолаб, ваъда берган эдинг. Лекин хиёнаткорона йўл тутдинг ва сўзингни буздинг. Бу ишнинг ислом султони томонидан қилингани яна ҳам ёмондир. Иналхон қилган иш сенинг амринг билан бўлмаганини тасдиқласанг, у ҳолда Иналхонни менга тутиб бер, токи биз уни жазолайлик. Акс ҳолда, энг азиз қалбларни сазойи қиладиган ва найзаларнинг сопи синадиган қирғинбарот уруш бўлғусидир”.

Нома ўқиб эшиттирилгач, Хоразмшоҳ ғазабга миниб, Ибн Кажрафни қатл этмоққа буюрди. Аммо шундан сўнг тинчини йўқотди.

Султон 1218 йилнинг баҳорида машварат учун аъёнларини ҳузурига чорлади.

Бир қора шарпа таҳдид солиб келар, афтидан, бу чингизий босқинчилар ҳамласи эди…

 

 

 6. Хассос Дилшунос

( Жалолиддин  Манкбурни сўзи )

Фалак жомидин томур найсону абр, лек сувға ташна Мовароуннаҳр! Ватан ишқи тушиб ким тортмас жабр, Мовароуннаҳр! Келгай, қачон мукофот – ажр, Мовароуннаҳр! Чекилгайми зулмда туғилган қаҳр, тошлар эриб кетгай кўрганда меҳр, даштинг узра кезаверсин Хўжаи Хизр, қасос ўтида ёндик, Мовароуннаҳр!

Момом Туркон суриб даврон, магар бизни тан олмаслар, назар солмаслар… Қипчоқ, баёвут улусим деб, билгичидин қолмаслар. Энди ҳаёт бўғизларга осилган бир дор! Сиртмак очиб бўйнига бул дунёга тўймаганлар бор. Манзилини  этмиш  хунимон, маконини  қилмиш таламон, оҳим магар Ўзига етган. Кўзларимдин уйқулар кетган, ғариб кўнгул бир нола этди. Ман нишаттим, ман нишаттим?

Хиёнаткор ўй, хатокор умр бошлагувси одамзодни қинғир йўлларга. Ман бул йўлда ҳориб-чарчадим. Толган оёқ энди чопсинму? Ғариб кўнгул ором топсинму? Ман нишаттим? Ман нишаттим?

Чўзсам қўлим етмагай, бул қай тилсим, Танҳолик! Сидқи тўлқин ичиндан даъват келар Раҳмонлик. Лаҳза-лаҳза туриб қолсам, эшитиб шодмонлик. Ҳусни қабул айла оҳим, бизга тила омонлик…

Қай ажойиб бир гўзал мантиқ. Ажабо! Cубҳан Аллоҳ, чиндан бебаҳо. Ё Xудо, Улуғ Мавло! На бир ёзиб битказадирлар, на тасвирлаб маромига етказадирлар. Бир зарбда маҳорат  билан осмонни кўтариб, инкишоф-ла юксаклара пуфлаган! Cўнг парқу булутларни муаллақ осилтириб, само билан  ерни бир-бирига маҳтал боққуси этиб жорий этган. Офтоб – оламтоб – Шамс  қароргоҳи томон йўналди – Мағрибда уйғониб, Машриқ томон мунғайиб ботди. Қамар бутоғига боғланди, суқ тегмасин учун юзининг қай бир ери бироз доғланди. Жуфт-жуфти билан:

Осмонни Заминга қаратиб қўйди. Шамс бирлан Қамар, Тун ила Кун, Одам ва Ҳаво, бузрукворим Буюк Хоразмшоҳ ва азиз онам – туркман  қизи Ойчечак! Бу қай мантиқ эди, кимнинг мантиғи? Бу чиндан ажабланса гўзал бир мантиқ. Башар қавми чўзса қўли етмагай, шул қадар юксалтирган эди, осмонни. Аввал тонгни оҳиста тушириб, cўнг япроқ  устига дир-дир титроқ, биллур шабнам қўндирди. Аларни аллаловчи муамбар шабадалар жўнатди. Тонг ҳарир пардасин йиғиб, ўрин алмашмоқ учун оҳиста ортга чекинди. Таважжуҳ бирла оловбардор Қуёш кенг оламни нурларига беламоқ истаб, сиймин ташлади. Чиндан бунда Кун-да cолланиб офтоб-оламтоб, Тунга фақат ўзини даҳлдор этмиш моҳитоб. Кези келгач, ўрин алмашар, магар улар қайтарлар такрор, ажабо, ғоят фусункор, яна, яна шу бўлар такрор. Кун кундек равшан, киприклари зардан, дудоқлару ёноқларга нурларин сочиб, жило бериб гулгун юзларга, бу дунёни зиёга белар, нурдан олиб, нурларга ўрар. Сўнг елкаларга қўндириб шомни, уфқ қонаб, ўксиниб шафақ, Тун яна чунон бостириб келар. Кун Тунга асир, Тунни эса мутлақ басир айлаган ва шевасин ишқ дея атаган. Ишқ – жаннат, ишқ – жаҳаннам! – дегайлар. Ибтидоси нақадар гўзал, интиҳоси мушкул, алҳазар! ”Онҳо жудо кардан моро! Ёхуд алар бизни жудо этганлар!” – деганлар. Бу азалий қўшиқми? Магар шундай, дунё ошиқлар рақсига тўлиқ. Алар мудом санамларнинг парвозига шай! Жаннатдан мосуво бўлгани етмаганидек, алар тағин адашгай.

Шайтон макрига боз учган Ҳаво олисларга кетиб қолганди. Қотиб кетган дийдаси юмшаб, кўз ёшини Дарёга қуйди. Дарбадар изларини излаган Одам нолон қолиб кўзларин ўйди, ниҳоят уни музлик устида топди:

– Билмамки, сан қаён кетдинг? Мани буткул савдойи этдинг, – деди Одам жуфтига, кейин Ҳавонинг ҳўл дока рўмолини нафаслари билан қуритиб, музлик устида ярашишди. Шу-шу, Одамнинг тиззаси музлаб, Ҳавонинг эса икки мучаси совуқ қотадиган бўлди.

Алалхусус, ерни табаррук, лекин зеру забар қилиб яратиб, Замин исми унга раво кўрилди. Ҳар ёнини текислаб ўнглади ва жамики жонзотлар бешиги этиб тайинлади. Сўнг яшил, нафис туклар қадаб, Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг пойиқадамига зангор майса пояндоз ёйиб қўйди. Қай бурчини саҳро-даштга йўғдириб, қизил қумлар тўшади. Cаҳрою Дашт  кемаси – Туяни аларнинг мушкулини осон этмоқ учун жўнатди.

Қалбга бир чимдим меҳр ташлади ва “…бонг ургувчи юракни авайланг, ани кўксингизга қададим”, – деди. Алҳол кўнгил билан яралди инсон. Кўнгил кўнгилга ипсиз боғланиб, яшамоқчун берилди имкон. “Кўксингизга кесак эмас, юрак  қададим, бунда қайроқтош ҳам меҳр кўрса кетгайдир эриб”, дея уқтирди. Ўзинг бу ёнда-ю, кўнгил у ёнда, хотиринг жам, лекин қалбинг куй чалиб, дилинг сўйлар, юрак мавжланар. Ай, Дариға куйлагин сен мен эсам сибизға созим чанқовуз чалай! Фақат сен тўхтама, Дариға! Куйла, сени тинглаб тилга кирсин гунг қайроқтошлар…

Ҳақ рост, маҳорату инкишофдан яралган юрак. Бу қай имтиёз, қила олгай ким ҳам эътироз. Одамзод дилига боқиб Хасcос, сайқалу сиймин ташлаган, таъзим Cенга, эй Дилшунос!  Хассос Дилшунос!                  

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: