jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 14 мая, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

Жалолиддин5. Бир шарпа кўринаётир…

 

Жонини омон сақлаш ғамида юрган далли хаёли тушида ҳам ором олмади. У сув излаб, йўлда яна давом этди. Ниҳоят, туякаш не-не машаққат билан кафтдек ерда сизиб оқаётган булоқни излаб топди. У орзиқиб кетди. Оғир ютиниб, сув томон энгашди ва икки қўлини ерга тираган кўйи ютоқиб cув симира бошлади, бироқ не тонг, не ажабки, чанқоғи ҳеч босилмади. Туман ичида қолиб кетгандек, кўзига ҳеч зоғ кўринмас эди. У чанқоғини қондирмоқ истаб тағин ютоқди, шу дам кўзлари очилиб кетди. Қуёш тонгни уйғотиб бўлган, атроф ўша-ўша, жим-жит, у яна даҳшат ичида қолди, ҳаммасини унутмоқ истаб, яна кўзларини юмди, ҳеч вақони ўзгартиролмади. Амал-тақал билан илгарилади. Унинг ақлини даҳшат босган эди.

Шамшир дами ҳавода муаллақ ўйнаб, таъқиб эта бошлади, шунда ажал таҳдидини сезгандек, талваса ичида орқасига ўгирилди. Қулоғига яна ур-йиқит, шовқин-сурон, бақир-чақир эшитилди. Туякаш ғаним қаршисида ҳоли хароб кимса каби қумга чўккалаб, ўлимини кута бошлади. Бироқ шўр пешонасига яна кўп кўргуликлар битилган эди, у ожиз қолиб, аввалига овоз чиқармай, елкалари силкина-силкина йиғлай бошлади, кейин аламли йиғиси оламни тутиб кетди. Ўлимига минг бор рози бўлиб, ўзини тақдир измига топшириб, ҳеч нарса билан иши бўлмай қолди. Дафъатан юмшаган дийдаси тағин қотиб, яна яшагиси кела бошлади, шунда у яна ўрнидан туриб, олдинга қадам босди.

Туякаш тақдир тақозоси билан омон қолиб, бир куни ватанига етиб борди ва  Чингизхонни бўлиб ўтган воқеадан огоҳ этди. (далее…)