jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 9 мая, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

Монгол3. Худони унутганлар – хасталар, бечоралар

 

Салоҳиддин  дарвозадан ичкарига кирганида, Дариға холаси Муҳаррам билан бир нималар, деб пичирлашмоқда эди. Улар Салоҳиддинни кўриб, кўзлари ер чизганча индамай қолишди.

– Энди бироз тузикмилар? – деб сўради у Муҳаррамдан.

– Ҳа, табиб кўриб  кетти, қилтомок деди.

Салоҳиддин бошини сарак-сарак чайқади.

Муҳаррам ёшли кўзини артиб,  яна ер чизиб индамай қолди. Салоҳиддин ичкарига – Улмон хотин ётган хонага кирди.

Улмон хотин тўрт-беш кундан буён туз тотгани йўқ, силласи қуриган, ҳолсиз, беозоргина  тўшакда ётибди. У шу ҳолда невара куёви Салоҳиддин билан сўрашгач, кўзларини шифтга қадаган кўйи жимиб қолди. Сўлғин ва хомуш, юзининг қони қочган, синиқиб, оқариб кетган эди. У ўнг қўлини cилаб қўйди.

Муҳаррам онасининг ёнига ўтди:

– Эна, бошингизни кўтариб, томоқ есангиз, – у қуритилган жамбил, райҳон солиб пиширган бир чинни маставани ёғоч қошиқда совутиб, – есаниз, – деди яна онасига қараб.

Улмон хотун уч-тўрт қошиқ мастава ичган бўлди, сўнг:

– Бўлди, бошқаси ўтмийди, – деди чиннини нарига суриб.

– Тағин бир-икки қошиқ…

У йўқ дея ишора қилиб, дармонсиз бошини ёстиққа ташлади.

Cалоҳиддин ва чолига қараб:

– Ман энди кўпга бормасман, Собирбекка одам жўнатинглар, Шодмонгулни олиб келсин, – деди.

– Нечун бундоқ деётирсиз, ҳали  кўп яшагайсиз, – деди Салоҳиддин унга далда берган бўлиб.

– Энди кўпим кетиб, озим қолди. Шодмонгули олиб келсанглар.

– Ҳа, шундоқ қилурмиз, cан хотиржам бўл, кампир, – деди Бегимқули. Кейин Салоҳиддинга қараб:

– Қобил Бухорога кетгач, сан Хивага Шодмонгулга  борурмисан? – дея сўради.

Салоҳиддин  “ҳа” дея бош силкиди.

Аравага от қўшилди, Салоҳиддин Хивага йўл олди…

 

Дариға  ўғлини кўтариб, катта энаси ётган хонага кирди, холасининг ёнига келиб чўкди.

Улмон хотун ҳамон индамай ётарди, руҳий бир кураш, бир ғалаён унинг борлиғида исён кўтармоқда эди. У ботинида кечаётган бу исённи йиғи орқали чиқариб юборди.

Муҳаррам унинг қўлига қўлини олиб борди, шунда Улмон хотун қўлини илкис тортиб олди ва тўшакни ғижимлаб, баттар ёниб йиғлади. Нобуд бўлган икки ўғли ва Ғошиянинг хаёли унга тинчлик бермас эди.

– Энди, товитимми кўтариб кетадиган ўғлимам йўқ, – деди зорланиб.

Индамай турган Бегимқули Оллоёр томоғини қириб гапирди:

– Сан ўғлим йўқ деб ўксима, ойдин қизларинг, невараларинг, чеваранг бор. Дили харобликдин Худонинг ўзи асрасин!

– Ҳа эна, биз бормиз, нечун сиз бундак демакдасиз, ўғил неваралариниз бор. Йиғлаб ўзингизни қийнаманг.

Шунда Бегимқули унинг ёстиғи томон бақамти ўтириб, сўзлади:

– Ҳазрати Мусо алайҳиссалом Фиръавн қавмидин безиб, саҳрога бош олиб кетмакда эрди. Ул киши солланиб-солланиб кетар экан, йўллар кўзига адоғи йўқ  каби кўрингач, юрмоқдин  тўхтаб қолди… Ҳолдан тойган Ҳазрат ўзини ёлғиз,  бечора ва даҳшат ичинда сеза бошлади:

– Эй Раббано, хастамен, бечорамен, – дея нола қилди. Шунда анга жавоб  келди:

– Эй Мусо, Мaндек дўсти бўлмаган киши ёлғиздур! Ман бирлан алоқасини узган кимса бечорадур. Мандек табиби йўқ кимса хастадур.

Улмон хотун чоли айтган ривоятни эшитиб, “Худога шукур”, деди. Кейин чолига тикилганча жимиб қолди. У бир таскин туйган эди.

– Нолима, Худони унутганлар ёлғизлар, хасталар, бечоралар…

 

      4. Миш-миш

 

Улмон хотин вафотидан сўнг ҳайҳотдек ҳовлида отам ёлғизланиб қолмасин, деб Муҳаррам ўғли ва келинини унинг ёнига кўчириб ўтказди.

Ҳар гал шундай: дарвозадан ичкарига кирган Дариға ҳозир катта энаси гўё уни қучоқ очиб кутиб оладигандай энтикади, бироқ Фотима пешвоз чиққач, шундан кейин энасидан буткул ажралганини ҳис этади. Ҳозир ҳам ўғли Алоуддин билан кириб келганида, Фотимага кўзи тушди-ю, опа-сингил катта эналарини эслаб, кўзда ёш билан кўришишди.

Фотима жияни Алоуддиннинг митти қўлларидан тутиб, опасини уйга таклиф этди. У отасига тортган, новча ва хушбичим, кўҳлик келинчак эди. Кўзлари кишига зийрак боқиб турар, уни киши бир кўришда ёқтириб қоларди. Холаси Муҳаррамнинг хонадонига келин бўлиб тушганига атиги олти ой бўлган, унинг кетидан Зуҳрани Дариғанинг қайин укаси Раҳмиддинга узатишган эди.

Опа-сингил гурунг қилиб турган чоғ хонага қўлида бозорлик тугилган чорси кўтариб Мавлон кириб келди. Фотима ҳожасининг қўлидан чорсини олиб, хизматкорга тутди. Раҳима чорси ичидаги егуликларни дастурхонга қўйди.

Мавлон баланд бўйли, келишган қадди-қоматли йигит эди. Офтоб нури сингган кенг пешонасидаги терларини артиб, Алоуддинга қараб деди:

– Бу ён  кел, кўришайлик, –  у болакай билан қўл бериб кўришгач, – айвонда санга пишик кўрсатурман, – деди ва Алоуддинни даст кўтариб айвонга олиб чиқди. У пишиллаб ухлаб ётган мушукнинг ёнига  борди. Шарпа сезган мушук уйғонди ва кўзларини эриниб очиб, ўзига қўл чўзган болакайга тикилди.

Алоуддин мулойим ва ёқимтой мушукни қўлида тутиб, сўнг бағрига босди. Мушук унинг қўлидан сирғалиб ерга тушди ва нари  кетди. Алоуддин унинг кетидан югурар экан, тутқич бермаётган мушукка завқи келиб, қиқирлаб кулди, яна орқасидан қувлади, тутолмай хуноб бўлиб, бир ерда туриб қолди. Алоуддин  чаққон  ва жонсарак бола эди. У қуралай кўзларини Мавлонга тикиб, аразлаб бир нима деб, сўнг индамай қолди.

– Улли* бола аразламайди, бу ён кел… –   деди Мавлон унинг ёнига бориб. – Қарабтур,  ёвон* пишик,  ўзи кетти, ҳали ўзи келади, – дея қочоқ мушукни койиган бўлди.

Мавлон Алоуддинни ичкарига олиб кирди. Болакай бир нималар деб онасига ўз тилида қочоқ мушукдан шикоят қилди.

Фотима ҳожасига қайноқ чой узатди.

Қосим парвоначи суюнчилади:

— Бегимқули отам савдо карвонидан қайтдилар.

Улар бундан ташқарига, Бегимқулини қарши олгани чиқишди.

Савдо карвонидан толиб қайтган Бегимқули невараларининг саломига қуруққина алик олиб, ичкарига кирди.

Дариға катта отасининг шашти пастлигини кўриб, Алоуддинни  нариги хонага олиб чиқди.

*   *   *

Гурганжда бир миш-миш тарқалган эди…

Баъзан қароқчилар савдо карвонига ҳужум қилиб туришар, кейинги йилларда Хоразмшоҳнинг фармони чиқиб, бу сингари бесаранжомликка чек қўйилган эди. Қароқчилар ҳужуми ҳақидаги миш-миш аслида уйдирма бўлиб, Ўтрор ҳокими Иналхон амри билан карвон тўхтатилган, оқибатда турли гап-сўз ёйилган эди.

Олисларга чўзилган карвон ичида Бегимқули ҳам бор. Келажак муносабатларни ривожлантирмоқ истаб, фурсатни бой бермаган Чингизхон бу карвонни Мувароуннаҳрга жўнатган эди. Чингизхон юзлаб мусулмон савдогарларидан иборат карвонга ўрда элчиларидан Муҳаммад Хоразмийни бошчи этиб тайинлаган эди. Маҳмуд Ялавоч бошчилигидаги элчилик муносабатидан кейин жўнатилган карвон Гурганжга етиб бора олмади.

Воқеа бундай бўлган эди. Ниҳоят карвон аҳли ҳориб карвонсаройга етиб келди. Тоға ва жиян хос хонага жойлашгач, таомланиб олишди. Бироқ Бегимқулининг йўлда  бошланган оёқ оғриғи ҳали ҳам тингани йўқ. Унинг юришга ҳоли қолмаган: ўнг оёғи зирқираб оғримоқда эди. Жияни Кенжабек карвонсарой ҳожасидан табиб топмоқликда кўмак сўради.

Кенжабек Қипчоқ хонага кирганида, тоғаси оғриқ азобидан инграб ётарди. Унинг ҳарорати кўтарилиб, ўт ичида ёнаётганини кўрган Кенжабек ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ҳайриятки табиб вақтида етиб келди. У ҳароратни туширмоқ учун беморга малҳам-дори  ичирди. Шундан сўнг Бегимқулининг хаста оёғини синчиклаб кузатиб, оғриқ тафсилотларини обдон суриштирди. Ёрдамчисига беморнинг ўнг оёғига малҳам суртиб, уқалашни буюрди. Малҳам, боз устига уқалов таъсир қилиб, Бегимқули бироз ором олгандек бўлди ва ҳориб ўйқуга кетди.

Бегимқули кўзини очганда, кун пешиндан оққан эди. Карвон аҳли бугун карвонсаройда қолиб, эртага тонг-саҳар йўлга чиқмоғи даркор. Бегимқулининг бетоб эканлигини эшитган Чингизхон ўрда элчиси Муҳаммад Хоразмий улар жойлашган хос хонага одам жўнатиб, унинг аҳволини сўраттирган, фурсат ўтиб ўзи ҳам бемордан ҳол сўраб кирмоғини билдирган эди.

Бегимқули оёғини уқалайтуриб, жияни Кенжабек Қипчоққа юзланди:

— Карвонсарой хизматчиларига айтсанг, мева-чева, ширинликлар киритсунлар!

— Шундоқ қилгайман! — Кенжабек Қипчоқ хонадан чиқиб кетди.

Дақиқалар ўтиб, чаққон карвонсарой хизматчилари юлиб-югуриб, турли ширинликлар билан дастурхонни тўлдириб ташлади.

Ниҳоят Чингизхон элчиси Муҳаммад Хоразмий Бегимқули  жойлашаган хонага қадам ранжида  қилди.

— Сизнинг бетоблигингиз бизни ҳам ташвишга солмиш! – дея ҳол сўраган бўлди элчи саломлашувдан сўнг.

— Маним бетоблигим сизни ташвишга солганидин ҳижолатдамен. Иссиқ жоннинг иситмаси бор, деб бежиз айтмагайлар.

— Бунда хос табиб ҳам биз бирлан  бирга келгандур, агар ихтиёр этсалар, сизга кўмак бермоққа киргай.

— Илтифот учун ташаккурлар! Магар бунинг ҳожати йўқдур, манга карвонсарой табиби ёрдам кўрсатди… – миннатдорчилик билдирди Бегимқули.

Бироқ кўп ўтмай Чингизхон элчиси Бегимқули ёнига бежиз кирмагани маълум бўлди. Элчи гўёки гап орасида Бегимқулидан Хоразмшоҳлар салтанатига оид хуфя маълумотларни сўрашга  тушди. Лашкарларининг сони ва қалъаларнинг жойлашувига оид саволлари билан Бегимқули ва Кенжабек Қипчоқнинг ҳафсаласини пир қилди.

— Элчи  жаноблари, ман бир савдогармен! Кўринишда сиз бул саволларни манга бериб  адашдингиз, чоғи!

Элчи Муҳаммад Хоразмий  берган саволига бозоргон Бегимқулидан бу тақлид жавоб кутмаган эди, у бироз саросимада қолиб, кейин вазиятни тўғирламоққа киришди.

— Ман сизни тушундим, бироқ бул гапимиз орамизда қолувини истаймен!- элчи қўйнига қўл солиб, ниманидир олди ва Бегимқули томон яқинлашди. Кейин чарм халтача ичидаги олмос тошларни унга узатди. Бегимқули шошиб қолди:

— Элчи жаноблари, ман Хоразм дилбандимен. Шул сабабдин бу туҳфангизни қабул қилолмагум!

— Ани ман сизга ҳадя қилдим, қайтиб олмоқлик манга маъқул келмайдур! Сизга ҳамиша саломатлик тилаймен! Ва умид қилурманки, буларнинг барчаси бизнинг ўртамизда қолгайдур.

Элчи тавозе билан бош силкиб, хонадан чиқиб кетди.

*  *  *

Тонг ёришгач, карвон тағин йўлга тушди. Етти кундан кейин эса Ўтрорга кириб борди.

Бегимқулини қадрдон дўсти Иналхон ҳузурига чорлади. Бегимқули Чингизхон элчиси билан бўлган ҳуфя учрашувдан сўз очди.

— Бу суҳбат орамизда қолмоғини истаб, манга мана бул жавоҳирларни ҳадя этмиш. —  Бегимқули чарм халта тўла олмос тошларни Иналхонга тутди.

Элчининг бу тутумидан дарғазаб бўлган Иналхон ўзини қўярга жой тополмай қолди.

Иналхон табиатан қизиққон ва қайсар кас эди. Шу сабаб у Ғойур деган лақабни олган. Эндиликда эшитган бу хабар уни беаёв исканжага олди ва у кенг кошонанинг у ёғидан бу ёғига бориб келиб, Бегимқулининг ёнида тўхтади, бироқ  лом-мим демади.

Чингизхон отлантирган карвон аҳли орасида Ҳинду исмли бир савдогар ҳам бўлиб, у Иналхон билан азалдан таниш эди. Ўша илиқ муносабат сабаб Ҳинду Иналхон ҳузурига кириб, одати бўйича:

– Азизим Инол, Хон Чингиз бизларни сенинг шоҳинг ҳузурига жўнатмишдур! – дея мурожаат қилди.

Чингизхоннинг “сени ўзимнинг энг севимли ўғлим, деб ҳисоблагусиман”, деб Хоразмшоҳни таҳқирлагани етмагандек, Ҳиндунинг “Инол” деб сенлаб мурожаат қилиши ҳокимга оғир ботди. Бунинг устига элчи Муҳаммад Хоразмий бозоргон Бегимқулидан хуфя маълумот талаб этгани ҳам ошиб тушган эди. Бу ёниб турган оловга ёғ пуркаган каби бўлди. Шу сабабларнинг барчаси бир бўлиб, у карвон аҳлини қиличдан ўтказиб, мол-мулкини ўлжа олишни буюрди.

*  *  *

Қум қати қайнаб, жазирама авжига чиққан кез. Бир туякаш қирғин ҳамласини сезиб, жон қайғусида ўзини арава остига урди. Қаҳр отига минган сарбозлар қилич ўйнатиб, дуч келганнинг калласини танидан жудо этди. Кимдир кимнидир савалади, бақир-чақир, оҳ-воҳ оламни тутиб кетди. Барчага жон ташвиши баравар тушди. Арава остида жон ҳовучлаб ётган туякашни даҳшат босди.

Бир вақт арава ёнига яна бир арава келиб урилди, сўнг туя иҳраб жон таслим этди, бу ҳам етмагандек, уч-тўрт одам баравар жувонмарг қулади. Атрофда қиёмат қўпган, туякаш  яширинган арава тил тортмай ўлганлар ва иҳраган ярадорлар қуршовида қолиб кетди.

Қирғин тугаб, Иналхон галалари савдогарларнинг қимматбаҳо молларига эгалик қилиб, карвонни тарк этишди.

Нурлар битта-битта йиғиштирилиб, уфқ узра шафақ ҳам мунғайиб сўлмоқда эди. Омон қолган туякаш елкасига шом қўнди, атроф эса жим-жит, даштда чиндан ўлик сукунат ҳукмрон эди.

Туякаш бир қултум сув истаб, қуруқшаган оғзини очиб-ёпиб ютоқди, шунда томоғи бироз намиққандек бўлди. Очликка маълум муддат тоқат этмоқлик мумкиндир, бироқ чанқоққа чидаш мушкул. Қоронғу тушгач, у жонини жабборга омонат қўйиб, қўлига ханжар тутган кўйи ухлаб қолди. Кимсасиз, ўлик сукунат чўккан саҳрода қандай уйқуга кетганини ўзи ҳам билмай қолди.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: