jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 9 мая, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

Монгол3. Худони унутганлар – хасталар, бечоралар

 

Салоҳиддин  дарвозадан ичкарига кирганида, Дариға холаси Муҳаррам билан бир нималар, деб пичирлашмоқда эди. Улар Салоҳиддинни кўриб, кўзлари ер чизганча индамай қолишди.

– Энди бироз тузикмилар? – деб сўради у Муҳаррамдан.

– Ҳа, табиб кўриб  кетти, қилтомок деди.

Салоҳиддин бошини сарак-сарак чайқади.

Муҳаррам ёшли кўзини артиб,  яна ер чизиб индамай қолди. Салоҳиддин ичкарига – Улмон хотин ётган хонага кирди.

Улмон хотин тўрт-беш кундан буён туз тотгани йўқ, силласи қуриган, ҳолсиз, беозоргина  тўшакда ётибди. У шу ҳолда невара куёви Салоҳиддин билан сўрашгач, кўзларини шифтга қадаган кўйи жимиб қолди. Сўлғин ва хомуш, юзининг қони қочган, синиқиб, оқариб кетган эди. У ўнг қўлини cилаб қўйди.

Муҳаррам онасининг ёнига ўтди:

– Эна, бошингизни кўтариб, томоқ есангиз, – у қуритилган жамбил, райҳон солиб пиширган бир чинни маставани ёғоч қошиқда совутиб, – есаниз, – деди яна онасига қараб.

Улмон хотун уч-тўрт қошиқ мастава ичган бўлди, сўнг:

– Бўлди, бошқаси ўтмийди, – деди чиннини нарига суриб.

– Тағин бир-икки қошиқ…

У йўқ дея ишора қилиб, дармонсиз бошини ёстиққа ташлади.

Cалоҳиддин ва чолига қараб:

– Ман энди кўпга бормасман, Собирбекка одам жўнатинглар, Шодмонгулни олиб келсин, – деди.

– Нечун бундоқ деётирсиз, ҳали  кўп яшагайсиз, – деди Салоҳиддин унга далда берган бўлиб.

– Энди кўпим кетиб, озим қолди. Шодмонгули олиб келсанглар.

– Ҳа, шундоқ қилурмиз, cан хотиржам бўл, кампир, – деди Бегимқули. Кейин Салоҳиддинга қараб:

– Қобил Бухорога кетгач, сан Хивага Шодмонгулга  борурмисан? – дея сўради.

Салоҳиддин  “ҳа” дея бош силкиди. (далее…)