jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, иккинчи қисм) 4 мая, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback
  1. Мухаббат Жарқачоқ

Кеча ёққан ёмғирдан сўнг сокин  ва осойиш ҳаёт яна изига тушиб, жонзотлар ғимирлаб қолишди. Қўрқа-писа инидан мўралаган чумоли хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ташқарига ўрмалади. Қуёш нурлари унинг жонига хуш ёқиб, офтобда пича тобланди. У аввалига бошини ерга оғдириб, cўнг тепага кўтарди, майин шабада димоғига бир ёқимли ҳид олиб келди. Чумоли ҳид анқиётган тарафни тусмоллаб, шу ёққа йўл олди.

Cўл томонда – эски тегирмонда буғдой тортаётган Учқунбек бироз тин олгач, яна ишида давом этди. Чумоли тўхтаб, бошидаги хиёл кўзга кўринган икки туксимон шохлари билан олисдан туриб шерикларига хабар жўнатди. Чумолилар қаторлашиб, хабарчи томон ўрмалашди. Улар тегирмонда буғдой тортиб, ун чиқараётган Учқунбекнинг атрофида  ҳалқа ҳосил қилиб, сўнг “топилдиқ хирмон”ни гўё таламон қилмоқ учун тарқалишди. Улар чеккада тўкилган буғдой уюмига ёвдек ёпирилди. Cўнг кепак ва буғдой қипиғи орқалаб, инлари томон равона бўлишди.

Қосим парвоначи беш кун илгари Бегимқули Оллоёрга узрини айтиб, Бухорога йўл олган эди. Ўғиллари кун ора бўй чўзиб, ўсиб келмоқда. Қўлбола тегирмонни кенгайтириб, янги  жарқачоқлар сотиб олиш мақсадида пича маблағ жамғарди. Шунинг ғамида, уста биродариникига – Бухорога йўл олди. Завжаси Раҳима бир этак бола билан унинг қайтишини кўзи тўрт бўлиб кутди. Кеча гузар оқсоқоли буғдой ташлаб кетаётиб: “Эртага  асрдан сўра олиб гетажакман, уж коп буғдойи жаркачокдан чикариб кўйсангло”, деб қайта-қайта тайинлаган эди. Эрталаб Раҳима қараса, ўғли ширин уйқуда, уни безовта қилгиси келмай, ўзи бир қоп буғдойни тегирмонда тортди.

Тўнғич ўғли отасига ўхшайди. Энди ўн етти ёшга қадам қўйган Учқунбек қотмадан келган эса-да, билаги йўғон, бақувват, бир ҳалим йигит. Ундан сўнг ўғиллари Лочинбек, Полвонбек, улар кетидан эса Қумри ва Ойқиз исмли қизлари ҳам бўй чўзиб, улғайиб келмоқда эди. Фарзанд деганнинг нафси ҳам, қилиғи ҳам ўзига қўшилиб улғаяр экан. Ҳожаси кун бўйи Бегимқули Оллоёр хонадонида ишлайди, бўш вақтида толдан сават, чўмич, қафас тўқийди, Раҳима Улмон хотин юмушларини қилиб уйга қайтади.  Жундан кийгиз босади, қизлари унга дастёр. Тайёр маҳсулотни Қосим бозорда пуллаб, тирикчилик қилади. Ўғиллари маҳалла аҳлининг буғдойини тегирмонда тортиб беради, ота-онасига кўмаклашади. Ҳар не бўлганда ҳам тириклик – қисмат, қоринни тўйғизмоқ ғамида одамзот тонгдан шомга қадар тиним билмайди. Ҳатто жимиртдек чумоли ҳам митти жонига кун бўйи тинмай тер тўкиб, жонсарак ғимирлайди.

Учқунбек жарқачоққа бўғдойни ағдариб, қопни яримлатди, сўнг хиргойи қилиб, ун торта бошлади:

Ман натиб  кўнгил бойладим,

Геттинг, изингни пойладим,

Мижгонинг  гўзима жойладим.

Юракни  камона  ёйладим.

Cан маним ҳолим билмадинг.

Ҳоли хароп даб ўйладинг,

Мунгли кўшиғим куйладим.

Шому саҳарлар ўйладим.

Ёнтоштирмин* сан ўзингни

Олиб кочасан гўзингни,

Жабр атиб бул жонимға.

Етолмасман ман ёнингға.

Ман натиб кўнгил бойладим,

Геттинг, изингни пойладим,

Мижгонинг гўзима  жойладим,

Юракни камона ёйладим…

Хийла кичик қопда буғдой кўтариб келган Лочинбек, акаси ҳиргойи қилаётган қўшиққа қулоқ солиб турди. Учқунбек қўшиқ айтмоқдан тўхтаб, укасига бир қараб қўйди-да, кейин яна  жарқачоқ торта бошлади.

– Завра опамам ёнтоштирмийин ёнина, сизи хароп этиб кеттилар, – деди акасига мийиғида кулиб.

Учқунбек гапга чечан, боз устига, ўлгудек қитмир укасининг бу тақлид гапларини аввал ҳам эшитган, шунинг учун индамай ишини давом эттирди.

– Ҳе-е,  тўғри айттимма?

– Кепагини айри, унини айри…

– Ҳа, – деди Лочинбек акаси гапини тугатмасдан бурун, у нимани назарда тутганини англаб. У тортилиб, ҳали ҳоври кўтарилмаган иссиқ унни олиб бориб қопга солди, сўнг кепакни бошқа қопга жойлади. Сўнг яна акасига гап қотди:

– Тунов кун Бегимкули бувамикига борсам, Завра опам кептилар…

Гапи акасига қай йўсинда таъсир этаётганини билмоқ илинжида гапирмоқдан тўхтаб, унга тикилиб қолди. Акаси эса тегирмонни қўйиб, бошини қашлаган киши бўлиб, укасига термулди.

– Ҳей кўрсангиз…– У бошини сарак-сарак қилиб, яна акасининг кўнглини қитиқлади. – Ҳей, ман бошинда танимий…

Ичкарига Раҳима каттакон тоғора кўтариб кирди ва:

– Қайсисина кепак солинғон? – дея сўради.

– Энди тўхтанг… – Лочинбек қопдан онасининг тоғорасига кепак тўлдириб, сўнг унга узатди.

Учқунбек олисларга тикилиб, индамай қолди. Қўли беихтиёр тегирмонга борди ва яна ишида давом этди.

Бегимқули хонадонида юмушлар кўпайиб кетгач, Қосим парвоначи кўмакка ўғли Лочинбекни чақирди. Ҳовлида юмуш билан юрган  Лочинбек Зуҳрага кўзи тушди-ю, юраги ўртаниб кетди. Шундай вақтда Лочинбек босар-тусарини билмай қолади. Илгари ўқтин-ўқтин уни ўйлар эди, ҳозир унинг хаёлисиз туролмайдиган беқарорга айланди. Лекин қисмат экан, хаёллари ҳавога соврилди.

Улғайиб келаётган Фотима билан Зуҳрага харидор чиқиб, бирин-кетин тўйлари бўлди. Фотима холаси Муҳаррамнинг катта ўғлига қаллиқ тушди. Зуҳрани эса Дариғанинг қайнонаси Насибали ёқтириб қолиб, кенжа ўғли Раҳмиддиннинг никоҳига олиб берди.

Зуҳранинг тўйидан сўнг Лочинбек икки-уч кун ётиб қолди. Дард киши танламас, магар бу дард дил хасталиги бўлса, бедаводур, сен дардингни кимга айтасан?  Лочинбек дардини ичига ютиб, укасига деди:

– Тоғин бир қоп буғдойни тортсак, сўра тушликка ўтажакмиз!

– Бир қоп дедингизми, оға? Қорним очиб, дармоним қуриб кетди, – деди укаси норози оҳангда.

– Энди  сабр қил! – Лочинбек тегирмон тортавериб, ун кукунлари учиб қўнган қош-киприкларини артиб, оғир тин олди.

Лочинбек тегирмондан чиққан унни пешма-пеш қопга солди, кейин ҳолсизланиб ўтириб қолди.

Учқунбек укасига қарар экан, азбаройи унга ачинганидан қўлидаги ишини қўйиб:

– Лочин, сан боравер, ман бул юмушни тугатиб, шундан сўнг тушликка ўтгайман, – деди.

Шу гапни у интиқ бўлиб кутгандек, илкис ўрнидан туриб, уст-бошини қоққан кўйи, оёғини қўлига олиб югурди.

Фурсат ўтиб, унниқиб кетган дарвозанинг бир қаноти очилиб, ичкарига Салоҳиддин кириб келди.

Cаломлашгач, Cалоҳиддин ундан сўради:

– Отанг келдими?

– Энди келар деб турибмиз…

Ҳим-м, энанг уйдами?  

Ҳа.

–Унда энанглани чақирсанг.

– Шундоқ қилурман.

Учқунбек онасини чақиргани ичкарига кириб кетди.

Cалоҳиддин безовта эди, Раҳима унинг ёнига етиб келганда у салом-аликдан сўнг мақсадга кўча қолди.

– Улмон момомнинг тови йўқ, Бегимқули тоғам сизи тезда етиб келсин, деб мани жўнатдилар.

– Э-э, Лочинбекнинг отаси Бухорога кетгач, ман уйдан чиколмай турган эдим.

– Бугун бормасангиз бўлмас…

– Ҳа шундай, тезда ўтурман…

 

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: