jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 1 мая, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

Карвон ИККИНЧИ ҚИСМ 

 1. Ришталар                                                                                                             

Даштнинг ёзилмаган қонунлари кўп. Саҳрои Кабир олов гирдобида тобланиб чиниққан, Карбало даштида ором билмаган туялар ўз кучига таяниб, қумларни оёқлари билан эзғилаганча илгари одимлайди. Бу осмон остида барчани баробар кўтариб турган мана шу замин устида митти чумолидан туяга қадар жаъми жонзотнинг ўз вазифаси бор. Айнан кимсасиз саҳро ва дашти биёбон қўйнида кетаётган одамзот осмон қўлинг етмас даражада баланд, замин кўз илғамас кенгликдан иборат эканини туйқус англаб етади, шунда кўзини янаям каттароқ очиб, атрофга тийран боққиси келади. Ҳолбуки,  само  ўша осмон, ер ҳам ўша замин. Худдики дашт қўйнида сен ҳам унинг бир заррасига айланиб улгургансан, шуни англагач, олам кўзингга айрича кўрина бошлайди, ўзинг-да адоқсиз бу кенгликлар маҳобати қаршисида бир зарра қадар йўқолиб бораётганингни сезасан.

– Ҳавонинг авзойи бузилаётир, кечга бориб қуйиб бермаса гўрга-я, – деди тепа тишлари тушган туякаш шеригига.

– Рост айтдинг, тезлатмасак бўлмайди чоғи.

– Яқин орадаги карвонсаройга етиб олсак, марра бизники. Туяларам, ўзимизам дим ҳоридик.

– Бе-е, деган билан беда пайдо бўла қолса экан…

Чиндан ҳавонинг авзойи бузилиб келмоқда эди. Даштда туйқус чанг кўтарилиб, осмонга тўзон ўрлади, сўнг қуюнга айланиб пастга қайтди. Энди бу гал қумлар қатига ғулу солган қуюн яна пастни тўзғитди.

Карвон бошидаги нортуя қум кўчкисидан безиб, кўзини юмиб-очиб яна илгарилади. Cўнг бир нимани сезгандек бурнини жийирди. Унинг кўзлари узун-узун икки қават киприклар билан тўсилган. Ўша киприклари кўзларига урилаётган тўзондан уни омон сақламоқда. Бу жониворнинг бошқа ҳайвонлардан фарқи шундаки, кўзининг шаффоф пардаси ўзига хос, кези келгач, қуёшнинг ўткир нурлари ва оташидан асраб, иссиқда тўсиқ вазифасини ўтайди.

Ҳар гал шундай: тўзон кўтарилганда у кичкина, ҳар ёни тук билан қопланган қулоқларини ичкарига тортиб, шамол пича пасайгач, яна қўйиб юборди. Тўзон яна авжига чиққанида унинг қулоқлари орқага қайрилиб, бошига ёпишди. Шамолу тўзон туяларнинг силласини қуритган эди. Улар зўрға нафас олиб, ўпкага қум кирмасин учун юнг қопланган бурнини жийириб қадам ташлайди.

Туянинг ватани саҳро, дегувчилар зап топиб айтишган. Саҳро табиатан бўлак бир олам. Кундузи қуёш олов селида беомон куйдирса, кечаси изғирин қақшатади. Шу сабаб Яратган Эгам туянинг товонини ўз ҳимояси билан – ўтда куймас, совуқ ўтмас қилиб  яратган.

– Қум кўчкиси ўтғач, тағин йўлга чиқурмиз, – деди сарбон туякашларга. – Энди қум кўчкисини ўтказиб, туяларни ерга чўктирмасак, аларға жабр қилған бўлурмиз!

Туякашлар ортидаги издошларига имо-ишора билан хабар етказди.

Оёқлари мункиб, туялар ерга чўкишди. Ерга чўккан маҳал кўкрак ости ва тиззаларидаги кўз илғамас ёстиқчалари туяларга беминнат суянчиқ вазифасини ўтади. Нортуя танасини ҳиёл кўтариб, сўнг тиззаларига суяниб ётди. Бироз шамол тингач, у тумшуқ чўзиб янтоққа узалди. Унинг қуйи лаби ўртасидан ёрилган, айни шу ёриқ унга тиканли ўтларни ҳеч бир қийинчиликсиз ейишига ёрдам бермоқда эди. У янтоқни бир маромда чайнаб ютди. Кўп букламлардан иборат томоғи муттасил нам чиқариб турар ва уни саҳрода чанқоқдан сақлар эди.

Тўзон ўтиб, шамол тингач, карвон яна йўлга тушди. Бироқ бузуқ ҳавонинг авзойи баттар тундлашиб, сарбон кўнглини хира қилди. У бир нима деб минғиллади.

Булутларнинг  чоки сўтилиб, шаррос ёмғир қуя бошлади. Бу ҳаётбахш,саодат ёмғири қақраган даштни оби неъмати билан обдон сийлади.

Ниҳоят, ёмғир тинди. Карвон аҳли карвонсаройга етиб келганда кун асрга оғиб улгурганди. Карвонсарой хизматчилари қўллари қўлларига тегмай хизматда эди. Ёмғир ёғиб, ҳали хуморидан чиқмагани тезда барчага аён бўлди. Осмон тўлиб турган экан, бу гал шаррос қуйиб, дардларини бир йўла тўкиб солди, шу бўйи у ярим тунгача тиним билмади. Улар йўлда ҳориган, шу сабаб ҳужраларга жойлашгач, тош қотиб уйқуга кетишди. “Йўл азоби – гўр азоби”,  деб шунга айтсалар керак.

– Туялар ҳам дам олсунлар. Емишни ғамлаб, эртага пешиндин сўнг йўлга чиқурмиз, – деди cарбон. У кўзлари қисиқ, ўзи қорачадан келган, соч-соқолига хиёл оқ оралаган, ёши эса қирқ бешлар чамасидаги чайир бир киши эди. Офтоб урган рухсори ва қабоқлари остидаги кўз илғамас доғлари уни дашту-саҳро қуёши билан анчадан буён ошно эканидан далолат бериб турарди.

– Агар илдамроқ ҳаракат қилсак, тағин беш кундин сўнг манзилға етгаймиз, – деди у иягини силаганча.

– Шундоқ, – деди ёрдамчиси унга жавобан.

* * *

Кеча тинмай ёққан ёмғирдан сўнг, қониб сув ичган дашт ҳам тинчиб қолди. Йўлга чиққан карвон аҳли бу сукунатни бузиб илгарилайди. Елвизак барчани аллалаб эсади. Туялар дупурини олисдан сезган юмронқозиқ модасига қараб овоз чиқарди. Шунда мода юмронқозиқ жуфтига эргашиб, инига кириб кетди.

Чингизхон Хоразмшоҳ билан орадаги ришталарни тобора маҳкам боғлашга жазм этди. Cавдо карвонлари билан бирга, элчилари икки дарё оралиғидаги юрт – Мовароуннаҳрга ташриф буюрган эди. Хон туркий одатга кўра, туя ўркачи баробар қуйма олтин, эроний қимматбаҳо маъданлар, арабий ноёб алхуттув, қоплар тўла мушк, ёқуту лаъл ва тарку юнгидан тўқилган ажойиб либосларни Хоразмшоҳга тортиқ этиб жўнатганди.

Маҳмуд Ялавоч бош бўлган элчилар манзилга етиб келди. Алиакбар Ҳожа ал-Бухорий билан  Юсуф Кенка ал-Ўтрорий ҳам улар билан бирга эди.

Мелодий бир минг икки юз ўн саккизинчи йилнинг айни баҳори. Муҳаммад Алоуддин Хоразмшоҳ Бухорода элчиларни асъаса-ю дабдаба билан кутиб олди. Элчилар улуғ Чингизхон номасини унга тутишди.

Қабул маросимида вазири аъзам Низом ул-мулк Чингиз номасини ўқиб эшиттирди:

“Сенга ўз саломимни йўллагайман. Мен сенинг салтанатинг бепоён ва қудратинг ҳам шул қадар эканлиғидан яхши воқифмен. Сен кўплаб халқларнинг ҳақпарвар ҳукмдорисен, шул боис сен бирлан тинчлик ва биродарликда яшашни истаймен. Мен сени ўзимнинг энг суюкли ўғлим, деб ҳисоблагусиман. Менинг Чин юртини забт этганим ва шимолда яшовчи барча халқларни ўз қанотим остига олғоним сенга маълум. Шуни билгинки, менинг салтанатим чумолилар уясидек жангчилар уясидур ва кумушларнинг конидур. Шу сабабдин бировнинг мулкиға эгалик қилмоқлик ҳисси мендан аслида йироқдур.Умид қилурманки,  фуқароларимизнинг савдо ва борди-келди муносабатларинда иккимиз ҳам манфаатдор бўлғаймиз”.

Тахтда виқор билан Хон номасини тинглаб ўтирган Хоразмшоҳнинг кўзларидан бир учқун учди. Бу учқунни энг аввал пайқаган вазири аъзам Низом ул-мулк шаҳаншоҳдан нигоҳини олиб қочди.

* * *

Элчилар шарафига берилган зиёфат айни авжига чиққан маҳал Хоразмшоҳ у ерни  тарк этиб, кошонасига қайтди. У ота-боболаридан мерос тахтда ўтирар экан, эшик оғаси вазири аъзам Низом ул-мулк ҳузурига киришга рухсат тилаётганини билдирди. Хоразмшоҳ “кирсин” ишораси билан бош силтади.

Вазир Муҳаммад Хоразмшоҳга Чингизхон  йўллаган мактубни яна қайта ўқиб эшиттирди.

– Не тонгким, – деди Хоразмшоҳ Низом ул-мулкка қараб, – мандек Мовароуннаҳр ҳукмдори, саҳрода кеча қайнаб чиқғон ёввойи бир маъжусийнинг ўғлиға айлансам?!

Мактубнинг айни “Мен сени ўзимнинг энг суюкли ўғлим деб ҳисоблагусиман”, деган жойи Хоразмшоҳга ханжар янглиғ қадалганини сезган вазир:

– Сиздек Мовароуннаҳр ҳукмдори маъжусий бир хонға асло ўғил бўлмассиз! – деди ҳозиржавоблик билан.

Хоразмшоҳнинг лаблари кибр-ла қимтиниб, сўнг заҳарханда билан “хо-хо”лаб кулди.

Ўзини  “Искандари Соний”, ”Cултон Санжар Монанд” санаб юрган Хоразмшоҳ иззат- нафси оғриб, саройнинг у ёғидан бу ёғига бориб келди.

Вазир шоҳнинг кетидан юриб, у томон эниб гапирди:

– Cизнинг ота-боболаринғиз ғурийлар ўртасинда мислсиз жанглар олиб борғонлар, қон кечиб, зафарлар қучғонлар. Эронни салжуқий суқлардин тозалаб, Бағдодға юриш қилғонлар. Ва бул юришинда муваффақият бирлан музаффарлик туғини қучиб қайтғонлар. Мовароуннаҳрдаги Мароқанду Бухоро қорахонийлардин буткул тозаланиб, cассиқ алаф синғари аларни таг-томири бирлан суғуриб ташлағансиз. Бас, шундоқ эркан, нечун Сиздек олийнасаб – шоҳлар шоҳи, Искандари Соний саҳройи маъжусий, боз устинға, кеча унғон бир хоннинг ўғли бўлур эркансиз! Ул сизга қул бўлса ярашғусидир!..

Хоразмшоҳ вазирига нигоҳини бурди. Шунда ҳали ҳам қаҳр ва ғазаб учқунлаб турган  кўзларига кўзи тушиб, Низом ул-мулк сесканди. Хоразмшоҳ унга қараб амр этди:

– Анави иштонсиз Ялавоч маним ҳузуримға олиб келинсин!

– Бош устина, шоҳим! Амрлари вожиб бўлғай… – вазир қуллиқ қилган кўйи чиқиб кетди.

Хоразмшоҳ cариғу қизил лаъл қадалиб тикилган этиги пошналарини таққиллатиб, тахти томон юрди. Белидаги олтин сопли ханжарини тўғрилаб қўйгач, тахтга ўрнашиб ўтирди.

Туркий маданиятдан хабардор, асли хоразмлик элчи Маҳмуд Ялавоч икки қўли кўксида, шоҳ  ҳузурида ҳозир бўлди:

– Ҳукмингизға мунтазирман, олампаноҳ.

Хоразмшоҳ тахтдан тушиб, унинг ёнига келди:

– Чингизхонни жангу-жадалларда чиниққан, жасорати кучли хон демишлар, шул ростму? – деб  сўради шоҳ.

– Бир қошиқ қонимдин кечгайлар, шоҳим. Ман бир элчидурман. Тагим ҳам Хоразмдин. Магар сиздек боболари асрлар оша буюк салтанат бунёд этғон ва бул салтанатни гуллатиб яшнатғон Санжари Султон Монанд қаршисинда ул бир хас кабидур. Сиз Мовароуннаҳр ҳукмдори – буюк Хоразмшоҳсиз…

Хоразмшоҳ юзига энди ниҳоят хиёл қизиллик югуриб, кибр билан бурилган лабида табассум ўйнади. У аҳдномага муҳр босиб, элчиларни сийлаб жўнатди.

Дилида она юрти Хоразм  ва унинг шоҳига муҳаббати чексизлигини намоён этган элчи Чингизхон ҳузурига қайтгач,  ўзи ва  Хоразмшоҳ ўртасидаги ҳуфя суҳбатдан хонни воқиф этди. Шунда хон ўзига кўрсатган садоқати учун Ялавочни  қимматбаҳо совғалар билан сийлаб, тақдирлади. Бу қисиқ кўз хон биринчи қадамидаёқ Хоразмшоҳни ўғлим деб, ўзини ундан устун қўйишини намойиш этган эди. У ўз кучи, қудрати ва салоҳиятига, темирдек мустаҳкам иродасига қаттиқ ишонарди. Чингизхон муҳораба майдонида ғанимлари дилига мислсиз қутқу солиб, атрофда гўё қиёмат қўптириб, ноғораларнинг талотўп садолари ҳамда лашкарларининг ҳайқириқ-чақириқлари остида шиддат билан қуюндек тўзғиб, сўнг жангга киришар эди. У қаҳрли ва айёр, ёввойи, аммо мулоҳазакор эди. Керагида куч, кези келганда, ҳийла ва найранг билан ғанимини мағлуб этарди.  Унинг савдогар ридосига ўранган хуфялари бутун Мовароуннаҳрда изғиб юрар, икки дарё оралиғидаги юртнинг сирлари, салтанат ва ворислар, уларнинг нозик ва оғриқ жойлари, мамлакатнинг кучли ва заиф жиҳатлари ҳақида маълумот йиғиб, Чингизга етказиб турарди.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: