jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 1 мая, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

Карвон ИККИНЧИ ҚИСМ 

 1. Ришталар                                                                                                             

Даштнинг ёзилмаган қонунлари кўп. Саҳрои Кабир олов гирдобида тобланиб чиниққан, Карбало даштида ором билмаган туялар ўз кучига таяниб, қумларни оёқлари билан эзғилаганча илгари одимлайди. Бу осмон остида барчани баробар кўтариб турган мана шу замин устида митти чумолидан туяга қадар жаъми жонзотнинг ўз вазифаси бор. Айнан кимсасиз саҳро ва дашти биёбон қўйнида кетаётган одамзот осмон қўлинг етмас даражада баланд, замин кўз илғамас кенгликдан иборат эканини туйқус англаб етади, шунда кўзини янаям каттароқ очиб, атрофга тийран боққиси келади. Ҳолбуки,  само  ўша осмон, ер ҳам ўша замин. Худдики дашт қўйнида сен ҳам унинг бир заррасига айланиб улгургансан, шуни англагач, олам кўзингга айрича кўрина бошлайди, ўзинг-да адоқсиз бу кенгликлар маҳобати қаршисида бир зарра қадар йўқолиб бораётганингни сезасан.

– Ҳавонинг авзойи бузилаётир, кечга бориб қуйиб бермаса гўрга-я, – деди тепа тишлари тушган туякаш шеригига.

– Рост айтдинг, тезлатмасак бўлмайди чоғи.

– Яқин орадаги карвонсаройга етиб олсак, марра бизники. Туяларам, ўзимизам дим ҳоридик.

– Бе-е, деган билан беда пайдо бўла қолса экан…

Чиндан ҳавонинг авзойи бузилиб келмоқда эди. Даштда туйқус чанг кўтарилиб, осмонга тўзон ўрлади, сўнг қуюнга айланиб пастга қайтди. Энди бу гал қумлар қатига ғулу солган қуюн яна пастни тўзғитди. (далее…)