jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 30 марта, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

xiva23. Бўлиниш

 

Хоразмшоҳлар салтанати чиндан улкан эди. Лекин бу салтанат гўё иккига бўлинган, икки пойтахт – Гурганж ва Мароқандга ажралган эди. Гурганжда онаси – Туркон Хотун, Cамарқандда – Алоуддин Муҳаммад ҳукмрон эди. Салтанат таг-тубидан емирилиб, нураб бораётганди. Деворни ёмғир сувлари ювса, уни сувоқ билан бир ҳолга келтириш мумкиндир, аммо пойдеворсиз қалъа – қалъа эмас, ният бир бўлмаса, бундай салтанат аянчли завол топгай.  Гурганж аъёнлари – Туркон хотуннинг қариндошлари салтанатга зимдан қутқу солиб туришни қўймас эди. Султоннинг туркий қўшинлари лашкарбошиси – ҳожиб сипоҳсолор Хумор Ағу, Бука Паҳлавон, Али Марғини қипчоқлар ҳомийси – Туркон Хотун уруғидан бўлиб, катта кучга эга эди. Султоннинг тоғаси Тўғайхон Самарқанд ноиби, яна бир тоғаси Хумортакин Гурганж ҳокими, бўласи Иналхон Ғойир эса Ўтрорни бошқарар эди. Уларнинг барчаси улуғ Султонга шаксиз бўйсунган кўринсалар-да, аслида  Турконнинг  измида юрар ва шу сабаб Султон Муҳаммад аксар ҳолларда онасига ён босишга мажбур эди. Шундай қилиб, бир салтанатда икки ҳукмдор – Улуғ Туркон ва Давру Даврон Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳукм сурди. Икки пойтахт – Гурганж ва Мароқанд вужудга келди. Иккиёқлама рақобат салтанатни пароканда этиб, туб-тубидан емирди.

Султоннинг Ҳалифа номини  Марв, Балх, Бухоро, Сарахас ва Мароқанд хутбада зикр этса, Ҳирот, Гурганж, Хивада Туркон муҳри қўйилар эди. Малика ўз фармонига “Исмат уд-дунё вад-дин Улуғ Туркон малика нисо ал-оламийн” – “Дунё ва унинг покдомони, Улуғ Туркон, олам аёлларининг маликаси”,  деб битар ва сўнг муҳр босар эди. Малика “Иътасамту биллаҳи” – “Фақат Аллоҳдан ҳимоя кутаман” деган шиорини ўғлининг йўлига кўндаланг ташлаган эди. У ўзи мансуб бўлган байавут улуси ва кўп сонли сарбозларига таянган ҳолда, ўғли Муҳаммад Хоразмшоҳ билан зимдан рақобатга киришганди.

*   *   *

Хоразмшоҳ тишларини тишларига қўйди, шунда унинг жағи бўртиб чиқди ва пешонаси тиришди. Икки қоши ўртасидан тортилган чизиқ унинг асаб торлари таранглашганидан далолат эди. Уйқусиз тонг оттирган султон жимиб қолган эди.

Эшик оғаси сергакланди: ёруғда унинг қалқони ярақлаб кетди ва ичкарига кираётган саройбоннинг кўзлари қамашди. Саройбон ичкарига малика Ойчечак кирмоқ учун рухсат сўраётганини  билдирди. Султон “кираверсин” ишорасида бош чайқади.

— Cултоним, қошларингиз ўртасинда тортилган чизиқ ташвишларингиз кўплигидан далолатдур! – деди малика  салом-аликдан сўнг тахтда паришон ўтирган Султон  ҳожасига қараб.

Хоразмшоҳ маликага яна паришон тикилди, лекин лом-мим демади, кейин нигоҳини бошқа томонга қаратди, шундоқ ҳам ғаш кўнгли баттар ғашланди. Султон маликага яна назар солди, нега энди мана шу сулув, доно аёл онаси Турконга ёқмаслигини эслаб, дили тағин хуфтон бўлди.

Туркон Хотун туркман уруғидан бўлган тўнғич келини – Ойчечакни унча суймасди. Ва унга мудом паст назар билан қараб келарди. Унинг ўғли шаҳзода Жалолиддиннинг валиаҳд этиб тайинланишига Туркон тиш-тирноғи билан қарши чиқди. Унинг хуфялари шаҳзоданинг ҳар қадамини нафрат билан кузатишар, Хоразм тахтига ворис тайинлаш пайти келганда айнан Жалолиддиннинг валиаҳд этиб тайинланиши маликаи олам ғазабини беадад қўзғаб юборган, шунда қаҳрида тўлғонган Туркон Хотун ошкора ҳужумга ўтганди.

– Бўлғуси Хоразмшоҳнинг онаси зоти паст туркманлардан экани мани қайғуга солмиш. Бўлажак шаҳаншоҳ фақат қипчоқ-қанғилардин бўлмоғи керак! – деди у қатъий оҳангда ўғлига қараб.

Муҳаммад Хоразмшоҳ худбин ва такаббур онасининг измидан бу гал ҳам чиқа олмади. Шунда у Жалолиддин ўрнига тахтга ворис этиб Турконнинг қипчоқий келинидан туғилган севимли набираси — Ўзлоқшоҳни тайинлади.

 

 24. Иккинчи тўқнашув

 

Бу аёвсиз тортишувдан сал ўтиб, Улуғ Туркон хасталаниб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олганди.

Саройда қўли енгил табиб сифатида ном чиқарган, шайх Нажмиддин Кубронинг суюкли шогирди, ислом оламида юксак илтифотга раво кўрилган шайх Мажидиддин Бағдодий Туркон ҳузурига чақиртирилган эди. Табобатда тенгсиз Бағдодий оташнафас шоир сифатида ҳам шуҳрат қозонган эди.

Шайх ниҳоятда келишган, кўркам ва хушсуврат киши эди. Юз-кўзларидан нур  таралиб турувчи бу  инсоннинг ғанимлари ҳам йўқ эмасди. Шу сабаб улар томонидан тўқиб чиқарилган уйдирма, аввал сарой аҳли, кейин халқ орасида кўпчий бошлаганди.

Эмишки, Мажидиддин Бағдодий сарой жорияларидан бирига ишқи  тушиб, унга атаб ишқий ғазаллар битиб, пинҳона жўнатиб турган. Бу уйдирма султоннинг қулоғига етиб борган эди.

Ўшанда тўшакда хасталаниб ётган маликанинг дардини синчиклаб сўраб бўлган шайх шогирдига ниманидир уқтириб, малҳам тайёрламоқ учун фармон берди. Шайхни кузатиб  ётган хаста Турконнинг хаёлидан “Хушсувратлик ҳам ярим давлат-да” деган ўй кечди.

Бағдодий Туркон Хотун ёнида қуллиқ қилиб, бош эгиб турган бекачиҳамширага тайёрланажак малҳамни қай йўсинда истеъмол этмоқ даркорлигини уқтирмоқда эди.

Саройда оёқ товушлари эшитилди, бу қадам сарой маҳрамларининг қадам олишларига сира ўхшамас, зеро улар эҳтиёткорлик билан оҳиста одимламоқни одат қилишган. Шахдам қадам эса сарой шифтларига урилиб, гўё туёғига тақа урилган отники каби тарсиллаб  чиқмоқда эди.  Аслида Туркон Хотуннинг бу муҳташам саройида ҳеч ким ҳатто қадам олишда-да бу қадар шижоатга ботинмас эди. Бу бетакаллуф ким бўлса экан? Маҳрамлар қуллиқда, тавозе билан бош эгишган.

Бу Хоразмшоҳ эди. У ҳукмбардор онасининг измидан чиқа олмай, Жалолиддин ўрнига Ўзлоқшоҳни Мовароуннаҳр валиаҳди этиб тайинлаган, бироқ бу қароридан кўнгли тўлмай, юраги зил кетиб юрган кез, иттифоқо яна бир воқеа рўй берганди. Бу воқеа унинг кўнглини бениҳоя хира қилди.

Хоразмшоҳ Бағдодийнинг қуллиқ қилиб берган саломига парво ҳам қилмади, ўзларини ҳоли қолдиришини сўради. Шайх хонадан чиқиб кетди.

Онаси ёнида икки букилиб турган бекачига қараб:

— Кўзимдан нари кет! — деди жаҳл билан, кейин онаси томон қайрилиб гапирди:

— Ул ибн Ҳаттоб шоир, мулла ҳазратлари, – султон ҳозиргина чиқиб кетган Бағдодийни назарда тутиб, хасталаниб ётган онасига қараб  гапида давом қилди,- онам бўлмиш Улуғ Туркон қаршисинда шифо бўлсин учун  “куф-cуф”дан сўнг қасида ўқимакдаму?!

Ўғлидан бундай беписандлик кутмаган Туркон талмовсираб қолди, бироқ сир бой бермай, кибр ила ўғлига боқди. Шунда Хоразмшоҳ кўрдики, онасининг бурун катаклари пирпираб учиб, тобора асаб торлари тортилмоқда:

— Шоҳ аталмиш ўғлим маним ҳолимни сўрагани келгандир деб ўйлаб эдим, энди билсам, ул давру даврон, саодатманд комрон манга заҳрини сочмак учун  келган эркан.

— Мандин кўра сизнинг ҳолингизга қайғурадиган кас борлигидан кўнглим тўқдур.

— Ул табибдур…

— Ул табиб саройдаги жорияларнинг бирига пинҳона ишқий ғазал битиб, жўнатиб турганидан хабарингиз борму?

— Илло буларнинг барчаси уйдирмадур! Хуфялар анинг изига тушган ва бул уйдирманинг ёлғонлиги бу кун барчага аёндур.

— Магар шуни унутмангки, бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур… Сизнинг хуфяларингиз ибн Ҳаттоб шоир ҳазратларига оғиб иш битирибдурлар. Маним хуфяларим эса, ани  ҳамон кузатмоқ билан машғуллар.

— Лекин султон ўғлим… — Турконнинг гапи оғзида қолди, Хоразмшоҳ унинг гапини кесиб, боягидан кескинроқ, боягидан шиддатлироқ заҳарханда билан тағин гапира кетди:

— Cултон ўғлингиз хўжа кўрсинга султондур. – Бу гап унинг  тили учидан шу қадар шиддат ва қаҳр билан чиқдики, пировардида у бўғилиб қолди. Жон қуши бўғизида талвасада эди, у оғир ютуниб, қийналиб нафас ола бошлади. — Бутун Мовароуннаҳрни қўлингизда чангалламоқ учун, — унинг овози тобора дадилланиб, ниҳоят зарб ва шиддат шамойилини олди — аввалинда, отам вафотидан ҳеч қанча  ўтмай, унинг лашкарбошиларини вазифасидан четлатиб, қавмингиздан бўлган  Хумор Ағуни туркий лашкарларимга лашкарбоши этиб тайинламоққа, кейин Иналхонни Ўтрорга, укангиз Тўғлуқхонни Мароқандга, Хумортакинни Гурганжга ҳоким этиб тайинламоққа мани кўндирдингиз. Лекин бу ҳам камлик қилгандек, Жалолиддиннинг ўрнига… — Туркон унинг сўзини бўлди:

— Магар буларнинг барчаси Мовароуннаҳр осойишталиги ва санинг измингда юргайлар, деб қилинган  ҳаракатлардур.

— Мовароуннаҳр осойишталиги? — У сохтакорона хохолаб кулди.

— Ҳа, Мовароуннаҳр осойишталиги ва санинг измингда юргайлар деб.

— Бекор гап! Алар манга қуллиқ  қилишиб, сизнинг измингизда юргайлар.

— Cан ўйлаган…

Бироқ Хоразмшоҳ онасининг сўзларини тинглашни истамади:

— Ман бандайи ожиз эсам онам чизган чизиқдан чиқмай, ризолигингизни  истаб, барча тилакларингизни бажо келтириб, сизнинг измингизга қарши бормадим…

— Сан мани рози этдинг, эвазига Буюк Мовароуннаҳр санинг чангалингда титрайдур!

— Мовароуннаҳр сизнинг чангалингиздадур! Йўқса, йўқса, ҳаддидан ошган бир сардорни эсини киритиб қўймак учун вазифасидан  четлатиб эдим, сиз  эсангиз уни  нима қилдингиз?

— Ман бунда…

— Cиз бунда, — деди яна онасининг гапини кесиб, — ул гуноҳкорни сийлаб, тағин мартабага сазавор этдингиз!

У даъфатан икки қўли билан устма-уст қарсак чалди, шунда икки кафтидан чатнаб чақин чиқишини  кутиб турган хўппа семиз навкар гўё думалаган меш каби буралиб,  қуллиқ қилган кўйи ичкари кирди:

— Амрларига мунтазирман, онҳазратим!

— Анави Хумортакин зудлик билан  маним ёнимга етиб келсун! –дея фармон берди.

— Онҳазратим, амрингиз сўзсиз вожиб бўлгай!

Навкар қуллиқ қилиб, орқа томони билан тисарилиб чиқиб кетди.

Хоразмшоҳ онасига қараб, тағин гапида давом этди:

— Наҳот энди бутун Мовароуннаҳрни титратган қиличим ила ҳаддидан ошган Содиқхонни эсини киритиб қўймоқ учун вазифасиндан четлатиб эдим, сиз эса уни сийлаб, мартабага сазовор этибсиз.

У тоғаси, Мароқанд нойиби Туғлуқхоннинг ўғлини назарда тутмоқда эди. Бу нотавон ўғил Мароқандда Ҳақ динга юксак эътиқод қўйган, Шайх Нажмиддин қўлида таълим олган имом Муҳаммад Жаъфарнинг аҳли солиҳа, гўзалликда танҳо қизини даргоҳига хуфёна олиб келтирган эди. Бу беадабликдан қаттиқ азият чеккан имомнинг шахсан ўзи Содиқхон устидан Хоразмшоҳ ҳузурига арз қилиб келган эди.

Турконнинг дами ичига тушиб кетган, у султон ўғлининг ғазабга минганда нималарга қодир эканлигини билар, шу сабаб тилини тишлаб, жимиб қолган эди. Султон эса кенг кошонанинг у ёғидан бу ёғига бориб келиб, яна онаси ёнида тўхтади.

— Шавкатли отам Текиш айтмиш эди, бу салтанат қипчоқлар салтанати эмас, Хоразмшоҳлар салтанати деб! — Кошонада совуқ, вужудни жунжуктирадиган ўлик сукунат чўкди. — Сиз қавмингизга қаттиқ ишониб, бутун Мовароуннаҳрни аларга топшириб қўймакдасиз. — У отасининг сўзларини такрор эслаб: — Шундай кезлар келадики, ўнг кўзинг сўл кўзингга душман чиқади… — деди.

Ўз фарзанди тилидан ҳозиргина эшитган бу гапларнинг мағзини чақиб, ўғлининг ҳақлигини  тан олиб, тинчиб қолган Турконнинг кўз олдида отаси Жонкиши жонланди.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: