jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 30 марта, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

xiva23. Бўлиниш

 

Хоразмшоҳлар салтанати чиндан улкан эди. Лекин бу салтанат гўё иккига бўлинган, икки пойтахт – Гурганж ва Мароқандга ажралган эди. Гурганжда онаси – Туркон Хотун, Cамарқандда – Алоуддин Муҳаммад ҳукмрон эди. Салтанат таг-тубидан емирилиб, нураб бораётганди. Деворни ёмғир сувлари ювса, уни сувоқ билан бир ҳолга келтириш мумкиндир, аммо пойдеворсиз қалъа – қалъа эмас, ният бир бўлмаса, бундай салтанат аянчли завол топгай.  Гурганж аъёнлари – Туркон хотуннинг қариндошлари салтанатга зимдан қутқу солиб туришни қўймас эди. Султоннинг туркий қўшинлари лашкарбошиси – ҳожиб сипоҳсолор Хумор Ағу, Бука Паҳлавон, Али Марғини қипчоқлар ҳомийси – Туркон Хотун уруғидан бўлиб, катта кучга эга эди. Султоннинг тоғаси Тўғайхон Самарқанд ноиби, яна бир тоғаси Хумортакин Гурганж ҳокими, бўласи Иналхон Ғойир эса Ўтрорни бошқарар эди. Уларнинг барчаси улуғ Султонга шаксиз бўйсунган кўринсалар-да, аслида  Турконнинг  измида юрар ва шу сабаб Султон Муҳаммад аксар ҳолларда онасига ён босишга мажбур эди. Шундай қилиб, бир салтанатда икки ҳукмдор – Улуғ Туркон ва Давру Даврон Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳукм сурди. Икки пойтахт – Гурганж ва Мароқанд вужудга келди. Иккиёқлама рақобат салтанатни пароканда этиб, туб-тубидан емирди.

Султоннинг Ҳалифа номини  Марв, Балх, Бухоро, Сарахас ва Мароқанд хутбада зикр этса, Ҳирот, Гурганж, Хивада Туркон муҳри қўйилар эди. Малика ўз фармонига “Исмат уд-дунё вад-дин Улуғ Туркон малика нисо ал-оламийн” – “Дунё ва унинг покдомони, Улуғ Туркон, олам аёлларининг маликаси”,  деб битар ва сўнг муҳр босар эди. Малика “Иътасамту биллаҳи” – “Фақат Аллоҳдан ҳимоя кутаман” деган шиорини ўғлининг йўлига кўндаланг ташлаган эди. У ўзи мансуб бўлган байавут улуси ва кўп сонли сарбозларига таянган ҳолда, ўғли Муҳаммад Хоразмшоҳ билан зимдан рақобатга киришганди. (далее…)