jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 28 марта, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

 

Khwarezmian_Empire_1190_-_1220_(AD)18. Хоразмшоҳлар

Даври даврон дорулсалтананинг дастлабки султони  – Ануштегин Ғарчаий 977 йилдан 997 йилга қадар (ҳижрий 470-490) ҳукмбардор дарға  бўлди. Ундан сўнг давомчилари Қутбиддин Муҳаммад, Алоуддин Отсиз, Хоразмшоҳ Эл Арслон, Алоуддин Текиш, Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ, Жалолиддин Мангуберди Мовароуннаҳр узра Хоразмшоҳ султонлар яловини баланд кўтариб, даврон суришди.

Сакинат ва хотиржамлик бу салтанат дарғаларига хосми эди асли? Бўронларда ҳаловат борми? Магар бу рост экан, салтанатни қон кечиб, шамшир тутиб бунёд этган султонлар қалбини сакинат ва хотиржамлик қай йўсинда макон айласин?

Шаҳобиддин Насафий “Сийрат ас-Султон” ҳамда асли Ироқи Ажамдан бўлган Хуршоҳ ибн Кубод ал-Ҳусайний “Тарихи элчи Низомшоҳ”, профессор Е.Э. Бертельс ўз тадқиқотларида, Л. Н. Гумилев “Қадимий туркийлар” асарида Хоразмшоҳлар салтанати ва сулоласининг асосчиси Нуштегин – Ануштегиний Ғарчаий эканлигини талқин этади. Ҳуршоҳ ибн Кубод, Шаҳобиддин Насафий, Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек ҳам Хоразмшоҳлар сулоласига алоҳида назар ташлайди.

Ануштегиннинг ўғли Қутбиддин 997 йил тахтга ўтиради. Шу тариқа тахт ворислиги Алоуддин Отсизга, ундан сўнг Эл Арслон қўлига ўтади, унинг вафотидан сўнг Алоуддин Текиш тахтга чиқади. У қипчоқлар хонини ўзига оғдирмоқ учун cултон Жонкишининг қизи — Турконга уйланади. Кейинчалик бу шуҳратпараст ва  худбин малика  асрлар оша бунёд этилган Хоразмшоҳлар салтанатини инқирозга олиб келиб, буюк  Мовароуннаҳрни залолат ботқоғига ботирди.

Туркон Хотун қипчоқий Байавут тоифаси — йемак уруғидан эди. Қачонки унинг мавқеи мустаҳкамлангандан сўнг “Худованди Жаҳон”, яъни жаҳон ҳукмдори лақабини олади. Дунёнинг қарийб ярмини титратган Султон Текиш, кези келганда Туркон Хотун қаршисида ожиз қолиб, салтанат ичкарисига қадам-бақадам кириб, Мовароуннаҳр сарҳадлари оша киши билмас палак отаётган  қипчоқий зодагонлар  тўдасига тоқат қилиб келмоқда эди.

Текиш ўлимидан сўнг давлат тепасига келган ўғли Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ даврида онаси Туркон Хотуннинг обрўси яна чандон кўтарилиб, давлатнинг қолган бошқа тизгинларини ҳам ўз қўлига олади.

 

19. Кўнгил ғалаёни

 

Бағдоду Румнинг заррин сарполари, шикорбоп бежирим ўтовлар, буғу шохларидан ясалган қайрилма қадаҳу эроний хуржунлар дорулмулк эгаси Муҳаммад Хоразмшоҳга тегишли. Бир ўқ билан икки ўлжа олишга ўрганган Султон рақибларини шамшир тиғи билан мағлуб этиб, яна ва яна зафар қучишни истайди.

Бир гал у шикорга чиқиб, кўзлари ҳар ён ҳайратланиб боқувчи архар овламоқни ихтиёр этди. Боғистон орқали Мозандарон томон йўл солди. Тоғ қоясида жойлашган Илок қалъаси ҳаволи ва сўлим эди. Бу гўшада у ўн беш кун қолиб кетди. Ўшанда ўғиллари Жалолиддин Манкбурни, Қутбиддин Ўзлоқшоҳ, Ғиёсиддин Пиршоҳ, Оқшоҳ, Рукниддин, Гурсанжти, Ҳуршоҳ ҳам у билан бирга эди. Жамулжам эди, фақат биргина  қизи Хон Султон Илок қалъасига келишга раъйи бўлмай воҳада қолган.

Димоғига урилаётган бу сўлим тоғ ҳавоси жангу жадалда зафар қучиб, сўнг сакинат ва осойиш ҳаётга шўнғимоқни ихтиёр этган султоннинг ташна кўнглига меҳр, томирига қон бўлиб қуйилмоқда эди. Мовий осмон узра парқу булутлар осилиб тургандек. Қани энди, Мовароуннаҳрни чангаллаган қўллари булутларни ҳам қучиб, фалакни бир силкитиб кўрса!

Қуёш унинг рўпарасида бироз тин олгач, булутлар ортига чекинди. Шунда султон юрагида чексиз бир завқ-иштиёқ ҳис этди. Зеро, азобнинг тахир таъмини тотган кўнгли энди роҳат истамоққа ҳақли. Ботинида зўр бир руҳий ғалаён қўзғалди. Лекин у қалб билан эмас, ақл билан яшашга одатланган, шу йўлни тутмаса, бу салтанат барги хазон янглиғ тўзғиб кетиши муқаррар эди. Балки, шунинг учун, шўринг қурғур кўнгил ғалаёни юзида акс этмайди. Шу боис, эҳтимол,  кечган ҳар бир куни, ҳар бир соати ва ҳар бир лаҳзаcи унутилмас бўлиб, тарихга дахл этар.

“Эсланг, Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди. Ва айтдик:”Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойингизда бемалол таомланинг. Фақат бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласиз. Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик:
“Тушингиз (жаннатдан Ерга! Сизлар – инсон ва шайтон ) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача Ерда маскан тутиб яшайсиз”.

Бундай олиб қарасанг, Одам Ато ва Момо Ҳаво насли Оламларни яратган Зотнинг бу марҳаматидан бахтлидай, розидай. Йўлини тоғ тўсса, кемириб, сув чиқса, симириб яшайди. Нимага десангиз, мислсиз ақл-заковату толмас юракни, меҳр-муҳаббату орзу-ҳавасни Ўзи ундан аямаган. Муборак Ҳадиси Қудсийда Эгам: “Мен меҳрибонлик сифатини юзга бўлиб, шундан бир қисмини оламга нисор этдим! Тўқсон тўққизини эса, Шавкатли кун учун олиб қўйганман,” – дейди. (Бақара сураси, 34-35-36-оятлар)

Ҳақ – Рост! Ўзини таниган ва иймон келтирган, фақат Ўзига ибодат қилган солиҳ бандаларини ўша кунда меҳрига қондириб, лутфи таважжуҳ билан сийлаб, юздан тўқсон тўққизига муяссар этгуси. Шундай. Ҳазрати Одам авлоди эса, охират кунига қадар Ер юзини обод этгуси.

 20. Шикор

Руҳий бир кураш, бир ғалаён Хоразмшоҳ борлиғида исён кўтараётир, жангу жадалларга кўниккан жисму жони ва далли хаёли ботинида кечаётган бу урённи шикор орқали чиқариб юбормоққа  қасд этгандек эди, гўё. У тоғ бағридаги ялангликка етиб қолган эди.

Ёввойи тоғ қўйига тушган кўзи чақиндек  чақнаб кетди. Архар урғочиси билан йилда фақат бир қўшилади. Бахмал сингари офтобдан жило олган юнглари ва қуралай кўзлари эса эркагини бениҳоя  мафтун этади. Тарам-тарам ёлларини эркалаб елаётган шамоллар унинг ҳидини қўчқор димоғига пуркади. Урғочисининг исидан маст қўчқор туёқларини ерга уради ва унга сари қадам ташлайди. Ачимия чайнашга тутинган урғочи архар буни дафъатан англаб, қулоқлари динг унга нигоҳини қаратди. Бу унинг кўнгил майли изҳори эди. Бу майлни англаган қўчқор модасини чорлаган мисол тумшуғини кўкка кўтарди.

Ўшанда, ширбозлик чоғида иккиси ҳам ўз оналари ортида ўйноқлаб ўсган, гоҳо пешона уриштирган кезлар ҳам бўлган. Жигарранг қўзичоқ онасини тўйиб эмиб олгач, дангасалиги тутиб, майсалар устида юмалаган кўйи, бироз орқада қолиб кетди. Шунда у онасига белги бериб маъради. Онаси ортга қайтди. Алафлар устида қуралай кўзлари чақин ўтдек чақнаб турган баррасига энган қўй уни ялади, сўнг туришга даъват этган мисол туртди. Ҳадеганда тураверамагач, ўзи ҳам барраси ёнига чўкиб, қўзичоғининг жингалак, офтобда ярқираган юнгларини  яна ялаб, суя бошлади. Ўшанда бир ёввойи қўй қора тусли қўзичоғини эргаштириб, улар ёнидан ўтиб қолди. Қоравой қулоқлари динг ҳолда думини ликкиллатиб, онаси бағрида эркаланиб ётган тенқурига қараб маъради.

Қўзичоқлар топишиб қолишди, бир-бирини қувалаб чопқиллашди, сўнг тўхтаб ўтлашди. Совлиқлар эса ўт-алафларга бўй чўзиб, қорин тўйғизиш ғамида куймаланишар эди. Ўшандаёқ бир-бирига кўнгил қўйишганми эди?

Бугун уларга аталган кун эканини англаган архарлар ажойиб ҳисдан вужудлари тўлқинланиб кетаётир эди. Туёқлар бежо босилди. Шамол бир-бирининг ҳидини димоқларига яна олиб келди. Бу Оллоҳнинг қай буйруғи эди? Ул Карами кенг Зот архарларга фақат бир йилда бир бор қўшилувни белгилаб қўймиш… Елдирим  кўнгил қитиқлаб, урғочисининг ҳидини унга томон яна олиб келди. Урғочиси ишқ уммонига ботмоқ истаб, бир туп шувоқ ёнида қўним топди. Ташвиш ва ғулу энди унга ёт, қимир этмай архарини кута бошлади. Кеча ёғиб ўтган жаладан сўнг, сайхонликка ажиб сукунат чўккан. Тоғ чўққисидан эсаётган еллар ошиқ юракларни тўлқинлантиради. Шундоққина шувоқ тубида интиқ кутаётган  архар ўзи томон елдек учаётган қўчқорига киприк қоқмай тикилиб турар эди.

Хоразмшоҳнинг юраги худди ошиқ архарлар юраги каби бежо урди, cўнг фурсатни бой бермай камонидан ўқ узди. У отган ўқ урғочи архарнинг нақ кўксига бориб қадалди. Эркаги унинг ёнига етиб келишига бир баҳя қолган эди-я! Архар ерга қулади. Унга томон талпинган қўчқор туйқус тўхтади, буралиб кетган гажак шохларини кўкка кўтарди. Аттанг, урғочисини ҳидлаб, унга суйкалмоқчи бўлиб турувди. Модаси ҳам узун-узун ёлларига бош қўйиб, бир эркалик қилгиси келган эди! Бахт зумда уқубатга айланишини  кутмаган қўчқор дир-дир титради, сўнг киприклари юмилиб, кўзларидан маржон ёшларини оқизиб, бир дунё ғамни орқалаб, қирлар оша ғойиб бўлди, ғаним оралаган бу сайҳонликни бутунлай тарк этди.

Дўнгликда пусиб ётган Хоразмшоҳ бағоят шод ўрнидан турди. Ёнидагилари унга офарин айтишди. Ҳасан Ялағоч армонларини қучиб ётган архарни ердан кўтариб, султон томон олиб келди.

– Офарин шоҳим, архарнинг сарафрозини оттиниз! – Термиз шаҳри ноиби чўққисоқол Фахриддин Ҳабаш уни алқади.

– Бизим томонларда бул архарнинг уриғи ҳеч топилмайдир. Бул жонзотлар йилда бир қўшилғач, уриғи ҳам ноёб алхуттуввдин ноёброқдур, – деди Хоразмшоҳ.

– Рост айтдингиз, шоҳим, шул сабабдин бул архарлар одамлардин қочиб, тоғу қояларни манзил тутганлар, – суҳбатга қўшилди  Бинокат амири  Элатхумалик. – Агар ихтиёр этсалар, Хуросонда  ғизол*  овламоқ хўп мақбул овлардин бўлур эрди. Ғизол у ёнда ҳар қадамда учрайдур, шоҳим.

Хоразмшоҳ миннатдор илжайди.

Улар Илок қалъасига қайтишди.

 

         21. Шавкатли Текишнинг ундови

 

Илокда – ов пайтида ханжарини тушириб қўйган эди. Отаси Алоуддин Текиш Хоразмшоҳ ва шайх Нажмиддин Кубро бу воқеадан қай йўсинда воқиф бўлишган экан? “Шайхи Валийтарош” дея эъзозланган, нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун Ислом оламига довруғи кетган ирфоний муршидлардан бўлган Нажмиддин Кубро унга сийрак киприклари орасидан нигоҳ ташлади. Шайх ва отасига тикилиб қолган султон жимиб қолди.

Ота нималарнидир уқдириб унга ханжар, шайх эса китоб тутди. Сўнг падари бузруквори муҳим бир иши борлигини айтиб, ўғли Муҳаммад Хоразмшоҳ ва Нажмиддин Куброга қараб деди:

– Ман манзилга етмоғим учун қилкўприкдин ўтмоғим даркор. Сизларни Оллоҳга омонат топшириб кетаётирмен.

– Башарти шундоқ эркан, манзил томон бехатар, бешикаст етгайсиз, шоҳим! Мушкулларингизни Оллоҳнинг ўзи ечгай! – далда берди  шайх.

– Омон қолгайсизлар!

– Илло қилкўприкдан ўтгайсиз, манзил томон етгайсиз! – дуога қўл чўзди шайх. Улар хайрлашишди.

Ота ўғлининг қўлини қисиб, сўнг қучоқ очди. “Ман ҳадя этган ханжарни белингда маҳкам тут, Хоразмшоҳ!” – дея  хитоб этиб, отини суриб кетди. Сўнгра шайх Муҳаммад Хоразмшоҳни лутф билан хонақоҳига таклиф этди.

Ичкарида Валийтарошнинг суюкли шогирди Мажидиддин Бағдодий уларни кутиб олди. Уни кўриб, султоннинг дили ғашланди ва Бағдодийга қараб тишини қайради. Султоннинг жағи бўртиб чиқди, қўллари беихтиёр силкиниб, туйқус уйғониб кетди.

Алоуддин Хоразмшоҳ гангиган бошига қўлларини олиб бориб, бир  фурсат туриб қолди. “Ўлган кимса хонадондин буюм олиб кетса, бошингга мусибат ёпирилгай, агар қўлингга нимарса тутса, давлат ёғилгай”, деган эди Туркон Хотун. У онасининг шу гапини эслаб, тушини яхшиликка йўйиб, оғриқли бошини яна ёстиққа  ташлади. Лекин кўзига бошқа уйқу келмади, анчагача тўлғониб ётди.

Отаси  шавкатли Текиш берган ханжар ва шоҳ ўғлига қарата “Ман ҳадя этган ханжарни белингда маҳкам тут, Хоразмшоҳ” дегани нимага ишорат эди асли? Cалтанат ташвишидан чарчаган султон кўнглига озор етиб, азоб ичида тўлғонди. Дорулсалтана гўё қипчоқий зодагонлар қўлида қалқиб турган қимматбаҳо, лекин омонат лаъл каби эди ва бу туши шунга бир ишорат эди… Деворларига  тилла суви юргизилиб, зебу зийнатланган феруза ранг гумбазлар… Шифтига осилган қандилларга эса лаълу ёқут қадалган, мил-мил ёнувчи шамлар билан безатилган мана бу сарой  кулфатдан фиғони кўкка ўрлаган бадбахт киши каби нимадандир огоҳдек. Кейинги пайтлар негадир падари бузрукворининг айтганлари тез–тез ёдига тушадиган бўлди.

— Бул салтанат — Хоразмшоҳлар салтанатидур! Деворларига тилла юритилган гумбазлар, зару зубаржатлар кишини оҳанрабо каби сеҳрлайди, анга маҳлиё бўлғон кўнгул андин воз кечмоқни ихтиёр этмас, шу сабабдин мана шу оҳанробога кўнгуллари суст кетган қипчоқлардин эҳтиёт бўлғайсан, ўғлим!

Ушбу гапларни айтгач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, падари тўшакка михланиб қолди  ва шу ётган кўйи бошқа қайтиб турмади…

 

Ўлим тўшагида ётган Текиш ўғли Муҳаммадни ёнига чорлаганди.

Ота фарзанди аржумандига “Яқинроқ кел”- деди имо билан. Унинг овози аллақандай титраб чиқди ва шаҳзоданинг кўнгли бузилиб кетди. Хомуш бош чайқаган шаҳзода  падари бузрукворининг салтанат, деб жангу жадалларда ҳаловат билмай ўтган умрини кўз олдига келтирар экан, ичида сўйланди: “О-о, отам, отам, шу  ўткинчи салтанатни деб тиним билмай умрингиз ўтди, буюк Мовароуннаҳрни деб қанчадан-қанча қурбонлар бердингиз, анинг  сарҳадларини кенгайтириб, кенг ва бепоён Хуросон сари беомон лашкар тортдингиз ва музаффарлик туғини қучиб қайтдингиз, мислсиз олиб борилган жангу жадал эвазига бунёд этган бул улкан дорулсалтанани энди ташлаб кетмакдамисиз?!”

Эшик очилиб, вазири аъзам  Довруқхон, девон доруғаси Аббосхон, унинг кетидан  бир ёнига ханжар, бир ёнига қилич таққан девонбеги Даврон Сардор кўринди. Уларнинг ҳар учови ўлим тўшагида ётган ғамгин ва сўлғин шавкатли Хоразмшоҳ Текиш ёнига келиб, таъзим бажо айлаб чўкишди.

Саломлашувдан сўнг барча жимиб қолди. Атрофда ўлик сукунат ҳукмрон эди.

Кейин, ниҳоят ақлини пешлаб, ҳад уриб сарой девонбеги гап бошлади:

— Онҳазратлари, Сиз жаноби олийларининг кўрсатган фармонингизга биноан, Хуросон амирига йўллайдурғон номани олиб келдик.

Вазири аъзам добири девон* битган номани унинг қўлига тутди.

Хоразмшоҳ Такиш ётган жойида бош силкиди.

Вазир  унга  янаям яқинроқ сурилди ва султон дармон кетган қалтироқ  қўллари  билан номайи фармонга муҳр босди.

Сарой аъёнлари қайғу ичида қандай келишган бўлса, яна шу йўсинда, ғамгин ва хомуш чиқиб кетишди.

Муҳаммад яна отаси билан ёлғиз қолди.

Орага яна ўлик сукунат чўкди. Бу сукунатни  тўшакда бемажол ётган Текиш бузди.

— Қулоғингга қуйилсин, Муҳаммад! Сен сарой атрофиндаги аъёнларни диққат билан  кузат, аларни неларга қодир эканлигини ўрган, бироқ аларга қаттиқ ишониб қолма! Шундай пайтлар келадики, ўнг кўзинг сўл кўзингга душман чиқади. Ўзингдан бошқа ҳеч кимга ишонма! — Унинг овози бироз хириллаб, титраб чиқа бошлади.

Муҳаммад сукут ичида эди.

Отаси яна гапида давом қилиб, Буюк Мовароуннаҳр валиаҳдига — фарзанди аржумандига деди:

— Мендан сўнг қаттиқ қайғуга ботма, қайғу сени адойи тамом қилади.

— Қаттиқ қувонма! Қаттиқ қувонмоқнинг охири вой бўлур!

— Қаттиқ ишонма! Алданиб қолганингда қаттиқ пушаймон еядурсан!

— Хотинларингга қаттиқ кўнгил қўйма, маишат сени салтанат юмушларидан чалғитгай!

— Сопига мудом қиличингни қайраб сол!

— Қиличинг мудом ўткир бўлсин. Унинг дами ҳавода ўйнаб, етти шамшир дамини кессин! Шунда аларнинг барчаси Сенга кўнгилларини қўшиб нисор этгайлар. Ва яна эсингда бўлсин-ки Муҳаммад, қипчоқлардан эҳтиёт бўл! Магар салтанат бир уммондирким, бул уммон ичига шўнғимоқни алар ихтиёр этсалар, уммон ўзанидан ошиб кетмасликлари учун сопига қайраб солинган  ўткир қиличингни ишга солғайсан.

— Илло, айтганларигиз қулоғимга қуйилгай!

— Сени Оллоҳнинг ҳифзи ҳимоясига топширғайман! — Тўшакда хомуш ётган Султоннинг юзидаги ажинлари тобора қуюқлашиб, қалин  қошлари ўртасига ўткинчи, шафқатсиз Вақт ташлаган беомон  чизиқ янада қуюқлашди.

Шу гапларни айтиб бўлгач, тўшакда ётган Текиш кўзларини юмиб очиб, ёстиқдаги бемажол бошини сўл томонига ҳиёл эгиб, анчагача хаёл суриб ётди.

Унинг юзи чўзинчоқ, қорачадан келган, пешонаси кенг, сочларига оқ оралаган, юзидаги ажинлари кўзга яққол ташланиб турарди. Шу тоб отасига унсиз тикилиб ўтирган Муҳаммаднинг кўнгли яна бузилди. Отасининг бу ётиши уни  мислсиз қайғу ва изтиробга солган эди. У иложсизликдан қўлларини тиззаларига қўйган кўйи индамай қолган, беқиёс қайғу, тасвирлаш мушкул бўлган эзғинлик аҳволи руҳиясига соя ташлаб, алақандай тушкунлик шуурини беомон чулғаб олганди.

Шундан  икки кун ўтгач Текиш жон  таслим этди. Сарой эса мотам ичида ёнар эди.

    22. “Искандари соний”

 

Нечун  салтанат деб аталмиш бу дорулмулкни барпо этган отасининг ўзи бу фитнакор ва ёввойи қипчоқлар тўдасининг ҳокимият ичига кирувига изн берди? Нечун бошидаёқ  бутун Мовароуннаҳрни титратган қиличи онасининг раъйини қайтарувга ожизлик қилди? Нечун? Бу салтанат жангу жадалларда қолдирган жароҳатларига  малҳам изламоқдан кечиб, фақат музаффарлик байроғини  қучмоқ  учун олиб борилган мардонавор кураш, мислсиз жасорату шижоат эвазига  барпо бўлган-ку, асли!  Шуларни хаёлидан кечирган Хоразмшоҳ илкис титраб кетди. Ўзи ҳам шу салтанатни деб роҳат-фароғатдан кечиб, мисли кўрилмаган жангларни бошидан кечирмадими, ахир? Бу мужодалаларда фақат ва фақат музаффарлик туғини  қучиб, ҳокимият бунёд этгани рост-ку, ахир! Мислсиз жанглар эвазига  бунёд  этилган  салтанат энди Помиру Тиёншон, Ҳинд дарёсидан Ироққа – Форс кўрфази, Дажла ва Фирот қадар ёйилди. Ўшанда Мовароуннаҳр ҳудудларини тобора кенгайтириб, Еттисувни Гурхондан  тортиб олганини эслади…

1206 ва 1212 йилларда Бухоро ҳамда Самарқандни қорахитойлардан озод этиб, уларнинг Мовароуннаҳрга бўлган даъволарига батамом чек қўйди. Хоразмшоҳ жангу жадалда кечган умрини  бир–бир эсга ола бошлади…

У кун Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳузурига қипчоқий ҳожиб сипоҳсолор Хумор Ағу хушхабар олиб келди. Cамарқанд  қорахитойлардан буткул тозаланган эди. Қутлов учун сарой аъёнлари  –  девони вазир, девони мустафий, девони омид мулк, девони соҳиб шурат, девони соҳиб барид,  девони мушриф,  девони ад-дия, девони мухтасиб, девони вақф, девони қуззотлар* қўр тўкиб ўтиришарди. Туркон Хотун қариндошларидан бўлган, Султоннинг туркий қўшинларига сардорлик қилган Хумор Ағу суюнчилади:

– Олампаноҳ, Сизга музаффарлик туғини қучмоқ умрбод насиб этгай!

– Рост сўзламак фурсати етгач, шарафламоқ бунда жоиздур! – энтикди  Бука Паҳлавон.

– Сиз ғолибсиз, вақт – Табиби Ҳозиқдур! Cиза “Искандари Соний”*, “Cултон Санжар
Монанд”* муборак бўлгай! –  қутлади  ҳожиб сипоҳсолор Хумор Ағу.

– Офарин! Офарин! – Хоразмшоҳни бараварига қутлашди сарой аъёнлари.

Мағрур ва кибор Хоразмшоҳ тахтда виқор билан ўтирар экан, мақтовдан кўзлари жилоланиб, лабига ним табассум инди.

Асли бу мақтовларга Хоразмшоҳларнинг энг кучли соҳиби даврони Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ лойиқ эканини тан олишгач, нечун у энтикмасин! Нечун музаффарлик туғин зарбхоналарда олтин билан қуйдириб зарб эттирмасин!

Мана, ҳозир барча уйқуга кетиб, ором олар пайт отасининг руҳи жонланиб, мудраб ётган ўғлини тушида безовта қилиб, сергакликка даъват этмоқда эди. Хаёллари уни яна  узоқларга олиб кетди. Хоразмшоҳ шу тоб шаҳзода-ю шаҳриёр болалигини қўмсаб, отасининг тиззаларида ўтириб, унинг кенг кўксига бош қўйиб ором олган бахтиёру комрон кунларини эслади. Тун бўйи мудраб ётган томирларига ғойибдан гўё шарқироқ қон қуйилди-ю, у тошиб кетаётганини ҳис эта бошлади. Султон ётган жойидан илкис туриб кетди. Чор-атроф шамлар ёруғида чароғон эди. У ётоқхонадан юриб бориб, нариги хона — оромхонага ўтди. Оромхона  отаси Текиш даврида қандай жиҳозланган бўлса, худди шу ҳолида эди. У оромхонадан саломхонага ўтди… Зубаржатлар билан  ҳашам бериб зийнатланган тахтда ҳозир ҳам султон Текиш кўкрак кериб ўтиргандек эди. Кошонанинг поёнида мудроқ турган эшик оғаси сергакланган, у султонга қарамоққа жуъат этмасдан, қуллуқ қилган кўйи қимир этмай, ҳайкал мисол  қотиб турарди. Султон кошона тўрига — бир пайтлар отаси ўтирган тахти равонга бориб чўкди. Ўзига таъзим бажо айлаб турган  эшик оғасига қарата амр этди:

— Май келтирилсун!

Эшик оғаси эшикнинг нариги томонида турган баковулга қараб, ишора қилди.

— Амрлари вожиб бўлғай, султоним! — Баковул қуллиқ қилган кўйи икки букилиб,  орқаси билан юриб чиқиб кетди.

Тун иккинчи ярмидан оғиб бўлган, атроф зулмат пардаси билан ўралган эди. Хоразмшоҳ тушини яна эсига олди. Отаси Такиш яна унга “Ман ҳадя этган ханжарни белингда маҳкам тут, Хоразмшоҳ” дегандек бўлди. Кейин унинг айтганлари бир садо бўлиб,  феруза ранг шифтга урилди-ю, сўнг  нидо бўлиб, атрофга жар солиб қайтди. Хоразмшоҳ баковул ҳозир олиб келган майни сипқорди. Далли хаёлида савдойи ўйлар саргардон эди…

Нечук бу қаро тунда ўтган суронли кунлари кўз ўнгидан  кетмай қолди? Нечук оғриқли бошига бу ортиқча даҳмазалар яна оғриқ солмоқда? Ўтган суронли кунлари яна кўз олдидан ўта бошлади…

Ўшанда  бўласи — Ўтрор ҳокими Иналхон  саройда юксак мартабага раво кўрилган савдогар  Бегимқулини унинг ҳузурига бошлаб кирган, у шу кунларда сафардан қайтган эди.

Бегимқули Чин мамлакатининг ажойиб ва ғаройиб ўлка эканлигидан ҳикоя сўзлаб, султонга нафис хитой қоғозларидан ҳадя этди. Хаёл ўлкаси бўлиб туюлган бу юртни истило қилиш орзуси эса Хоразмшоҳга кўпдан буён тинчлик бермасди. Мана, орадан яна бир қанча йиллар ўтиб,  султон тағин айнан ўша тужжор — Бегимқулидан бир нохуш хабар эшитди. Бу хабар унинг кўнглини бениҳоя вайрон  қилди – уни доғда қолдирган Чингизхон Хитойни забт этган эди. Лекин унинг бунга ишонгиси келмасди.

Хоразмшоҳ жим ва ғамгин эди. У добири Тожиддин орқали Сайид Баҳовуддин Розийни ҳузурига чорлади  ва унга амр этди:

– Чингизхон ҳузурига борурсан. Ва анинг ўзиндан Хитойни босиб олганми ёки йўқ, билиб қайтурсан…

– Бош устина, шоҳим, амрлари сўзсиз бажарилгай.

– Анинг бирлан ҳушёр бўлиб машваратда бўлгайсан.

– Шундоқ, шоҳим!

Мелодий бир минг икки юз ўн олтинчи йил эди. Чингизхон Муҳаммад Хоразмшоҳ элчиси Баҳовуддин Розийни ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олди. Машварат якунида саҳройи  ва ёввойи, эндиликда Тимучинмас, балки Чингизхон-Денгизхон  лақаби билан  чор тарафга довруқ солган Хон элчи Розийга қараб айтди:

– Мен Машриқ ҳукмдори, ул Мағриб ҳожаси. Орамизда биродарлик ва тинчлик ҳақиндаги аҳднома умрбод бўлсун. Икки томондаги биродарлик ришталари жипс боғланиб, cавдогарлар маним еримдаги ноёб молларни анинг ерига, анинг молларини маним еримга олиб келсунлар.

Розий Чингизхон сўзларининг салмоғини тарози палласига қўйиб кўрар экан, жуссаси миқти, бироқ зуваласи пишиқ, кўзлари қийиқ, аммо ўткир ва атрофга теран боқувчи бу саҳройи хон вужудида шиддату шижоат яширин эканини чуқур ҳис этди.

Шундан сўнг икки томон – Муҳаммад Хоразмшоҳ ва Чингизхон ўртасида элчилик ришталари ўрнатилиб, муносабатлар гўёки илиқлашган бўлди…

Чингизхон ҳузуридан Муҳаммад Хоразмшоҳ саройига қайтган элчи Сайид Баҳовуддин Розий Cултоннинг қўлига аҳдномани тутди.

Ҳозир Хоразмшоҳ барчасини кўз олдига келтирар экан, ҳаёт ел каби ўткинчи эканлигини, уни на тута олиши, на қуча олишини теран ҳис эта бошлаган эди.

Султон яна май сипқорди…

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: