jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 20 марта, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

 Arobada safarga14. Ётдан ёруғлик чиқмас

Бу гал зимистон қиличини яланғочлаб, қақшатиб келди. Яхшики, вақтида одамлар қиш ғамини ейишган, йўқса унинг қаҳридан омон қолиши кўп мушкул эди. Аҳли Гурганж ўтган йили ғамланган саксовул ўтинни ёқиб, охирига қадар ёниб улгурмасидан, устига тупроқ ташлаб кўмишди. Энди ўша саксовул ўтини қишда улар жонига оро кирмоқда эди.

Бегимқули Оллоёр хуфтонни масжидда ўқигач, уйига қайтди. Хона ўртасида бозиллаган  сандал. Қуёш ботар маҳали оқсоч таом пиширгач, саксовул чўғини сандалга солди, сўнг бознаб турган чўғ тафти сандал ёпинчиғини ёндириб юбормасин, иссиғи тонггача турсин деб устига кул тортди.

Токчадаги шам хонани ёритиб, милт-милт ёнмоқда эди. Нариги хонада неваралари – Дариға, Фотима ва Зуҳра сандал кўрпага ўраниб, донг қотиб ухлашаётир. Бегимқули Оллоёр улар уйқусини учирмаслик учун паст овозда кампирига сўзланди:

– Ухлаганинг йўқми?

– Уйқу келармикан? Чой бор.

– Ҳа, қуй чойдан.

Улмон кампир сандал кўрпани кўтариб, чўғ четида турган мис чойнакни олди. Сўнг оташкуракда чўғни очди, кун бўйи совуқда дилдираган оёқларига ором кирмоқда эди. Иссиқ тафт иликларига қадар бориб етгач, Улмон хотин оёқларини ташқарига чиқарди, сўнг чой қуйиб, чолига узатди.

– Эмизган Хонбувини рози этиб, Шодмонгулни олиб келмоғимиз керак, бу совукда икки қизга кўкрак сути тутиб, парвариш этмоқ осонмас.

– Рост айттинг, тағин Худо деган хотин экан.

– Кеча хабар олгани  Дариғани жўнатиб эдим, “Манга ҳеч бир мушкул тушғони йўқ”.- депти.

– Ҳайтовур, биздан қайтмаса, Худодан  қайтсин!

– Ҳожасина, ўзина ва қизларина тузувгина сарпой қип қўйганмен.

Бегимқули Оллоёр уни маъқуллаган бўлиб бош силкиди ва чойни ҳўплаб, пиёлани кампирига узатди.

Улмон хотин қайта чой узатгач, туриб токчага яқинлашди ва у ердан дўппини олиб, чолига деди:

– Салланггизни қўйиб, тахянгизни кийинг.

Бегимқули бироз сукутдан сўнг, томоғини қириб, кампирига паст овозда деди:

– Ҳадичанинг нечта опаси бор?

– Қайси Ҳадичани атётирсиз?

– Ғошиянинг  кундошини…

– Улар уч қиз, тўрт ўғил даб эшитганмен.

– Дариғага  қайси опасининг ўғлидан совчи келган эди?

– Ҳа, катта опасининг иккинчи ўғлидин, рози бўмай жунатганимиз яхши бўлди.

Бегимқули уни маъқуллаган бўлиб, бош қимирлатди.

– Уларга берадиган қизимиз йўқ. Ётдан ёруғлик чиқмас.- деди Улмон хотин.

 

Ғошиянинг ҳожаси Бегимқулига қариндош бўлиб, у ҳам қипчоқлардан эди. Қипчоқлар камдан-кам ҳолларда қизларини  ётларга узатишарди.

– Бу ёсуман, ҳийлагар хотиннинг ҳийласига  учиб, қизимизнинг  бахтига золим бўлмайлик. Ман  айтмабмидим сизга, Ғошиянин борида эр талашиб, кўкмак тўнин тескари кийган маккор хотин энди ўлгач, очилиб қолганига  ишонманг деб.

Бегимқули яна индамади. Кампири яна гапида давом қилди:

– Бу қисир хотин ўзидан ҳадиксираб, Cобирдан ажралиб қолувидан қўркиб қилган бу ишни. Опасининг зодагонлиги бошидан ордона қолсин.

– Манда-да шу ўй кечти…

– Бу ҳийлагарнинг ҳийласи етти эшакка юк бўлгай.

Улар жимиб қолишди, тун шамоллари эса дайдиб увлаган итларнинг овозини олиб келмоқда эди. 

 

    15. Эт билан тирноқни ажратиб бўлмас

 

Хоразмшоҳлар саройида ҳурмат ва эътиборга лойиқ кўрилган тужжор Бегимқули Оллоёр дабдабадан ҳоли, камтарона ҳаёт кечирар эди. Атиги икки  хизматкори бўлиб, уни Қосим парвоначи дер, парвоначи кун бўйи хўжалик ишларини юргизиб, шом пайти уйига қайтар эди. Рўзғор юмушларига эса Қосимнинг хотини Раҳима кўмаклашар эди.

Улмон хотин бугун унга тонгда хабар жўнатиб, зудлик билан келишини тайинлади. Кеча кечқурун Хивадан Ғошиянинг қайнотаси ва ҳожаси ташриф буюрган эди.

– Етиб келганинг яхши бўлди, — деди у хизматкорга қараб. — Тузувроқ емак пиширсанг дегандим.

— Шундоқ қилгаймен.

Улмон хотин бироз ўйланиб, кейин гапирди:

– Эт билан тирноқни айириб бўлмас экан. Собирбекка ичим оғриди, бояқиш қатнаб қизларидан хабар олади.

– Нима қилсаям болалари-да.

– Ғошиянинг отаси “Собирбек Ғошияни қўлиман ўлдиргани йўк, қизларини бермадинг, энди кўргани келгач, чиройингни очиб юр” деб, мани жеркиб берди.

– Улмон опа, Бегимқули отам рост айтибтилар, ўлган одамни қайтариб бўлмас. – Улмон хотин уни маъқуллаган бўлиб бош қимирлатди, бироз сукутдан сўнг:

– Кечга йумиртқа* барак қилурсен. Ҳозир  кадидан* димлама пиширсанг…– деди.

Раҳима ертўлага қараб кетди. У осиб қўйилган қазилар орасидан танлаб, яна ўчоқ бошига қайтди. Сўнг олов ёқиб, қозондаги сувга қазини солди, бознаб турган ўт устига қуруқ саксовул ташлади ва шунда олов ўрлаб ёна бошлади. Раҳима ошхонага келиб, ошқовоқнинг бошидан кичкина дарча очиб, ичидаги уруғларини олиб ташлаб тозалади ва боя тайёрлаган масаллиқларни ошқовоқ ичига сола бошлади. У ошқовоқ ичини майдаланган гўшт, пиёз ва бошқа зираворлар билан тўлдириб, ўзидан чиқарган қопқоғи билан беркитди-да, бошқа бир қозонга авайлаб жойлаштирди, cўнг устидан совуқ сув солиб, қозон қопқоғини ҳаво кирмасин учун обдон беркитди. Қопқоқ устига икки катта қайроқтош қўйиб, таомни пишира бошлади.

* * *

Бегимқули хонадони ички  ва ташқи ҳовлидан иборат эди. Ташқи ҳовлида катта вассалари тоғ қарағайидан терилган кўркамгина уй қад кўтарган бўлиб, у беш хонадан иборат эди.

Эркаклар издиҳоми шу уйда кузатиларди. Чеккада икки хонали уй қишки издиҳомга мўлжалланган бўлиб, хона ўртасига катта сандал ўрнатилганди. Қосим парвоначи эски мис тоғорага саксовул чўғини обдон босиб солди, сўнг уни кўтариб ташқи ҳовлига қараб юрди. У сандал ўчоғига чўғни ғамлагач, тафти ёпинчиқни куйдирмасин деб чўғ устига кул сепди.

Қосимнинг ёши қирққа етиб қолган, cоч-соқоли қора, чайир ва чаққон киши эди. Айни шу сабаб “парвоначи” лақабини олганди. Пешонаси ярқираган экан, аёли ҳам ўзига ўхшаган чаққон, хушфеъл ва дилкаш чиқди. У кези келганда Улмон хотиннинг жонига оро кирар эди. Ҳозир ҳам таом пишириб, катта лаганга қази  солди, бошқа бир лаганга димламани қозондан олган ҳолича қўйди. Эри эса таомларни олдин-кетин дастурхонга етказиб турди.

Қор ёққанига қарамай, ҳаво илиқ эди. Қиш кунлари қисқа эмасми, тушликдан сўнг Раҳима тухумбарак қилишга уннади. Дариға унга ёрдамлашгани куймаланар, Фотима билан Зуҳра эса, оғилхона томонда бир-бирига бир нимани уқтириш билан банд.

Бегимқули дарвоза орқали ички ҳовлига қадам ташлади. У уйга киргач, кампири бир ўзи эканлигини кўриб, томоқ қириб гап бошлади:

– Cобирбекман отаси Шодмонгулни абкетишни сўрадилар.

Кутилмаган янгиликдан Улмон хотиннинг ақли шошди:

– Ҳе-е-е! Дард устина чиққан чипқонма бу?

– Ман боғланган ришталани узувни истамасмен.

– Сиза ким узинг деётир?

– Тўридан  гўри якин бўп қолган чол катта бошини кичик қиб, остонамизга бош уриб келган. Собир Шодмонгула ёт эмас. Сан эт билан тирноқни ажратмоқчимисан?

Улмон хотин аламига чидамай, уввос тортиб йиғлай бошлади.

– Аста-аста дийман, йиғинан фойда чиқмас.

– Ман Шодмонгулга ўгай онани раво кўрмасман. Бул тувмас хотиннинг ҳийласи. Cобирдан ажралиб қолувдан кўркиб, Дариғани опасининг ўғлига бермагач, энди Шодмонгулга осилаётир…

– Унда нима қил дийсан?

– Шодмонгули бермасмиз.

— Ақлингни ишлат, кампир, Дари, Фоти, Завралар ёнингда, энди ўйлаб кўр, Шодмонгулга Собирбек-да ота.

Улмон хотин яна йиғлади. Бегимқули яна гапида давом этди:

– Қиш ўтиб, кўклам киргач олиб кетажаклар. Ман уларни умидсиз жўнатмасмен. Энди тақдирга тан бериб, ортидан қолган қизларига сабри жалил тила. Ҳадича-да одам, унинг устина тирноққа зор, Шодмонгулга чиндан меҳр қўйиб парвариш этса, ўзининг юзи ёруғ бўлғай.

Улмон хотин ёшли кўзларини кўйлагининг енги билан артар экан, икки қўлини пешонасига олиб бориб, яна йиғлади. Энди у иложсизликдан ўртаниб  кетмоқда эди…

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: