jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 20 марта, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

Karvon16. Қадим йўллар

Карвон — йўлда. Туялар қадамига қумлар жилдираган сувдек сароб тўшаб кетмоқда. Унинг кўнгли ивиган нон каби тобора юмшаб бормоқда эди. Бегимқули Оллоёр ўзидан сал нарида кетаётган жияни Кенжабек Қипчоққа бир қараб қўйди-да, пешонасида энди униб, потраб чиқаётган терини рўмолчаси билан сидирди.

Буюк ипак йўли Ўрта денгиздан то Чин қадар, Осиё билан Оврупани кесиб, Мағрибу Машриқ ўртасида савдо ришталарини барқарор этади. Манбаларнинг ҳикоя қилишича, масиҳийлик мелодидан аввалги бир юз ўттиз саккизинчи ва бир юз йигирма олтинчи йиллар оралиғида Марказий Осиё мамлакатларида элчилик қилган хитойлик Чжан Цзян ўз ҳукмдорига муҳим бир нома йўллади. Элчи бу юртнинг зотдор торғил отлари салтанат манфаатлари учун ўта зарур эканидан ўз валинеъматини воқиф қилиб, уларни ипак газламалар эвазига алмаштириш мумкинлигини баён этади. Шу йўсин карвон йўли очилади ва Ўн тўққизинчи асрга келиб, олим ва сайёҳ Фердинанд фон Рихтҳофен таъбири билан унга “Буюк ипак йўли“ деган маҳобатли ном раво кўрилади…

Бу йўл Шарқда – Хитой, Ҳиндистон, Мовароуннаҳр, Жанубда – Эрону Арабистон, Ғарбда эса бутун Оврупа, Шимолда – Идил бўйлари ва Сибирни ўзаро боғлаган эди. Хитойнинг текканда қўллар, кўрганда эса кўзлар яйрайдиган ипак-шойи газмоллари ва латиф қоғозлари, Ҳиндистон зираворлари, Румнинг ҳарир матолари-ю Афросиёбнинг сопол идишлари, ва Эроннинг кумуш тақинчоқлари юкланган карвонлар Мовароуннаҳрнинг бепоён сарҳадлари оралаб, Қорақум ва Қизилқум саҳроларидан ўтиб, Мурғоб, Жайҳун  ва Cайҳунни ортда қолдирганча манзил томон илгарилайди. (далее…)

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 20 марта, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

 Arobada safarga14. Ётдан ёруғлик чиқмас

Бу гал зимистон қиличини яланғочлаб, қақшатиб келди. Яхшики, вақтида одамлар қиш ғамини ейишган, йўқса унинг қаҳридан омон қолиши кўп мушкул эди. Аҳли Гурганж ўтган йили ғамланган саксовул ўтинни ёқиб, охирига қадар ёниб улгурмасидан, устига тупроқ ташлаб кўмишди. Энди ўша саксовул ўтини қишда улар жонига оро кирмоқда эди.

Бегимқули Оллоёр хуфтонни масжидда ўқигач, уйига қайтди. Хона ўртасида бозиллаган  сандал. Қуёш ботар маҳали оқсоч таом пиширгач, саксовул чўғини сандалга солди, сўнг бознаб турган чўғ тафти сандал ёпинчиғини ёндириб юбормасин, иссиғи тонггача турсин деб устига кул тортди.

Токчадаги шам хонани ёритиб, милт-милт ёнмоқда эди. Нариги хонада неваралари – Дариға, Фотима ва Зуҳра сандал кўрпага ўраниб, донг қотиб ухлашаётир. Бегимқули Оллоёр улар уйқусини учирмаслик учун паст овозда кампирига сўзланди:

– Ухлаганинг йўқми?

– Уйқу келармикан? Чой бор.

– Ҳа, қуй чойдан.

Улмон кампир сандал кўрпани кўтариб, чўғ четида турган мис чойнакни олди. Сўнг оташкуракда чўғни очди, кун бўйи совуқда дилдираган оёқларига ором кирмоқда эди. Иссиқ тафт иликларига қадар бориб етгач, Улмон хотин оёқларини ташқарига чиқарди, сўнг чой қуйиб, чолига узатди. (далее…)