jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 18 марта, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

utro8. Руҳимиз тирикдир

                                         Руҳнинг хотироти шу қадар қадим,
ёши эса Одам Ато ва Момо Ҳаводан улуғ…

Ўзи Қуръонда таъкидлагандир: “Агар сизлар Оллоҳнинг неъматларини санайман десанглар, уларнинг адоғига етолмайсизлар”. Ҳақ-Рост! Кунни тун оҳиста ечиб олур ва қора чиммати бирлан чирмаб ўрагай! Бизга бир ажиб ҳикмат жўнатур. Кези келгач, яна Қуёшини қайта жорий қилур. Бу – ўн саккиз минг оламни бир зарбда олти кунда тақсимлаб бунёд этган Танҳо Яратгувчи ва Ўзи ёлғиз билгувчи Зотнинг тақдири ўлчовидир. Қуёшни Кунга, Ойни эса Тунга ҳукмрон қилган. Kўкда Шамс таважжуҳ-ла тасалло айлаб, борлиқни қайта забт этур, оламни нурга белаб, нурга ўраюр. Оқшомини туширгач, Ойга осмон денгизи cаҳроларида ёнарқурт – ёмби юлдузларини қаричлаб, саралаб тарқатмоқни буюрур, сўнг улар чиндан ороланиб-оромланиб фалакда сузиб юрур. Оздириб – Ҳилол қилур, тўлиштириб тўлин ой – Қамар этур: алалхусус, тўлиштирмоқ учун аввал оздириб, сўнг ўз ҳолига келтирмоқ учун бир неча манзилга белгилаб, якунида бутоғини гоҳо ўнгга, гоҳо сўлга тайинлаб қўюр. Барчалари бир-бирларин қувватлаб, тўлдириб турур.

Билдикки, уларни Ўз билгича, инсон онгига мутлоқ даҳлсиз Илоҳий тафаккури-ла ажратур ва тартибга солур. Англадикки, илҳомидан яратган оқсуяк малойиклар сабоҳларда мушку анбар пуркалган насиму наволардан пок таҳоратлар олур ва оқибат ҳисоб-китоб қилмоқ учун ҳар ён жўнар. Кимнидир, ниманидир устун, даражасини баланд, ўзгадан чандон зиёд қилур. Найсонлар майда-майдалаб ёғарлар, сўнг қиқирлатиб-яйратиб бир мафтункор, баъзида йиғлатиб-қақшатиб асов-исёнкор ёмғирларини жўнатур, бўронларни дўлга оғдирур, чақмоқларни чақнатиб, ердан потирлатиб қўзиқорин ундирур. Бунда ҳатто алафлар-да тўлғониб, тўлқинланиб ўзлигин намойиш этур, улар ҳам ҳис этарлар, қувонарлар, ғам чекарлар. Тирилгайлар – ўлгайлар! Ердан униб, тупроққа қайтгач, яна яшармоқ-чун қум қатига дардини тўкар, қишда кўкламини соғиниб, баҳор кўргач, ёзга талпиниб, охир-оқибат зулф кўрсатиб, кокил ўйнатиб ўт-ўлан яна ва яна заминни ёриб чиқар, бани башар қадамига бахмал поёндоз тўшар.

Алалхусус, Руҳнинг хотироти кўҳна Заминдан қадим, ёши Одам Ато ва Момо Ҳавонинг ёшидан улуғ. Токи биз бор эканмиз, руҳимиз парвона, ҳаёт шами сўнгач, у охират ташвиши билан яшар. Қабр — қўним топар манзилинг. У амалларингга қараб ё нурга тўлгай ва ё зулмат бўлгай!

 

    9. Азоб – айрилиқ

 

Кутилмаган шум хабар Mуҳаррамни гангитиб қўйди. Юрак куйгач, кўнгли бўзтўрғайдек бўзлаб, оҳи фалакка ўрлади. Дард танадан аримас оғу. Ўтда ёнди, боз устига, олов унга оташ тутди. Унинг чиндан ақли шошди. Бурунгилар топиб айтмиш:

Яра бўлдим ёрилдим,
Йиринг, қонга қорилдим.
Баркашидан оғилдим,
Изи кетмас танамдан,
Қайноғида қоврилдим.

Муҳаррам қайнонаси Холжон хотин билан ота эшигига етиб келганида, орзу-армонига кўмилиб ётган опасининг жасади ҳали совуб улгурмаган эди. Муҳаррамнинг тўладан келган қомати ва буғдойранг чеҳраси отасига тортган: пешонаси кенг, чақноқ қўзлари кишига маъноли боқар эди. Ўттиз олти баҳорни кўрган бу кўҳлик жувон илк бор жудолик нелигини англай бошлади. Кутилмаган айрилиқдан гангиган хаёлига келган илк ўй – лаб ялаб ётган гўдак Шодмонгул ҳақида бўлди. Ҳали йиғлаб, ғунча лаби сут талаб этса, қай тадорик унга бас келур? У дилафгор бир тарзда холасига сўз қотди:

– Гузарда доя  бор эди-ку… Оти дим эсимдан чиқти, – қўлини пешонасига олиб бориб ўйланиб қолди.

– Қайси дояни айтмоқдасен?

– Оти қурғур тағин эсимнан чиқти…

– Ҳа, – унга эслатган бўлди қайнонаси. – Cаломат дояни айтмоқдасенму?

– Рост айттингиз, шу, шуни айтмоқдамен, унга хабар жўнатсак, шу кунларда янги
туққан хотин бормикан? Бувакти эмизиб турса…

Холжон хотин ўйланиб қолди. У тонг саҳарлаб Саломат доянинг уйига жўнади.

* * *

Cукут ичида хуш фазилат англамоқни, кулфат ичидан ҳикмат топмоқни ўрганди. Чиндан, Ғошиянинг ўлими уни яна-да улғайтириб, донишмандга айлантиргандек. Етти пушти савдогар ўтган, қипчоқлардан бўлган Бегимқули ҳали Улмонга уйланган кезидаёқ “Бегимқули бозоргон” лақабини олган эди. Қаловини топиб, қорни ёндира оладиган корчалон савдогар эди у. Cермулоҳаза, камтарин, гапирганда вазмин ва равон сўзларди. Бир маромда босиқ, кайфияти турғун, баъзан ўта сокин бўлиб қолар, бу унга янаям кўркамлик бахш этар эди. Айни мана шу сермулоҳаза ва босиқлигини кузатган Ўтрор ҳокими Иналхон уни ҳузурига тез-тез чорлаб турарди. Бир гал Иналхон  бўласи – Муҳаммад Хоразмшоҳдан хуфя бир топшириқ олди, зудлик билан бу нома Бағдодга — керакли кимсага етказилиши даркор эди. Шунда карвонни бошқариб кетаётган бозоргон Бегимқули унинг жонига оро кирганди. Махфий нома Бағдодга айнан Бегимқули томонидан етказилиб берилди. Шундан кейин Иналхон ва Бегимқули  орасидаги муносабатлар яна-да  мустаҳкамланди. Ўз навбатида жаҳонгашта савдогар унга Бағдоддан келтирилган ноёб алхуттувв ҳадя этди.

Бегимқули ўғил меросхўр кўришни кўпдан орзу қилиб юрар, лекин икки ўғли ҳам ҳали ёшига етмай вафот этганди. Мана энди ўзининг ҳам ёши олтмишдан ўтиб қолгач, Румдан то Шом қадар карвон йўлларида қатнайвериб, савдогарлик ҳадисини олаётган Кенжабек Қипчоққа бозоргонлик сирларини ўргатди.

Қизининг вафоти унга қаттиқ таъсир этди, аммо ҳамон бу айрилиққа кўника олмасди.

Улмон хотин бўлса дардларини қучиб, юки тушиб ётиб қолди. Дариға ва Фотима ҳам алланечук паришон, ўзлари билан ўзлари бўлиб қолишган. Бу азобни кўтариш айниқса Зуҳрага оғирлик қилди, у кечаси босиринқирайдиган одат чиқарди. Баъзан тун бўйи мижжа қоқмай, ҳеч кимга билинтирмай йиғлаб оларди.

 

10. Эр бермоқ – жон бермоқ

 

Чиллаи тобистон қуёши оловгир селини аёвсиз пуркаб, шундоқ ҳам ғорат-ҳарорат жисмини оташда куйдираётгандек эди. Ҳадича ҳожасига чой узатар экан, қайнонаси Робия пошша ичкарига кириб келаётганини кўриб, кўнгли ғашланди. ”Эмин-эркин емоққа қўймас бу хароп бўлгур” деди у ичида. Ичидагисини ташига билдирмасликка тиришиб, қайнонасига:

– Келдингизми? – деди.

– Ҳа, – қайнонаси Ҳадичанинг ботинида кечаётган ўйдан мутлоқ бехабар эди.

– Ҳозир сизга емак олиб келурлар… – У остонада кўриниш берган оқсочга таом олиб келишини буюрди.

Шу тоб Cобирбекнинг ҳолини тушуниб турган Робия кўнгли баттар ғашланиб, ўғлига қаради.

Катта келини Гурганжга кетиб қолгач, дарвозасини тамбалаб, икки кун уйидан хабар олиб келиб турди, лекин борган сари кўнгли ғашланиб, баттар ҳаловати йўқолди.

Кеча Ҳадичадан беркитиб, ота-онаси Собирбекни койишди: “Қай бир ола пишак ўтти оранглардан? Йигит бошинг омон бўлса, ўғил ҳам кўржаксан”. Лекин асосийси, қандай кулфат содир бўлганидан улар ҳали бехабар эди.

Эртага Робия пошша ва Собирбек Гурганжга борадиган, неваралари билан келинини ҳам олиб келадиган бўлишди. Буни пинҳон эшитган Ҳадичанинг алами зиёда бўлди. Қайнонаси ва қайнотаси ёнида ҳеч вақо демаса-да, ёлғиз қолишганида ҳожасига ёрилди:

– Ўзи кетти, ўзи келсин. Унинг орқасидан тағин борурмисиз?..

Собирбек унинг гапига лом-мим демади. Демагани сари Ҳадича тутади:

– У кишим кетсинлар, қолганлар орқасидан ялиниб юрсинлар!

– Бўлди қил дийман, – деди Собирбек тоқати тоқ бўлиб.

– Нечун энди бўлди қилур эканман? Ундан бўлак бошқаларнинг дарди йўқмикан?

– Санга биров дард дедими?

– Cизга ундан бўлак ҳеч кимнинг кераги йўқ.

Собирбек хотинига тарсаки туширмоқдан ўзини зўрға тийди. У зарда қилиб эшикни ёпиб чиқиб кетгач, Ҳадичанинг кўнгли баттар ғашланиб, эрининг кетидан бир нима деб ғудранди.

Унинг бахти ҳеч очилмади-очилмади. Иккинчи хотин бўлиб донгдор дўкондор, бойвачча Собирбекнинг никоҳига кирган кунидан бошлаб, кундошлик азобини тортди. Ўғил туғиб бериш орзуси армонга айланди – етти йилдан буён тирноққа зор. Ҳали ёш, навжувон бўлишига қарамасдан, фарзанд кўриш орзуси cаробга айланди. Онаси ва қайнонаси уни неча бир табибга кўрсатмади, дейсиз?!  “Эр бермоқ – жон бермоқ” деганлар кундошлик нелигин теран ҳис этарлар.

 

11. “Шафтолининг тагида шамоллаган қайнонам”

 

Тирноққа зорлик ва кундошлик дарди қурсин! Далли хаёли Собирбекни ўзига оғдириш истаги билан ўтди. Эрини-ку балки ўзига оғдиргандир, лекин Худо фарзанддан қисди уни. Ўта чиройли бўлмаса-да, истараси иссиқ, гапдон ва дилкаш жувон эди. Дастлабки йиллар қайнонаси билан она-боладек бўлиб кетди, лекин йиллар ўтган сайин қайнона-келин муносабатлари совуқлашиб, кўнгил ришталари узилди.

Буни баъзан Ҳадича фарзандсиз эканлигига йўяр, шу сабаб бу борада тили қисиқ эди ва кунлар келиб, агар турмуши шу тахлит давом этса, қайнота-қайнонаси уни ота эшигига олиб боришидан чўчиб юрар эди. Кунларнинг бирида сигири туғавермагач, Робия пошша чолига қараб “Қисир сийирнинг кима кераги бор, уни бозора сотиб қутилиб келинг”, – деган эди, ўз ёғида қовурилиб юрган Ҳадича бу гапдан сўнг оёғи куйган товуқдек типирчилаб қолди.

Ўшанда уйда издиҳом кузатилаётган эди. Ҳовли лиқ тўла одам. Ғошия  меҳмонлар ўтирган хонага кириб кетди.

Ошхонада Ҳадича куймаланаётган хизматкорларга ниманидир уқтирмоқда эди. Шунда Робия пошша Ҳадичага қараб деди:

– Ҳадича, дакчада турғон қиёмни идишларга солиб қўйсанг. – Овсинлари ичида айнан Ҳадичага қараб буюргани унинг иззат-нафсига тегди.

– Мандан  бошқа  хизмат қилувчилар ҳам бор бу уйда.

– Ўзинг кўриб турибсан, улар  ўт билан олишиб, таом пиширмоқ билан овора!

Овсинлари олдида мулзам бўлиб, силкиниб токчага яқинлашган Ҳадича идишга қўл чўзди, туйқус идиш қўлидан тойиб, мураббо тўкилиб кетди.

– Астароқ осанг бўлмасмиди? – танбеҳ берган бўлди Робия пошша келинига.

– Ман олувни билмасаканман, нечун сиз манга бу юмушни  буюрурсиз?

– Келин бўлгач, санга буюрмай Собирга буюрайми?

– Маннан бўлак бошқалар ҳам бор бу ерда, мани камситганингиз-камситган!

– Ман сани камситганим йўқ.…– Робия пошша зарда билан меҳмонлар ўтирган хонага  кириб кетди. Кетидан Ҳадича овсинларига қараб ғудраниб қолди:

– Иш буюриб дим қўймайди одамни. Шафтолининг тагинда шомоллаган қайнонам,
қўни-қўшнига чиқиб ёмонлаган  қайнонам, – деди алами баттар зиёда бўлиб. Кейин ичида қарғанди: “Манга берган азобинг бир кун торта-торта кетарсан…”

Шундай аламзада кунларнинг бирида нимадир сабаб бўлиб, Робия пошша чолига қараб, “Қисир сийирнинг кимга кераги бор, уни бозора сотиб қутилиб келинг”, – деган эди. Шундан сўнг Ҳадича ўзини қўярга жой тополмай қолгани ҳам рост.

Ҳозир Ҳадича шуларни эслар экан, юрагига қил ҳам сиғмаётганини ҳис этиб, оғир тин олди. Эрининг феъли камлик қилгандек, қайнона-қайнотасининг раъйига қараб яшаётгани унга алам қилди. Шунда унинг қайсарлиги тутиб, қони баттар қайнади…

 

12. Улар барибир ёт эмаслар…

 

У имкониятларга бўйсунишни хоҳларми эди? Билъакс ўша ожиз имкониятларни ўзига бўйсундириб, улардан фойдалана билиш эди муддаоси. Магар имкониятлар ўз-ўзидан чекинган маҳал, бас, энди Собир тақдирига тан бериб, маъюс тортганини билмай қолди. Мана бу уй, ундаги анжомлар, оёқларини тўпиғига қадар ёпиб турувчи бу ҳарир либослар токай энди бекасини кутиб ётар?..

Машъум ўлим уларни мангу ажратганини эшитиб, Собирбекнинг дунёсига ўт кетди. Гарчи ўлим ҳақ эса-да, бунга ишонгиси келмаётган, cўнгги дақиқаларда завжаси ундан норизо кетгани энди пушаймон ўтида ёндирмоқда эди. Қайнона-қайнотаси норизо ва хуш кўрмай қарши олгани баттар кўнглини ғашлаб исканжага олди, зотан, бу ношукур куёвдан бундан ортиғини кутиш мумкинми эди?

Кўз олдида кўз очиб кўрган завжаси – Ғошия гавдаланди. Нозик бўйнида у аввал ҳеч кўрмаган ҳарир рўмоли ҳилпирайди. Енгилгина, виқор билан қадам ташлаши эшитилаётгандек. Ўша ҳарир рўмол остида бир заковат, либосларига ўралган вужудда оташ юрак яширин эди. Улардаги нозикликни ҳеч нима сидириб ташлай олмагай. Бунда у гўё Ғошиянинг қалб ноласини эшитаётир. Шунда у жуфти ҳалолидан бир умрга жудо бўлганини ҳис этди. Ва… ва нима қиларини билмай қолди. Айрилиқ заминида униб чиққан ўлик сукунат зарпечак каби чирмаб олди. Уни унута олмаслигини англаб етди.

Шодмонгул эмикдоши Қантигул билан қониб эмиб бўлгач, мириқиб ухлаётган бўлса ажаб эмас. Дариға, Фотима ва Зуҳрани холаси Муҳаррам кеча уйига олиб кетган эди. Робия пошша қудасидан невараларини олиб келишларини сўради. “Сан неварага тўйиб қолган меҳрсиз хотинга энди невара керак бўп колдими?”, деган эди ичида Улмон хотин.

Муҳаррам болаларини қайнонаси Холжонга ташлаб, ўзи опасининг қизлари билан онасининг уйига кириб келди. Отасини кўргач, Зуҳра югуриб унинг қучоғига ўзини отди ва ҳўнграб йиғлаб юборди.

Cобирбек қизини бағрига босар экан, қандай кулфат рўй берганини энди чуқур ҳис эта бошлади. Кетидан Фотима ва Дариға ҳам қўлларини кўзларига олиб борган кўйи алам ичида куйиб, ўксиб йиғлашмоқда эди…

Собирбек қизлари билан бир-бир кўришар экан, кўзларидан потраб чиқаётган ёшини дағал қўли билан артди.

 

13. Пушаймондан ёмони йўқ

 

Эртаси кун она-бола бурунлари кесилган одамдек ўсал бўлиб, изларига қайтишди. Улмон хотин невараларини олиб қолди. Фақат ўз тинчини ўйлайдиган Робия пошшага-да невараларнинг кераги йўқ эди. У ўзида йўқ меҳрибонлик кўрсатса-да, бу унинг совуққон хилқига сира қовушмас, неваралари ҳам унга ёпишавермас эди. Айниқса, кўримсиз чеҳрасига кишимсиб* туриши уни яқиндан билган одамнинг ҳафсаласини пир қиларди, айнан шу сабаб у Робия “пошша” лақабини олган. Чоли Қодир ота ҳам тақдирига тан бериб, пошшанинг феълига мослашган ва у чизган чизиқдан чиқмас эди. Хайр-эҳсонни билмас, қурумсоқ, паст ва худбин бу аёлни ёнида ҳеч нима дейишмаcа-да, ундан меҳр-оқибат кўрмаган келинлари доимо орқасидан норизо гап сўзлар эди.

* * *

Дашт ҳавоси жуда ўзгарувчан-да: кеч киргач, салқин ҳаво танингни жунжиктиради, тонг отгач, шамоллар ҳар ён муздек ел сочади, борган сари қуёш даштни забтига олади ва шунда ер кўпчиб қизийди. Собирбек отларнинг жиловини бошқариб кетаётган қаролга  қараб  қўйди, ғариб кўнглига қил ҳам сиғмаётганини ҳис этиб, оғир хўрсинди. Отлар эса шамолдек елиб кетаётир эди…

Мана, ёши қирқ еттига етди. Онасига тортган совуққон, худбин мижози ва ғайриоддий табиати баъзан ўзининг ҳам жонига тегиб кетар ва бошқалардай оромланиб, шунчаки оддий-одми яшай олмаслиги унга алам қиларди.

Ғошияга уйлангач, биргаликда кечирган беғубор кунларини кўз олдига келтирган эди у. Ўшанда айни баҳор чоғи эди, Ғошиянинг навниҳол қадди-қомати-ю ҳусни малоҳати мана шу навбаҳорга жуда уйғунлашиб кетганди… Шу мафтункор кўклам ва соҳибжамоли билан мангу қолишни орзулагани рост. Тутам-тутам сочларига ўчакишган ўйноқи еллар уларни ечиб юборди. Ғошия сабо ўйнаган сочларини ўра бошлади. Шунда Собир унинг зулфизар, қўнғироқ кокилларини силаганди. Ўшанда яшаш нақадар тотли эди-я! Кўклам нафаси анқиб турган замин устида, унинг устига шундай сулув билан умр кечириш йигит учун бахт эмасми, асли? Лекин ҳаёт фақат баҳордан иборат эмас, иссиқ тафтида тоблагувчи тобистон ҳам бор. Кузакка ўчакишган савдойи шамоллар юзига баргихазонлар сочиб, руҳи ҳазинини тентиратиб, уни не савдога мубтало этди? Қиш қақшатиб, қиличини яланғочлаб кутиб олгач, зимистоннинг найрангига у қандай бас кела олсин!

Ҳаёт шундай титратмалардан иборат. Ва бу титратмаларга дош бергучи бир куч йўқ унда. Бу бир синов эди. Мана шунга дош бера олган инсонгина қаддини қайта тиклаб, йўлида давом этади. Бўлмаса, шамоллар тўфонга айлангач, улоқтириб ташлайди…

Бу ҳаёт яшашга арзийдими ўзи? Лекин инсон шунга маҳкумки, қазосига қадар
улоқиб юргусидир. Бу йўлда азоб билан бирга роҳатни-да татишга мажбур. Бир ҳикмат ёдга тушади. Магар ёмғир ёғмас экан, ғунча қуёш оташида куйиб битади.

Қарол яна отга қамчи солди…

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: