jump to navigation

Фақат сен йиғлама (роман, давоми) 18 марта, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

utro8. Руҳимиз тирикдир

                                         Руҳнинг хотироти шу қадар қадим,
ёши эса Одам Ато ва Момо Ҳаводан улуғ…

Ўзи Қуръонда таъкидлагандир: “Агар сизлар Оллоҳнинг неъматларини санайман десанглар, уларнинг адоғига етолмайсизлар”. Ҳақ-Рост! Кунни тун оҳиста ечиб олур ва қора чиммати бирлан чирмаб ўрагай! Бизга бир ажиб ҳикмат жўнатур. Кези келгач, яна Қуёшини қайта жорий қилур. Бу – ўн саккиз минг оламни бир зарбда олти кунда тақсимлаб бунёд этган Танҳо Яратгувчи ва Ўзи ёлғиз билгувчи Зотнинг тақдири ўлчовидир. Қуёшни Кунга, Ойни эса Тунга ҳукмрон қилган. Kўкда Шамс таважжуҳ-ла тасалло айлаб, борлиқни қайта забт этур, оламни нурга белаб, нурга ўраюр. Оқшомини туширгач, Ойга осмон денгизи cаҳроларида ёнарқурт – ёмби юлдузларини қаричлаб, саралаб тарқатмоқни буюрур, сўнг улар чиндан ороланиб-оромланиб фалакда сузиб юрур. Оздириб – Ҳилол қилур, тўлиштириб тўлин ой – Қамар этур: алалхусус, тўлиштирмоқ учун аввал оздириб, сўнг ўз ҳолига келтирмоқ учун бир неча манзилга белгилаб, якунида бутоғини гоҳо ўнгга, гоҳо сўлга тайинлаб қўюр. Барчалари бир-бирларин қувватлаб, тўлдириб турур.

Билдикки, уларни Ўз билгича, инсон онгига мутлоқ даҳлсиз Илоҳий тафаккури-ла ажратур ва тартибга солур. Англадикки, илҳомидан яратган оқсуяк малойиклар сабоҳларда мушку анбар пуркалган насиму наволардан пок таҳоратлар олур ва оқибат ҳисоб-китоб қилмоқ учун ҳар ён жўнар. Кимнидир, ниманидир устун, даражасини баланд, ўзгадан чандон зиёд қилур. Найсонлар майда-майдалаб ёғарлар, сўнг қиқирлатиб-яйратиб бир мафтункор, баъзида йиғлатиб-қақшатиб асов-исёнкор ёмғирларини жўнатур, бўронларни дўлга оғдирур, чақмоқларни чақнатиб, ердан потирлатиб қўзиқорин ундирур. Бунда ҳатто алафлар-да тўлғониб, тўлқинланиб ўзлигин намойиш этур, улар ҳам ҳис этарлар, қувонарлар, ғам чекарлар. Тирилгайлар – ўлгайлар! Ердан униб, тупроққа қайтгач, яна яшармоқ-чун қум қатига дардини тўкар, қишда кўкламини соғиниб, баҳор кўргач, ёзга талпиниб, охир-оқибат зулф кўрсатиб, кокил ўйнатиб ўт-ўлан яна ва яна заминни ёриб чиқар, бани башар қадамига бахмал поёндоз тўшар. (далее…)