jump to navigation

ФАҚАТ СЕН ЙИҒЛАМА… (Трилогиядан биринчи роман) 6 марта, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

JТуну кун Яратганга ҳамд айтиб, дуои жонимни қилгучи Онамга ва Ёлғиз Ўзига саловат айтишга ундагувчи Отамга бағишлайман.

 

Мурувватли ва меҳрибон Яратган Эгамга саловат билан бошлайман.

 

Биринчи қисм

 

 1.      ”Мен ташвишни енгурман…”

(Дариға ноласи)

 

Муттасил ўй ва муҳаққақ бир оғриқ келтириб чиқарган эди аввалига мудроқ, айни пайтда уйғоқ юракнинг асов ва исёнкор эпкинларини. Дариға йиғлар эди. Юрагини қай йўсинда таржима қилсин? Билсанг, ўн саккиз минг оламга етгулик оҳи бор унинг!

Куйиб, култепага айланган Мовароуннаҳр, магар энди қай йўсинда қаддин тикласин? Қиличлар қинидан чиқиб, беомон синган ва энг азиз кўнгиллар сазойи бўлган қирғинбаротда жувонмарг кетган жигарларининг қонли заволини қай йўсинда китоб айласин?! Шамшод қаддин камон, моҳтоб юзин сомон айлаган бу кўргулик кумуш кузнинг зардиданми? Ёҳуд ҳаёт зарбиданми?  Ва ё мўғул заҳриданми? Бу аламни, бу ситамни қай йўсинда хитоб айласин?!

Тушими эди ва ё ўнги? У йиғлар эди. Йиғлаётиб халоскор шамолларга қараб ҳайқирди:

– Оллоҳни ва ўзимни алдай олмасман. Оллоҳдан қўрқаман ва ўзимдан чўчиб кетаётирман. Далли-девона, савдойи тўлқинлар гувоҳмиди бу телбаликка? Кўзёшимни кўлга қуйдим. Алар Жайҳунга қўшилиб оқмиш… Лекин умидим кўз тиккан эди. Шу йўсинда умидсиз умидлардан умидвор бўлиб, умид узолмадим. Ҳаминқадар ташвишлардан қочолмадим. Магар, магар ёлғиз бошим олиб кетолмадим. Дорлар солиб бўғзимга, энди кетаётирманми мен кўл томон бир қоп андуҳим орқалаб, турибмидинг сен сироталда мен томон қараб. Йўлларми эди менга тузоқ. Ҳузуринг бунчалар узоқ. Йиғлагандим. Тушимда ва ўнгимда йиғлар эдим. Юрагимни ўтдан олиб, оташга солдим. Қумрим қолиб забундан, кезиниб толдим. Тўхтаб бироз тин олдим. Бир нидо янграгандек бўлди: “Ай Дариға, куйлагин сен. Мен эса сибизға созим – чанқовуз чалай”. Кекирдагим юлиниб, чанқовуз чалдим. Мантиқ ва чегарани йўқлик қаърига улоқтириб, воқелик ва хаёлотдан мўъжаз бир олам, оҳанрабо бир куй яратишми эди муддаом? Қалб ғорат, вужуд эса — ҳарорат. Аслида хилқатлар ичра инсон ўзи беназир хилқат. Айни пайтда, эҳтимолки, ўзим чалаётган куйга ўзим қўшилиб оқмоқда эдим. 

Мени бу дунёга келтириб Худо, аллақандай майда ташвишлар солибмиди бошгинамга савдогар савдо. Инжа қанотини ҳеч қоқмас кипригим. Кўзёшларда Буюк Мовароуннаҳр ташвишлари қусури ётар. Ва халқа-халқа ёш бўлиб, юмалаб кетар, сўнг юзимда шўрлари қотар. Қорачиқда қотса сукунат, қабоғим қабарар. Бўғзимга ғолиб келса талваса, фақат сен “не бўлди” дея сўрама. Йиғласам, қарама. Ҳали эрта, сироталда толим-толим сочингни тарама, нолон йўл қарама. Бирор кунингга ярамадим. Эгатингда сувлар тарамадим. Ярамадим. Ўксиб қолдим. Яна сибизға созим – чанқовуз чалдим. Куй ёнди. Ўт ичида ўзим-да ёндим. Кўз ёшларни боз қайта кўлга қуярман. Лақча чўғ мисол ёнган юракни Мовароуннаҳр узра қирмиз байроқ қилиб иларман. Қабоғим қабариб кетар, қорачиғим қораяр, қотар. Алалхусус, Жайҳуннинг мавжига онтким: мени хароб этмакка ташвишларнинг  қурби етмагай. Мен аларни енгурман. Ва ожиз ғамлардан қолмагай асар. Айт, ким отанинг қўри-қуввати ва онанинг лафзу ҳалоли, жигару ҳолидан бино бўлмаган? Қулоқ тутдим, айт! Айт !

Ўзидан аввал жигарбанди — дилбанди вафот этгач, унинг шафоатига ва ҳузурида Ўзининг қўлловига умидвор, садпора катта энам Улмон хотиндек бунчалар куймаланмасам. Англадимки, бу кунлар ўткинчи. Ва лек манзилим йироқ. Бандасиким, ибтидодан интиҳога қадар суринса-куймаланса, йиқилса-турса. Йиғласа-овунса! Айтмишлар, меҳр – дарё тўхтатар. Магар бу рост экан, майли, меҳр дарё тўхтатсин. Ҳузурингга ҳали оёқ изи тегмаган Кўҳистонли сўқмоқ очилсин.

Тушимми эди ва ё ўнгим, мен йиғлар эдим. Яна халоскорим – шамолларга ҳайқирдим:

– Оллоҳни ва ўзимни алдай олмасман. Оллоҳим дедим, йўлим очилди. Роббим дедим, мушкулим ечилди. Илло, менинг шакл-шамойилим Сенинг ҳукмингдадир.

Энди у ғойибдан улғайиб қолган каби, бошқа бир Дариға бўлиб, муаттар мушк таралган оламдан қониб нафас олиб, димоғдор эпкинларга панд берди.

 

  2. Тўлқинлар мавжида ҳикмат бор

 

Ҳис қилдики, мангу барҳаёт Жаноби Ҳақ ўн саккиз минг оламни бир зарбда – олти кунда тақсимлаб яратмиш. Кўрдики, бунда урён-туғён тўлқин қирғоққа урилмоқ учун яна қайта мавжланаётир. Саҳройи вужудига кўпдан буён унут бўлган бир куч қайтаётганидан мамнун эди. Борлиғи Жайҳун тўлқинлари сеҳрига ошно бўлганидан буён, чексиз-сўнгсиз ҳайрат ҳисси билан лиммо-лим, тўлуғ. Бу урён сеҳр уни ўзига чорлагувчи бир қўнғироқдир. Ушбу қўнғироқ жаранглаган маҳал борлиқ сеҳрланажак ва лол қолажак. Кўнгил таскин топажак. Кейин қалбнинг беҳудуд сарҳадлари узра акс-садо беражак, кишини сокинликка даъват қилажак. Айтмоқчи: тўлқинлар мавжида енгиб бўлмас бир қудрат бор. Бобоси Бегимқули Оллоёр айтмиш эди:

– … шалола оқиб сойга, сой шошиб дарёга қуйилади. Дарёлар эса қўшилмоқ учун денгиз томон йўл олади. Қўшилганини тўлқинлар наъра тортиб, шиддат ва шижоат билан қирғоққа урилган маҳал билсанг бўлар. Сўнг тўлқинлар жимир-жимир, мавжлари қимир-қимир, оҳиста денгиз қаърига сингиб кетаверади.

Қуръони Илоҳий Каломда Оллоҳ ўзи таъкидлайди: “Ва ин таъуддув неъматаллоҳу ла туҳсувҳа”. “Агар сизлар Оллоҳнинг неъматларини санайман десанглар, уларнинг адоғига етолмайсизлар”. Ҳаққи рост!

– …Ўтиз тоторлару романлар, аварлару мўғуллар, турклар, хулласки, булар барчаси муқаддас бир кунда тўпланишади. Ва улар Саломхонага чақирилади. Сўнг ҳар бири номаи аъмолига қараб ажратилади, – деган эди Бегимқули  шарқий бир оҳангда ўйлар ичига чўмиб. – Яъни кишилар уч тоифага бўлинади. Ҳаётларини иймон ва яхши амаллар билан ўтказган инсонлар аҳли жаннатдир, куфр ила ўзлари ва ўзгаларга ҳам ёмонлик истаб ўтган кимсалар дўзах соҳибларидир. Ва ниҳоят, қилган яхши аъмоллари билан ёмонликлари баробар кимсалар эса “Аъроф” эгаларидир. “Аъроф” жаннат билан жаҳаннам ўртасини ажратиб турган улкан девор. Учинчи тоифага мансуб бандалар унинг устида кўзлари нолон, Оллоҳ ўзларини жаннатгами ва ё дўзахга ҳукм қилажагини кутиб турадилар. Номи ёдимдан фаромуш қандай битиклар бизнинг пешонамизга битилган экан? Ушбу битикларни Ўзидан бошқа ҳеч бир зоғ пешонадан сидира билмас.

Шу гапларни айтиб бўлгач, у салот айтмоқ  илинжида ичкарига кириб кетган эди.

Қачонлардир шаҳзодаи шаҳриёр бир бежирим тилла сандиқча ичига зару зубаржат тўлдириб, Дариғага хуфя бир мактуб жўнатмиш эди.

Унда шу сўзлар битилмиш эди: “Ҳеч кимсанинг овози сеники каби жарангдор, жозибали эмас. Ҳатто ғазабнок ҳолатингда ҳам кўзимга кўркам кўринурсан. Ўша ғазабда фақат сенгагина хос, фақат сенгагина ярашиқли бир сирли хислат яшириндек. Бу сирни еча олмай қийналмоқдаман. Сенга кўнгил қўйган кимса бошқаларга бефарқ бўлиб қолгуси. Кўзларингда Оллоҳ ҳадя этган сирли ва мағрур бир хосият бор. Бунинг сири нимада ўзи? Буни аллақандай бир кучнинг аломати деб биламан. Дунёда ҳеч ким сен қадар сокин бўла олмас. Бу сокинлик кишига ором бағишлагусидир. Сукутинг кимсада ҳамиша давом ва давом қизиқиш уйғотаверади. Сўзлаётган сўзларинг қизиқишларимга ҳаргиз аниқлик киритмас, билъакс, лаҳза ва лаҳза ўтли қизиқишни кучайтиражак.  Эшитяпсанми, Дариға! Юз-кўзингда бутун қалбинг жилва қилаётган каби кўринур, аммо аслида ундай эмасдир…”

Бу жумлалар унга танишмидики, нигоҳлари билан маржон-маржон, халқа ва халқа ҳарфларни уриб тушираётир. “Маъзур тутгайсиз, шаҳзодаи шаҳриёр, — пичирлаган эди унинг лаблари, —  Одамзот аслида одми хилқатлиги каби ожиз экан. Англадимки, ўзим ҳам шу ожиз жуссам каби ожиз одамларнинг заифидирман.”

Орадан  қанча йиллар ўтди, аммо у олган жароҳатлар ҳали ҳам битган эмасдир…

— Отам қайтиб келурми? Қачон? — Савол қотди Алоуддин онасига, эҳтимол юзинчи, эҳтимол мингинчи бор.

— Келадур, албат  қайтиб келадур. – Юраги баайни сойда шувиллаб оқаётган каби зада бўлиб жавоб қайтарди ўғлига.

— …унда қачон келадур? — саволини қўймас эди ўғли.

Дариға бу сафар ҳам жавоб топа олмай сукутда қолди.

Кечмиши уни ҳали буткул адойи тамом қилганича йўқ, алалхусус хароб этмоққа қурби етмагай, магар ташвиш билан умри адоғига етяпти, ўтмиш уни оловдан оташга солган. Дариға катта-катта ёшли кўзларини олисга тикиб, жимиб қолди. Аслида ўғлига айтадиган гапи кўп эди унинг…

 

3. “Мандин нима қолади?”

 

У инсон йигирма ёшида жисми, қирқ ёшида ақли балоғатга етишини англай бошлаган эди. Қоронғу-зулмат қалбида ой ғариб чўкиб ботди. Сийратидан сурати йироқ, юраги зил кетиб, зиғир шойи кўйлагининг енгларини кўтарди…

Ғойибдан қозиқ қоқилган каби тарс ёрилган тоғ бағридаги музлар чилла қуёшида эриб, Жайҳун ва Сайҳунга қўшилиб оқди. Хоразм тамаддунининг Тангри ёрлақаган, Гурганж ва Хивада ўрнашган Хоразмшоҳлар дорулсалтанаси Помиру Тиёншонгача, Форс кўрфазидан Фирот ва Дажла дарёлари қадар ўз таъсирини ёйган кезлар.

Асли дашт ва чўлларда яшовчи йўрғатувалоқ Жайҳун бўйига қай йўсинда келиб қолди экан? Ахир саҳроларда яшовчи қуш эмасмиди? Ерда уялайди-ку бу қуш! Қизғиш қумранг – ҳимоя ранги ва сийрак жойлашган патлари чўл қўмаржиқлари-ю, ялтирбошлар орасида жўнгина яширинишга имкон бермасмиди ахир? Хулласи, дашту биёбонда яшовчи бу беозор қуш Жайҳун қирғоғини ошён тутди. Хас тўплаб, қамишзор ичига уя қурди. Урғочи йўрғатувалоқ йигирма тўрт кун тухумларини босиб ётди. Қарангки, бу қушнинг эркаги бошқа  қушлардан фарқли ўлароқ, қовишувдан сўнг алоҳида яшайди ва насл тўғрисида қайғурмайди. Урғочиси тухумдан чиққан полапонларини тўрт кун ўтгач, уядан олиб чиқиб кетди. Бир ойдан сўнг жўжаларига учишни ўргатар экан, у кўкларга кўтарилаётган полапонларини ерга қўнмасликка ва тобора олисларга кўтарилишга ундаб куймаланарди. Мода қуш болаларини “қа-қағ”лаб чўққига ундаётган маҳал бўйнидаги узун патлари кўзга яққол ташланиб кетди.

Деярли барча қушларнинг нар ва модаси наслига баробар қайғуради. Нега энди йўрғатувалоқнинг эркаги қовишувдан сўнг алоҳида яшаб, насли тўғрисида қайғурмас экан? Ғошия шуларни кузатар экан, бу манзарада ўзига жудаям таниш бир ҳолатни беихтиёр илғай бошлади.

Аслини олганда,  юраги тўлиб-тошган пайтларда қизлари  билан  дарё бўйига келиб, кўнгил ёзиб кетар эди. Гурганждан Хивага келин бўлиб тушган, онасининг уммон бағрини қўмсаб, киндик қони тўкилган гўшани соғинган эди, нафсламбрини айтганда, у англамас эди – қўмсаш  соғинчдан юз чандон ўтли ва кучли, кулфат ғамдан минг бор оғирроқ.

Ҳув нарида уч қизи офтобда ёнарқурт мисол товланиб, бир-бирига сув сепишиб, шўх-хандон отишмоқда.

Жайҳун қайиридаги жийдалар барқ уриб ўсиб ётар, берироқда эса юлғунлар ва туронғиллар кўзга ташланади, сўл томонда тўқайзор. Бир гала тўрғайлар тўқайни қора тортиб, ўша томон учиб, сўнг бағрига сингиб ғойиб бўлишди. Аҳён-аҳёнда шамол тўқайзор оша қирғовул ва қорабовур товушини олиб келади. Кун асрга оғар маҳал Ғошия уч қизини олиб уйига қайтди, қараса, тамбаланган дарвозаси очиқ. Ҳожаси очгандир? Кўнгли бир нохушликни сезаётгандек бўлди: дафъатан сесканиб, ноилож  ичкарига кирди.

– Санларни санқиғани чиқарғонми? – ўшқирди бадфеъл ҳожаси унга.

Аёл индамади, қизлари эса ўзларини отасидан пана тортиб, елка қисган кўйи нариги хонага ўтиб кетишди.

Ғошия  ора кунда еган калтаклар  азобидан минг бор ўлиб, минг бор тирилиб яшади. Бундай кезларда у худди чақалоғини қўйнига беркитган каби қаппайган қорнини – ҳомиласини авайлар, бу гал  тепки орқасига тушди, ҳожаси  қаршисида тилсиздек елка қисиб, лом-мим демади.

Қуюқ ва узун киприклари орасида аччиқ ёшлари ҳалқаланди… Йиллар оша бу қуюқ, қайрилма киприклар дард бўлиб тўкилди, азобда адо бўлиб, сийраклашди.  Вақт ўтгани сайин у ҳаётни яна-да теран англай бошлади.

Шунча йил бирга яшаб, ҳожасининг қўрс ва қўпол муомаласига асло кўника олмади. Йиллар ўтар, лекин хўжайинининг бу жибинин-қусурлари кўпайса кўпайдики, асло камаймади. Шунда у англаб етди: “Сут билан  кирган — жон билан чиқади”.

“Энасига тортган”, деб ўйлади у қайнонасининг бемеҳр ва совуққон хулқини кўз олдига келтирар экан. Зумда ўзгарувчан-жиззаки, сиркаси сув кўтармас эри ҳозир зарда қилиб чиқиб кетгач, у бироз тин олгандек бўлди. Кўча хандони — уй зиндони эридан безиб, юраги зил кетган кезлар кўп бўлган: қучоғида тўлғониб, азобида уйғонар эди ахир у!

Кўчанинг нариги бетида яна бир уй бор – вассалари баайни битталаб ва саралаб терилган, айвон устунлари тоғ қарағайидан ҳашам бериб ўйилган, пештоқи эса сарв дарахтидан ясалиб, пардози кўзга яққол ташланиб туради.

Cатҳи кенг супага ёғоч сўри қўйилган, барқут якандоз устида қайнонаси Робия  пошша ўтирар эди. Биринчи хотини бевақт қазо қилгач, қайнотаси пошшохонга уйланган, эндиликда бу тўқол хотин унга тўрт фарзанд туғиб бергач, бу хонадоннинг ҳукмфармосига айланган. Ўчоқда таом пишираётган хизматкорга кундоши Ҳадича ниманидир уқтириш  билан овора, Ғошиянинг келганини илғамади… У сўрида елпиниб ўтирган қайнонасига разм солар экан, “Хоразмшоҳнинг онаси – Туркон Хотундай тутади-я ўзини” деб ўйлади.

Ўшанда кичик қизи “жамалак қилиб беринг” дея ҳоли-жонига қўймагач, қайнонасидан қора бўёқ сўраб чиққан эди у. Хайр-эҳсонни билмас, зиқна ва хасис қайнонаси  Ғошияга ғаши келиб, атайдан “йўқ” дейишини олдиндан сезган эди-я. Кейин оқсоч аёл бозордан бўёқ олиб келгач, кеча урчуқда йигирган  ипакни калавалаб, қозондаги  сувга аввал бўёқни солиб обдон қайнатди, сўнг калава ипларни  қўшиб яна қайнатди. Эндиликда ипак калава ип бўялиб, қора тўс мисол ярқираб турар эди. У қуригач, ипларни жамалак қилиб эшди, учларига ўзидан попук чиқариб, жажжи қизининг сочига тақди. Шунда жамалагига маҳлиё бўлган қизи онасига кутилмаганда савол қотди:

– Эна, нечун Ҳадича опам бизим уйға келмайдур? Борсак бизман кўришмийдиям?

Онаси қизидан бу йўсинда савол кутмаган чоғи, не деярини билмай қолди, кейин уни чалғитиш мақсадида “Санга қўшиқ айтиб берайинми?” – дея сўради. Алдагани бола яхши-да, зумда берган саволини унутиб:

– Ҳа, шундай қилинг, – деди у жамалак тақилган сочларини силаб.

Шунда онаси юраги қатига яширган ҳисларини қизига қўшиқ қилиб куйлади:

Шамол бўлдим изғидим,
Тўзон бўлдим тўзғидим,
Қайноқ қондек сачрадим,
Саҳро-чўлдан сакрадим,
Қултум сув деб қақрадим.

Ўсма бўлдим чизилдим,
Эрта сўлдим, узилдим,
Хазон бўлдим, тизилдим,
Ман ғурурдан урилдим,
Минг бор ўлиб, тирилдим.

Лочин эдим қайирди,
Осмонимдан айирди,
Ёшларим сел бўлади,
Юрак чатнаб қоларо,
Мандин нима қоларо?

Яра бўлдим ёрилдим,
Йиринг, қонга қорилдим,
Баркашидан оғилдим,
Изи кетмас танамдан,
Қайноғида қоврилдим.

Не бўлди, деб сўрама,
Йиғласам сен қарама,
Нолон сочинг  тарама,
Юрак тўхтаб қоларо,

 Мандин нима қоларо?

Барқут, ёнарқурт қизим!
Юрсам босилган изим!
Чақнаган шаҳло кўзим,
Юрак тўхтаб қола
ро,
Мандин нима қоларо? 

 

4. Туркон ҳузурида

 

Ғошиянинг ширали ва жозибали овози бор, у куйлаган пайт борлиқ сеҳрланиб, кўнгил таскин топади. Айниқса, Қуръон тиловат қилганида овози кишини саждага бош урмоққа даъват этади. Шайх Мажидиддин Бағдодийнинг завжаси Мавлуда отин қўлида таҳсил олган Ғошия тез-тез унинг даргоҳига — Қуръон тиловатига бориб турар эди.

Саройда катта обрўга эга бўлган Шайх Мажидиддин Бағдодий Мавлуда отиндан Ғошиянинг ширали овози ҳақида эшитгач, Хоразмшоҳлар саройига, Қадр кечаси уюштирилган Қуръон тиловатига қизи иккиси таклиф қилинди ва Туркон Хотун назарига тушди.

Шундан кейин Туркон  Хотун уларни ҳузурига чорлаган эди. Кутиб олган сарой бекачиси Ғошия ва қизини ичкарига бошлаб кирди. Бекачи  уларга шу ерда кутиб туришини уқтириб, ўзи  Жаҳон маликаси — Туркон Хотун ҳузурига кириб кетди. Қизи билан ёлғиз қолган Ғошия ҳаяжон ичида жим эди.

Оёғи остидаги  алвон ва қалин, бироқ  майин Хива гилами барқутдек товланиб турар, шунга монанд кунгурадор курсига қирмиз бахмал қопланган,  сўл томонда лаъл ва ёқут қадалган бежирим сандиқ, унинг ёнидаги жовонда духоба-ю бахмалга ўралган китоблар дид билан териб қўйилган, шифтга эса Шероздан келтирилмиш қандиллар осилганди. Бежирим қандиллар ичра шамлар мил-мил ёниб, атрофга зиё таратиб турар эди. Бу — отаси Бегимқули Шерозга борганда олиб келган ўша қандил бўлиб, уни сафардан қайтгач, саройга ҳадя қилган эди.

Қипчоқлар ҳомийси бўлган Туркон Хотун нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун Шарққа донғи кетган  қипчоқий  бозоргон — Бегимқули Оллоёрга алоҳида илтифот кўрсатиб, уни даргоҳига тез-тез чорлаб турарди.

Ғошия малика ҳақида отасидан кўп эшитган, лекин бир кун келиб бу аслзода хонимнинг ҳузурида бўламан, деб ҳеч ўйламаган эди. Турконнинг фармонига биноан  бу муҳташам ва муаззам саройда ўтирар экан, ҳали ҳам бу ўнггида кечаётганига ишонмас, аммо у мана ҳозир чиндан ҳам Хоразмшоҳлар дорулмулкида, айнан маликаи доруломон волидаи Туркон чорловини илҳақ кутиб ўтирарди.

Эшик туйқус очилиб, бекачи кўринди. Ғошия яна ҳаяжондан титраб кетди.

— Жаҳон маликаларининг маликаси – Улуғ Туркон Хотун сизни ҳузурига  чорламишлар!

Гўё юрак эпкинлари бутун саройга садо бериб қайтаёган каби  ҳаяжон ичида қолган Ғошия шошиб ўрнидан турди, сўнг Дариға иккиси маликанинг ҳузурига ошиқди.

Саломхонада бир шукуҳ ҳукмрон эди. Буни илк қадамидаёқ пайқаган Ғошия мовий барқут либос кийиб, бошига бағдодий зарҳал рўмол ўраган Малика томон тавозеъ билан бош эгиб яқинлашди.

Тўлишган қадди-қоматини тахтда ғоз тутиб, виқор билан ўтирган маликаи жаҳон сийрак киприклари орасидан қорачиғида ўт чақнаб, ундан азмойиш олди. Маликанинг ўтли нигоҳларига қипчоқлар хони, қайсар Жонкишининг нигоҳлари мангу муҳрланганди. Унинг буғдойранг юзи бироз сўлган, бироқ мағрур ва кибр-ла кишига боқиб турарди. Улуғ Туркон бош силкиб, алик оларкан, бирозги сукутдан сўнг гапирмоққа оғиз жуфтлади:

— Шайх Мажидиддин Бағдодий ва анинг завжаси Мавлуда отин Хоразмда Қуръон тиловатинда санга ва қизингга тенг келари йўқлигини айтмиш.

— Қуллуқ, маликам.

Ғошия Мавлуда отин қўлида Исломий илмларни ўрганган. Ўшанда отаси уни Бағдодийнинг муборак хонадонига олиб борган эди.

Оппоқ мармар ётқизилган йўлак уларни ичкарига бошлади, шунда отаси ташқи ҳовлида қолиб, оқсоч уни  ички ҳовлига олиб кирди. Кунгурали  ёғоч сўрига қип-қизил гилам тўшалган, қизил гулли бахмал якандоз устида Мавлуда отин уни қарши олди.

Шундан кейин  Ғошия юзларидан нур таралиб турувчи, зукко бу  аёл ҳузурида таҳсил олиб, Қуръон тиловат қилмоқ бахтига мушарраф бўлганди.

Ўшанда бир кўришдаёқ Ғошияга меҳри ийган Мавлуда отин қизалоқнинг ҳилол юзига боқиб, пешонасидан ўпган, кейин  ҳайрат билан  ўзига боқиб турган чарос кўзларига қараб айтган эди:

— Энди маним даргоҳимда ўқийсан, қизим!

Ҳа, унинг даргоҳида Ғошиянинг саводи чиқди, ундан ҳадислар ва Қуръон тиловатини қунт билан ўрганди. Кейинчалик ўзи ҳам шогирдлар орттириб, уларга сабоқ берадиган бўлди. Лекин ҳеч қачон Туркон Хотундай маликалар маликаси  ҳузурида бўлишни хаёлига келтирмаган эди.

— Рамазон ойи саройда тиловати Қуръон уюштирилур, анга сизларни ҳам таклиф этурман. — деди малика Ғошияга юзланиб.

— Марҳаматларидин бошим осмон қадар юксалмиш, маликам. Сизнинг давлатингиз соясинда тиловат этмоқни биздек фақирлар ўзимизга шараф билурмиз.

Туркон Хотун бошини оҳиста тебратиб, жилмайган бўлди.

— Бул анжуманға Бағдодийнинг завжаси Мавлуда отин ҳам қатнашур, тағин ундан қизинг хаттотликда тенгсиз эканлигингни эшитганмен.

Ғошия ва Дариға маликага қуллиқ қилиб, бош эгишди.

Шайх Мажидиддин Бағдодий Хоразмшоҳлар саройида юксак илтифотга раво кўрилган уламолардан саналарди. У нафақат исломий илмлар бобида раҳнамо эди, балки табобатда ҳам қўли енгил табиб, адабиётда эса оташнафас шоир сифатида шуҳрат қозонган, Туркон Хотуннинг шахсан ўзи шайх хонақоҳига бориб, унинг маърузаларини тинглагич эди.

Шу пайт Туркон чеккада қўл қовуштриб турган сарой бекачисига имо қилди.

— Фармони олийларига мунтазирман…- деди бекачи.

— Анга мўйқалам ва сиёҳ келтирилсун!

Фурсат ўтиб, маликанинг айтганлари бажо келтирилди.

Малика Туркон яна Ғошияга юзланди:

— Бул мўйқаламни отанг Бегимқули Эрондан, қоғозларни эса Чиндан келтирмишдир…

— Падарим сиздек маликалар маликасига хизмат этмоқни ўзига ҳамиша шараф билурлар….

Туркон бироз сукут сақлади. Сўнг уларни сўл томондаги хонтахтага бошлади.

Дариға бош эгди ва хонтахтага томон сурилиб ўтиргач, мўйқаламни қўлига олиб, ипак қоғозга ёза бошлади. Унинг ҳуснихатига разм солиб турган Турконнинг жиддий юзи офтобда очилган гул каби яшнаб кетди. Туркон бекачи ҳозир тутқазган  қадим бир китобни қўлида тутиб гапирди:

— Бул рисола қипчоқлар хони – отам Жонкиши саройида сақланиб келган қадим қўлёзмадур. Ани кўчирмоқ даркор. Бул юмушни санга топширурман. –деди у Дариғага. Туркон Хотун варақлари сарғайиб, титилай-титилай деб турган, қалин муқоваси чармдан, бироқ унниқиб кетган китобни унга тутди.

***

Орадан  олти ой ўтгач, қадим китоб янги нусхада кўчирилди. Шундан кейин  Ғошия ва Дариға иккиси саройга тез-тез таклиф этиладиган бўлди. Оилада мудом ўзини  биринчи бека санаб юрувчи худбин ва иззатталаб Робия пошшага келинига ёғилаётган олқишлару эътибор ёқмади. Бу илтифотлардан ғашланиб юрган Робия пошша ўғли Собирни унга қарши қайрайдиган бўлди. Бир гал у ўғлига қараб:

— Хотининг саройдан бери келмай қўйди. Саройда қўлма-қўл бўлиб, канизак сафига қўшилиб кетувидин қўрқурмен. — деди.

Таъсирчан ва табиатан иродаси суст, ўзи шундоғам жиззакиланиб юрган Собирнинг бу гаплардан сўнг Ғошияга муносабати буткул ўзгарди. Бемаврид жанжал кўтариб, дағ-дағаси ошиб тушди ва саройдан Ғошиянинг оёғини буткул қирқди. Бунинг устига қиз устига қиз фарзанд туғилгач, мудом келинига тишини қайраб юрувчи қайнонаси  Собирни Ҳадичага уйлантириб қўйди. Орадан анча фурсат ўтгач, Ғошия яна саройга  таклиф этилди. Бормаса Туркон Хотундай жаҳон аёлларининг маликаси назаридан қолиши яхшиликка олиб келмаслигини сезган Ғошия ҳомиладор эканлигини билдириб, Қуръон тиловатига қизи Дариғани жўнатди.

Шунда Дариға худди онасиники каби гўзал жамоли, худди онасиники каби ширали ва жозибали овози билан кўнгилларни ишғол этган эди.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: