jump to navigation

Адабиёт ҳаётни тараннум этади 6 марта, 2013

Posted by Shahodat in Шеърият.
trackback

 Shahodat Ulug”Дунё ўзбеклари” Бош муҳарриридан:

Хорижда қўлига компьютер тегиб, ўзини ёзувчиман деб эълон қилган кўп экан. Лекин уларнинг ёзганларини ўқиб,  ёзувчи тугул, оддий мухбир деб ҳам атаб бўлмайдиганлари бор экан. 

Фақат Шаҳодатнинг ёзганларини ўқиб, хорижда ҳам ҳақиқий адабиётни учратгандай бўлдим. 

Шаҳодат билан ушбу суҳбатни ўқиб, унинг ижодидан баҳраманд бўлиб, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Шаҳодат УЛУҒ: “Адабиёт ҳаётни тараннум этади”

Шаҳодат Улуғ юртимизнинг қадимий ва гўзал масканларидан бири – Нурота шаҳрида туғилган. 1993 йил Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини битирган. Ҳикоя ва қиссалардан иборат икки китоби нашр этилган. Айни пайтда Нидерландияда истиқомат қилади.

Дунё Ўзбеклари: Суҳбатимиз адабиёт ва ижод, ҳаёт ва илҳом тўғрисида кечади. Чунки адабиёт ҳаёт оқимида оқади. Илҳомланган ижодкор эса ҳаётни тараннум этади-да…

Шаҳодат УЛУҒ: Ҳа, адабиёт ҳаётни тараннум этади, биз эса устозлар битган битикларни ардоқ билан варақлаймиз, шунда саҳифалар қатида ҳаёт яшаётганини кўрамиз…Рости шунда бир бошқача бўламан: бу жуда-жуда таниш ва биз ардоқлаган ҳаёт-ку деб ўйлайман…

Дунё ўзбеклари: Ҳаёт ростдан бизга кўп ҳикматларни ўргатди. Кўнгилда меҳр-шафқат уйғотди. Инсон ақлу закоси эса ҳаёт бўсағасида бизни тўғри йўлга етаклаб боради.

Шаҳодат Улуғ: Лекин бошқа томондан ҳаётдаги майда ташвишлар идрок ва ижоднинг давомийлигига соя ташлайди. Қобилиятдаги туғма ва орттирилган сифатлар эса баайни шу ерда иккига ажралиб қолади. Идрок ва сезги, хотира ва диққат, тафаккур ва ирода айнан шунда ўз шамойилига кириб, муҳим аҳамият касб этади. Ва чиндан инсон онгидан ажралиб чиққан ижод, таралган илҳом етук инсон ҳаёти қирраларини талқин эта бошлайди

Дунё ўзбеклари: Адабиёт ҳам санъатнинг бир туридир, бир кўринишидир. Бунинг жозибаси нимада Сизнингча?

Шаҳодат Улуғ: Адабиётнинг жозибаси топиб айтилган фикрнинг инсон тафаккурига етиб боришида. Бу жозиба яна ижод ва илҳомнинг уйғунлигидадир. Бу жозиба идрок, сезгилар, хотира ва тафаккур, ирода ва яна ҳиссиётларнинг уйғунлигида деб ўйлайман. Лаёқат ва истеъдод ижод учун муҳим аҳамиятга эга. Ижодкордаги бу хос ҳислатлар ижодни камол топтиради. Шунда сўзлар мусиқа каби кўнгилни мафтун этади. Ва биз битиклар ичида оқамиз. Битикларда чиндан етук инсон ғоясининг талқин этилиши бизни ҳайратга солади. Чиндан адабиётни санъат даражасида тушуниб, уни юксакларга кўтарган етук, даҳо ёзувчиларнинг асарларини ўқиганимда ҳар гал ҳайратланаман. Улар ҳаммасини айтиб бўлдилар. Мен каби фақирларга бирор айтарли сўз, жўяли фикр қолмади деб ўйлаган пайтларим кўп бўлган. Лекин улар битган асарларни ўқиганимда яна қайта ҳайратланавераман. Аслида бу ҳайрат бошқаларнинг ҳам кўнглида меҳмон бўлганига шубҳам йўқ. Сўзлар кўнглимизга жило сингари оқиб киради. Бу даҳо ёзувчилар кечиб ўтган… Улар аслида ҳозир ҳам ҳаёт, улар шундоқ

бизнинг орамизда яшамоқда. Бу ижодкорлар ўзбекми ёки қирғиз, олмонми ёки фаранг, арабми ёки инглиз, эронийми ва ёки рус ҳамиша муштарийлар қалбига кириб боради, бораверади.

Дунё ўзбеклари: Айни пайтда адабиёт ўзлигини биратўла намойиш этмайдигандек, назаримда. Ижоддаги бу тилсим эртами кеч адабиёт мезонларини янгилаб, шакл шамойилини ўзгартириб, янги ва янги қирраларини очиб боради. Бу борада сизнинг фикрингиз…

Шаҳодат Улуғ: Айни пайтда адабиёт ўзлигини мутлоқ намойиш этмайдиган тилсим эканлигини тушуна бошлаётгандекман. Биз ардоқлаган ижод, биз атаган илҳом асли маконлар ва замонлар оша кўчиб юрар экан. Шу беқиёс илҳом алалхусус ўз эгасини топиб, шакл ва шамойил ясаб, ижод мақомига кираркан. Ва сўнг яна замонлар ва маконлар ўтиб, яна ва яна кўнгилларга меҳмон бўлиб, янги ва янги қирраларини очиб бериб, мутлоқ бетакрор шакл ва шамойилга кираркан. Шу маънода адабиётнинг бира тўла намойиш этмайдиган тилсими бошқа бир кўнгилга меҳмон бўлар экан.

Дунё ўзбеклари: Таъбир жойиз бўлса “адабиёт юки” деган ибора каттами кичик, таниқлими ёки ҳаваскор ижодкорнинг елкасини босиб туради. Бу юк сизнинг назарингизда қанчалик аҳамиятган эга?

Шаҳодат Улуғ: Ижодкор мен бунинг уддасидан чиқа олдимми, деган саволни ўзига беради. Эҳтимол кимлардир бу фикрга қўшилмас. Лекин бу юк мени ҳам ҳамиша қийнайди. Гўё шу масъулият мудом мени тўғри йўлга солиб турадигандек. Мен балки бир арзигулик сатр бита олмасман, лекин мўъжизабахш ва ҳаётбахш Адабиёт оламига пок ихлос билан кирган бир дилбандман.

Дунё ўзбеклари: Ижод, шубҳасиз, фикрлар мевасидир. Ижодкор камолотининг мевасидир… Шундай эмасми?

Шаҳодат Улуғ: Мен эса шу фикрга илова қиларак, бир асар қаҳрамони тилидан жавоб берсам:

Дарё десам, янглишган бўламан, боши–кети кўринмас чексиз бир уммон эди бу.

Тўлқинлар таралиб, мавжланиб қирғоққа урилган маҳал, ажойиб шовуллаб менинг

хаёлимни ўғирлайди, сўнг соҳил қумларини ювган кўйи тағин уммон тубида ғойиб

бўлмоқда эди. Мен эса ҳув олисларга тикилиб қолган эдим.

Кўзимга узоқда оқарган кема, ичида ярқираган бир ёмби кўрина бошлади. Бу маёқ

тобора соҳил томон яқинлашиб, кўзимга яққол ташлана борди. Оқ кеманинг тўшида

эса ҳамон ёмби ўзидан бир ажойиб шуъла таратиб, ловуллаб турарди. Аввалига

англай олмадим, кема одамлар билан тўла эди. Сўнг одамлар туйқус ғойиб бўлиб,

ичида танҳо бувим кўринди. У қўлини тепа кўтарган эди, атрофи ёришиб кетди. Мана

энди кўзимга тиниқ кўринди. Бувим қўлида Илоҳий Каломни – Қуръонни кўтариб

кемада сузиб келаётир эди. Ниҳоят кема соҳилга етиб келди. Мен бувимнинг ёнига

шошилдим, шунда бувим қўлимга Қуръонни тутди, мен Каломни маҳкам қучиб,

кўксимга босдим ва кемага чиқмоқ учун олдинга қадам босган эдим, бувим мени

итариб, “Қўлингдаги Каломни эҳтиёт қил. Тилинг ва дилингдан Биру Бор Эгам

тушмасин. Икки нафсингни ҳамиша тўқ тут. Одамлардан бир поғона пастда юр. Бир

поғона пастда юр! Оллоҳ кўкка сапчиганларни суймайди!” дея хитоб этди ва мени

қуйига итариб юборди. Мен Каломни қучган бўйи қум устига чўкка тушиб, ўтириб

қолдим. Кема шиддат билан сузиб кетди. Мен қирғоқда бир қўлимда Қуръонни қучган,

бир қўлим эса бувим томон чўзилган ҳолатимда қолиб кетдим.

Чўчиб уйғондим. Қарасам уммон ғойиб, атроф эса жим-жит эди. Ич–ичимдан

дарбадар жўш, оташзабаржон олов тошиб келди. Далли хаёлим тентираб, тағин мантиқ

ва чегарани йўқотиб қўйдим. Мен ожиза, мен бир заифанинг тафаккури буни

англашда ожизлик қилади. Мен бундай ҳолга аввал ҳам кўп тушганман. Ва ҳар гал

Қудратли, барчасига Қодир Эгамнинг қўлловида оёққа турганман.

Оромкурсига михланганман-у, кўзларим кўкка нигорон, қабоғим қабаргандек,

қорачиғимда эса сукунат қотиб қолганди. Мен тилдан қолгандим. Ҳа, ҳа, бу ҳоли

хазинимни қай йўсинда таржима қилсам… Юқорида ўз аксимни тиниқ кўра бошладим.

Шифтга жипс ёпишиб турган иккинчи аксим, шундоқ тепадан менинг ич-ичимга

зимдан назар ташлаб турарди. Шунда кўрдимки, чап кўксимдаги митти юрагимга ўз

қини торлик қилмоқда эди. У ўзидан қирмизи тиниқ қонларни ҳайдаб, таним ичра оҳиста қуймоқда эди. Ҳа, ҳа, мен буни худди шундай кўргандим. Ва шу оний лаҳзада мен борлиғимда бир тўлқин топдим. Бу қирмизи тўлқин токи охирги томиримга, энг ингичка ва нозик , энг гўзал ва муаззам томиримга етиб боргунига қадар етмиш икки минг томирим узра тинмай жўшиб оқмоғи даркорлигини тафаккурим ила ҳис эта бошладим.

Маҳорату инкишофдан яралган юрак эса тиним билмай танам ичра олранг оби ҳаёт

қуярди. Мен буни ўз кўзим билан кўрдим. Ўз кўзларим билан кўрдим. Шу он мен

кўнглимда беқиёс чексиз ва шаксиз гўзал бир кенгликни истаган эдим. Шунда

танамдаги бу кенгликка эзгулик уруғини умид билан қададим. Бу эзгу уруғдан умид

билан алафлар туфроқ ёриб чиқа бошлади. Мана, кўринг, ўша гиёҳлар кўнглимга нақш

бўлди. Юрагим эса потирлаб, ожиз танамдан оҳиста сирғалиб чиққан кўйи курраи

заминга теранроқ нигоҳ ташлай бошлади… Ва тилимдан Илоҳнинг сўзлари учди…

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Қул аъузу бироббиль – фалақ.

Мин шарри ма холақ.

Ва мин шарри ғосиқин иза вақоб.

Ва мин шаррин – Наффасати фил – ъуқод.

Ва мин шарри хасидин иза ҳасад.

Фалақ сурасини такрор ва такрор қироат этдим… Сўнг шифтдаги аксим кўзларимга зар нигоҳи-ла боқиб турди-ю, сўнгра қайтиб танамга кўчди

(Адибанинг “Ғаниматим”қисасидан парча эди)

Дунё Ўзбеклари: Илҳомдан яралган ижод эса кўпни ҳайратга солишда давом этаверади…

Шаҳодат Улуғ: Ижод ва илҳом эртами кеч адабиётнинг шакл ва шамойилини ўзгартириб, мутлоқ янги тўлқин барпо этишига шубҳа йўқ.

Дунё Ўзбеклари: Қуйида адибанинг “ЖАЙҲУН ЭПКИНЛАРИ” романидан парча ўқийсиз:

“…Туркон титради. Унинг хуфялари Жалолиддиннинг ҳар қадамини хиёнаткор нигоҳлари билан таъқиб этдилар. Аммо Хотун орзуси нечундир секин-аста сўна бошлади. Магар ҚуТбиддин Ўзлоқшоҳ тахт ворислигига яроқсиз эди. Бу вужудида жасорати сўник Валиаҳд, Тангри ёрлақаган бу юртни қамчи асосида бошқара билгайми?

Бу гал Туркон Хуросон сафаридан қайтган шаҳзода Жалолиддинни ҳузурига чорлади. Шунда Хотун вужудида жасорат-у шиддат қайнаган, билаги йўғон Манкбурнини бутун Мовароуннаҳрга жар солиб, Ислом нури ва Муҳаммадий суннатини ёйган Қутайбага ўхшатди.

Муаззам сарой замини хоснавкарлари қуршовида келаётган Жалолиддин қадамининг залворидан титради. Туркон ҳушёр тортиб вазиридан сўради.

— Бу анинг қадамлариму?

— Шундоқдур, маликам!

Эшик оғаси ичкарига шаҳзода Жалолиддин кирмоқ учун изн сўраётганини билдирди.

Ё, ҳу! Мовароуннаҳрга шиддатли зарби билан кириб келган Қутайба нақ Хотуннинг қаршисида турарди, ё, ҳу!

Туркон кўзини юмиб очди, кўрдики, ўзига маъноли тикилган шаҳзода Жалолиддин гўё боболари ануштегинийлардан авлодларига мерос қолган олий фармонни ўқиб эшиттираётгандек эди. Бу ёзувлар унинг тим қора қорачиқларида зоҳир эди.

-Хайрли кунлар бўлсин, волидам!

Лутфан эгилган шаҳзодадан кўзларини узмай турган Туркон амр этди.

— Шаҳзодам! Яқинлаш бунда!

-Қуллиқ, волидам!

У ўзига кибрла боқиб турган малика томон яқинлашди. Сўнг момосининг ўзига чўзилган қўлларини кўзларига суртди.

Ниҳоят, волида Туркон томоғини қириб сўзланди.

— Бир саволим бордур, унин юзиндан сани ҳузуримга чорладим.

— Чорловлари муборак келгай!

Атроф сув қуйган каби сокин ва осойишта эди. Шунда Жалолиддин Турконга қўшилиб ҳатто вазири-да аллақандай энтикиб турганини идрок этди. Ниҳоят Туркон сўради:

— Шаҳзодам, кимдан қўрқурсан!

— Волидам, Танҳо Оллоҳдан қўрқурман!

Шоҳиду шаҳодатлар баайни Жалолиддин жавобидан сўнг улуғ Туркон жазавага тушиб қолганини айтмишлар.

Хотун икки дарё оралиғидаги бу қудратли тўлқин шиддатини фитнакор қўллари билан бўғмоққа жазм этганди. Аммо тўлқин шиддатли, бағоят асов эди. Бу асов тўлқин шиддатида чиндан қудратли куч мужассам эди. Шунда гурганжликлар Ойчечакка сирли хабар етказишди. Ўшанда улар икки дарё сувини мавжлантириб турган бу давомий ануштегиний тўлқин – Жалолиддин эканини тан олишган эди. Чунки улар бу қудратли тўлқинни мудом мавжлантирмоқ учун мангу порловчи бузрук қуёш илоҳий, инжа зиё сочганига гувоҳ бўлишган, улар бунга шаҳодат келтиришганди …”

«Дунё ўзбеклари» сайтидан олинди.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: