jump to navigation

ФАҚАТ СЕН ЙИҒЛАМА… (Трилогиядан биринчи роман) 6 марта, 2013

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

JТуну кун Яратганга ҳамд айтиб, дуои жонимни қилгучи Онамга ва Ёлғиз Ўзига саловат айтишга ундагувчи Отамга бағишлайман.

 

Мурувватли ва меҳрибон Яратган Эгамга саловат билан бошлайман.

 

Биринчи қисм

 

 1.      ”Мен ташвишни енгурман…”

(Дариға ноласи)

 

Муттасил ўй ва муҳаққақ бир оғриқ келтириб чиқарган эди аввалига мудроқ, айни пайтда уйғоқ юракнинг асов ва исёнкор эпкинларини. Дариға йиғлар эди. Юрагини қай йўсинда таржима қилсин? Билсанг, ўн саккиз минг оламга етгулик оҳи бор унинг!

Куйиб, култепага айланган Мовароуннаҳр, магар энди қай йўсинда қаддин тикласин? Қиличлар қинидан чиқиб, беомон синган ва энг азиз кўнгиллар сазойи бўлган қирғинбаротда жувонмарг кетган жигарларининг қонли заволини қай йўсинда китоб айласин?! Шамшод қаддин камон, моҳтоб юзин сомон айлаган бу кўргулик кумуш кузнинг зардиданми? Ёҳуд ҳаёт зарбиданми?  Ва ё мўғул заҳриданми? Бу аламни, бу ситамни қай йўсинда хитоб айласин?!

Тушими эди ва ё ўнги? У йиғлар эди. Йиғлаётиб халоскор шамолларга қараб ҳайқирди:

– Оллоҳни ва ўзимни алдай олмасман. Оллоҳдан қўрқаман ва ўзимдан чўчиб кетаётирман. Далли-девона, савдойи тўлқинлар гувоҳмиди бу телбаликка? Кўзёшимни кўлга қуйдим. Алар Жайҳунга қўшилиб оқмиш… Лекин умидим кўз тиккан эди. Шу йўсинда умидсиз умидлардан умидвор бўлиб, умид узолмадим. Ҳаминқадар ташвишлардан қочолмадим. Магар, магар ёлғиз бошим олиб кетолмадим. Дорлар солиб бўғзимга, энди кетаётирманми мен кўл томон бир қоп андуҳим орқалаб, турибмидинг сен сироталда мен томон қараб. Йўлларми эди менга тузоқ. Ҳузуринг бунчалар узоқ. Йиғлагандим. Тушимда ва ўнгимда йиғлар эдим. Юрагимни ўтдан олиб, оташга солдим. Қумрим қолиб забундан, кезиниб толдим. Тўхтаб бироз тин олдим. Бир нидо янграгандек бўлди: “Ай Дариға, куйлагин сен. Мен эса сибизға созим – чанқовуз чалай”. Кекирдагим юлиниб, чанқовуз чалдим. Мантиқ ва чегарани йўқлик қаърига улоқтириб, воқелик ва хаёлотдан мўъжаз бир олам, оҳанрабо бир куй яратишми эди муддаом? Қалб ғорат, вужуд эса — ҳарорат. Аслида хилқатлар ичра инсон ўзи беназир хилқат. Айни пайтда, эҳтимолки, ўзим чалаётган куйга ўзим қўшилиб оқмоқда эдим.  (далее…)

Адабиёт ҳаётни тараннум этади 6 марта, 2013

Posted by Shahodat in Шеърият.
add a comment

 Shahodat Ulug”Дунё ўзбеклари” Бош муҳарриридан:

Хорижда қўлига компьютер тегиб, ўзини ёзувчиман деб эълон қилган кўп экан. Лекин уларнинг ёзганларини ўқиб,  ёзувчи тугул, оддий мухбир деб ҳам атаб бўлмайдиганлари бор экан. 

Фақат Шаҳодатнинг ёзганларини ўқиб, хорижда ҳам ҳақиқий адабиётни учратгандай бўлдим. 

Шаҳодат билан ушбу суҳбатни ўқиб, унинг ижодидан баҳраманд бўлиб, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Шаҳодат УЛУҒ: “Адабиёт ҳаётни тараннум этади”

Шаҳодат Улуғ юртимизнинг қадимий ва гўзал масканларидан бири – Нурота шаҳрида туғилган. 1993 йил Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини битирган. Ҳикоя ва қиссалардан иборат икки китоби нашр этилган. Айни пайтда Нидерландияда истиқомат қилади.

Дунё Ўзбеклари: Суҳбатимиз адабиёт ва ижод, ҳаёт ва илҳом тўғрисида кечади. Чунки адабиёт ҳаёт оқимида оқади. Илҳомланган ижодкор эса ҳаётни тараннум этади-да…

Шаҳодат УЛУҒ: Ҳа, адабиёт ҳаётни тараннум этади, биз эса устозлар битган битикларни ардоқ билан варақлаймиз, шунда саҳифалар қатида ҳаёт яшаётганини кўрамиз…Рости шунда бир бошқача бўламан: бу жуда-жуда таниш ва биз ардоқлаган ҳаёт-ку деб ўйлайман… (далее…)