jump to navigation

Шамс, Қамар – Қурбонгул (достон) 30 января, 2012

Posted by Shahodat in Шеърият.
trackback

Кўнгил ҳам қолиб кетган Вомиқнинг Узросида,

Юрак ҳам тиниб кетган Тоҳирнинг Зуҳросида,

Киприк соя ташлади гиёҳи униб битган,

Қовжираган гунг ҳажрнинг кимсасиз саҳросида.

Шу йўлларда тингладим неча-неча афсуслар,

Чанг солиб қорачиққа гўнг титдими даъюслар,

Магар ёлғон сўйласам, тилга кирсин қомуслар,

Сийлов, қўлловга муҳтож мубтало Сиёвушлар.

Ҳамду сано ўқиган Ҳамида, Санобарлар,

Саждага эгилганлар салот-ла сожидалар,

Самодан ёғилганди инжу, мушку анбарлар,

Қуёш зарин сочганда замин кийди чамбарлар.

Илоҳий куй янграйди, олиб келмиш шамоллар,

Умидим кўз тикади, йўқолади гумонлар,

Оҳанрабо мусиқага маҳлиё тўрт томонлар,

Қўналға-қўноқ излар мавжи дарё шамоллар.

Май ҳавоси, сўлим шамол ғир-ғир эсар,

— Йиллар шошқин, дарё каби умр ўтар.

Шипшиб менга сочим силаб, йўлим тўсар,

Дилдор шамол, кўнглим пайқаб эсган шамол.

Умр ўтар,умр ўтар, умр ўтар…

Дилбар шамол жоду каби сеҳрин ўқиб,

Елаверди бошим узра инжу тўкиб.

Дилдор  шамол кўнглим пайқаб эсган шамол.

Лобар шамол, мени алқаб эсган шамол,

Атроф сокин, кўкдан боқар менга осмон,

Муаттар ҳид димоғимга пуркар эди,

Кўринмайди, қайга кетган бу оломон?

Ана, қўлида қизчасини тутганича,

Қора сочли бир турк жувон ўтар, кетар,

Юрак бунда билинтирмай бонгин урар,

Англадим… у Қурбонгулга ўхшаб кетар.

Менинг синглим, йўл қараган дилдор синглим,

Мажнунтолдек соч тараган баҳор синглим,

Сени эслаб телефонда рақам тердим,

Нега гўшак кўтармайсан, бедор синглим…

Нега гўшак кўтармайсан, уйдамисан?

— Биткизайин қуриб кетгур шу ишларни,

Шом ҳам тушар, деган каби ўйдамисан,

Куймаланиб сен гўшакни кўтармайсан…

Эслаб қолиб рақамингни дилга ўйдим,

Ғарибгина беҳафсала ўйга чўмдим,

Асов ўйлар мени олис олиб кетди,

Юрак қалқиб, ўт-оловда ёниб кетди.

Дегандинг сен оҳиста бир сирим чертиб,

Хотиржамсиз, сиз сокинсиз, сокин дединг,

Шу бокира ҳисларимни кўмган эдим,

Ақл билан яшашга мен маҳкум эдим.

Шунинг учун қалбда кечган урён – туғён,

Туйғуларни юрагимга қамар эдим,

Магар ғулу ботинимда қилса исён,

Билинтирмай шу танамга ямар эдим.

Вужуд ичра кезинаркан бир ғалаён,

Олов юрак шу кўксимга торлик қилди,

Тўлқинланар бир ҳаяжон мисли урён,

Кипригимга маржон бўлиб шудринг қўнди.

Юрагимда сақланган қат саҳифанинг,

Ичин очиб аста варақлаган синглим,

Инжу кўзли, беҳишт ярақлаган синглим,

Чақин чақмоқ каби чарақлаган синглим.

Cен ҳам худди онам каби жамбил экдинг,

Кимга атаб жойнамозга гуллар тикдинг?

Баъзан шодон, баъзан дилхун мени кутдинг.

Тахир ютиб, сен ҳам мендек бол тутдинг.

Модарам, жону дилам, Волидам дердинг…

Онам дедим, Ватан бўлиб қаҳ-қаҳ урдинг.

Кўксимда бир қулфи сумбул гиёҳ ундинг,

Синглим эдинг, синдилочдек учиб қўндинг,

Саҳар чоғи шабнаммидинг сокин индинг…

Ўт билан сен ўйнашмагин опам дединг,

Ўтдан ўзни пана тортиб юрган эдим,

Ва оқибат тутаб ёнган кулхонада,

Дилафгору дилгир, нолон ёниб кетдим…

Ўтда ёндим, оташ менга олов тутди,

Этак қоқиб ўт ичида совиб кетдим,

Танам ичра ғулу қоним хитоб этди,

Ўздан ўзни юлқиб тортгач, тиниб кетдим.

Етар энди оғу бирла кафтинг тўла,

Урён – туғён баркашингга оғдирмагин,

Қаддим букиб йўлсиз йўлда қайта–қайта,

Маҳшар ичра елдиримдек ёндирмагин.

Ўртамизда шошқин дарё бизни бунда ажратади,

Ёмғир, гоҳи шабнам бўлиб гулоб сувлар сачратади.

Кўклам чоғи қиқирлаган найсон бўлиб яшнатади,

Яйраганим татирмиди, магарким сен олисдасан.

Бизга қараб бағрин очар уммон осмон,

Сарҳадларга шаббодалар узатади,

Роббим эса илоҳий лутф Карами-ла,

Қиё боқиб cабрим маним кузатади.

Кунлар келиб нажот қўлин узатади,

Қайрилган шу қанотимни тузатади.

Қонаб кетди бу беъдаво ярам дедим.

Сурху қирмиз юраккинам қонам дедим,

Тонам… Қонам… Ўрлар ўтда ёнам дедим,

Зарпечакда қамалган бу танам дедим.

Бу вужудни зарпечакми, чирмаб олган…

Бир шаббода тегиб елсин қалбдир яро,

Юрак титраб тилаб қолди бир ҳувайдо,

Салқин саҳар, пешину шом, хуфтон аро.

Cен ҳам синглим, онам каби жамбил экдинг,

Кимга атаб жойнамозга гуллар тикдинг?

Баъзан дилхун, баъзан шодон мени кутдинг.

Айтгин нега сен ғамларни ичга ютдинг?

Бир тизгинга тизилгандик бешта маржон,

Бешалов қиз марвариддек қалбимиз оқ,

Тўрткўз тугал яшагандик бир тану жон,

Юрагимиз тонгги шабнам каби титроқ.

Уч опамиз кашта тикар ўтириб жим,

Айланайлик деган эдинг мени туртиб,

Бу таклифинг кетган эди менга ёқиб,

Отлангандик чаккамизга райҳон тақиб.

Бўдиқгузардан ўтиб, Чилламазорга етдик,

Жин кўча оралаб Арабгузар томон кетдик,

Оёғингда кўк шиппакча елдиримдек еласан,

Қирга етиб қолган эдик менга ичинг ёрасан.

Опа, -дединг, – бугун катта танаффусда,

Зоҳид менинг сочим бураб уриб кетди,

Билсанг, гапинг юрагимни тилиб кетди,

Гўё шамол ғулу солиб елиб кетди.

Эшитилмай кетди энди қадамларим,

Билинтирмай фиғон қилди аламларим,

Етиб келдик зангор бахмал бир қияга,

Гўё дардинг айтмоқдаман мен бияга…

Вужудимда опалик бир ачинишни туяман,

Хаёлимда Зоҳиднинг ўн ерини ўяман,

Елканг қисма, унинг билан ўзим гаплашаман,

Сени урган қўлларига кишан солиб қўяман.

Биров урса аламини билинтирмай кулган синглим,

Чақирганда шу елкамга синдилочдек қўнган синглим,

Чаккамда қўнғироқли зулфи сумбул гиёҳ ундинг,

Саҳар чоғи шабнам каби дир-дир титраб сокин индинг.

Ҳув қияда гир-гир қилиб елар эдик,

Этак-этак қизғалдоқлар терар эдик,

Учраб қолди майса ичра бир бўтакўз,

Пайдогулга маҳлиёлар бўлар эдик.

Пайдогул сен қалбимизга қўнган эдинг,

Йиллар ўтгач, армон бўлиб унган эдинг,

Тўлишгайми баҳор кўнгил, қор эригач,

Қирда яна ундингми сен кўклам келгач?..

Бир мавжи тўлқин жўшар қалбининг қирғоғида,

Шабнам юракка қўнган қизғалдоқ титроғида,

Этак-этак гулларга бўлганича маҳлиё,

Малоҳат уфуради синглимнинг ёноғида.

Шу муаттар гуллардан ясагандик гулдаста,

Қўшиб боғлаган эдик, қалбни қилиб пайваста,

Кўксимизга босганча, биз шодон қайтдик уйга,

Қучоқ тўла гулларни улашдик даста-даста.

Чилламазордан ўтиб, Бўдиққа қадам қўйдик,

Йўлдаги безорилар бизга қараб гап отади.

Тезроқ кетмасак бўлмас ҳали қуёш ботади,

Кимдир шеригига тиним билмай гап сотади.

Уйга етиб қолган эдик.

Ким эди у куйлаган?

Cочнинг толасин тортиб,

Дуторига бойлаган.

Қумри каби йиғлаган,

Кўксимизни тиғлаган,

Жигар-бағрни бунда,

Ўтда, ёғда доғлаган.

Қайси девор ортидан,

Ким эди у куйлаган?

Бир нола эшитилар,

Юрак-бағри йиғлаган…

Пойи сози қатағҳан.

Майда-майда пой мезан,

Харобета набинам,

Ҳай ёр, эй нозик бадан.

Қатағҳани бахоно,

Дардам ки ту бажоно,

Ойистакак пой мебон,

Эҳ, ёраки меҳрибон.

Сари қул рафтор дори,

Чашми пур хумор дори,

Ба ту гуфтам, дилбаржон,

Хеле харидор дори.

Ким эди у куйлаган?

Шу кўчада қолиб кетган, қай юракнинг ноласи,

Шу кўчада униб-ўсган мен Бўдиқнинг боласи,

Шу йўлларда узилган сочимнинг илк толаси,

Шу йўлларда юрмаса бу тирик жон ўласи.

Шу йўлларда узилган сочимнинг илк толаси,

Шу кўчада қолиб кетди қай юракнинг ноласи…

Биз муаттар гуллардан ясагандик гулдаста,

Қўшиб боғлаган эдик қалбни қилиб пайваста.

Кўксимизга босганча сўнг шодон қайтиб уйга,

Онамизга гулларни улашдик даста-даста.

Уч опамиз кашта тиккан ўтириб жим,

Бир тизгинга тизилгандик бешта маржон,

Ўсган эдик биз хотиржам ва  камсуқум,

Йиллар ўтиб уйимизга бўлдик меҳмон.

Йиллар ўтиб шу даргоҳга меҳмон бўлиб,

Кетишимиз билмас эдик бешалов қиз,

Сирлашардик кашталарга қолдириб из,

Бир чеккада пойлармиди бизни ялпиз?

Ким эди у тўнғич дилбар опамизни,

Бошига бир ҳарир рўмол солиб кетди,

Йил ҳам ўтиб иккинчи бир опамизни,

Яна бири дур рўмолга ўраб кетди.

Энди навбат келган эди учинчига,

У ҳам бунда шамолдайин елиб кетди,

Қолавердик икковимиз ўксиганча,

Йиллар барибир алдар экан ўтиб кетди.

Cокингина тун қўйнида рўмолчага тўқир эдик тўр,

Англамасдик, сенингмиди, менингмиди қалбларимиз кўр,

Сеҳрланган сукунатнинг шу сукутга ўзи бўлар эди жўр,

Сукут тарк этганди, магар ишонмассан, мана келиб кўр.

Юрак ўртаётир йўлларда изларни излаб,

Довул кетаётир сокин елларни сизлаб,

Ёмғир ёғаётир йўлимга гулоблар тўшаб,

Кўнгил ҳам тўкилди, кимсасиз қолганди бўшаб.

Энди у кунларга бормоқлик сароб!

Энди у кунларга кайтмоқлик мушкул,

Энди у кунларни кўраман мен хоб,

Энди у кунлардир беҳиштий мазгил…

Кўнгил тўлиб кетган тўкаётирман,

Тўкилган ёшларни ичаётирман,

Мунгли фиғонларни қамаётирман,

Шу танамга армон ямаётирман…

Мен танамга армон ямаётирман…

Бўғизимда бир талваса, додли бир оҳ,

Гоҳ тўлишиб, кейин озар мен каби моҳ,

Киприкларим шудринг ёшга бўлди гувоҳ.

Тилим кетар беихтиёр ”Нуротанинг тилига”

Ожиз танам кетар бир кун қадим мазгил элига.

Оқмоқдаман ёмғирларнинг томчи-тошқин селига.

Учмоқдаман олисларга, булутлардан нарига.

Модарам. Жону дилам – Волидам дедим,

Онам дедим, Ватан бўлиб қаҳ-қаҳ урдинг,

Кўксимда бир қулфи сумбул гиёҳ ундинг,

Синглим бўлиб синдилочдек учиб қўндинг,

Саҳар чоғи шабнаммидинг сокин индинг.

Ўт билан сен ўйнашмагин опам, дердинг,

Ўтдан ўзни пана тортиб юрган эдим,

Ва оқибат тутаб ёнган кулхонада,

Дилафгор-у дилгир гирён қолиб кетдим.

Ўтда ёндим оташ менга олов тутди,

Этак қоқиб ўт ичида совуб кетдим,

Танам ичра ғулу қоним хитоб этмиш,

Ўзни ўздан юлқиб тортгач, тиниб кетмиш.

Ўртамизда шошқин дарё бизни бунда ажратади,

Ёмғир, гоҳи шабнам бўлиб гулоб сувлар сачратади,

Кўклам чоғи қиқирлаган найсон бўлиб яшнатади,

Яйраганим татирмиди магарким сен олисдасан.

Бизга қараб бағрин очган уммон осмон,

Сарҳадларга шабадалар узатади,

Роббим эса илоҳий лутф Карами-ла

Қиё боқиб сабрим маним кузатади.

Таваллуд кунингга етиб боролмадим,

Шу боғланган ришталарни узолмадим,

Бешта қизни бир тизгинга тузолмадим,

Тўртта қизга биргина шеър ёзолмадим…

Киприк соя ташлади, ҳижронли бир саҳрода,

Чўл қўйнида куймаланиб сув изладим овора,

Қақраган шу лабимга бир кафтгина сув эмас,

Тутар эди бир дунё қўшиқ тўла достон-а.

Киприк соя ташлади ҳижронли бир саҳрода,

Сенинг томон бормоққа йўл изладим овора,

Магар сўқмоқ топмадим, йўл эди бир – танҳода.

Йўл қараган муштипарим, ШАМС, ҚАМАР – ҚУРБОНГУЛ!

Қулфи сумбул гиёҳ ундинг зулфи зар сожида дил.

21 май 2010 йил.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: