jump to navigation

Суюнчи 29 января, 2012

Posted by Shahodat in Шеърият.
trackback

Бу кўнгил марварид қишга лол эмас,

Гарчи осмон садаф, дур, маржон сочар,

Қаҳратон совуқда қаддим дол эмас,

Уйда ўғил-қизим бағрини очар.

Момиқ пахта тўшаса-да гар,

Феврал изғирини совуқдан-совуқ,

Иссиқ уйга қамалсам агар,

Таскин берар баҳорий қўшиқ.

Қўлларини қўлимга тутганча қизим,

Кўча совуқ дейди, ёшларингни арт,

Аслида сен менинг бир бўлак изим,

Бироз кут, қиш ўтар, келади-ку Март.

Инжа қанотини қоқар шабнам киприги,

Қабоғида қор учқуни эриб кетади,

Кўклам чор-атрофга майса тўшагач,

Остида қиш нолон қариб битади.

Бунда қиш кетади олис-олислаб,

Шитоб билан келар баҳор ҳаллослаб,

Анҳорнинг мавжига қиқирлаб, қараб,

Қизим кела бошлар, зулфини тараб.

Тақи бузилмаган атлас мисоли,

Жилоланар яна азалий баҳор.

Худди товусдайин товланиб холи,

Майин пати ила черта бошлар тор.

Нофармон бинафша  қўлим учида,

Нурдан менга мужда келтирдингми, айт?

Бир мужда-ки, хилват  ичида,

Дилга таскин берсин бу беқарор пайт!

Биламан, ҳис қиламан, энди ҳурлиқо баҳор,

Киндик қоним тўкилган Муқаддас юрт қўйнига,

Чучмомали гажакдор зулф қадайди бу наҳор.

Ахир Ҳақнинг бу амри чиқарилмаган бекор.

Биламан, ҳис қиламан, Волидам энди бунда,

Айвонга намат солиб, сочларини тарайди.

Отам эса ўқигач, мактубимни асрайди.

Келасанмикин,- дея обдон йўлга қарайди.

Биламан, қизимга янги чиққан атласдан

туҳфа олиб қўясиз.

Ҳеч зоғга билдирмасдан ёмон туш кўрсангиз,

яхшиликка йўясиз.

Енг шимариб оҳиста яхши кўрганим –

толқон туйиб қўясиз,

Неварамга дея, жойнамозга гулларни

бигиз билан ўясиз.

Дегансиз сиз, қизингга ўсма қўйишни ўргат,

Унга атаб жияклар тикиб қўйган Назокат.

Кўк сомса қилган бўлса илинади Шафоат,

Кемтик бағрим тўлади, агар сен келсанг, фақат.

Тунов куни Ҳафиза сени туш кўрган экан,

Саломатмикин, дея уйимга кирган экан,

Орқасидан Назира, Акмал кирди бетоқат,

Тез-тез қўнғироқ қилгин, юрибсанми саломат?

Биламан, гаплашиб бўлгач, ёшингизни артасиз,

Бироз тик турган кўйи жойингизга қайтасиз,

Телефон гўшагини беҳол қўяман фақат,

Энди токай соғинчга қилавераман тоқат.

Кафтдеккина бир ерга экдингиз жамбил-райҳон,

Ўтаётиб ёнидан йиғлаб оласиз пинҳон,

Ялпиз, исмалоқ қўшиб тайёрлайсиз хуш таом,

Уйда одам лиқ тўла, кузатасиз издиҳом.

Менсиз кутасиз меҳмон,

Менсиз кутасиз меҳмон.

Онамнинг айвонига сен қўндингми синдилоч,

Эшитаётган бўлсанг, унга томон оч қулоч,

Мендан кўра сен яқин, лоақал бағрингни оч,

Нурота томонларга баҳор найсонингни соч.

Мендан кўра сен яқин,

Онамга бағрингни оч.

Нофармон бинафша қўлим учида,

Нурдан мужда келтирдингми, айт?

Бир муждаки хилват ичида,

Дилга таскин берсин бу беқарор пайт.

Мен ахир шу нофармон гулгамидим маҳлиё?

Япроқлари бўлакча, дилимга қўнғироқча,

Барги қулф ичидан титраб боқасан қиё,

Митти юрак титроқча, бўйнимдаги мунчоқча.

Мен ҳам сен каби титраб, баҳорни соғинганман,

Бодом, шафтоли гули тушга кирганлиги рост.

Энг севимли жияним Дилдорни соғинганман,

Салқин шаҳар шабнами қалбга қўнганлиги рост.

Қорачиқда сукунат тилга кирганлиги рост,

Юрак бунда шудрингдек ерга синганлиги рост,

Мен турган бу маконда қалдирғочлар ўрнига,

Оқчорлоқлар изғишиб, ерга қўнганлиги рост.

Қумри қушларим қолди Нурота томонларда,

Симёғочга қўнганча, синдилоч қолиб кетди,

Ялпиз терган Наргиз саватни олиб кетди,

Ёсуман оғусидек юракни тилиб кетди.

Сабо ечиб юборган сочингни ўряпсанми?

Рухсора ғафлатда қирқмадингми сен уни?

Наврўз-чи, ҳали ҳам аълочими, чиройли?

Ойбекка бир туҳфа бор – куй чалувчи оҳангдор.

Эсдан чиқиб қолдим деб, онасига додлайди.

Эсдан чиқармидинг сен чорлаб тургувчи маёқ.

Биллур шудрингли япроқ, қалби садафдайин оқ,

Азиза, сен балосан, сочи, зулфи қўнғироқ.

Аслида шу бинафша гулгадирман маҳлиё,

Япроқлари бўлакча, дилимга қўнғироқча,

Барги қулф ичидан титраб, боқиб турасан қиё,

Митти юрак титроқча, бўйнимдаги мунчоқча.

Кафтдеккина шу ерда киприк қоқдинг мўлтираб,

Менга ҳайрон боққанча туравердинг қалтираб,

Сен кўкламдан қалбларга олиб келдинг суюнчи,

Оҳанграбо бир жарчи, хуш қадам митти элчи.

Қани дилимга ин-чи,

Капалакдай қўн-чи.

Сен дилимга чироқсан, чорлаган қўнғироқсан,

Ийманган, елка қисган, дир-дир қилган титроқсан,

Беқасам камзул кийган Шаҳло қизга ўртоқсан,

Юрак қўрим тубида ҳарир, ипак япроқсан.

Кафтдеккина шу ердан қўлга олдим авайлаб,

Кўкрагимга босганча, кетаябман ҳай-ҳайлаб,

Беркитиб жомадонга тез-тез тураман пойлаб,

Ахир синглим бор бунда…

Менга берақолсин деб, жанжал қилади йиғлаб.

Тонг отсанг-чи, сен тезроқ, бетоқат кутган эдим,

Қуёш чиққач, мен гулни қўлимга тутган эдим.

Елкамда яшил сумка, синфга кириб бордим,

Муаллимнинг қўлига бинафша тутиб бордим.

Муаллим боқсангиз-чи,

сизга баҳордан элчи,

Берақолинг суюнчи.

У қўзғолди, жилмайиб, шодликдан титраб кетди,

Қўлига гулни олиб, кўзлари чақнаб кетди.

-Эшитябсизми болалар, берақолинг суюнчи.

Суюнчи, суюнчи.

Болалар чапак чалди,

Қиш орқада қолди.

Ҳаё, ҳаё, ҳаё, ҳув,

Бинафша бунча сулув.

Муаллимнинг кўзлари чақнаб кетганлиги рост,

Деди:- Ажойиб қизсан, раҳмат сенга кўзмунчоқ,

Гулинг ҳам сенга ўхшаб, чалди бизга қўнғироқ,

Суюнчинг жуда ёқди, вақтимизни қилдинг чоқ.

Қорачиқда сукунат тилга кирганлиги рост,

Аслида шу бинафша дилга қўнганлиги рост,

Кўз ўнгимда товланар миттигина ниҳолинг,

Оролана бошлайди бу дилрабо жамолинг.

Сен бизга эзгуликдан сабоқ бердинг муаллим,

Қучоғингда улғайиб, илм олдик жон мактаб,

Шодлик, қувонч, ҳайратга тўлган диллар лиммо-лим,

Этагингда дур, маржон териб кетдик жон мактаб.

Дарс тугагач, албатта, барчамиз жам бўлардик.

‘’Дастгир-дастгир’’ ўйнардик, муаллимдан пинҳона.

Ўйин қизимаганди, тўхтаб бироз дам олдик,

Пичирлаб дер Нодира:- Юр кетамиз, дугона.

Йўқ, дедим унга имлаб, янги ўйин бошлаймиз,

Йигирма олтита қиз, йигирма олти юлдуз,

Иккига бўлинамиз, қўлни қўлга берамиз,

Ўн уччовлашиб бунда, жўр бўласиз, жўшамиз…

Оқ теракми, кўк терак, биздан сизга ким керак?

Ура, ура, ура, ур, бизга Ҳадича керак.

Оқ теракми, кўк терак, биздан сизга ким керак?

Ҳаё, ҳаё, ҳаё, ҳув, бизга Гулчеҳра керак.

Сенлармидинг, шайтонлар, уйга кетмайсанларми?

Қоровул билиб қолди, бизга дод солиб қолди.

-Кетайлик етар энди, бошдан қолсин ордона.

Лаблари дўрдайганча ғўлдирайди Гулнора.

Эртасига синфда йигирма олтита қиз,

Хўб даккина эшитиб доскага тизилганмиз.

Ўн бир тил, ўн бир ўғил, қўллари бизга бигиз

Дейишди:

-Бошларинг уятдан хам, юзларинг эса қирмиз.

— Хап сенларними ҳали,- ўтириб дер Нигора.

— Биз барибир сенлардан ҳали ўзиб кетамиз,

Уни қўллаган мисол қўшиб қўяр Сайёра,

— Қараб турларинг бироз, бунга чора топамиз.

Ўн бир ўғил, йигирма олти қиз, барчага ҳавас,

Ўн бир йўл-йўл беқасам, йигирма олти атлас.

Биргаликда жўр бўлиб ўттиз еттита нафас,

Сибизға созин чалган, даврадаги тотли сас.

Шубҳасиз биз мактабда қолдирганмиз яхши из,

Ахир устозлар дилдан сабоқ-ўгит бергансиз.

Юракка кетмас бўлиб, қўрғошиндек қуйилган,

Ким эди у синфда Лайли мисол суйилган?

Ким эди у оҳ чекиб, Мажнундек куйиб кетган,

Олча гули сингари тупроққа сингиб кетган.

Қошнинг қаросимиди, узун-узун бу йўллар,

Дилнинг яросимиди сўзлаётган бу тиллар,

Бир-биримиздан олис, узатсак етмас қўллар,

Бир-бир туртиб ташлаб кетганми бизни йиллар.

Сен мендан йироқмисан, қорамағиз Қурсия.

Ёмғир ёққанида тутар эдинг шамсия,

Чақнаб турар эди, чаросдай қаро кўзинг,

Орамизда биринчи турмушга чиққан ўзинг.

Қайда қолиб кетдинг сен Зебунисо Иброҳим?

Сочларинг узун эди, тутам-тутам тим қора.

“Иззатой, омонмисан”- бунда қоқябман сим.

Наврўзинг қутлуғ бўлсин, эшитябсанми дугона.

Қўлимда шу бинафша қалқиб бораётирман,

Япроқлари ичига балқиб бораётирман,

Мен ҳам сен каби титраб баҳорни соғинганман,

Мушки амбар таралган наҳорни соғинганман.

Япроқларинг бўлакча, дилимга қўнғироқча,

Митти юрак титроқча, бўйнимдаги мунчоқча,

Сен кўкламдан қалбларга олиб келдинг суюнчи,

Оҳанграбо бир жарчи, хуш қадам митти элчи.

Эшитябсизми, эй, борлар,

Беринг менга суюнчи!

Гулларнинг як донаси, энг биринчи, биринчи.

Хуш қадам митти элчи, қани дилимга ин-чи.

Баҳор келди, қаранг-чи. Беринг менга суюнчи.

Суюнчи, суюнчи, суюнчи!

Нафармон бинафша қўлим учида.

Нурдан мужда келтирдингми, айт?

Бир муждаки хилват  ичида,

Дилга таскин бўлсин бу баҳорий пайт!

28 феврал, 2010 йил.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: