jump to navigation

Афтондил (достон) 17 января, 2012

Posted by Shahodat in Шеърият.
trackback

Шаҳодат Улуғ

Қалб гиргиттон, ёмғирдек қолса тўкилиб, бўшаб,

Замин пойимга намчил, пажмурда тупроқ тўшаб,

Кетиб бормоқдаман мен урён-туғёндан қочиб,

Олис ҳузурига тасбеҳла сўқмоқлар очиб.

Пайдогул тўзонларда титраб ўтдек сачради,

Дардмиди, айро йўлда тўлғоқ каби қақшади,

Дилафгор тутиб бормиш қўлларида бир коса,

Оғу! Бодёни руми… бўғизида талваса.

Савдойи ва саҳройи Мажнун – Қайснинг рақсини,

Телбанамо ошуфта княз Мишкинда кўрсам,

Топсам ишқ лаҳжасин, журъатла Афтондил сўрсам,

Ундан жавоб келгач мен қумридек тилдан қолсам.

Оқшом баайни юлдузлар лаҳза тўлғониб,

Ним ханда лаб буриб, кибрла ашкини қусди,

Орланган Қайс қоши-қамарини қизғониб,

Саҳроларда из қолдирмай рашкини қусди.

Фаромуш кулбадами, яна чертилдими тор?

Дардчил бу юрагингда асов туғёнларинг бор,

Кекирдагинг юлиниб най бўлдими ҳойнаҳой,

Кўнгил намиққан кунда илиқ кунларга зор-зор.

Соҳилнинг бир тубида ётар қайроқи тошлар,

Ушоққина шу жонида сеҳрланган сукунат,

Овозида мунги бор, унсиз йиғлаюр фақат,

Денгизнинг шовқинига қилавераюр тоқат.

Тўлқин ғалаёни қирғоқ тубида,

Қайроқи тошларга қилмайди шафқат,

Кўнгил шишасини синдирма чил-чил,

Сокинликка уларни чорлайвер даъват.

Жонсиз шохларидан бир-бир узилди,

Йўлимга барг тўшар сарғиш хазонлар,

Намчил кипригимга шудринг тизилди,

Ёнимда гувиллаб қайнар тўзонлар.

Атрофда гуллаган ёмғир шивири,

Шамоллар баргларни ойнакка урар,

Кимдир пардаларни ийманиб суриб,

Ёнида ўғли билан кўчага қарар.

Ёлғизгина уйда, танҳо бир ўзи,

Ёлғиз ўғлини парвариш қилди аёл,

Ортида қолдириб йилларнинг изи,

Иккаласи ўтиради бехаёл.

Тунлар бу икки жонга ҳамдард эди боқиб жим,

Кунлар бу икки жонга қилган эди табассум,

Волида шу ўғлини ўстиради пўпалаб,

Елка қисиб, ийманиб яшайверар камсуқум.

Ўтаверди неча куз неча бир қишни қувлаб,

Ўсди Афтондил ўғил покиза иймон билан,

Соҳиби ва Ҳабиби Биру Бор қалқон билан,

Тилида салом билан, дилида Қуръон билан.

Онаси дер ўғлига: – Оромланиб ол нафас,

Узун, ойдин йўлингга тўшалмасин бирор хас,

Отасиз ўсдинг ўғлим, дардлар бўлмасин қафас,

Камолингни кўришни кўпдан қилганман ҳавас.

Яна келди маъюс куз, пойлайверди совуқ қиш,

Ортидан эшик қоқди чўчиб, ийманган баҳор,

Афтондил ҳам улғайди, кунлар ўтди беташвиш,

Лабларининг устида сабза урди қора ниш.

Булутларга осилиб учиб келди турналар,

Галалашиб, чўзилиб, биргалашиб, сирлашиб,

Афтондилнинг қалбига умид сочдими улар,

Қанотида хушхабар улашиб, қаторлашиб.

Шошқин еллар арғумоқ, ялпиз жодули сеҳр,

Ўспирин томирига қуйилади бир меҳр,

Ҳовлининг тубига экилди жамбил, райҳон,

Тўшалди зангор бахмал, сўлим баҳор имтиҳон.

Девор-дармиён яшар унга яқин қўшни қиз,

Исми Мадина эди, юзлари унинг қирмиз,

Қаҳрабо қорачиғи йигитни асир этган,

Чарсиллатиб куйдириб, оташи басир этган.

Полапондек потирлаб тинчимас эди юрак,

Ўртаниб ёнар эди бир кўрмоққа интизор,

Борлиғи сеҳрланган, кўксида оташ зор-зор,

Лаҳза-лаҳза тўлғониб дилида ўкинчи бор.

Кўнгил, сенинг сирларингдан воқифмикан?

Юрак энди шабнам каби дир-дир титроқ,

Қўшни қизнинг хаёллари латифмикан?

Юзи ҳилол, лаблари ол, нозик япроқ.

Ёзил, энди бу кўнгил ёзил, тўлқиндек ёзил!

Жўшсин Айдар сувлари севгидек тўлқинланиб,

Тизил сен маржон тизил, ёрнинг бўйнига тизил,

Севмаган ким бор ўзи ороланиб, мавжланиб.

Ҳисларини қилиб жам,

Мактублар тахлам-тахлам,

Киприклари маржон нам,

— Лаҳза кўрмасам ўлам!

Мен сенга исм қўйдим,

Исмингни қалбга ўйдим,

Атадим сени – Юрак,

Эшитяпсанми, эй Малак!

Сукунатнинг қўйнида сукутнинг ўзи-да жим,

Ўспирин вужудида юраги тилим-тилим,

Хаёллари тўзғиган топа олмайин қўним,

Мактублар энди элчи, ёзувлари елдирим.

Афтондил

 

Сени севавераман, ҳатто ўзимдан тониб,

Борлиғим кетаётир чўғлар-оловда ёниб,

Севиш гуноҳ эмас, севиш ахир олий бахт,

Сени демасам энди кетар тилларим куйиб.

Юрак

 

Юрак ахир юрак бўлиб пана жойда яралгандир,

Тилак энди тилак бўлиб остонамда таралгандир,

Кўринарми отам кетгач, девор оша нигоҳларинг,

Кўзим гирён, энди фақат сен томонга қаралгандир.

Афтондил

 

Сени севавераман, сочинг бўғзимда дор,

Севавераман сени, севгидан қилмайман ор,

Еллар ечмоқчи бўлган сочларингга арзим бор,

Севиб хато қилмадим, сенсиз менга дунё тор.

Юрак

 

Унутсам гар шамшир юрагимни тилиб кетсин,

Сабо ечиб юборган сочларим куйиб кетсин,

Ўқтин-ўқтин йўл қараб ўтирарман бунда жим,

Бир кун сукутда оҳим ёлғиз Ўзига етсин.

Афтондил

Маломатни писанд қилмас, севгим тўзғиган тўзон,

Ўспирин қонимда шиддат, юрагимда ғалаён,

Борлигинг нақадар бахт, сенинг ўзинг бир хилқат,

Севмоқлик яшаш учун бизга берилган имкон.

Юрак

 

Ишонаман, ишончни жойлаганман гулларнинг титроғига,

Ишонаман, ишончни яширганман отамнинг сўроғига,

Севаман, севгимни осганман ўртанган юракнинг байроғига,

Тилимни боғлаганман йиғлаган тошларнинг қайроғига.

Афтондил

 

Сенинг ўзинг бир қўшиқ, дардларинг сенинг қўшиқ,

Қайсларнинг рақсига монанд далли девона ишқ,

Ошиқларнинг куйига бу дунё асли тўлиқ,

Тилларда умрбод такрор муҳаббат номли қўшиқ.

Юрак

 

Майли энди бу дунё қўшиққа тўлиб кетсин,

Севгини ардоқлаган маъшуққа тўлиб кетсин,

Субҳи саҳар насими бир мужда олиб келсин,

Ложувард осмон узра турналар елиб келсин.

Бу дунё Лайлининг парвозига шай,

Бу дунё Қайсларнинг рақсига тўлиқ,

Бу дунё севгини куйлаган бир най,

Бу дунё муҳаббат номли бир қўшиқ.

Сўлим баҳор ёшларга куйлаганди чалиб най,

Орзулари бамисол мавжланарди тўлқиндай,

Тобистон бу ўлкага зард олуд қуёшининг,

Нурларини таратар фалакда билинтирмай.

Зарлар тўкилиб кетмиш қуёшнинг кипригидан,

Лаҳча чўғ оловланар иккови ҳаприғидан,

Бир мавжи тўлқин жўшар дарёнинг қирғоғида,

Шабнам Юракка қўнган гулларнинг титроғида.

Афтондил уйга кирди, ҳукм сурмоқда жимлик,

Онаси ётоғига қадам босди жонсарак,

Волиданинг боши хам, юзларида ҳорғинлик,

Кўзи шифтга қадалиб ҳиссиз ётар дилҳалак.

— Онажон, турсангиз-чи, нима бўлди, гапиринг?

Нега юзингиз ҳорғин? Кўзларингиз бунча нам?

Ётаверманг тўшакда, бошингизни қилманг хам,

Бир пиёла сув билан ичиб кўринг-чи малҳам.

Ўғли волидасини шифокорга кўрсатди,

Малҳамлари атиги бир ойгина асқотди,

Муштдеккина жуссани қўлларида кўтариб,

Афтондил ўтда ёниб ноилож уйга қайтди.

Калимаи Тоййиба тилидан учиб кетгай,

Эҳтимол саловатлар йўлини ечиб кетгай,

Шайланмоқда минг бир тақвосини кўксида қучиб,

Олис ҳузурига тасбеҳла сўқмоқ йўл очиб.

Сўнгги йўлга кузатди ўртаниб онасини,

Муаззаму мукаррам, мунаввар волидани,

Қалқиб кетмоқда энди мармар тошга уриб бош,

Балқиб кетмоқда энди кўзларда аччиқ ёш.

Юракни чўғдан олиб, оташга сола бошлар,

Фалакда аямасдан саратон ичра қуёш,

Айдаркўл суви тошқин, қирғоғида гунг тошлар,

Тўлқинлари саросар, оқаверар дарбадар.

Мотамсаро тўлқинлар дилпора сим-сим йиғлар.

Бошин олиб кетсинми Сўғдиёна томонга,

Ё машъала кўтариб Афросиёб келсинми,

Ёки ўлжа бўлдими дайдиган бир камонга,

Ёки қулоқ тутдими бойқуш номли ёмонга.

Юрагида ғалаён, атрофда қайнар тўзон,

Саждага бош урмоққа даъват қилинар азон,

Салқин саҳарлар ичра сукунатнинг тили лол,

Энди етим бошига Малики Явмид Дин Раҳмон.

Киприклари жимирлаб ўтиб кетди тобистон,

Яна қадам қўяр куз анор шарбатин тутиб,

Қўшни қизга харидор совчилар бисёр-бисёр,

Кимдир турар паришон ҳурлиқо қизни кутиб.

Жумада волиданинг “қирқ”и ҳам ўтиб кетди,

Шанбада ҳурлиқога ушатилди кунжут нон,

Сандиқда қалин пули, зебу зийнатлар карвон,

Жимир-жимир сепларда кўзлар ёнар беармон.

Юрак ахир юрак бўлиб яралганди,

Чақмоқ кўзлар девор оша қаралганди,

Эшитилмас энди унинг қадамлари,

Билинтирмай фиғон қилар аламлари.

Энди қиз ҳам эшик ҳатлаб чиқмас эди,

Сандиқ тўла зийнатларга боқмас эди.

Сукунатнинг қўйнида сукутнинг ўзи-да жим,

Ўспирин вужудида юраги тилим-тилим,

Хаёллари тўзғиган топа олмайин қўним,

Мактублар ёза олмас, ёзув бўлмас йилдирим.

Ўқтин-ўқтин тин олиб кезинади саросар,

Вужуд ўртаниб ёнар бир кўрмоққа интизор,

Юраги яраланган қалбида ўкинчи зор,

Тилида янграмаган бир дунё армони бор.

Фаромуш кулбасида яна чертилади тор,

Дардчил бу юрагида асов туғёнлари бор,

Кекирдаги юлиниб чала бошлар энди най,

Кўнгил намиққан кунда кета олар энди қай.

Соҳилнинг бир тубида ётар қайроқи тошлар,

Ушоққина шу жонида сеҳрланган сукунат,

Тош қалбида мунги бор, унсиз йиғлайди фақат,

Денгизнинг шовқинига қилаверади тоқат.

Тўлқин ғалаёни қирғоқ тубида,

Қайроқи гунг тошларга қилмайди шафқат,

Кўнгил шишасини сен синдирма чил-чил,

Сокинликка уларни чорлайвер даъват.

Жонсиз шохлардан бир-бир узилди,

Адоқсиз йўлларда сарғиш хазонлар,

Афтондил кипригига шудринг тизилди,

Ёнида гувиллаб қайнар тўзонлар.

Атрофда эшитилар ғариб ёмғир шивири,

Телба кузак савдойи баргларни юзга урар,

Аслида сен яқинсан деворнинг нарёғида,

Ҳаминқадар сен узоқ юракнинг қийноғида.

Тунлар икковига ҳам ҳамдард эди боқиб жим,

Энди кунлар уларга қилмас эди табассум,

Телба хаёлларнинг-да қўналғаси йўқ – қўним,

Жонсарак шу жонларга бергайми ўзи тўзим.

Энди етим бошини қайси деворга урсин,

Тилим-тилим юракни Рўзи Маҳшарга илсин,

Бош олиб кетай деса, юргани дармони йўқ,

Бўзлагувчи бўзтўрғай бўзлаб тўрғайга қўнсин.

Кеч кузакда охирги барглар бир-бир узилди,

Адоғи йўқ йўлларда сим-сим йиғлар хазонлар,

Намчил кипригига боз халқа ёшлар тизилди,

Боз устига гувиллаб қайнар бошлар тўзонлар.

Аслида сен яқинсан деворнинг нарёғида,

Ҳаминқадар сен узоқ юракнинг титроғида.

Ўзи асир, кўз басир, борлиғида ғалаён,

Саждага бош урмоққа даъват қилинар азон,

Дил пора кўкрагини кўтара олмас бежон,

Оғриқли бош болишда, оғзи тўла лаҳта қон.

Ётаверди кунларни неча тунларга улаб,

Зимистон қадам қўяр изғиринни сўроқлаб,

Қақраган лаблари бир қултум сув томчи талаб,

Ўт-олов иситмада қўяр эди лаб ялаб.

Тушмиди ё унинг лабига бир томчи сув қуйилди,

Қақраган чўлмиди у ёки шундай туюлди,

Шўр босган пешонада қуюқ қошлар уюлди,

Яна лабига сувлар томчи-томчи қуйилди.

Овоз эшитилганди:

— Афтондил, турмайсанми, қироат қилмайсанми,

Тонг отиб қолди ахир, шижоат қилмайсанми,

Юрагингда ғалаён, майли, қайнасин тўзон,

Саждага бош урмоққа даъват қилинар азон.

Кўзларини уйқудан очиб бўлди дилпора,

Атрофида ҳеч зоғ йўқ, кўз ўнги зулмат қора,

Ётаверди шу кўйи кунларни тунга улаб,

Лаблари қақрай бошлар бир пиёла сув талаб.

Тушмиди ё унинг лабига бир томчи сув қуйилди,

Қақраган чўлмиди у ёки шундай туюлди,

Шўр босган пешонада қуюқ қошлар уюлди,

Яна лабига сувлар томчи-томчи қуйилди.

Яна овоз эшитди:

— Ўғлим, турмайсанми, қироат қилмайсанми,

Тонг отиб қолди ахир, шижоат қилмайсанми,

Лаҳта қонни ютмагин, қаноат қилмайсанми,

Саждага бошинг қўйиб, тиловат қилмайсанми.

Юрагингда ғалаён, майли, қайнасин тўзон,

Эшитаётган бўлсанг, даъват қилмоқда азон.

Ўрнидан туриб кетди, қони ҳам жўшиб кетди,

Волиданинг оҳлари Арши Аълога етди,

Юрагида ғалаён, танасига кирди жон,

Худди онаси каби даъват қилинар азон.

Оғриқли боши узра олганди пок таҳорат,

Саждага бош қўйиб яна қилди тиловат,

Ўспирин томирида яна жўшди шижоат,

Осмонга ўрлай бошлар тилида бир қироат.

Уйғонди яна қайта покиза иймон билан,

Соҳиби ва Ҳабиби Биру Бор Қалқон билан,

Зимистоннинг қўйнида исинди Қуръон билан.

Кунлар ўта бошлади…

Деворнинг нарёғида ўтли нола эшитди,

Бояқишнинг онаси дардин ичига ютди,

Қуданинг қўшнисидан ҳақ-ростини эшитди,

— Бойваччанинг ўрисдан қўша хотинлари бор.

Энди зебу зийнатлар бўйнига осилган дор,

Дилида ўкинч ва зор, дунё эса унга тор.

Қайтилиш… Ўртада аччиқ-чучук гап айтилмиш,

Бир ҳикмат боз тилларда чунон қайтарилмиш,

Пешонага ёзган бўлса, асло айрилмамиш.

Субҳи саҳар Қамар мунаввар кунларни туғмиш.

Оромижон бир насим Аршу Аълодан елмиш,

Етти шамшир дамидан ки ишқ шеваси селмиш,

Зардоли-зард, ол рўйига сепиб муаттар мушк,

Бўдиқ Гузар томондан Нурота шевасида

Оғулари тўкилиб, шеваи ишқ яралмиш.

Ва атрофга чунон ларзон-ларзон дод таралмиш:

Сабза мижгон сабза,

Дили ҳижрон сабза,

Шамол аз Қибла хезат,

Зулфи ки ёр меларзат.

Ғулу борлиғига гуллар чирмашди,

Етишса ул қадар ишқига магар,

Афтондил томон солланса Юрак гар,

Ки сен шодсан, Шамшодсан ҳаминқадар!

2010 йил, 9 март.

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: