jump to navigation

Номи Ҳабибим (15-ниҳоя) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

 

15. Эгилган бошни қилич кесмас

Расулуллоҳ айтдилар: “Қора седона ўлимдан бошқа ҳамма нарсага даводир.” Аёл юзини муқаддас Каъбага бурди. Муз қотган вужудини Қуръон оятлари иситди.Тонг отай деб қолган эди.

Унинг ихтиёри ўзидан чекинди. Бир лаҳза, ҳа, шундай, бир лаҳза руҳи осмонга ўрлади. Ё Раббано, қудратингдан, биров унга буни ўқиб бердими?! Ёки бу садо бўлиб янградими? Ёҳуд ўн саккиз минг олам Соҳиби буни дилига солдими? Англай олмади. Фақат тилсиз тўрт девор гувоҳ эди, бу жунунга…

“Кеча ҳам улар учун бир оятдир. Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан  улар зулматда қолурлар. Қуёш тинмай ўз қароргоҳи сари сайр бўлур. Бу Қудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири – ўлчовидир. Биз Ойни ҳам токи, у эски хурмо бутоғидек бўлиб қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз.

На Қуёш учун Ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. Барчалари фалакда сузиб юрур”.

Аёл йиғлар эди, бироқ у шу дақиқага қадар англаб етмаган эди, у аввал ҳам йиғлаган эди…  Атрофида куй ёнар эди. Қуръонни ҳатм қилганида бир пайтлар ёд олган эди, буни. Набий  саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бордир. Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Мен бу сурани умматимдан ҳар бир кишининг қалбида бўлишини истар эдим”, деган. Бу ояти карима ўша “Ёсин” сурасидандир.

У тўлқиндек мавж уриб, аёл дилидаги тугунни ечмоқда эди. Ҳабиб Оллоҳ, қудратингдан! Йўлга жумбоғини ечмоқ учун боши-кети кўринмас чигал калава ип ташланган эди. Бу жумбоқни ечмоқ учун бандасидан бир донишлик талаб этилди. Ва адоқсиз йўлда чигал ипни тараб ечмоқ учун тароқ ташланди. Энди чигал ечилгач, йўлида қирғоқларидан сув эмас, бол томиб оқгувчи бир уммон пайдо қилди. Шу болдан тўйиб таомлансин дея.

Насрнинг дағал кўринишлари чекиниб, назмнинг нозик тили тилга кирди. Шунда аёл нимадир қоралади.

Қуёш қароргоҳи томон талпинур,
Ой ҳам бутоғига бунча маҳлиё,
Руҳим Аршу Аьло истаб топинур,
Йўқолиб кўринган саробми-рўё?

Вужуд сокиндир-у, қалбим туғёндир,
Бир лаҳза, бир лаҳза излаган имкон,
Нигоҳим хотиржам, ботин урёндир,
Осойиштаману ўйлар саргардон.

Ғулу олов бўлиб чирмашса танга,
Дардлар тутун каби кўкка ўрласа,
Етти иқлимданми етти мўжиза,
Изласа бошлари эгик сожида.

Сочлар ҳам байроқдек ҳилпирар бунда,
Еллар қорачиққа зиё пуркашиб,
Юрак чўғдай ёнар кунда ва шунда,
Ҳаёт боқий деган менга сирлашиб…

Сариқ илон шу адоқсиз йўлнинг давоми эди, қашқалдоқ кафтига уч дона седона ташлагач, у англаб етди – ахир шифоси Ўзидан! Оллоҳ бандасидан бир ҳикмат истаб, шу кўргуликни юборган эди. Нафсиламбрини айтганда, ўғил эмас, ота адашгувчилардан бўлиб қолмаслиги учун, ўғлининг ичига куйдиргулик бир оташ нафас жўнатди. Оташ ўғлининг қалбини куйдирганида у ўзига сиғмай кетиб, кийимларини йиртиб ташлаб фарёд кўтарган эди. Раҳм ҳам, Раҳмон ҳам ўзидир! Шифоси ўзидан, қашқалдоқдан уч дона седона юбориб, сўнг қирғоқларида сув эмас, бол оқгувчи кўл пайдо этди.

Ҳаёт шундай ҳикматлардан иборат.

Ота адашгувчилардан бўлиб қолмаслиги учун унга бир ҳикматни юборган эди, аммо у буни англамади. Сўнг аёли ва ўғлининг тушларида безовта қилиб, ёдига солди буни… Аслида ҳаёт титратмалардан иборат эди.

Атрофда куй ёнар эди. Аёл излаб топди. Бу “Ёсин” сурасининг ўттиз еттинчи оятидан қирқинчи оятига қадар эди. Аввал тилсим бўлиб, сўнг ўғли ва аёлнинг чигал тугунини ечди. Қулф илоҳий оятлар билан очилмиш. Аёл шифохона томон югурди. Ўғли ҳам онаси каби туш кўрган эди. У ҳам кўл бўйида сарсон кезинар эди. Қашқалдоқ унинг елкасига қўнди ва кафтига уч дона седона ташлаб кетди. У тушини айтиб берар экан, ўзини онаси бағрига отди.

Ота ҳаддидан ошди, уни огоҳ этган эди, аммо унинг қалби эримади. Энди аёл ҳаддидан ошган ҳожасини бу йўлдан қайтармоғи даркор эди. Эри енгил пул топиш ишқига тушиб, ота-бобоси ардоқлаган ҳунарини хор этди. Новвой эди у. Ёмонлар даврасига қўшилиб, уларнинг касофати урди. Тушларида худди аввал кўриниб, сўнг яна қумлар орасига сингиб кетаётган сароб тилсимини кўзларга намоён этмоқ учун яна пайдо бўлгани каби тилсим оят тилга кириб, жумбоғини ечиб турар эди. Ота ҳали эгилмаган бошини саждага урди. Эгилган бошни қилич кесмас!

* * *

Ўша куни бош шифокор марказга кетган эди. Навбатчи шифокор ўзим эдим. Аёл шуларни куйиниб айтиб берди, ўғли бу ерда қололмаслигини уқдириб, уни олиб кетди. Ўз хоҳиши билан олиб кетганлигини тасдиқловчи мактуб талаб қилмадим. Қайтиб келган бош шифокор мени койиди:

– Ҳали янгисиз-да, бундай пайтда ўшандай тилхат олиш керак эди.

Мен индамадим. Ахир мен ҳеч ким эмас эдим-да, бандасига бир синов жўнатиб, ундан донишлик кутганини шифокорга айтиб, маҳмадоналик қилгим келмади. Орадан анча вақт ўтиб, мен ўша аёлни кўчада учратдим. Шу-шу, у билан тез-тез учрашадиган бўлдик. Биз анча иноқлашиб қолдик.

Малоҳат уйқусираб бир нималар деди. Мен  унинг ёнига келдим ва очилиб қолган устига ёпинчиқ ташладим

Боболарим тупроғи тўзғиган, чор тарафини дала-дашт ишғол этган Жадир қўйнида  тушимда эшитилган каломнинг таъсиридан чиқа олмай, анчагача туриб қолдим. Малоҳат ҳамон қотиб ухламоқда. Тонг отиб қолган эди.

Нонушта чоғи янгам, Малоҳат ва Гулай момога кўрган тушимни айтиб бердим.Кун бўйи таъсирланиб юрдим. Елкасига шом қўндириб, Дашт ҳам тинчиб қолган эди. Тонг саҳарлаб кетган амаким сурувни ҳайдаб отарга қайтди.

– Сафарим қариди, эртага Нурга кетаман, – дедим янгамга.

– Яна бир-икки кун қосанг бўлайди, Марғу.

– Ҳали яна келаман.

– Энди шундан сени яна кўраманми-йўқми? Билсанг, буяғиям пишип келяпти, болам, тўримнан гўрим яқин. Биз томонларгаям ўт, – деди Гулай момо.

– Майли-майли.

Эртасига тонг саҳарда йўлга отландик. Амаким мени Чўпонобод қишлоғигача қўйиб келадиган бўлди, ундан нари Нуротага етиб олиш қийин эмас.

Cўқмоқсиз-йўлсиз йўлда отда кетмоқда эдик. Атроф дашту яланглик, бу яланглик Нурота тизма тоғларига қадар ёйилиб кетган. Ниҳоят, яйлов бора-бора юқорилаб, тоғга туташди.

Отнинг ипакдек майин ёлларини силаб, бўйнига шаппиллатиб уриб қўйдим.

– Яхши, от минишни эсингнан чиқармапсан, – деди амаким.

Дўнгликка етиб қолгандик, отнинг жиловини тортдим, бу турткини англаган от қадамини секинлатди. Дўнгликдан пастга қарадим, узоқда қолган отар кўзимга дўппидек бўлиб кўринди. Димоғимга муздек, мусаффо ҳаво урилди. Мен отнинг жиловини маҳкам тутганча амакимга бир қараб олиб яна йўлда давом этдим.

Мана шу мусаффо Дашт осмони остида, аллаловчи замин устида от суриб кетар эканман, қишлоққа қандай етиб келганимизни билмай қолдим…

Амаким, мени қишлоққача кузатиб, ўзи тағин отарга қайтди. Мен эса чаман ичра бўстоним — Нуротага йўл оламан.

Мени онам кутмоқда эди, майсаларни босиб ўтарканман, унинг даргоҳига шошаман. Томирларимда номаълум бир қон жўш уради. Қон танам ичра кезиниб юраркан, вужудим олов бўлиб ёнаётгандай. Аллақандай бир тушуниксиз ғашлик аҳволи руҳиямни чулғаб олган. Бу ғашликни на қуча оласан ва на арита. Чап кўксимда бошланган санчиқ қошларим ўртасига чизиқ тортганди.

Бир лаҳза ўзимни йўқотгандай эдим. Қорачиғимда сукунат, лабларимда сўзларим қотди.

Руҳим осмонга ўрлаб, булутларга кўчгандек. Ё Мавло, қудратингдан! Ихтиёрим ўзимдан чекинди. Мен “муқаддас қатл” майдони сари ҳур ва озод қадам ташлаб борардим.

Қил кўприкка етиб келдим.

“Тўхта ва томоша қил” деган буйруқ келди. Тонг тун қўйнида эркаланарди. Бунақанги фаромуш, дилтортар тонгни кўрибмидим мен?! Жамолини алланечук эриниб кўрсатаётган қуёш шуълалари тонгнинг майин шаббодасига қўшилиб кетаётир. Осмон равоқларида тонгнинг ҳарир пардалари қия кўтарилиб, Зарнигор кўринди.

— Зарнигор, сени омон кўришимни билардим, — овозим алланечук титраб чиқмоқда эди.-Кўзлари шаҳло қизим.

Мен ўксиниб, йиғлаб юбордим. У қўлларидаги пиёла ва чойнакни токчага қўйди, сўнг шаҳодат бармоғини лабларига босган кўйи менга сўз қотди.

— Ўзидан бошқага эҳтиёжимиз йўқ, йиғламанг. Ўзингизни қийнаманг бунча.

— Ўзидан бошқага эҳтиёжимиз йўқ! Донишмандим, марғуба қизим, — дедим бўғзимга тиқилиб келган аллақандай кучни босар эканман. —  Аслида сен менга ҳаётни ўргатиб кетдинг. Мен нодон, мен нодон, ҳаётни мукаммал ўрганолмаган.

Уни қучгани қадам ташладим, қил кўприкдан ўтсам бас. Бир баҳя қолган эди-я!

— Ҳукм сизга эмас, энамга чиқарилган. У ёқда муддатингиз тугагани йўқ. Бу ҳақда амр бор.

Қорачиқларимда сукунат, лабларимда Зарнигорга айтилмай қолган сўзларим қотганди.

“Отанг ва онангни, ўғил ва қизингни танлай олмайсан, улар инъом этилажак кишига. Онангдан хабар ол. Сени яна қайта яратгум ва энди бунда сен ҳур ва озод шамолларни қучиб кўз очгайсан!”

Овоз қулоқларим остида муаллақ қотди. Бир лаҳза, ҳа,  ҳа, худди шундай — бир лаҳза қотдим! Фақат булутлар гувоҳ тушди бу жунунга. То ҳаёт эканман, ҳимматингга қасидалар битмишам, Қудратли Мавло!

Шохлари осмонга тегиб тургувчи шамшод дарахти қўйнида паноҳ топгандим. Юзларимга уч-тўрт совуқ томчи ташланди. Сўнг исёнкор шамолларга панд бериб, ҳали инсон оёғи тегмаган тизза бўйи зумрад майсалар қўйнида кўз очдим. Сўқмоққа чиқиб бордим. Бу сўқмоқ мени онам даргоҳига элтмоқда эди.

Бир ғарибдан сўрашган экан:

— Кўз тегмасин, фарзандларинг бири-биридан аъло. Қай бирига кўпроқ меҳр қўйгансан?

У жавоб қилибди:

— Ҳеч бировига. Аввал Аллоҳга, сўнг онамга, кейин отамга меҳр қўйганман.

— Фарзандларинггачи?

— Бу бошқа қўшиқ.-жавоб қилган экан у.

Мункиллаб қолган онамнинг жисмига жон, танига қувват кирганди. Хира кўзлари нурланди. Қўлларини қўлларимга қўйди, қучди. Ўзимни олиб отгандим дарё мисол уммон бағрига…

Дилимдаги сел кўзларимдан оқа бошлади. Томчилар тома бошлайди. Далли хаёлимда изтироб ўрмалайди. Энди музлар эрийди. Қорачиғимда қотган сукунатнинг тили чиқади. Қабоғимда қариб, соб бўлади ўтмиш хотира. Юрагим лақча чўғдай ёнади. У қадоқ қўллари билан сочимни силайди, тарайди.

Пичирлайди:

— Бу дунёда киши йўқдир армонсиз. Ватанда – ватансиз. Ўзи шундай бўлади. Аслида ҳаммамиз меҳмонмиз, мусофирмиз. Барча йўлар бирлашиб, бизни бир муқаддас йўлга бошлагай. Дунё ўткинчи, охират боқий.

Бу шаксиз ҳақ ҳикмат эди. Англадимки, соғинганим, талпинганим – онамнинг даргоҳи. Қадим мазгил — борар  йўлим ягона эди. Ҳис этдимки, барча йўллар алалоқибат бирлашгуси ва ўша ягона йўл мени Муқаддас қатл майдонига олиб боражак… Қил кўприкдан омон ўтсанг, бас.

Мен онамга Зарнигорни кўрганлигимни айтдим.

— Вабодан ўлган шаҳиддир. — далда беради у менга.

Мен амр ҳақида оғиз очмайман. Энди дилимдаги ғашлик ариган эди.

* * *

Туннинг қоқ ўртасида онам “Таҳажжуд”ни ўқиди. Шу бўйи  тунни тонгга улади. “Салавоти тунажжим”ни қироат қилаётганди… Осмон равоқларида тонгнинг ҳарир пардалари сурилган маҳал тилида Номи Ҳабиб  янгради. Руҳи  самога шайланиб, булутга кўчди…

Исми нима эди? Лаънати вақт қаҳрабо талқонни гулгун юзига сепиб улгурган, талқон юзли – доғли, ажин оралаб тарашамисол тиришган, ғамдан сочларига бит оралаган ёсуман кампирмидинг, айт, дунё?!

Ва ёки энди туғилган, ҳали шўри кетиб улгурмаган, кўзлари кўзмунчоқ қўзичоқмидинг, айт, фалак?!

Ёки тўсдай қора осмон денгизида бознаб турган беҳудуд юлдузлар, қуёши чарақлаган осмон, гуллари қийғос очилган замин, муамбар тўлқинлари сўлим мажнунтол каби елпиниб, қирғоқларига урилиб тургучи дарё, куймаланиб узунчоқ гулли такасоқолни теришга тутинаётган болакай, шарпамга қулоқ тут. Янтоқлар гулига қўниб, бол йиғишга шайланаётган асаларилар, сиз-да огоҳ бўлинг. Бошини косаси ичига яширган кўйи чўчиб атрофга боқаётган тошбақажон, сен-да ҳайратланма, шарпамга қулоқ тут!

Кулбадами-кошонадами, барчамиз мусофир-меҳмонмиз. Бу йўллар бирлашиб ягона йўлга айлангай, бизни Муқаддас манзил томон йўллагай.

Сўйласам, бир лаҳза қулоқ тут. Магар англамассан,  чорраҳада турмуш ташвишларига шўнғиб яшамоқ нақадар тотли азоб! Фақат туртма, орзуларим хароб ўлмасин. Бўғизимда хитоб қотмасин. Юксал сен, қум ўпқонларига кўмилган муаззам ҳаётим. Тотли азобим. Минг йил йўлда юрдим. Минг йил юкундим. Минг йил чопдим. Поёнида манзилим топдим. Муқаддас қатл майдонига ўзимни отдим. Қил кўприкка етмай, бир лаҳза қотдим. Бир муддат ўзни йўқотдим,  магар  йўқотганим  топдим, мен ўзимни топдим. Қиблага юкуниб, Ҳабибим топдим. То тирик эканман, сенга қасидалар битмишам, Мурувватли Мавло! Қудратли  Худо!

Дунё ўткинчи, охират боқий! Бахтсизлик – бахт, дегувчи ҳам ўзим. Боз устига бахт – бу бахтсизлик, дея оламан.

Майли энди, бу асов ҳайқириқ етти шамшир дамини кесиб ўтсин. Ибтидодан интиҳога қадар юрасан-тин оласан, тўхтаб ҳаёт бўсағасида ҳикмат излайсан!

Кимнидир шоду ҳуррамлик сўнгида – азоб, кимнидир машаққату заҳматлар якунида шодлик кутмоқдадир. Бу ҳайқириқни маконларнинг залвори, замонларнинг димоғдор, эҳтимол, мақтанчоқ-да эпкинлари сидира олмас…

Икки дунё саодатига етишгайсиз илло, онажон!

                                                                     (тамом)

2007 йил.

Комментарии»

1. Shahodat - 24 февраля, 2016

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: