jump to navigation

Номи Ҳабибим (давоми, 13-14) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

13. Буюк ва бепоён Дашт

Дашт қўйнида тонг ёришди. Найза бўйи кўтарилган қуёш Худо ёрлақаган заминни нурга беламоқ ишқида ёнди. Унинг шуъласи борлиққа битталаб, сараланган каби таралаётган эди. Саҳро икки оламни ёдга солади. Тонг ҳарир чимматини кўтариб, қуёш чирой очар  маҳал борлиқ сеҳрли, мафтункор бўлади. Бирдан оламни кўкатларнинг хуш бўйи тутиб кетади. Уни оромбахш насим димоқларга саҳоват-ла пуркайди. Шу дам салқин ҳаводан тўйиб нафас ола бошлайсан… Кун пешинга оғар маҳал қуёш нурлари беармон тўкилиб, гўё қумлар қатини қайнатади. Дашт қовжираб сукутга толади, жазирамада жисми оловга айланади. Буюк даштда азалий, ёзилмаган шундай бир қонун бор – ким ёки нима кучли бўлса, ўша ғолиб келади.

Қишдаги жуфтлашувдан сўнг урғочи бўри ҳомиласини олтмиш тўрт кун олиб юрди. Қантар ойида ўзини яна ҳам эҳтиётлаб қолди, пана жой излаб, болалашга ҳозирлик кўра бошлади. Кимсасиз дашт ичра бу ерни маъқул топиб, ўзи ва туғилажак болаларига ин қазиди. Шу инида болалади. Тўрт боласи эмавериб, силласини қуритиб юборди. Улар бир ярим ойлик бўлганида луқма чайнашни ўргатди. Кейин изғиб юриб, бир шувоқ олдига келиб тўхтади. Шамол ёқимли бир ҳидни димоғига урди. У искаланиб ҳид қаёқдан келаётганини билди. Бир йўла бешта қумқуён боласини еган бўлса-да, ҳали қорни тўймаганини ҳис этди. Лекин у ўз болаларининг ҳоли не кечганидан бехабар эди.

Қовишувдан сўнг нақ бир йил ўтгач, урғочи оқчаён ўн битта болалади. Деярли ўн икки кун бирини қўйиб, бирини суйиб, болаларини устида олиб юрди. Сўнг улар ҳар томонга тарқалиб кетди. Ҳозиргина она чаён нишини юнглари момиқ, ҳали оғзига қон тегмаган беозор бўриваччаларнинг бирига суққан эди. У шу заҳарли игнаси билан ўлжасини фалаж қилди. Кучли оғриқдан бўривачча типирчилай-типирчилай тинчиб қолди.

Она бўри болалари ёнига қайтган пайт чаён нашидасини бафуржа суриш илинжида қум қатига кириб, ғойиб бўлган эди. Она бўри талваса ичида талаша-талаша жон таслим қилган боласини индан судраб, ташқарига олиб чиқди. Қайтиб келгач, деярли ярим ҳазм қилинган ошқозонида “пишган” қумқуён гўштини ўқчиб қусиб, болаларини озиқлантирди. Энди бир оз тинчиб, ором олаётган болаларини қўйиб, далли хаёли уни ер қучоқлаб ётган боласи томон етаклади. Ахир у тинчлана олармиди?! Ваҳший, йиртқич вужуди тўлғонди. Боласини судраб, тўп-тўп ва тиғиз ўсган шувоқлар орасига ташлаб келди.

Иттифоқо егулик излаб инига қуруқ қайтган она қумқуённинг хонумони куйди. У “қиюв-қиюв” деган овоз чиқариб, тўзғиб қолди. Аттанг, орзу-ҳавас билан беш болани дунёга келтирган эди-я… Қумқуён, яна уни “қумтовушқон” дейишади, хуллас, бу жонивор йилда икки-уч болалайди. Бу гал у анча тажриба орттирган эмасми, наслини алоҳида тайёргарлик кўриб, қуриган ёвшан ўти тўшалган инда дунёга келтирган эди. Қарангки, қишки тунаш вақтида қум рангини заррача ўзгартиргани йўқ. Катта-катта узун қулоқларини динг қилган кўйи, маржондек юмалоқ кўзлари билан атрофга мўлтираб боқди. Қумранг тусли мўйнасини шамол бир маромда овунтирган мисол силаб елмоқда эди. У болалари ётган жойни дилхун бир тарзда ҳидлаб чиқди. Кейин ғаним оралаган бу бехосият инни тарк этди. Энди у ўзи учун хотиржам жой танлаши керак. Саҳрода изғий-изғий гармселда бир маромда чайқалаётган саксовулзор маконини қора тортди. Жадир қишлоғи яқинидаги саксовуллар ичида ўра ковлаб, ўзига ётаржой ҳозирлади.

* * *

Дашт абру найсон соғиниб қолган. Кориз сувлари ҳам  камайган, экинлар  буткул сувсизликдан нест-нобуд бўла бошлади. Жадир қишлоғининг оқсоқоли улус билан кенгашиб, Нуротага яқин ерга кўчишга қарор қилган, шунга кўра барча икки кун ҳозирлик кўришди. Одамлар субҳи содиқда йўлга чиқиш тараддудида эди. Карвон бошида бўйнига қўнғироқ осилган нортуя, ниҳоят  йўлга тушди. Барча ўз ўйидан ўзи бохабар жимиб қолган, бу жимликни аллалаган мисол таралаётган қўнғироқ жаранги бузаётир. Бу жаранг ҳеч бир зоғга малол келмас, билъакс қулоққа хуш ёқар эди. Атрофда гармсел тафти. Олисларга чўзилган карвон охирида олти чўпон молларни ҳайдаб келаётир. Подалар учга бўлинган – йилқилар, унинг кетида – моллар, охирида – қўй-қўзилар, улар маъраша-маъраша карвонга эш-қўш бўлиб илгарилайди.

Бир кўриниб, сўнг яна қумлар орасига сингиб кетувчи сароб ўз тилсимини намоён этмоқ учун яна қайта жонланади. Шу улкан издиҳом орасида соябон аравада ҳомиладор Гулай ҳам бор. У онаси ва қайнонаси билан бирга. Йўл азоби якунида шодлик кўз тикиб турганини ҳис этиб, жилмайиб қўяди. Тамадди қилиб бўлгач, Гулайнинг кўнгли беҳузур бўла бошлади.

– Кўнглим айниб, қусгим келяпти, – деди у. Қайт қилгач, пешонасидаги терни сидириб, бир оз тин олди. Шунда вужудида оғриқ бошланганини ҳис этди. – Ҳамма ерим оғриб кетяпти, – деди у бу гал онасига.

Ой-куни яқинлашиб қолган. Тўлғоқми бу? Бора-бора оғриқ кучая борди. Қудалар типирчилаб қолишди. Энди нима қилади? Йўлга чиққан, карвонни тўхтатиб бўлмайди. Қайнонаси аравадан тушиб, туяни таёғи билан ниқиб кетаётган ўғлини тўхтатиб, қулоғига бир нималар деб шипшиди. Ўғли туяни қичаб, карвонбошига етиб олди. Қайнонаси қаттиқ бетоб эканини унга тушунтирди. Карвон ноилож нафас ростламоқ учун тўхтади. Хотин-халажнинг шивир-шивири бошланди. “Ҳа, нима эмиш, Гулайнинг онаси касал эмиш…” Одатда, момолар тўлғоқ тутган аёлни пана жойга олиб ўтиб, дард тутаётганини сир тутишади.

Чизиллатган аччиқ тўлғоқ азобидан бутун вужуди қақшаган Гулай беихтиёр тишларини тишларига қўйди. Унинг жағи бўртиб чиқди. Онаси айтди:

– Тўлғоқда тишларингни ғижирлатма, болам, тишларинг тутдай тўкилиб тушади.

У чуқур нафас олди. Дард осон кечиши ва туғилажак фарзандининг саодатини тилаб, онаси ўргатган дуони ўқий бошлади. Қаъридан бир тўлғама келди ва унинг оёқлари керилди. Аввалига дард бўлиб тўлғонди, сўнг икки тош ичидаги талвасали жонталаш жон йиғига айланиб, пастга тушди. Тўлғоқ тарқалиб, ўзидан митти мужда – митти жарчи олиб тушганди… Ўғил туғилган эди. Ҳаёт шундай титратмалардан иборат.

Хожаси кўм-кўк бир тутам исириқни қўлларида тутган кўйи, чақалоқ йиғисига маҳлиё бўлиб лол эди. Ўғли ўғиллик бўлганини эшитган ота ўзича пичирлади:

– Пўлатдан олтин жовар!

Олов селини пуркаган қуёш қумлар қатини тобора куйдирмоқда эди. Саҳро қўйнида митти жарчи онасининг қорнида пўлатдек тоблана-тоблана олтин бўлиб шу муборак замин қўйнида кўз очди. Энди у чиндан бобосининг наздида пўлатдек тобланиб, олтинга айланган эди-да! “Олтин болам” дер эди бобо севинчини яшира олмай. Бурунгилар топиб айтишган: “Ўригидан данаги ширин.” Ҳув нарида Гулайнинг “касал” онаси темир ўчоққа қозон осиб, атала пиширмоқда. Бу кўчманчи улус йўл азоби қийинчиликларини писанд қилмас, фурсат ўтиб, эсон-омон бўшаниб олган қизига атала тутди у. Карвон яна йўлида давом этди…

* * *

Атрофни зулмат-қоронғулик чулғаб олган, янгам хонтахта устида бир йўла учта чироқнинг пиликларини бирин-кетин, ёруғроқ бўлсин учун кўтарди. Хона янада нурафшонлашди.

– Ухлайлик энди, – деди Гулай момо.

Негадир хонтахта атрофидан ҳеч кимнинг жилгиси келмаётган эди.

14. Магар юрак куймас, куй яратилмас

Тушиммиди, ўнгимми – аввалига англай олмадим – аллақандай овоздан чўчиб уйғондим.

На Қуёш учун Ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. Барчалари фалакда сузиб юрур”.

Борлиғим дафъатан бу тилсимий сеҳрга ошно бўлиб, ҳайрат ҳисси билан лиммо-лим тўлди. Бу сеҳр мени ўзига чорлаб, мафтун этди ва яна қўшиқ бўлиб жаранглайверди, далли хаёлим ўғирланиб, ақлим шошди. Яна қўшиқ жаранглади.

На Қуёш учун Ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. Барчалари фалакда сузиб юрур”.

Дилим таскин топди. Бу илоҳий тилсим қалбнинг сарҳадлари узра акс-садо бериб, мени сокинликка даъват этди. Бу даъватда енгиб бўлмас бир қудрат бор эди. Бу инсоннинг сўзлари эмас, беихтиёр пичирладим мен. Ўрнимдан туриб кетдим. Сўл томонда Малоҳат донг қотиб ухламоқда. Тўғримдаги токчада чироқ хира милтирайди. Ёруғроқ бўлсин учун чироқ пиликларини кўтардим. Ёғоч жовондан амаким мудом мутолаа қилувчи – Қуръони Илоҳий Каломни авайлаб олдим… Мен Каломуллоҳни варақлай бошладим. Топдим! Қичқириб юбордим. Хайриятки, Малоҳат буни сезмади. Мен суюниб кетган эдим. Тушимда янграган тилсимий садо, сўнг уйғонгач, қулоқларим остида муаллақ қотган ва борлиғимни сеҳрлаган, юрагимни титратган, ёноғимни яшнатган, куй бўлиб ёнган, оҳанг бўлиб таралган, қалбим эса бу тилсимий оҳангдан қонган… Бу чиндан инсоний калом эмас, бу – Ёсин сурасининг  қирқинчи ояти, ўз тилсимини ечиб, энди куй бўлиб янграмоқда эди.

Ё Мавло, қудратингдан! Аввал шишаи шаффоф дилимни танг қилиб, кейин занг уриб чертдинг. Атрофимда чиндан куй ёнар эди. Куй ичида мен оқар эдим.

Магар юрак куймас, куй яратилмас…

Бу ҳол бир воқеани ёдимга солди. Шифохонада энди иш бошлаган кезларим эди. Ўн олти-ўн етти ёшли бир бемор йигитни ота-онаси даволатгани олиб келишди. Бош шифокор ўзи қабул қилиб, унга “фавқулодда руҳий бузилиш” дея ташҳис қўйди. Эртаси куни беморнинг дарди тутиб қолди. Аъзойи бадани асабий қақшаб, устидаги кийимларини йиртиб ташлади. Ҳамширалар бир амаллаб уни жойига ётқизишди, яна бири унинг томирларига тинчлантирувчи эмдори юборди. Жазава икки-уч дақиқа ичида босилди. Энди у қўйдек ювош бир тарзда кўзларини шифтга қадаганча жим ётар эди. Шифохона деразасидан бир аёл унга ўқтин-ўқтин боқиб, кўзидан юм-юм ёш тўкар эди. Бу – кечалари ширин уйқусини бузиб, кўкрак сути тутган, ҳузур-ҳаловат нелигини билмаган муштипари – онаизори эди…

Она ноилож мискин кўнглини шифохонада қолдириб, қуруқ савлатини етаклаганча, хонумони куйиб уйига қайтди. У сўрида кўринишда хотиржам ўтирар, аслида далли хаёли эса савдойи шамол каби тўзғиб, телбанамо кўкка ўрларди.Уйга қайтган хўжайини кўриниши бир аҳвол аёлига разм солар экан, бир йўла ўғлини ҳам кўриб қайтганини айтиб, бир оз кўнглини кўтармоқчи бўлди…

Аёл эрталаб хўжайинини ишга кузатиб, ўзи ишини ҳам йиғиштириб, ғарибу бенаво шифохона томон йўл олди. Бемор ўғли у билан лоқайд бир тарзда кўришди. Ранги синиққан, ҳолдан тойиб, сулайганча шифтга термулиб ётар эди у. Унинг руҳини нимадир енгиб қўйган эди. Бу қай аломат? Ҳеч тарқамас, адоқсиз дард-алам – ғам-андуҳ мужассам эди, унинг нигоҳида.

– Комил, – деди онаси ўғлига қараб, – яхшимисан, болам?

Ўғил “ҳа” ишорасини қилиб, билинар-билинмас бош қимирлатди.

– Сенга овқат опкелдим, иссиғида еб ол.

У яна индамади, онаси ҳам не деярини билмай жимиб қолди. Фурсат ўтиб, Комил “уф” тортди ва тез-тез нафас ола бошлади. Худди алаҳлаётган одам каби бир нима деб тинмай пичирлар эди. У ниҳоят онасининг қўлидан тутди ва “Кетманг!” дея зорланди.

– Мени тинч қўймаяпти.

– Нима тинч қўймайди, ким? – сўради онаси.

– Сариқ илон, – деди у кўзлари ола-кула бўлиб. – Шифтда пайдо бўлаверади, ҳеч кетмайди.

Ё Раббим, унинг юзидан дўлдек тер оқмоқда эди. Ҳўл бўлиб кетган сочлари кенг пешонасига чиппа ёпишган, тиззалари дир-дир титраб, яна алаҳлай бошлади. Ҳамшира етиб келди. Унга яна укол қилди. У яна жимиб қолди. Уйқу элита бошлаган эди.

Юраги садпора она аҳволи абгор бир тарзда шифокор олдига кирди.

– Ўтиб кетади, – дея далда берди у аёлга, – эртадан жиддий муолажага ўтамиз, беморда шундай ҳолат кузатилади. Бир нима кўзига кўринади, ўша билан ўзича гаплашади. Сиз қўрқманг, ўтиб кетади, уйга хотиржам кетаверинг.

Аёл ноилож яна уйига қайтди. Остона ҳатлаб, ичкари кирар экан, эшикни ёпиб, бошини деворга тираб, аввалига товуш чиқармай, сўнг “ҳўнг-ҳўнг” йиғлай бошлади. Ўзи йиғлаб, ўзи овунди.

Ҳаёт шундай долғалардан иборат.

У ақли-ҳушини йиғиб, ўйланиб қолди. Ўғли айтган сариқ илон шифтда пайдо бўлиб, тушида ўзини ҳам таъқиб қилган эди. Бу тушини яхшиликка йўйиб, онаси айтган ўгитни эслади: “Илон тушда кўрсанг – ганж, ўнгда кўрсанг – янч”. Қандай тонг оттирганини билмайди. Аслида у туш кўрмоқда эди…

* * *

Сой деса ҳийла катта, дарё деса кўзига кичик кўрина бошлади. Кимсасиз бир кўл бўйида қолиб кетган эди. Илимлиқ кунлар. Кўчиб ўтиш даврида кўлни қора тортиб, бир жуфт қашқалдоқ шу ерни макон тутиб, қишлагани қолиб кетди. Катталиги ўрдакдек келадиган бу жуфтлик кўлнинг саёз, бир томони ўт, бир томони қамишзор қисмида қуруқ поялардан уя қурди.

Тақир пешонасида оқ доғи кўзга яққол ташланиб, қора тусли патлари офтобда ярқираб кетди. Чўзиқ танасининг ён томонлари баайни сиқилгансимон яратилган эмасми, ўтлар ичига осонгина сирғалиб, бемалол кириб, ғойиб бўлди. У нариги томондан чиқиб, орқага қараган кучли оёқлари билан гўё эшкак эшган мисол бемалол, ҳузурланиб суза бошлади. Суза-суза қирғоқ яқинидаги қамишзор ичида яширин уясига кириб кетди. Урғочи қашқалдоқ уядан тумшуғига нимадир қисиб, тўлқинлар шивирига қулоқ тутиб ўтирган аёлнинг кифтига қўнди. Беихтиёр унинг кафти очилди, шунда қашқалдоқ уч дона седона ташлаб учиб кетди. Аёл чўчиб уйғонди, туши эканини фаҳмлаб, аввал фикр, сўнг шукр қилди.

                                                                   (давоми бор)

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: