jump to navigation

Номи Ҳабибим (давоми, 11-12) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
trackback

 

11. Жадир ёҳуд Жарқинлар

Инчунун, кўҳна замин қадар хотира қадим,
Кимнингдир шу ёши оқсоқол Қуёшга уйқош,
Сеҳрланган тилсиз сўқмоқ узра босмоқ-чун қадам,
Қалқиб кетмоқдаман, манинг қаро кўзим тўла ёш…

 – Ҳой, Мало, тур, барака топгур, анов туққан қўйлардан бир хабар олайлик, – деди янгам Малоҳатга қараб.

– Ҳозир…– дея у ўрнидан турди. Малоҳат онаси билан даҳлизга чиқди. Мен эса момо билан қолдим. У чигалини ёзмоқ илинжида оёқларини узатиб, силаган бўлди ва дақиқа ўтиб пайпоқларини ечди. Шунда тирноқлари ўсмай тугун бўлиб қотиб қолганини кўрдим, ўнг оёғидаги чандиққа кўзим тушди.

– Вой, – дедим беихтиёр, гўё бошим узра бир челак сув қуйилди-ю, сесканиб кетдим. – Нима бўлган тирноқларингизга?

У “қўявер”, дегандек қўл силтади, мен эса сабрим чидамай унга яна савол бердим:

– Нима бўлган? Айтинг!

– Бир вақтлар тўйда – кўпкарида от босиб кетган. У пайт биз турган мана шу дашт одамга тўла, Жадир қишлоқ деб айтилгич эди. Кейин одамлар сувсизликдан қийналиб, Нурота яқинига кўчиб кетишган. Ўшанда тўй куни Торғил отнинг туёғи тирноқларимни ўйиб кетган, шу бўйи тугун бўлиб ўсмай қолган…

– Шунақаям бўладими? Жонингиз роса оғригандир?

У “ҳа” дегандек бош ирғади:

– Ўшанда худди сендай навниҳол қиз эдим…– дея эслади у. Чеҳраси жиддийлашиб, ўтган кунларини хотирлаш тараддудида, аввалига бир оз жим қолди, сўнг бошини қуйи солиб хаёлга чўмди.

Мен эса ундан кўз узмай, қуюқ қайрилма киприклари ортидаги тим қора кўзларига тикилиб қолган эдим. Шунда унинг ажин босган юзида ҳали ҳам аллақандай назокат уфуриб турганини илғаб, бир пайтлар чиндан-да дилбар ва соҳибжамол бўлганига амин бўлдим. Айни пайтда мен мана шу лобар аёл ҳақида нимадир билгим келмоқда эди.

– Ҳозир мен сенга бир нимани айтиб бераман.

Унинг бу гапи менда ажойиб бир ҳикоя эшитиш завқини уйғотди. Уни Қорақишлоқ аҳли маталчи, достончи момо дейишар эди. Айни шу завқ менда бир умид, бир истакни кучайтирарди. Баайни шу истакнинг зўридан бўлса керак, унга томон яқинроқ сурилиб ўтирдим. Шу пайт “Қани, тезроқ бўлинг” дегим бор эди-ю, негадир бу гапим уни шаштидан қайтарадигандек туюлди, шунинг учун тилимни тийиб турмоқда эдим.

– Гапни қандай бошласам экан, – у ёстиқни деворга тираб суянган бўлди. – Ўшанда мен ёш эдим. У пайтлар Чўпонобод қишлоғи йўқ эди, бу қишлоқ аҳли олис Жадир, Мастон, Қувондиқ қишлоқларидан Нуротага яқин бўлиш илинжида кейинчалик кўчиб келишган. Бир қадим қишлоқ бор эди, бу қишлоқни Жадир деб аташарди. Гапларига “ж” қўшиб гапиргани учун Нурликлар уларни Жарқинлар дейишган.

Агар билсанг, – деди у менга шаҳодат бармоғини нуқиб, – сенинг етти пуштинг шу қишлоқда умргузаронлик қилган. Биласанми, етти пушт нелигини?

Мен бироз хаёлга чўмдим. Отам барибир ақлли инсон эди. Бир гал у мени ёнига чақириб, қоғозга битилган шажарамизни кўрсатиб, улар ҳақида ғурурланиб гапирган, шуни эслаб момога қарата дедим:

– Нега энди билмас эканман, етти пуштимни биламан, улар орасида жўмард полвонлар ўтган, дилларни сел қилган бахшиси, сангтароши, дашт қўйнида дардларга даво излаган табиби, донгдор чўпонлари бўлган.

– Ҳа балли, эслилигингни билардим, буларнинг барисини Қодирбек қулоғингга қуйган-ов?

– Ҳа , – дедим кулиб.

– Ҳа, энди эшит, шу Жадир қишлоғини ҳамма хосиятли қишлоқ дейишар эди. Бошқа бир дашт қўйнидаги қишлоқ аҳли орасида юқумли касаллик тарқалиб, ёшу қари ўла бошлабди.Эккан экинларига ҳам қирғин келибди.Оллоҳнинг қудрати билан икки жўранинг оиласи бу касалдан омон қолишган. Уларга чиндан-да Карами кенг Худованди Карим нажот қўлини чўзган, йўқса, бу лаънати хасталик уларнинг ёстиғини қуритиши тайин эди. Жўралар туяларни аравага қўшиб, оила аҳли билан, яралари қонаб ётган бу бедаво қишлоқни ноилож тарк этишибди. Узоқ йўл юриб, саксовулзор макони бўлган бир дашту биёбон қўйнида қўним топишибди. Айни баҳор пайти эмасми, осмон найсонини шу табаррук заминга беминнат сочар эди. Тупроқ қатини ёриб, майса-ўтлар қулф уриб чиқа бошлабди.

Инсон боласи қанчалик қийналган сари улғайиб, юксалиб, донишмандга айланиб борар экан. Мана шу икки оила машаққатли йўлга митти сўқмоқ очиб, давом эттиришибди. Тупроқни ёриб, жадраб чиққан ўт-алаф сингари, одамзод ҳам дашт қўйнида кўпая борар эди. Аҳли қишлоқ шукрона айтиб: “Жадраб қолдиқ, жайраб қолдиқ”, дейишарди. Фақат Яратганнинг қудрати билан омон қолган икки мўйсафид завжалари билан болалари қуршовида бошларини сағал қуйи эгган кўйи, ўйга чўмиб ўтиришарди. Улар шодликдан дўппиларини осмонга силкитиб, қаҳ-қаҳа отишмади, фақат кўз ёшлари нолон оқар эди, йиғлашар эди. Улар чиндан йиғлашар эди. Чунки бедаво касалликдан омон қолишиб, насллари давом этмоқда эди-да. Лутф билан шукр қилишиб, унсиз йиғлашарди. Улар кийгиз чодир ичида, давра тўрида ўтиришар экан, невара-чевараларига қарата:

– Биз чиндан жайраб қолдиқ, жадраб қолдиқ. Бу қишлоқти оти энди ЖАДИР, – дейишибди.

– Ҳа, – деди момо маъқуллаб, вужудида аллақандай ғурур туйиб, шу икки биродарнинг авлодлари – сену биз бугунги кунда кўпайишиб юрибмиз-да, болам. – у менга маъноли нигоҳларини қадаб турарди.

Маъқуллаган бўлиб бош силкидим:

– Ҳа, отам бир пайтлар болалигимда мени тиззаларига ўтирғизиб, гапириб берган эдилар.

– Ҳа балли, ўзингди ким эканингни билганинг яхши-да. Қўшни Мастон қишлоғидан Жибак чечани кишлоққа келин қилиб олиб келдик, ана шу тўй куни, кўпкари маҳали от оёғимни босиб кетган эди.

– Ҳа-а, – дедим мен унинг пучмак тирноқларини кўз олдимга келтирар эканман. Момонинг ўзи олган жароҳат ҳақида бунчалар олисдан ҳикоя сўзлагани завқимни келтириб юборганди.

12. Дилни сел қилган бахши

 

Момо бир оз тин олгач, нақлида давом этди.

– Ўша пайтлар тўй кундузи бўларди. Узоқбой акам билан Жибак чечанинг тўйи хўп хушбахшчилик билан ўтган, – хотирлади у.

– Қуралбой акамнинг онаси Ипак момомни айтмаяпсизми?

– Ҳа, топдинг…

– Ҳозир раҳматли бўлиб кетган…

– Жойи жаннатда бўлсин! Ўша, сенинг катта отангнинг ўртанчи укасига келин бўлиб тушган эди.

– Биламан…

– Жарчи жар солган эди, у кун:

– Қани, қайнотаси, суюнчи, келин келди!

Барча келинга пешвоз чикди. Чилбир отга арава қўшилган, Мастон қишлоғидан сеп-сидирлари билан соллана-соллана келин келмоқда. Куёв беқасам тўн кийган, белида келин атаб тиккан белбоғ, йигитлар қуршовида отдан керилиб тушди. Ва аравада ўтирган келинни даст кўтариб, пастга олиб қўйди. Келин ва қудалар хуш кайфиятда кутиб олинди. Қурсия хола чилдирмани ўйнатиб, чалиб қўшиқ бошлади, Ойбалқи опа унга жўр бўлди. Бу оҳангга ҳатто чарчаш нелигини билмайдиган болакайлар-да маҳлиё бўлиб, жимиб қолишган эди. Заррин хуржунларда жилва қилаётган сеплар келин хонадонига олиб кирилди. Янгалар кашталарни ёйди, тугунлар бир-бир ечила бошланди.

Келин пойига бўрдоқи қўй сўйилди. У мушку анбар таратиб, дугоналар қуршовида чимилдиқ томон илгариламоқда эди. Қаердандир эшитилган каклик хониши алёр айтаётган аёлларнинг хуш овозига қўшилиб, уйғунлашиб кетади. Қудалар сийланиб, зиёфат авж олган.

Ташқарида эса гужум дарахти соясида, ёғоч сўрида қўр тўкиб қишлоқ оқсоқоллари, бошқа сўрида куёвжўралар шоду хуррам чақчақлашарди.Ниҳоят ҳамма жимиб қолди.  Жадирлик ёш бахши Жўмардбек дўмбирани чертган кўйи хониш қила бошлади:

Сочинг толасин тортиб,
Боғладим мен торимга,
Елкамга ғамни ортиб,
Қўшиқ айтдим ёримга.

Юрагим ришталари,
Боғланганми санамга,
Жадирнинг пушталари,
Қуйилганми танамга.

У дўмбира садолари остида булбулдай берилиб куйлар, мана шу оҳанрабо куй ва қўшиқ ёшу қарини сел қилиб, атрофга таралмоқда эди. Бироз хириллоқ товушда берилиб куйланаётган қўшиқ баайни томирда қайнаб оқаётган оловдек.

Ўтиринг Самия чеча,
Дардим эшитинг пича,
Билдиргайсиз ёримга,
Уйқусиз ўтар кеча.

Билармикан ул санам,
Оҳу кўз қоши қалам,
Дилимни ўртар алам,
Қўшиққа тўлди олам.

Киприги пириллайди,
Юрагим дириллайди,
Эшитарми дардимни,
Овозим хириллайди.

Елкали, хушқомат бу йигит жўшиб, берилиб куйламоқда эди. Маъноли кўзларини узоқларга тиккан кўйи, тобора жўшмоқда эди. У ён-атрофига қарамасди, эҳтимол, ҳеч кимни кўрмасди, ҳеч нарсани англамасди – фақат куйлар эди. Мафтункор куйга нафақат Жадир қишлоғининг ёшу кексаси, балки оламни чулғаб турган маҳобатли Осмону бепоён Замин, ундаги ҳар бир гиёҳ маҳлиё бўлиб қолган эди.

Чертилади дўмбирам,
Вужуд ўртанар бирам,
Сочлари тарам-тарам,
Бу дунё ўзи бир кам.

Турармиди соч тараб,
Булоқ бўйига қараб,
Ҳолимни билмас Ё Раб
б
Новвоту шакарли лаб.

Юрак ўтдек бознайди,
Бўзтўрғайдек бўзлайди,
Оҳ, қалбимни тиғлайди,
Юрагим сел йиғлайди.

Жадир-ку жадраб қолди,
Жарқинлар жайраб қолди.
Жомғир ҳам жовиб толди,
Журагимга жар солди.

Бахшиси Жуманбулбул,
Тобланган Пўлкан шоир,
Юракларни сел қилиб,
Тор билан ўтган буткул.

Бекмурод Жиров тутган,
Дўмбирамни чертаман,
Бахшилар куйлаб ўтган,
Куй, қўшиққа ўтаман.

“Қинғир деган қуш ўтирар қиёда,”
Орзуларим бўлар энди зиёда,
Давом этсам бўламан мен дунёда,
Бахтлидирман давомий бахшизода,

“Сувсиз чўлда Ғиркўк от бораётир пириллаб”,
Куйлаганди жўшиб бахши шоир хирилллаб,
Оҳим бўғизимда чиқмаётир дириллаб,
Юрак балқиб-қалқиб тўлғонади потирлаб.

Раҳматулла Юсуф Қоракисадан,
Пўлкан шоир ҳузурига елганди.
Устозидан кўп сирларни ўрганиб,
Қоракиса томон яна келганди.

Ёлғош бахши Қоракиса оралаб,
Терма йиғмиш бамисоли саралаб,
Ул 
санами – Зиёда сокин қараб,
Чилбир чўлга бир байт битмиш соч тараб.

Оқтовда бор Ғиркўк отнинг охури,
Бахл тоғда Бахл пари яшаган,
“Қинғир деган қуш ўтирар қиёда”
Чилбир чўли, Ойна кўли, Зиёда.

Қантар ойда қор турмасмиш қиёда,
Пистақи қир товланади зиёда,
Пасоб гулим чорлайверар дарада,
Кўкламдайин мавсум борми дунёда?

Нопармоним, қўзигул чечакларим,
Тақиямга қўнибмидинг қиялаб,
Дардим сўраб чиқсангиз чечаларим,
Бисотимни бераман мен туялаб.

Чалоб ичиб, чўлда кетабераман,
Отни қичаб, таяқ билан ниқаман,
Напас олиб қирғовилдай қияда,
Гартак журиб Оқтовимга жетаман.

Сочинг толасин тортиб,
Боғладим мен торимга,
Елкамга ғамни ортиб,
Қўшиқ айтдим ёримга.

Юрагим ришталари,
Боғланганми ёримга,
Жадирнинг пушталари,
Қуйилганми танамга.

Ўтиринг Самия чеча,
Дардим эшитинг пича,
Билдиргайсиз ёримга,
Уйқусиз ўтар кеча
...

У куйлаб бўлгач, дўмбирасини авайлаган кўйи ёнига қўйди. Сенинг энанг Улғай чеча беқасам чопон билан белбоғ олиб чиқди. Йигитлардан бири сарпони унга кийгизишди. Cўнг барча кенг яйлов томон, кўпкари томон ошиқди. Кўпкари энди бошланувди, нимаям ғафлат боcди. Торғил отда Мардонқул акам от чоптираётган эди, отнинг туёқлари оёғимни эзиб кетди, ҳушимдан кетгандим чоғи, кўзимни очсам уйдаман, онам қонаётган тирноқларимга қонтепаргиёҳ боғлаб, унсиз менга тикилиб ўтирар эди.

Гулай момо гапини тугатди. Уни аллақандай ўй босган эди, шунда мен унинг чуқур ва оғир нафас олаётганини ҳис этдим.

– Тур, ташқарига чиқайлик, – деди у.

Биз ташқари чиқдик. Турган жойимиздан шимолга қараб кетмоқда эдик. Ўн дақиқа чамаси юриб, саксовулзорга дуч келдик, айланиб ўтиб ғарибгина қабристон ёнида тўхтадик. Бу ер худди тонг каби сокин-у, дашту биёбондек фаромуш эди. Момо ерга тиз чўкди. Илоҳий тиловат тилидан учди.

Кўкда лутф айлаган қуёш нурлари қабрлар оша сирғалиб тушиб, гўё ичкарини саховат-ла ёритмоқда эди. Атрофда мунғайиб ётган қабрлар, ўтганлар хоки поки. Мен ўксиган кўйи жимиб қолдим.

Бир оз фурсат ўтиб биз орқага, уйга томон жилдик. Узоқда амаким сурувларни бостирма томон ҳайдаб қайтмоқда эди. Ошхонада янгам билан Малоҳат нимадир таом пишириш билан андармон…

Атрофда хуш ёқувчи шамол эсар, у гўё жонимдаги оловни елпиб совутмоқда. Қуёшнинг нурлари бир туп шувоққа иниб, яна тарқалаётир. Олисда, бобокалонларим ётган гўшадан бир насим таралаётир, бу насим бизларга ўз тилсим-сеҳрини йўллаётгандек. Бир қўшиқ, бир наво эшитилаётгандек, бу наво томирларим ичига қон бўлиб қуйилаётир. Бу илоҳий қувват томирларим ичра кезинар экан, ёниқ ҳаётнинг давоми вужуд ичра яшамоқда эди. Айни пайтда бу ер чиндан-да тонг каби сокин-у дашту биёбондек фаромуш, ложувард осмон эса кўкдан бизга майин шаббодалар узатаётир эди…

Олисда амаким қўйларни ҳайдаб отар томон яқинлашмоқда эди. У қўйларни бостирмага қамагач, юз-қўлини ювиб, ичкарига кирди ва Гулай момо билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўради. Кечки овқат дастурхонга тортилди. Тамаддидан сўнг у қўлини артиб, момога деди:

– Бугун қўй боқиб юриб, биласиз, қўзилаш пайти бўрилар қуртлаб қолади, билмадим, қайда турган экан, сурувга ҳамла қилиб қолди…

– Вой! – дедим мен хавотир олиб. У эса чой ҳўплаб, пиёлани дастурхон четига қўйди ва гапида давом этди:

– Аввал, сурувлар яйловга ёйилганида мўла* қўйдим, сўнг отдан тушиб, узала тушиб ётдим. Бир маҳал қўйлар тумтарақай бўла бошлади. Юрагимга ғулу тушди. Онангни эмгур, бўри ҳамла қилдими, деб ўйладим. Хавотирим ошиб, таёқни олиб чопаман, чопаман, ҳеч етолмайман-да, бўри бир нимжон қўйга ҳамла қилган экан, бўрибосар эса унинг томоғидан ғиппа бўғиб тинчитган, сал нарида қўй иҳрамоқда. Қарасам, илож йўқ, қўйни ҳалоллаш керак, бўғзига пичоқ тортдим. Дастурхонга дуо ўқинг, момо, шу қўйни сўйиб, бир ёқлик қилай…

Дуо ўқилиб, дастурхон йиғиштирилди. Анча фурсат ўтиб, мен ҳам ташқарига чиқдим, амаким қўйни ҳалоллаб бўлган, сал нарида “қаҳрамон” бўрибосар қизилўнгач чайнамоқда. Ҳайбатидан қўрқасан, қулоғини диконглатиб, думини ликкиллатган кўйи қизилўнгач чайнаб тикилади. Амаким унга ўпка ташлади, ит луқмани ғажий бошлади. Унинг панжалари орқасида тирноғи узун яна бир панжаси бор эди, чўпонлар бундай итни “бўрибосар” дейди. Бўрибосар ниҳоятда қайсар ва мағрур эди, амаким унга  ишониб хато қилмаган эди.

Малоҳат иккимиз қудуқдан сув тортиб, пақирларни тўлдириб ичкари кирдик.

— Муздай қудуқ сувидан апке, ай Малоҳат!

-Ҳозир момо!

Малоҳат  чумичда момога сув узатди.

— Бай-бай, муздайлигини…- Момо сувдан қонгунча ичиб, чўмични хонтахта устига қўйди ва бизга қаради, — Биз турган Жадир қишлоқ бурун одамга лиқ тўла эди. Агар бу ерларда сув бўлганда борми, ҳозир Жадир қишлоқ катта шаҳарга айланган бўлар эди. Даштда сувсизликдан  қийналагн жадирликлар  Нурота яқинига кўчиб кетишди. – У Малоҳатга қараб – Фақат отанг  Жадирни қора тортиб, шу ердан кетгиси келмай, чўпонлик қилади.Аслида жадирликларнинг ҳаммаси бу ердан кўнгил узолмайди, ўтган бобо, момоларининг қабри атрофига келишиб, Қуръон  тиловат қилиб кетишади. Бу ердан ҳеч кўнгил узолмайди.

Янгам хонтахтада турган чироқларнинг пилигини кўтарди, атроф  ёришиб кетди.

                                                                    (давоми бор)

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход /  Изменить )

Google photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google. Выход /  Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход /  Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход /  Изменить )

Connecting to %s

%d такие блоггеры, как: