jump to navigation

Номи Ҳабибим (15-ниҳоя) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
1 comment so far

 

15. Эгилган бошни қилич кесмас

Расулуллоҳ айтдилар: “Қора седона ўлимдан бошқа ҳамма нарсага даводир.” Аёл юзини муқаддас Каъбага бурди. Муз қотган вужудини Қуръон оятлари иситди.Тонг отай деб қолган эди.

Унинг ихтиёри ўзидан чекинди. Бир лаҳза, ҳа, шундай, бир лаҳза руҳи осмонга ўрлади. Ё Раббано, қудратингдан, биров унга буни ўқиб бердими?! Ёки бу садо бўлиб янградими? Ёҳуд ўн саккиз минг олам Соҳиби буни дилига солдими? Англай олмади. Фақат тилсиз тўрт девор гувоҳ эди, бу жунунга…

“Кеча ҳам улар учун бир оятдир. Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан  улар зулматда қолурлар. Қуёш тинмай ўз қароргоҳи сари сайр бўлур. Бу Қудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири – ўлчовидир. Биз Ойни ҳам токи, у эски хурмо бутоғидек бўлиб қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз.

На Қуёш учун Ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. Барчалари фалакда сузиб юрур”.

Аёл йиғлар эди, бироқ у шу дақиқага қадар англаб етмаган эди, у аввал ҳам йиғлаган эди…  Атрофида куй ёнар эди. Қуръонни ҳатм қилганида бир пайтлар ёд олган эди, буни. Набий  саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бордир. Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Мен бу сурани умматимдан ҳар бир кишининг қалбида бўлишини истар эдим”, деган. Бу ояти карима ўша “Ёсин” сурасидандир.

У тўлқиндек мавж уриб, аёл дилидаги тугунни ечмоқда эди. Ҳабиб Оллоҳ, қудратингдан! Йўлга жумбоғини ечмоқ учун боши-кети кўринмас чигал калава ип ташланган эди. Бу жумбоқни ечмоқ учун бандасидан бир донишлик талаб этилди. Ва адоқсиз йўлда чигал ипни тараб ечмоқ учун тароқ ташланди. Энди чигал ечилгач, йўлида қирғоқларидан сув эмас, бол томиб оқгувчи бир уммон пайдо қилди. Шу болдан тўйиб таомлансин дея. (далее…)

Номи Ҳабибим (давоми, 13-14) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

13. Буюк ва бепоён Дашт

Дашт қўйнида тонг ёришди. Найза бўйи кўтарилган қуёш Худо ёрлақаган заминни нурга беламоқ ишқида ёнди. Унинг шуъласи борлиққа битталаб, сараланган каби таралаётган эди. Саҳро икки оламни ёдга солади. Тонг ҳарир чимматини кўтариб, қуёш чирой очар  маҳал борлиқ сеҳрли, мафтункор бўлади. Бирдан оламни кўкатларнинг хуш бўйи тутиб кетади. Уни оромбахш насим димоқларга саҳоват-ла пуркайди. Шу дам салқин ҳаводан тўйиб нафас ола бошлайсан… Кун пешинга оғар маҳал қуёш нурлари беармон тўкилиб, гўё қумлар қатини қайнатади. Дашт қовжираб сукутга толади, жазирамада жисми оловга айланади. Буюк даштда азалий, ёзилмаган шундай бир қонун бор – ким ёки нима кучли бўлса, ўша ғолиб келади.

Қишдаги жуфтлашувдан сўнг урғочи бўри ҳомиласини олтмиш тўрт кун олиб юрди. Қантар ойида ўзини яна ҳам эҳтиётлаб қолди, пана жой излаб, болалашга ҳозирлик кўра бошлади. Кимсасиз дашт ичра бу ерни маъқул топиб, ўзи ва туғилажак болаларига ин қазиди. Шу инида болалади. Тўрт боласи эмавериб, силласини қуритиб юборди. Улар бир ярим ойлик бўлганида луқма чайнашни ўргатди. Кейин изғиб юриб, бир шувоқ олдига келиб тўхтади. Шамол ёқимли бир ҳидни димоғига урди. У искаланиб ҳид қаёқдан келаётганини билди. Бир йўла бешта қумқуён боласини еган бўлса-да, ҳали қорни тўймаганини ҳис этди. Лекин у ўз болаларининг ҳоли не кечганидан бехабар эди.

Қовишувдан сўнг нақ бир йил ўтгач, урғочи оқчаён ўн битта болалади. Деярли ўн икки кун бирини қўйиб, бирини суйиб, болаларини устида олиб юрди. Сўнг улар ҳар томонга тарқалиб кетди. Ҳозиргина она чаён нишини юнглари момиқ, ҳали оғзига қон тегмаган беозор бўриваччаларнинг бирига суққан эди. У шу заҳарли игнаси билан ўлжасини фалаж қилди. Кучли оғриқдан бўривачча типирчилай-типирчилай тинчиб қолди. (далее…)

Номи Ҳабибим (давоми, 11-12) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

 

11. Жадир ёҳуд Жарқинлар

Инчунун, кўҳна замин қадар хотира қадим,
Кимнингдир шу ёши оқсоқол Қуёшга уйқош,
Сеҳрланган тилсиз сўқмоқ узра босмоқ-чун қадам,
Қалқиб кетмоқдаман, манинг қаро кўзим тўла ёш…

 – Ҳой, Мало, тур, барака топгур, анов туққан қўйлардан бир хабар олайлик, – деди янгам Малоҳатга қараб.

– Ҳозир…– дея у ўрнидан турди. Малоҳат онаси билан даҳлизга чиқди. Мен эса момо билан қолдим. У чигалини ёзмоқ илинжида оёқларини узатиб, силаган бўлди ва дақиқа ўтиб пайпоқларини ечди. Шунда тирноқлари ўсмай тугун бўлиб қотиб қолганини кўрдим, ўнг оёғидаги чандиққа кўзим тушди.

– Вой, – дедим беихтиёр, гўё бошим узра бир челак сув қуйилди-ю, сесканиб кетдим. – Нима бўлган тирноқларингизга?

У “қўявер”, дегандек қўл силтади, мен эса сабрим чидамай унга яна савол бердим:

– Нима бўлган? Айтинг!

– Бир вақтлар тўйда – кўпкарида от босиб кетган. У пайт биз турган мана шу дашт одамга тўла, Жадир қишлоқ деб айтилгич эди. Кейин одамлар сувсизликдан қийналиб, Нурота яқинига кўчиб кетишган. Ўшанда тўй куни Торғил отнинг туёғи тирноқларимни ўйиб кетган, шу бўйи тугун бўлиб ўсмай қолган…

– Шунақаям бўладими? Жонингиз роса оғригандир?

У “ҳа” дегандек бош ирғади:

– Ўшанда худди сендай навниҳол қиз эдим…– дея эслади у. Чеҳраси жиддийлашиб, ўтган кунларини хотирлаш тараддудида, аввалига бир оз жим қолди, сўнг бошини қуйи солиб хаёлга чўмди.

Мен эса ундан кўз узмай, қуюқ қайрилма киприклари ортидаги тим қора кўзларига тикилиб қолган эдим. Шунда унинг ажин босган юзида ҳали ҳам аллақандай назокат уфуриб турганини илғаб, бир пайтлар чиндан-да дилбар ва соҳибжамол бўлганига амин бўлдим. Айни пайтда мен мана шу лобар аёл ҳақида нимадир билгим келмоқда эди. (далее…)

Номи Ҳабибим (давоми, 9-10) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

                                     

                                               

9. Дайди шамол ғулуси

Мен уйга қайтаётган эдим. Яшил гиёҳлар остидаги қумлар қўйнига ғулу солиб, туйқус шамол эса бошлади. Буни даштликлар ”девона, дайди шамол“ дейишади. Бу телба шамол дафъатан  қаердан келгани, қай тарзда пайдо бўлганини билмай ақлинг шошади. Аслида савдойи шамол дашт қўйнида қизалоғини йўқотиб қўйгач, сўнг шамолга айланган бир муштипар, далли-девона она эмиш. Шамол, яъни она дашт қўйнида боласини тополмагач, водийларга кўчар, кейин излай-излай шаҳарлару қишлоқлар оралаб, сарсон-саргардон кезиниб, жигарбандини ахтарар экан. Тополмагач, қайтиб тоғ қўйнига сингиб ғойиб бўлар экан. Бироқ уни ўқтин-ўқтин дард тутар экан-у, шунда яна қизалоғини  қўмсаб, саросар кезина бошлар экан…

Онам сўзлаб берган эди… Оллоҳ ерга гиёҳлар ундириб, ўт-алафга жон бағш этибди. Бандалари қалбига эса Нур-зиё уруғини қадабди. Улар қалбида иймон ва эътиқод куртак ёзибди. Тўхтамас чархи дунё, фалак гардиши тинмай айлана бошлабди. Шаҳару қишлоқ оралаб вабо тарқалибди. Бир қишлоқда икки опа-сингил яшар эди. Кўз ўнгида  ҳожалари, яқинлари ва юртдошлари қирилиб кетаётганини кўриб, даҳшатга тушибди. Лекин улар умидсиз умидлардан умидвор бўлиб, қишлоқни  ташлаб, олисларга бош олиб кетмоқчи бўлишибди. Опасининг Толиб исмли ўғли, сингилнинг эса Карима исмли қизалоғи бор экан.

Улар барча  уйқу қучоғида ором олаётган бир маҳал қишлоқни тарк этишибди. Бояқиш опа-сингил вабодан қочиб, ҳали инсон оёғи етмаган дашту биёбон қўйнига бош олиб кетгиси бор эди. Йўл юриб, тоғ томон кўтарилишибди ва нафас ростлагани тўхташибди. Тўрва халтасидан егулик олиб, тамадди қилишибди. Кеч тушиб, атрофни зулмат қамрай бошлабди. Улар шу тоғ қўйнида бир-бирига елка тутиб, болаларини  иссиқ оғушига олган кўйи ухлаб қолишибди. (далее…)

Номи Ҳабибим (давоми, 7-8) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

                           

7. Ёрилтош ёҳуд Ёдгор қиссаси 

Кўкда тўлин ой балқиб, қоронғу тун қўйнини зубарижат заррин нурлари билан ёритган ойдин кечада бир хонадонда қиз фарзанд туғилди. Тошқоронғу кечада, ой ёғдусида туғилган бу қизалоққа Балқия деб исм қўйишди, аммо нечундир отаси уни Ёрқиной деб чақирар, бобоси Тўлганой деб суяр, момоси эса – Ойбалқи, фақат онаси ўз исми билан Балқия дея эркалатарди. Қизалоқ улғайиб, бахти очилган кунлари ҳам яқинлашаверибди. У муборак бир хонадонга келин бўлиб тушибди. Йиллар ўтиб, Балқия қизалоқли бўлибди. Уни Қутфия деб аташибди. Балқия қизини ҳатто шамоллардан-да қизғониб, папалаб ўстирибди. Орадан йиллар ўтгач, у иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлибди.

Кўкда ҳилол ёғдуси. Зубаржат юлдузлар жимир-жимир кўзни олмоқда. Ва ниҳоят осмон равоғида юлдузлар қалқиган кўйи тун қўйнига сингиб кетмоқда эди. Тонг ёришиб, одамзод ер юзида ризқини термоқ илинжида ўрмалай бошлабди. Балқия ширин уйқу қучоғида бир маромда тин олиб ётган қизининг сочларини силаб, суйиб устига ёпинчиғини ташлаганча ўрнидан турди. У ҳовли супасида юмушлар билан куймаланарди. Бўш челакларга кўзи тушди. Сув олиб келиш учун булоқ бўйига отланди. Субҳи содиқ тонг булоқ бўйида ифорини сочаётганди. Атрофда эсаётган еллар Балқиянинг узун ва тутам-тутам сочларини ечиб юборган, у энди сабо ўйнаган сочларини қайта ўрмоқда эди. Тонгги шафақ нурлари атрофга ёйила бошлади. Олут бошлари бироз эгик фаромуш қизғалдоқлар секин-аста бош кўтариб, Балқияга нимханда отган кўйи уни қарши олмоқда. Унинг нигоҳлари эса айни шу тонг каби сокин, осойишта атрофга боқарди. Атроф бир зарбда тинчлантирилган каби ошуфта. (далее…)

Номи Ҳабибим (давоми, 5-6) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

                               

5. Дугонаи Ҳабибим

— Ўшанда, — гап бошладим мен, ҳамроҳим эса гўё бутун диққатини бир нуқтага жамлаган кўйи менга тикилди. — Дугонаи Ҳабибимни излаб боргандим. Эшик очиқ эди. Беркитишни унутишибди-да  дея ичкарига кирдим. Овоз эшитилди:

— Сизга ишониб қанчалар хато кетган эдим-а! Ўзимга ишонган каби ишониб эдим сизга. Қусурларингизни ютуқдайин  қабул қилгандим.

— Ҳадеб гап билан калтаклайвермагин.

Ўшанда мен ўйланиб қолгандим. Нафсиламбрини айтсам, улар ҳаётнинг беғубор фаслидан ҳаяжонли дамларига сакраб ўтишган, сўнг ҳаяжон ўрнини аллақандай илиқлик эгаллаши арафасида туришарди. Бу ёшлик ҳовури босилаётганидан далолат эди. Дугонаи Ҳабибим мен каби ҳаётининг қайси босқичини яшамоқда экан, деган саволга жавоб тополмасдим.

Мени кўриб, улар қанчалар суюниб кетишган эди-я. Ўзим билан бирга уларнинг фаромуш кулба-кошонасига қуёш сирғалиб тушиб, ўз тафти билан иситгани рост эди.

Болалари чуғурлашиб:

— Қаердан келяпсиз, хола? — деб сўрашади.

— Сабоқдан. Энди қариганда ҳам илм олишимга тўғри келяпти. Тирикчилик экан-да,- дейман.

Улар қўлимдан тортқилашади. Ташрифим барчасини суюнтириб юборди. Улар ўртасидаги кўринмас парда сурилган эди. Мени хонадон тўрига таклиф этишди. (далее…)

Номи Ҳабибим (давоми, 3-4) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment
                                   
3. Изларни излаб

Биз ҳужрадан чиқиб, сўл томон юрдик. Бир оздан сўнг қаршимизда нақшлари унниқиб кетган кўҳна дарвоза кўринди. Ичкарига қадам қўйдик. Атрофда биров кўринмасди. Девор-дармиён қўтанларга кўзимиз тушди. Пахса деворли қўтанлар усти лой билан сувалган, бирининг усти шувоқ ва янтоқ билан бостирилган эди. Биз бошқа бир қўтанга бош суқдик. Бу ерда совлиқдан ажратилган қўзичоқлар охурчаларда туз ялашарди. Кейингисига кирган эдик, бошларига рўмол танғиб олган икки жувонга кўзимиз тушди. Улар аввал ҳар икки қўйдан бирининг калласини иккинчисига қаратиб боғлаб чиқишди. Буни қўшоқлаш дейилади. Қўшоқланган қўйларни икки аёл икки томондан соға бошлади. Сутга тўлган идишни четда турган бошқа бири бўшатиб келарди. Биз кутиб турдик. Ниҳоят, улар юмушларини тугатишди. Аёллардан бири бизни Искандар мақбарасига олиб боришни ваъда қилган эди. Шу пайт ўнг томондаги қўтан ичидан бир чол югуриб чиқиб, бизнинг йўлбошчимизни имлаб чақирди. Ҳаял ўтмай, аёл бизнинг қаршимизга беҳафсала қайтиб келди.

— Яна пича кутишларингга тўғри келади, отимиз бетоб. Табибга одам юборгандик, ҳали ҳам дараги йўқ, — деди.

— Нимага? — сўради ҳамроҳим.

— Икки кундан бери пешоб чиқара олмай қийналади.

— Бу жойларда андиз ўсадими? — сўрадим мен.

Чеккада турган чол жавоб қилди:

— Ҳа, ўсади.

— Унда, — дедим мен чолга, — андизни танаси билан кесиб олиб келинг. Малҳам тайёрлаш керак.

Чол чиқиб кетди. (далее…)

Номи Ҳабибим (қисса, 1-2) 15 января, 2012

Posted by Shahodat in Наср.
add a comment

Шаҳодат Улуғ

1. Пешонам битиклари
Сўйласам қулоқ тутармисан? Магар англамассан, чорраҳада турмуш ташвишларига  шўнғиб яшамоқ нақадар тотли азоб! Тингла, орзуларим хароб ўлмасин. Бўғзимда хитоб тинмасин. Юксал сен, қум ўпқонларига кўмилган муаззам ҳаётим. Минг йил йўлда юрдим. Минг йил юкундим. Минг йил чопдим. Поёнида манзилим топдим. Муқаддас қатл майдонига ўзимни отдим, қил кўприкка етмай бир лаҳза қотдим. Бир муддат ўзни йўқотдим, магар йўқотганим топдим, мен заифа ўзимни  топдим. 
Қобирғаларини синдириб олмиш. Сўнг авайлаб юрагини қинидан суғуриб тортмиш. Қобирғадан бир қалам йўниб ясалмиш. Потирлаган юрак шўрлик беомон сиқилмиш. Тайёр бўлгай қирмизи сиёҳ. Лаҳм гўштлардан дебоча саҳифа очила борар. Тилга кириб сабоқлар, ҳарфлар маржон мисол тизилар. Аттанг, сўнг битта-битта бежон узилар.

Шундай. Оловбардор офтоб-оламтоб — Шамс қатра мисол қалқиб соб бўлмас. Озиб ҳилол бўлар, тўлишиб тўлин ой — Қамар мунаввар унар, магар тугаб, сўнг хароб ўлмас. Замин ўпирилиб кетмаяжак, ё алалхусус, само ўқчиб-ўқчиб қон қусмас! Магар ҳаёт экан бу ҳаёт, маҳшар қадар куйи тўхтамас.

Ҳаракатдаги қобирға-қалам қўл учида қайтадан ўйноқлар ва бунда ҳаёт безалиб ёзилажак. Ҳарфлар лаҳмгўштлар саҳифасида маржон каби тизилажак. Аммо ҳеч зоғ англамаски, шу кесгир қобирға қон қатралари ила одамларнинг бахт ҳақидаги ажойиб ўйларини бира-тўла сўндириб ташлашга қодир. “Рўё-рўё, ба сари мо, ба сари мо!” ёниб куйлайверди форсийда ҳофиз. Шундай бўлақолсин. Жисман ўзни йўқотиб, ҳеч қаерда ҳеч қачон бўлмагандек тугаб, бўшаб қолдингми? (далее…)